GSM GURUS F.A.Q
2K subscribers
279 photos
1 video
10 files
777 links
Android смартфонлар имкониятларини ўрганиш ва унумли фойдаланиш

Саволлар учун гуруҳимиз: https://t.me/+BdBfBxlF9ahkM2Ji

Канал ҳақида: #сарҳисоб
Админ: @YordamGSMGURUSBot
Download Telegram
🔥1
Android учун Telegram 5.13 версияга янгиланди

Янгиликлар:
- Ён менюда тунги режимга ўтиш имконияти.

- Тунги режимда жойлашувни (локация) кўришда қоронғи хариталар.

- Медиа файлларни юборишда видео сифатининг янги, янада тушунарли танлови.

- Фойдаланувчи профилини кўришда, чатдаги хабарлар ўртасидаги ўтишларда, глобал қидирувни очганда, архивга киритганда ва ундан чиқарганда янги анимациялар.

- Профил саҳифасидаги барча расмларни кўриш учун пастга суриш (свайп) имконияти.

- Кейинчалик фойдаланиш учун хабарнинг бир қисмини танлаш имконияти.

- "Яқинлашганда овоз ёзиш" функциясини ўчириб қўйиш, энди овозли хабарни динамик (карнай)орқали тинглагандан сўнг аудио хабарни ёзишни ўчириб қўяди.

- 30 дан ортиқ хатоликлар тузатилди ва янгиликлар киритилди.

Янгиланишни юклаб олиш: http://play.google.com/store/apps/details?id=org.telegram.messenger
#Telegram
Келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин!
​Афсона: Смартфон ишлаб чиқарувчилар тизимларнинг янги версияларини эски қурилмалар секинлашиши учун махсус созлайдилар.

Ҳақиқат: Аслида ҳаммаси анча оддий: процессорларнинг ҳисоблаш кучи жуда тез ўсиб бормоқда ва ишлаб чиқувчи янги дастурий таъминотга (прошивка) янги хусусиятларни қўшиб, янги моделларга эътибор қаратади, чунки улар билан ишлаш осонроқ.
Тизимларнинг янги версиялари қўшимча функциялар билан бойиб боради (акс ҳолда нима учун биз умуман янгиланишларни ўрнатамиз) ва улар кўпроқ тезкор хотирани (RAM), процессор ва график ядросини кўпроқ ишлатади. Aфсуски, бу табиий жараён ва дастурчилар кодни оптималлаштиришда қанчалик яхши бўлишидан қатъи назар, баъзи бир 4-5 йиллик смартфонларда Android 8/9 тизимининг тез ишлашини таъминлаш деярли имконсиз.

P.S.: Тизим янгиланиши ҳақида шахсий кузатувларим:
- Барқарор ишлаб турган тизимни янгилашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг.
- Бошқа фойдаланувчиларнинг тизим янгиланиши ҳақидаги шарҳларини ўқиб чиқинг.
- Янгиланиш фойдаланувчи маълумотларини ўчирмайди, лекин тизим секин (қотиб) ишласа ёки эски версияга қайтмоқчи бўлсангиз маълумотларингизни ўчиришга тўғри келади.
- Тизимни янгилагач, маълумотларингизни тўлиқ ўчириб, тизимни қайта юклаш смартфон тезроқ ишлашига ёрдам беради. Лекин бу усул билан эски версияга қайтмайди.
- Тизим янгилангач, бир неча кун (тахминан 7-10 кун) оптимизация жараёни содир бўлади. Яъни секин (қотиб) ишлаш, шу жараён тугагандан сўнг бартараф бўлиши мумкин.
- Янгиланган тизимни, эски версияга қайтариш компьютер орқали амалга оширилади. Лекин барча смартфонларда ҳам ушбу имконият мавжуд эмас.

#ҳақиқат #афсона
👍2
​Интернет тезлиги қандай ўлчанади ?

