Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.7K subscribers
8.65K photos
4.46K videos
29 files
7.27K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
НАМОЗДА ҚУРЪОН ЎҚИШ ФАЗИЛАТИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан сўрадилар:
– Биронтангиз оиласи олдига борганида ўркачлари катта-катта учта ҳомиладор туяни кўришни истайдими?
– Ҳа.
– Сизлардан бирон киши намозда учта оят ўқиши ўркачлари катта учта ҳомиладор туядан яхшироқдир .
Бу ривоятда айтилишича, намозда ўқилган ҳар бир оят учун банда номаи аъмолига битта катта ҳомиладор туя садақа қилганлик савоби ёзилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ўркачлари катта-катта ҳомиладор туянинг қадри жуда баланд бўлган. Ҳозирги давр билан таққослаганда битта замонавий енгил машина қийматига тенг келган.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Намозда Қуръон ўқиш – намоздан ташқаридаги қироатдан афзал. Намоздан ташқаридаги қироат – такбир ҳамда тасбеҳдан афзал. Тасбеҳ садақадан, садақа эса рўзадан афзал. Рўза жаҳаннамдан (тўсувчи) қалқондир ”.
Шу ерда муҳим бир нарсани эслатиб ўтамиз: банда намозда Қуръондан қанча кўп ўқиса, шунча яхши. Бир ўзи намоз ўқиганда шундай қилса бўлади. Масалан, уйда нафл намоз ўқиётганда хоҳлаганча узун сураларни тиловат қилаверади. Лекин жамоатга имом бўлган одам, “Ҳадисда шундай дейилган экан”, деб қироатни ҳаддан ташқари чўзиб юбориши тўғри эмас. Имом сафда турган кексалар, заифлар, узрли кишиларни ҳисобга олиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким тунда 100 оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким кечаси 200 оят билан намоз ўқиса, дуо-илтижо қилувчи ихлослилардан деб ёзилади ”.
Иложи борича кўпроқ Қуръон ўқилса, ўқиганда ҳам намозда тиловат қилинса, савоби зиёда бўлади, устимизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Кечаси Қуръон ўқиган одам ғофиллар қаторидан чиқади, ихлослилар сафидан жой олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Намозни  Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўрагани (берилади). Агар банда: “Алҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Агар (банда): “Ар-роҳмаанир роҳийм”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени мақтади”, дейди. Агар (банда): “Маалики явмид дийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени улуғлади”, дейди. Агар (банда): “Ийяка наъбуду ва ийяка наста-ъийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу Мен билан бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўрагани (берилади)”, дейди. Агар (банда): “Иҳдинассиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу бандам учун. Унга сўрагани (берилади)”, дейди .
Аллоҳ таоло бизнинг ҳар бир ҳолатимиздан Хабардор. У Зот намоздаги қироатимизни, айтган ҳамду саноларимизни, дуо-илтижоларимизни эшитади. Бу нарса ҳар биримизни хушуъга, янада сергак бўлишга чақиради. Агар бу ҳадисни қалбдан англаб етсак, тобора камёб бўлиб бораётган хушуъни топишимиз осонлашади. Чунки ҳар бир оятга оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло жавоб қайтараётганини юракдан сезган инсон Фотиҳа сурасини бепарво ўқиб кетмайди, Раббининг улуғлигини ҳис этади, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ банданинг икки ракат намозидаги (қироати)га қулоқ солганидек бошқа афзалроқ нарсани эшитмайди. Банда намозда экан, боши узра яхшилик ёғилиб туради. Одамлар Аллоҳга (Қуръондан ) чиққан бошқа (афзалроқ) нарса билан яқинлашолмайдилар ”.
Аллоҳ таоло эшитадиган сўзларнинг энг афзали икки ракат намоздаги қироат экан. Банда яхшилаб таҳорат олиб, хаёлини бир ерга жамлаб намоз ўқишни бошласа, Аллоҳ унинг тиловатини эшитишни яхши кўрар экан. Намозда Аллоҳ бизни кўриб турганини, қироатимизни эшитаётганини ҳис этсак, ибодатга иштиёқимиз ортади, қалбимизда ихлос пайдо бўлади.