Тез жавоб:
Интернет тезлиги секундига мегабит (Мбит/с), маълумотларни юклаб олиш тезлиги секундига мегабайт (МБ/с) билан ўлчанади. 8 Мбит/с = 1 МБ/с.

Тўғри текшириш учун Интернет тезлиги нима билан ўлчанишини ва маълумотларни юклаб олиш тезлигидан қандай фарқ қилишини билишингиз керак.

Ўлчов бирликлари
Автомобил тезлигини ўлчаш учун масофа сифатида километрлар, вақт оралиғи сифатида эса соатлардан фойдаланилади. Масалан, автомобил 60 км/соат тезлик билан ҳаракатланмоқда.
Битлар ахборот миқдорини ўлчаш учун минимал бирлик сифатида, секундлар эса вақт сифатида ишлатилади.

Интернет тезлиги
Бит энг кичик бирлик бўлганлиги сабабли, ҳозирги вақтда Интернет тезлигини ўлчаш учун секундига мегабит (Мбит/с или Mbps) ишлатилади. 1024 бит = 1 килобит (Кбит). 1024 килобит = 1 мегабит (Мбит). Баъзи мисоллар:

Барча Интернет-провайдерлар ўзларининг тариф режаларида шунга ўхшаш қийматдан фойдаланадилар - 10, 30, 100 Мбит/с ва бошқалар.

Тезликни ўлчашда - Интернетда диагностика ҳам Мбит/с дан фойдаланади. Кириш тезлиги - 2.54 Мбит/с, чиқувчи тезлик - 35.22 Мбит/с. (Расмга қаранг)

Маълумотни юклаб олиш тезлиги
Матнлар, расмлар, мусиқа, ўйинлар, филмлар маълум вазнга эга бўлган файллар мажмуасидир. Умумий тушуниш учун ҳам бир неча мисоллар:

Битта ҳарфнинг вазни 1 байт, ўн минг белгидан иборат матн - 176 килобайт, қўшиқ - тахминан 8 мегабайт, Full-HD сифатидаги филм - тахминан 2,3 гигабайт.

Сиз ва дўстингиз 2 Гб оғирликдаги филмни юклаб олмоқчисиз.
Сизда Интернет тезлиги 80 Мбит/с, юклаб олиш тезлиги - 10 МБ/с, филмни 3,5 дақиқада (минутда) юклаб олиш мумкин;
Дўстингиз 40 Мбит/с тариф режасига эга, юклаб олиш тезлиги - 5 МБ/с, филм 7 дақиқада юклаб олинади.

Ўзингизнинг интернет тезлигингизни билинг ёки тариф режангизни аниқланг ва уни 8 га бўлинг. Шу тарзда интернетдан маълумотларни юклаб олиш керак бўлган ўртача тезликни тушунасиз.

Нимани эслаб қолиш керак
Интернет тезлиги тариф режасида белгиланган Мбит/с да ўлчанади;
маълумотларни юклаб олиш тезлиги Интернет тезлигига қараб КБ/с ва МБ/с да ўлчанади;
#маълумот
Google Keep иловасидан фойдаланишни бошлашнинг 5 сабаби.

Google Keep ҳар хил турдаги қайдларни (заметки) яратиш, сақлаш ва синхронлаш иловаси. Лекин у фақат биринчи қарашда шундай кўринади. Aслида, бу сизнинг ҳаётингизни соддалаштириш ва иш вақтингизни анча яхши ташкил қилиш имкониятини берадиган ҳақиқий "медиакомбайн" дир. Лекин бу унинг имкониятларининг ҳаммаси эмас, шу сабабли нима учун Google Keep иловасини ўрнатишингиз кераклигини билиб олинг.


Google Keep бу кундалик ҳаётингизни тартибга солиш учун жуда қулай восита.

1. Google хизматлари билан ишлаш осон
2. Қайдларни осонгина алмашиш
3. Умумий қайдлар яратиш
4. Расмлардаги ёзувларни матнга ўгириш
5. Ўрнатилган диктофон ва эслатмалар

Google хизматлари билан ишлаш осон.
Keep нинг энг катта афзалликларидан бири бутун Google экотизими билан максимал интеграциялашувидир. Бу шуни англатадики, агар сиз Gmail орқали хат юборсангиз, Google Drive орқали файлларни жўнатсангиз ва Google Docs да ишласангиз, барча элементларни ортиқча ҳаракатларсиз, осонгина бирлаштирасиз.
Google нинг яна бир қизиқ маҳсулоти, Google Assistant ҳам Keep билан боғлиқлиги ҳақида яқин кунларда каналимизда маълумот берамиз.
Айтайлик электрон почта орқали юборилган санани танланг ва Keep да автоматик равишда эслатма яратилади. Ва бу ўзаро боғлиқликнинг энг оддий намунасидир. Aгар сиз Google Keep дан фойдалансангиз ва ундан фойдаланишнинг бошқа намуналарини билсангиз, бу ҳақида комментарии шаклида ёзиб қолдиринг.

Қайдларни осонгина алмашиш.
Google Keep иловасида жойлашган барча қайдларга бошқа фойдаланувчилар учинчи томон хизматлари орқали юбормасдан кириш мумкин. Шунчаки эслатма, расм, жадвал ёки сиз алмашмоқчи бўлган нарсани танланг, "Юбориш" (Отправить) ни босинг ва контактлар рўйхатида керакли фойдаланувчини танланг.

Умумий қайдларни яратинг.
Қайдларни маълум бир фойдаланувчиларга юборишингиздан ташқари, маълум бир одамлар доираси билан ҳам уларни алмашишингиз мумкин. Ҳар бир киши ўз таҳрирлари ва таклифларини киритиши мумкин. Ўзгартиришлар барча фойдаланувчилар учун автоматик равишда кўринади ва асл эгаси киришни истаган пайтда блоклаши мумкин.

Расмлардаги ёзувларни матнга ўгириш.
Шунга ўхшаш функцияларга эга кўплаб хизматлар ва дастурлар мавжуд, аммо агар сиз ҳамма нарсани битта жойда қила олсангиз нима учун уларга эҳтиёж бор? Матнли исталган расмни танланг, уни Google Keep га юкланг ва дастур алгоритмлари у ерда ёзилганларни кейинги таҳрирлаш имконияти билан ҳал қилади. Бу визиткаларга жуда мос келади, ундан олинган маълумотлар дарҳол контактларга ўтказилиши мумкин.

Ўрнатилган диктофон ва эслатмалар.
Ҳақиқатан ҳам сизда ажойиб ғоя бор эди, лекин уни дарҳол ёзмадингиз ва керакли вақтда, сиз барча тафсилотларни унутганингизни англадингиз. Google Keep дан фойдаланиб, сиз нафақат овозли қайдларни ярата оласиз, балки келажакда уни матнга ўгиришингиз мумкин. Google Keep автоматик равишда овозни таҳрирлашингиз ва сақлашингиз мумкин бўлган матнга ўзгартиради.

• Google Keep даги эслатмалар қизиқарли ташкил қилинган. Одатдаги қалқиб чиқувчи ойналар ва аудио сигналларга қўшимча равишда сиз Google Keep дан электрон почта орқали эслатма тўғрисида хабар юбориш, мессенджерга хабар юбориш ёки браузерда махсус қалқиб чиқувчи ойнани кўришни созлашингиз мумкин.
• Google Keep дан телефонингизда, планшетингизда, компютерингизда ёки соатингизда фойдаланинг. Қайдлар автоматик равишда синхронлаштирилади, шунинг учун улар ҳар қандай қурилмада ҳар доим мавжуд бўлади. Сиз уларни https://keep.google.com/ сайтидан топишингиз мумкин

Иловани юклаб олиш:
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.google.android.keep&hl=ru
#APK
​Wi-Fi тармоғи ҳимоясини текшириш иловалари.