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

👉 @diyonatli
👍7
Audio
ТИЛОВАТДАН СЎНГ СОДАҚОЛЛОҲУЛ АЗИМ ДЕБ АЙТИШ БИДЪАТМИ?
(Долзарб мавзу)

@Diyonatli
👍9
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Зикр – мўминнинг қўрғони | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍9
Audio
Зикр – мўминнинг қўрғони | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍3
НОШУКРЛИК

Ҳар йили совуқ тушиши билан Луқмони Ҳаким Аллоҳга шундай илтижо қилар экан:
- Аллоҳим, қиш яна эшик қоқиб келяпти, менинг оёғимда эса яна этик йўқ...
Бир куни масжидда икки оёғидан ажраган одамни кўриб қолиб, ўзининг ношукрлигидан уялиб кетибди:
- Мен этигим йўқлигидан нолиганим-нолиган, бу шўрликнинг эса этик киядиган оёқлари ҳам йўқ экан-ку!

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан.

👉 @diyonatli
👍2
КИМ ҚЎРҚОҚРОҚ?

Ўзларининг ниҳоятда қўрқоқликларидан тўйиб кетган қуёнлар бир куни "Бу кунимиздан сувга чўкиб ўлганимиз яхши", деган қарорга келишибди ва қўл ёқасидаги жарлик сари йўлга тушишибди. Кўлдаги қурбақалар қуёнларнинг оёқ товушларини эшитиб, чўчиб кетишибди ва "чўлп-чўлп" этиб ўзларини сувга отишибди. Буни кўриб қолган бир қуён шерикларига: "Шошманглар, дунёда биздан ҳам қўрқоқлар бор экан-ку, ўзимизни сувга ташлашимиз шартмикан?" дебди.😊

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан.

👉 @diyonatli
ҒАМГИН БЎЛМАНГ! СИЗГА ОЗОР БЕРГАН, ЁМОНЛИК ҚИЛГАНЛАРНИ КЕЧИРИНГ

Одамларга душманона қарайдиган, улардан қасос ва ўч олиш ўтида ёниб юрадиганлар қийин аҳволда қоладилар. Улар ғазаб ўтида ёнар эканлар, жисму жонлари қовурилади, юраклари ўртанади, асаблари қақшайди, роҳат-фароғатдан айриладилар. Демак, улар шак-шубҳасиз, зиён кўргувчидирлар. Албатта, бунинг давоси бор.
Аллоҳ таоло айтади: "Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар" (Оли Имрон сураси, 134-оят).
"Кечиримни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!" (Аъроф сураси, 199-оят).
"...Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур" (Фуссилат сураси, 34-оят).

"Ўкинма" китобидан.

👉 @diyonatli
ҚУРЪОН ҲУРМАТИ

Бир куни Усмон Ғозий қишлоқда яшовчи бир одамникида меҳмон бўлди. Оқшом пайти овқатни еб бўлиб, бироз суҳбат қуришганидан кейин ётишга ҳозирланишди. Мезбон Усмон Ғозийга ўрин тўшаб берар экан:
- Аллоҳ тинч қилсин, яхши тушлар кўриб ётинг, - деб хонадан чиқди.
Усмон Ғозий энди ўринга ётмоқчи бўлган эди, қаршисидаги деворда халтачага солиб, осиб қўйилган Мусҳафни кўриб қолди. Усмон Ғозий чўкка тушиб ўтирди ва тонггача ўрнидан жилмади, ҳолатини ўзгартирмади.
Эрталаб хонадон эгаси келиб қараса, ўрин бузилмабди: кечқурун қандай тўшалган бўлса, шундайлигича турибди.
Мезбон Усмон Ғозийдан сўради:
- Нега ётиб ухламадингиз, ўрин бузилмабди ҳам. Ё бирор нохушлик бўлдими, бирор нарса тинчингизни буздими?
Шунда Усмон Ғозий шундай жавоб берди:
- Йўқ, ҳеч бир нохушлик бўлмади. Деворда эҳтиётлаб осиб қўйилган Мусҳафни кўрдим. Қуръон олдида оёқ узатиб ётиш бизларга мумкин эмас. Унга ҳурматсизлик кўрсатиш мусулмон одамга тўғри келмайди...