"Энг яхши ҳимоя - бу ҳужум"
ибораси, бугунги танлаган мавзумиз мазмунини намоён қилади.

Гуруҳимизда https://t.me/joinchat/BOJCYVHrXlMzdHVqAd1FwQ ёки шахсий хабарлар орқали деярли ҳар кун бериладиган савол "WI-FI бузиш учун қайси илова яхши?".

Балким қизиқаётганлар ўз Wi-Fi тармоқлари хавфсизлигини текшириб кўриш учун, ушбу турдаги иловаларни излашар?

Каналимизда яқинда ўтказилган шу мавзуга оид сўровномада (https://t.me/gsmgurus_FAQ/449), нисбатан кўпроқ овоз билан бегона Wi-Fi тармоғи ҳимоясига қизиқувчилар кўплигини кўрсатди.

Ушбу турдаги иловалар Google Play Маркетда жуда кўплигини ҳисобга олсак, демак фойдаланувчилари ҳам кўп. Бизнинг мақсадимиз эса Wi-Fi тармоқ эгаларини ҳушёрликка чақириш ва маълумот бериш.

- WPSApp. WPSпротоколига уланиб, сизнинг тармоғингиз хавфсизлигини текшириш.
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.themausoft.wpsapp

- WIFI WPS WPA TESTER. WPS заифликлари орқали Wi-Fi хавфсизлигини текшириш.
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.tester.wpswpatester

- WiFi Warden ( WPS Connect ). Қўшимча функцияларга эга Wi-Fi тармоғини текшириш ва WPS орқали ПИН кодни синаш.
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.xti.wifiwarden&hl=ru

Ушбу турдаги иловалар паролингизни топа олмаса, демак Сиздаги ҳимоя тури яхши танланган ёки аксинча паролингизни топиб берса, ҳимоя (шифрлаш) турини WPA2 танланг ва паролингизни ўзгартиринг.

Маслаҳатим заиф Wi-Fi тармоғини аниқласангиз, имкон борича эгаларига билдиринг, Кўчада эшиги очиқ қолган автомобилни кўрганимизда ҳам кўпчилигимиз худди шу ишни қилганимиздек. Бегона тармоқларни бузиб кирманг!
#маълумот
​Wi-Fi Direct нима ва уни Android да қандай ишлатиш керак?

Wi-Fi Direct - симсиз маълумотларни узатиш стандартларидан бири бўлиб, у роутер (Wi-Fi модем) ёрдамисиз қурилмалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани яратиш имконини беради.

Яъни, оддий қилиб айтганда, Wi-Fi Direct ни қўллаб-қувватлайдиган телевизор ўзи симсиз уланиш нуқтаси бўлади. У ҳар қандай роутер сингари, уланишингиз мумкин бўлган сигнални узатади ва тўғридан-тўғри унга мобил телефон ёки ноутбук экранидан тасвирни чиқариб беради.

Бугунги кунда Wi-Fi Direct асосан уйдаги электроника маҳсулотларида қўлланилади (смартфон, телевизор, компьютер, проектор). Унинг турли хил вариантлари мавжуд, улар кўпинча Miracast, MiraScreen, AnyCast, ChromeCast, Беспроводной дисплей (Симсиз дисплей) ва бошқалар.

Android га ўрнатилган воситалар ёрдамида телефонда Wi-Fi Direct дан қандай фойдаланиш керак?
Одатда, Wi-Fi Direct технологиясидан фойдаланиш учун телефонингизга қўшимча дастурий таъминот ўрнатиш шарт эмас. Android тизими аллақачон тегишли созламаларга ега.

Wi-Fi Direct нинг афзалликлари қандай?
- Aсосий афзаллик - уланишни осон созлаш. Роутер сотиб олиш ва тармоқни созлашнинг ҳожати йўқ. У ҳар доим тайёр ва шунчаки унга уланиб фойдаланишингиз мумкин.

- Шунингдек, маълумотни жўнатиш тезлиги яхши, бошқа Wi-Fi тизимлари билан таққосланади. Шунинг учун ишлаб чиқарувчилар аксарият замонавий қурилмаларни ушбу стандарт билан жиҳозлашади.

- Wi-Fi Direct уланиши кўпгина замонавий телевизорлар, смартфонлар ва планшетларда қўллаб-қувватланади. Ёки, агар у телевизорда мавжуд бўлмаса, сиз телевизорнинг ҳар қандай маркаси - Samsung, LG, Philips ва бошқалар учун универсал бўлган арзон адаптерни сотиб олишингиз мумкин. Бу худди ўрнатилган модул каби ишлайди.

-Яна бир яхши нарса шундаки, технология универсалдир ва Windows 10 ва MacOS дан Android ва iOS га қадар барча операцион тизимларда ишлайди.
#маълумот
​Тизим янгилангандан сўнг, Android нинг эски версиясини қайтариш мумкинми?

Қисқа жавоб: Ҳа аксарият смартфонларда мумкин, баъзиларида мутахассис ёрдамида.

Тизим янгиланиши кўпчилигимиз смартфонимизга янги имкониятлар қўшилиши, барқарор ва тезроқ ишлаши, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш, иловаларнинг янги версияларига мослаштириш, ташқи кўринишини ўзгартириш ва ҳоказолар учун ўрнатамиз.

Лекин ҳаммага ҳам янги тизим ишлаши, қулайлиги ва ташқи кўриниши бирдай ёқмайди. Ёки эски тизимда ишлаб турган айрим иловалар (қўнғироқларни ёзиб олиш, ўйинлар), янгисида ишламай қолади.
Тизимни (Android) эски версиясига қайтариш баъзи фойдаланувчилар ўйлаганидек, маълумотларни тўлиқ ўчириш ("аслига қайтариш", "заводской сброс") усули билан амалга оширилмайди. Чунки ушбу функция фақат охирги кўчирилган тизимни, фойдаланувчи маълумотларидан тозалаб беради.

Samsung (Qualcomm Snapdragon процессоридан ташқари), Huawei, Xiaomi смартфонларида тизимни орқага қайтариш асосан компьютердаги махсус дастурий таъминот орқали ва мутахассис (уста) ёрдамида амалга оширилади. Ушбу усулда смартфондаги фойдаланувчи маълумотлари (контактлар, расм, видео, мусиқа, иловалар) тўлиқ ўчирилади, шу сабаб нусха олишни ёки мутахассисни огоҳлантириб қўйишни унутманг.
#маълумот
👍6
​Telegram учун фойдали ботлар:

@iLyricsBot - Бот сизнинг севимли қўшиқларингизнинг сўзларини юборади, инлайн режимида ишлайди.

@nmr_YTbot - Сизнинг сўровингиз бўйича бот Youtube да видео ёки аудио топади ва уларни Telegram га юклайди.

@CheckNicknameBot - Бот фойдаланувчи номини турли хил ижтимоий тармоқларда мавжудлигини текширади.

@cloud_convert_bot - Энг замонавий бот-конвертор. 218 та файл турларини тушунади. Конвертер файл форматини ўзгартирадиган махсус дастурдир - масалан, AVI филм формати - уни mp4 форматига ўтказиш мумкин, ёки MP3 форматидаги қўшиқ мавжуд - конвертор уни WMA ёки бошқа форматга ўзгартириши мумкин.

@SynoptykBot - Об-ҳаво ҳақида маълумот беради. Inline режими мавжуд.

@SaveZBot- Instagram дан ҳар қандай медиа таркибни юклаб олиш мумкин!

@HUMOcardbot - HUMO Card пластик карта эгалари учун, тўлов тизимининг расмий боти.

@Stickers - Telegram стикерларини яратинг ва ушбу бот ёрдамида стикерларингиз учун фойдаланиш статистикасини олинг.

@SmartphoneDBot - Inline-бот смартфонларнинг хусусиятларини топиш учун.