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан.

👉 @diyonatli
👍1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
"Омин"ни махфий айтиш ҳақида | Абдул Ҳамид домла

@diyonatli
👍5
Имом аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: "мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан", дер эди.

Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: "Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим".

Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: "Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим".

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: "ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам".

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

@diyonatli
👍2
ҚУРЪОН ЎҚИШ ЭНГ АФЗАЛ ИБОДАТЛАРДАНДИР

Маълумки, ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози. Ундан кейин ота-она хизматида бўлиш, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш туради. Қуръон ўқиш ҳам энг фазилатли амаллардан саналади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон (тиловати) ва зикрим қайси бандани Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, ўша бандага сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ Каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг (Ўзи яратган жами) махлуқотларидан устунлигига ўхшайди ”, дейди ”.
Фараз қилайлик: бир одам Қуръон ўқишни яхши кўради. Кўп вақтини тиловат билан ўтказади. Қуръон ўқиш, Аллоҳни ёд этиш билан андармон бўлиб, дуо қилишга фурсат тополмади, дейлик. Шундай бўлса-да, Меҳрибон Аллоҳ дуо қилувчиларга бериладиган энг яхши нарсаларни ана ўша бандасига беради. Қаранг, дуо қилмасаям Қуръон ўқигани, зикр-тасбеҳ айтгани учун карами кенг Аллоҳ бундай кишининг қалб тўридаги тилакларини ижобат қилаверар экан!
Ривоят давомида: “Аллоҳ Каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг (Ўзи яратган жами) махлуқотларидан устунлигига ўхшайди”, дейилмоқда.
Ожиз банда ўз қўли билан ясаган буюмдан неча баравар устун туради. Шундай эмасми? Энди ўша ожиз бандани йўқдан бор қилган Қудратли Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан қанчалик юқори туришини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳнинг Каломи бандаларни ожиз қолдиради. Қуръонга ўхшаш каломни ижод қилишга манаман деган ҳассос адибу шоирларнинг ҳам қурби етмайди. Бандаларнинг энг сара сўзларидан миллионтаси ҳам Қуръоннинг битта оятига, ҳатто бир дона сўзига тенг келмайди. Шундай экан, Қуръоннинг қанчалик улуғ калом эканини англаб, Каломуллоҳ ҳурматини жойига қўяйлик, ўқиб-ўрганайлик, ҳақини адо этайлик. Қуръоннинг улуғлигини ҳис этганимиз сари Унга ҳурматимиз, иштиёқимиз ортиб бораверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб шундай деганлар: “Сизлар Аллоҳга (Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайтолмайсизлар ”.
Қуръондан чиқадиган нарса – тиловат. Киши Қуръон ўқигани учун савоб олади. Ҳар бир ҳарфни ўқигани учун номаи аъмолига 10 та савоб ёзилади. Инсон Аллоҳ даргоҳига олиб борадиган энг яхши нарса Қуръон ўқигани учун олган савоби экан. Кимнинг савоби кўп бўлса, жаннатда мартабаси улуғ бўлади. Бунинг учун Қуръонни холис ниятда ўқиш керак.
Одамлар мол-дунё тўплаш, обрў-эътибор қозониш йўлида кимўзарга ўйнашади. Аммо солиҳ амалларга келганда бироз дангасалик қилинади. Аслида эзгу ишларда: хайр-саховатда, ибодатда, Қуръон ўқишда мусобақа қилинса, қандай яхши! Зеро, охиратда – минг машаққат билан тўпланаётган тилло-кумушлар эмас – бугун қилаётган солиҳ амалларимиз фойда беради. Ким амални Аллоҳ розилиги учун қилса, нариги дунёда юзи ёруғ бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ёки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди ”.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати – Қуръон ўқиш ”, деганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Қуръонни кўп тиловат қиладиган киши одамлар ичида энг кўп ибодат қилувчидир. Энг афзал ибодат дуодир ”.
Қуръон ўқиган инсон Аллоҳни эслайди, Унга илтижолар қилади, мадад сўрайди. Қуръон ўқиш зикр билан дуони жамлаган улуғ ибодатдир. Айниқса, намозда Қуръон ўқишнинг хосияти кўп.