@chessy_bot - Дўстлар билан шахмат ўйнаш учун Inline бот

Telegram ботлар ҳақида каналда ёзилган хабарларимиз:
https://t.me/gsmgurus_FAQ/444
https://t.me/gsmgurus_FAQ/358
https://t.me/gsmgurus_FAQ/308
https://t.me/gsmgurus_FAQ/50
#Telegram #Бот #Телеграм
Google Lens (Объектив)| расмдаги маълум объектларни аниқлашга ёрдам беради.

Атрофингиздаги нарсалар ҳақида маълумотни қандай топиш мумкин?
Атрофдаги нарсалар ҳақида маълумотни топишингиз мумкин (масалан, ёдгорликлар, плакатлар ёки штрих-кодлар)

• Камерани объектга йўналтиринг.
• Қуйидаги босқичларни бажаринг:
> Экрандаги объектни танланг.

Матнни танлаш учун сўзни босинг, сўнгра унга тегинг ва кўк нуқта билан тортинг.

• Микрофон белгисини босинг. Савол беринг ёки буйруқни айтинг:
- "Что это?" (Бу нима?)
- "Какова высота этого объекта?" (Ушбу объектнинг баландлиги қанча?)
- "Добавить это в Google Keep" (Буни Google Keep га қўшиш)

Имкониятлар:

• Маҳсулотлар. Ўхшаш нарсаларни топинг, масалан мебел ва кийим-кечак каби.
• Матн. Телефон рақамлари, саналарни, манзилларни ва ҳоказоларни нусхалаш.
• Жойлар. Диққатга сазовор жойлар ва ташкилотлар ҳақида батафсил маълумот олинг.
• Штрихли кодлар. Маҳсулот ҳақида маълумот топиш учун штрих коддан фойдаланинг.
• Кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари. Ўхшаш маҳсулотларни топинг ва қаерда сотилишини билиб олинг.
• Меню. Менюдан таомлар ҳақида билиб олинг ёки ўз тилингизга таржима қилинг.
• Музей экспонатлари. Расмлар, ҳайкаллар ва бошқа санъат асарларининг яратилиш тарихи билан танишинг.
• Китоблар. Китоблар ҳақида шарҳлар ва бошқа маълумотларни ўқинг.
• Ўсимликлар ва ҳайвонлар. Уларнинг номларини, тавсифларини ва бошқаларни топинг.
• Плакатлар. Афишадан филмлар ёки воқеалар ҳақида маълумот олинг ва уни тақвимингизга (календарь) қўшинг.
• Ташрифномалар (Визиткалар). Контактлар яратинг ва улар учун телефон рақамлари ва манзилларини сақланг.
• Дафтар. Паролларни, севимли овқатларингизни, автомобил тўхташ жойларини ва бошқа кўп нарсаларни эслаб қолинг.

Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=com.google.ar.lens&hl=ru

Афсуски, Google Lens иловаси ҳозирча барча смартфонларда ҳам тўлиқ ишламаслиги мумкин.
#APK
👍1
​Қайси смартфонни харид қилишни сўраб, мурожаат қилаётган ўқувчиларимиз учун намуна:

- Авваламомбор смартфондан нима мақсадда кўпроқ фойдаланишингизни аниқланг. Масалан: китоб ўқиш, мусиқа тинглаш, филмлар кўриш, интернетдан фойдаланиш, GPS навигатор сифатида қўллаш, ўйинлар ўйнаш ва ҳоказолар.

- Танламоқчи бўлган смартфонингиз қандай имкониятларга эга бўлиши кераклигини аниқланг. Масалан 1 ёки 2 сим карталик, видеоқўнғироқни амалга ошириши, сўзлашувларни ёзиб олиши (диктофон), тизими (прошивка) тез-тез янгиланиб турадигани, Root ҳуқуқи ўрнатиш мумкин бўлгани, FM-радио, NFC қўллаб-қувватлаши ва ҳоказолар.

- Смартфоннинг тахминий диагонали (ўлчамлари)
- Экран технологияси, IPS ёки Oled (Amoled)
- Ички хотира сиғими (32, 64, 128 Гб)
- Рамкасиз, томчисимон экран ёки аксинча
- Батареясининг сиғими масалан 3000 мА⋅ч дан кам бўлмаган
- Бармоқ изи сканери (сканер отпечатков)
- Сувдан ёки зарбадан ҳимояланганлиги
- Симсиз зарядлаш имконияти
- Харид қилиш суммаси. Масалан 1 миллионгача
- Кафолат муддати. Масалан 1 йиллик сервис марказидан ёки 1 ойлик сотув дўконидан.
- Янги ёки ишлатилган смартфон

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, қайси смартфон танлаш ҳақидаги сўровингизни, гуруҳимизга ёки шахсий хабар орқали жўнатинг.
#маслаҳат
👍1
​Флагман смартфон нима?

Ҳар йили "флагман-смартфон" ёки "смартфон-флагман" иборалари тобора оммалашиб бормоқда. Баъзи фойдаланувчилар бу нимани англатишини билишмайди, шунинг учун бугун шу ҳақида маълумот берамиз.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак - флагманлар компаниянинг энг яхши (энг яхши ва энг кучли) смартфонлари.
Масалан, 2019 йилда Samsung нинг флагман смартфони Galaxy S10 (S10+). Ажойиб камера (умуман смартфонлар орасида энг яхшиларидан бири), мукаммал дисплей, жуда кучли Samsung Exynos 9820 процессори ва 8 Гб тезкор хотира билан жиҳозланган ушбу флагмани смартфон, иш столини қулфлашнинг турли усуллари, шу жумладан бармоқ изи сканери (бевосита дисплейда жойлашган) ва кўз пардаси сканери, тез ва симсиз зарядлашни қўллаб-қувватлаш, юқори сифатли материаллар, сув ва чангдан ҳимоя ва бошқалар.

Тушунганингиздек, ушбу смартфон қурилма чиқарилиш пайтидаги энг яхши модел қаторига киради. Aлбатта, бу факт смартфон нархига таъсир қилади, одатда, бу линиядаги энг қиммат моделлардан бири ҳисобланади.
Флагман смартфондан фойдаланиб кўрмоқчи бўлганлар, 1-2 йил олдинги смартфонларга ҳам эътибор қаратишлари лозим. Сабаби флагман смартфонлар техник ва дастурий таъминоти 2-3 йил учун актуал бўлади. Масалан Samsung Galaxy S9 ёки Note 9.

2019-йил охири флагман смартфонлари:
- Samsung Galaxy S10 ва S10+
- Samsung Galaxy Note 10 ва Note 10+
- Huawei P30 Pro
- Huawei Mate 30 Pro
- Xiaomi Mi 9
- Xiaomi Mi Mix 3
- LG V50
#маълумот
​TAS-IX бу нима?

Интернет провайдер ёки мобил операторлар тариф режалари ва интернет пакетларида кўпинча TAS-IX учун алоҳида бонусларга кўзимиз тушади. Одатда TAS-IX да интернет тезлиги нисбатан юқори ва арзонроқ кўрсатилади.

Хўш TAS-IX ўзи бу нима?
TAS-IX - бу Ўзнет (Ўзбекистондаги интернет) "ичида" трафик алмашиш ҳақида бешта йирик провайдерлар келишуви натижасида пайдо бўлган, яъни халқаро маълумотлар узатиш каналларидан фойдаланмасдан трафик алмашиш нуқтасидир. Бу - халқаро ресурсларга нисбатан TAS-IX ҳудудидаги сайтларга арзон нархларда уланиш имконини беради.