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

👉 @diyonatli
😁2👍1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
МУФТИЙНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ АҲЛИ ИЛМЛАРГА МУРОЖААТИ

Youtube | Tas-ix | Facebook | Instagram

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
👍6
ЗИЛЗИЛА ВАҚТИДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Зилзила бўлганда дуо қилиш ҳамда Залзала сурасини ўқиш керак ёки калимаи тоййиба, калимаи шаҳодат ва истиғфорларни кўп айтиш керак.

Зилзила бўлганда айтиладиган дуо:

اللهم إني أسألك خيرها وخير ما فيها وخير ما أرسلت به ، وأعوذ بك من شرها وشر ما فيها وشر ما أرسلت به.

«Аллоҳим мен сендан бунинг яхшилигини ва ундаги яхшиликни ҳамда сен юборган нарсанинг яхшилигини сўрайман.
Сендан унинг ёмонлигидан ва ундаги ёмонликдан ҳамда сен юборган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман».

👉 @diyonatli
👍1
Қурбақани ўлдиришдан сақланинглар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурод, қурбақа, чумоли ва ҳудҳуд (сассиқпопишак)ни ўлдиришдан қайтардилар”.

Ибн Можанинг “Сунан”идаги ривояти.

Изоҳ: Сурод - чумчуқдан катта, боши ва тумшуғи йирик қуш бўлиб, ҳашаротлар билан озиқланади.

Абдураҳмон ибн Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир табиб Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбақадан дори қилиш ҳақида сўраганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўлдиришдан қайтардилар”.

Абу Довуднинг “Сунан”идаги ривояти.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбақани ўлдирманглар. Унинг сизлар эшитадиган қуриллаши тасбеҳ айтишидир”, дедилар.

Ибн Абу Шайба ривояти.

@diyonatli
👍5👏1😢1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Аёл ҳақида бир оят... | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍9🔥1
БЕМОРГА ДАМ СОЛИШ УСУЛИ

Имкони бўлса, ҳар ким ўзига-ўзи дам солгани яхши. Чунки беморнинг овози бегоналарникидан кўра яхшироқ таъсир қилади. Лекин баъзи вақтларда беморнинг аҳволи оғир бўлгани учун ўзи ўқий олмаслиги мумкин. Шундай пайтда бошқа одам Қуръон ўқиб дам солади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Аҳволлари оғирроқ бўлса, Оиша онамиз у зотга дам солганлари тарихдан маълум.
Бошқа одамга дам солдирилса, дам солувчи тақводор, солиҳ инсон бўлгани маъқул. Зеро, дам солиш ҳам дуонинг бир тури. Дам солувчининг нафаси ўткир бўлса, солган дами яхшироқ таъсир қилади, бемор шифо топади.
Ривоят қилинишича, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Фотиҳа сурасини ўқиб, хасталарга дам солса, тезда таъсир қилар экан. У киши дунёдан ўтганидан кейин бошқалар дам солишса, аввалига самара бермабди. Шунда бунинг асл сабабидан бохабар кишилар: “Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?” дейишган экан .
Дам солаётганда овозни – бемор эшитадиган даражада – бироз кўтариб қироат қилинади. Чунки танадаги касал ҳужайралар шифо топиши учун овоз чиқариб ўқиш керак. Қуръон ўқилганда инсоннинг териси, ҳар бир ҳужайраси эшитади. Шунинг учун Қуръонни сал баландроқ овозда ўқиган маъқул.
Қуръон билан даволаниш учун белгиланган маълум вақт йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ўқиса бўлади. Бироқ эрталаб, кечқурун шифо оятларини ўқиб дам солиш афзал. Оятлар етти марта ўқилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом баъзи шифо оятларини, дуоларни етти мартагача такрорлаганлар .

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

👉 @diyonatli
👍9
Машҳур аллома, шайх Юсуф Қаразовий ҳазратлари 96 ёшларида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилибдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмат ва марҳаматига олган бўлсин.

АСР МУЖТАҲИДИ

Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қаразовийнинг номини эшитмаган ёки билмаган аҳли илм бўлмаса керак. Бу киши замонамизнинг улуғ Ислом олими, «аср мужтаҳиди» номини олган ва исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир алломадир.
Шайх Юсуф Қаразовий ҳижрий 1396 йили (милодий 1926 йил 9 сентябрда) Миср ғарбидаги Сафт Туроб номли кичик қишлоқда туғилди. Икки ёшга кирганида отасидан ажралиб қолди ва амакисининг диндор оиласида улғая бошлади.
👍2
Оиласидагилар унинг дурадгор бўлишини исташар, аммо бола масжид имоми бўлишни орзулаб юрарди.
Ёш Юсуф тўрт ёшидан бошлаб маҳаллий масжид қошидаги Қуръон мактабига қатнай бошлади ва ўн ёшида мураттаб қори бўлди. Мактаб таълимини олганидан кейин у Тантодаги диншунослик институтида ўқишини давом эттирди. Ўн саккиз ёшида Қоҳирага бориб, машҳур ал-Азҳар дорилфунунининг дин асослари факультетига ўқишга кирди. 1953 йили Азҳарни битирган йигит Араб тилини ўрганиш дастурининг араб тили ва адабиёти йўналиши бўйича ҳам диплом олди. 1960 йили институтни тамомлаб, Қуръон илмлари бўйича магистр бўлди.
1949 йили, Миср қироли Форуқ ҳукмронлиги даврида Юсуф Қаразовийга сиёсий айблар тақалиб, ҳибсга олинади. Шундан кейин Мисрнинг собиқ президенти Жамол Абдул Носир ҳукмронлиги пайтида у яна уч марта қамоққа тушади. Ана шу воқеалардан кейин у 1961 йили Мисрни ташлаб чиқиб кетишга қарор қилади.
Қатар давлатининг таклифи билан 1961 йили Юсуф Қаразовий Қатар пойтахти Дохадаги диний институтга раҳбар этиб тайинланди. Ректор лавозимида ишларкан, педагогика факультетида ўзи ташкил этган Исломий тадқиқотлар бўлимига раҳбарлик қилди, кейинчалик эса ўзи таъсис қилган Исломий тадқиқотлар факультетининг декани лавозимида ишлади. Шайх Юсуф Қаразовий Суннат ва Сийрат тадқиқотлари марказини ҳам таъсис этган бўлиб, бугунги кунгача унга раҳбарлик қилиб келмоқда. 1973 йили эса «Ижтимоий муаммоларни ечишда закотнинг аҳамияти» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.
Шайх Юсуф Қаразовий Миср Вақфлар вазирлигида Дин ишлари бўйича назорат қўмитасида, ал-Азҳар университети қошидаги Исломий таълим бошқармасида фаолият юритди, кўплаб ўқув муассасаларига муассис ва ҳомий бўлди. Шайх Юсуф Қаразовий моҳир нотиқ, публицист, ҳассос адиб, ҳукуқшунос, исломий илмларнинг турли соҳалари бўйича юқори малакали мутахассис эди. Унинг «ал-Жазира» телеканалида ташкил этган «Шариат ва ҳаёт» кўрсатуви машҳур бўлиб кетган. Кўрсатувни дунёда жами 60 миллион мусулмон мунтазам кузатиб бориш билан бирга, олим билан савол-жавоб қилиш имкониятига ҳам эга бўлишган. 1997 йили бевосита Шайхнинг ташаббуси билан ташкил этилган islamonline веб-сайти ҳам исломий илмларни тарқатишда жуда катта хизмат қилмоқда.
1990–1991 йиллари шайх Қаразовий Жазоирдаги Ислом университети ва олий таълим илмий кенгаши раиси бўлиб ишлади. Қатарга қайтиб келгач, Қатар университети Сунна маркази раҳбарлигига тайинланди ва узоқ йиллар давомида ушбу вазифада самарали фаолият юритди.
Шайх Қаразовий кўп йиллар мобайнида Бутунжаҳон Ислом уламолари иттифоқи президенти вазифасида ишлаб, дунё Ислом олимларининг бирлиги ва ҳамкорлигини юксак чўққига чиқариш соҳасида жуда катта ишларни амалга оширди. 2020 йилга келибгина кексайиб, саломатлиги ёмонлашгани туфайли бу вазифани ўринбосарига топширди. Олим 1997 йилдан то умрининг сўнгги йиларигача Дублиндаги фатво ва тадқиқотлар бўйича Оврупа кенгашини бошқариб келди.
Шайх Юсуф Қаразовий бутун Ислом дунёсида ғоятда машҳур бўлиб кетган 120 дан ортиқ китоб ва монографияларнинг муаллифидир. Булар орасида «Исломда ҳалол ва ҳаром», «Мусулмон ҳаётида вақтнинг ўрни», «Ислом уйғониши», «Аёлларнинг Исломдаги аҳволи» каби китоблар айниқса машҳурдир. Шайх ҳазратларининг кўпгина китоблари замонавий Ислом тафаккурининг оммалашган асарларига айланиб, ўнлаб маротаба нашр этилган ва дунёнинг қатор тилларига таржима қилинган. Шайх Қаразовийнинг мақолалари, нутқ ва маърузаларининг эса санаб саноғига етиб бўлмайди. Қаразовийнинг асарларида жонкуяр олим, нозиктаъб адиб, давр билан ҳамнафас, ҳассос фақиҳнинг нафаси сезилиб туради. У бугунги давр талабларини шариат қонунларига уйғунлаштира олган нодир Ислом олимлари қаторидан муносиб ўрин олган.
Шайх Юсуф Қаразовий бир қатор фанлар академиялари, араб ва халқаро илмий муассасаларининг ҳақиқий аъзоси эди. Жумладан, шайх Юсуф Қаразовий маркази Маккаи Мукаррамада жойлашган Бутунжаҳон Ислом лигасининг Фиқҳ Академияси, Ўрдун Қироллигининг Исломий тамаддун тадқиқотлари академияси, Оксфорд Исломий тадқиқотлар маркази, маркази Хартумда жойлашган Исломий даъват ташкилоти, Исломободдаги Покистон Халқаро Ислом
👍1
университети директорлар кенгашининг аъзоси ҳисобланган.
Шунингдек, Юсуф Қаразовий Исломий банклар шаръий назорат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади. Бугунги кунда шайх Қаразовий исломий банкларда амалга ошириладиган банк амалиётларининг шаръий нуқтаи назардан жоизлиги бўйича фатво бера оладиган, Исломий банк юритиш тизими ва механизмларини ишлаб чиқиш, ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётган нодир Ислом олимларидан биридир. Жумҳур Ислом уламоларининг эътирофига кўра Қаразовий замонамизнинг ҳақиқий мужтаҳидидир («мужтаҳид» шариат илмлари билимдони бўлиб, Қуръон ва Суннатда очиқ келтирилмаган масалалар бўйича оқилона таъвил асосида шаръий ҳукм чиқара олишга лаёқатли олим).
Юсуф Қаразовий – машҳур Ислом даъватчиси бўлиб, Исломда модернизм ва анъанавийликни узвий уйғунлигига эриша олган мўътадил Ислом олимларидан биридир. Қарзовий мусулмонларни шариатнинг мақсад ва устувор йўналишларини чуқур тадаббур қилиб, оқилона англаб етишга, Исломнинг бузилмас рукнлари ҳамда узлуксиз ўзгариб турувчи замон ўртасидаги мувозанатни маҳкам тутишга чақиради, давр билан ҳамнафас бўлиб, келажакка интилди.
Шайх Қаразовий ўзининг қизғин илмий фаолияти давомида Осиё ва Африкадаги деярли барча Ислом давлатларида бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон жамоалари ва диаспоралари билан учрашган, улар билан доимий мулоқотда бўлган, кўплаб исломий ва халқаро университетларнинг таклифига кўра маърузалар қилган, жуда кўплаб илмий анжуманларда иштирок этган. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шайх Юсуф Қарзовийни яқиндан билар, у билан дўстлашиб, кўплаб илмий муноқашалар ва самимий суҳбатлар қурган эдилар.

Маҳмуд МАҲКАМ

«Ҳилол» журналининг 5 (26)-сонидан

@diyonatli
👍1