Оддийроқ қилиб тушунтирганда, бирор бир интернет манбасининг (масалан интернет сайт кўринишида) серверлари (махсус компьютер) Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлса, ушбу сайт TAS-IX тармоғида ҳисобланади.
Мисол учун www.ziyonet.uz сайтига кириш учун ҳаволани танладингиз, провайдер компьютери ушбу сайт TAS-IX тармоғидалигини аниқлаб, Сизга Ўзбекистон худудида жойлашган сервердан маълумотларни юклаб беради.
Лекин эътиборли бўлинг, ҳамма .uz домени билан номланган интернет сайтлар ҳам TAS-IX ҳудудида жойлашмаган ёки аксинча .com, .net ва бошқа доменлардаги сайтлар ҳам TAS-IX ҳудудида жойлашган бўлиши мумкин.

Сайтларнинг Tas-IX ҳудудида жойлашганини қуйидаги ҳавола (https://uztelecom.uz/uz/jismoniy-shaxslarga/internet-2/foydali-axborot-2/saytni-tas-ix-tarmogi-uchun-tekshirish) орқали текшириб олиш мумкин. Ушбу хизмат деярли барча интернет провайдердар сайтларида мавжуд.

Келажакда машҳур интернет сайт, хизматлар ёки ижтимоий тармоқларнинг серверлари TAS-IX ҳудудида жойлашса, ушбу манбалардан маълумот олиш тезлиги бир неча баробарга ошса керак.

Мен билган Tas-IX ҳудудида жойлашган энг машхур сайтлар:

allplay.uz, mediabay.tv, itv.uz, mover.uz, kinozal.uz, kinoman.uz, alltor.me, topmusic.uz megasoft.uz, tasix.me, mediabox.uz, kinohit.uz, player.uz (ҳар бир сайтни ўзингиз яна алоҳида текшириб кўринг!)
(Филмлар сайтлари, хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлганларга субтитр орқали кўрганда фойдали бўлиши мумкин.)

Бошқа сайтларни эса ушбу каталогдан кўришингиз мумкин:
https://www.uz/uz/stat/visitors/ratings?cat_id=338&cat_id=338&VisitorRating%5Bperiod%5D=daily&VisitorRating%5Btasix%5D=0&VisitorRating%5Btasix%5D=1

Қўшимча маълумот:
- VPN иловаларидан фойдаланилганда,TAS-IX сайтлари ҳам ташқи трафик сифатида ҳисобланади.
- Yandex қидирув тизимида, махсус TAS-IX сайтларини излаш имконияти мавжуд.

#маълумот
​"Тасвир устида тасвир" (картинка в картинке, PiP) режими нима?

Android Oreo 8.0 ва ундан кейинги версиялардан бошлаб, "Тасвир устида тасвир" режимида видео ёқиш ва томоша қилиш имконияти қўшилди.

У нима қила олади? Видеони (ёки навигацияни) бошқа иловаларнинг устида кичик ойна ҳажмида намойиш этади.

"Тасвир устида тасвир" режимини қайси иловалар қўллаб-қувватлайди?

Телефон созламаларига кириб, юқори қидирув қисмида "тасвир" ёки тизим рус тилида бўлса "картинка" сўзи орқали керакли режимни топиб, Сизда ўрнатилган иловалардан қайси бири ушбу имкониятга эга эканлигини билиб олсангиз бўлади.

Асосан ушбу иловаларда "Тасвир устида тасвир" режими мавжуд:
- Chrome браузери
- Firefox браузери
- MX Player видео плеер
- VLC видео плеер
- Instagram
- Хариталар (навигация режими)
- Youtube (мод версияси)
- WhatsApp
ва бошқалар.

Android да "Тасвир устида тасвир" режимини қандай ёқиш мумкин?

Масалан Chrome браузерида:
1. Видеони тўлиқ экранда кўринадиган қилиб очинг
2. "Уй"(Home) тугмачасини босинг
3. Шундан сўнг, видео иш столидаги кичик ойнада пайдо бўлади.

#маълумот
Электрон ҳукумат янада яқинроқ. давлат хизматлари энди сизнинг телефонингизда

Эндиликда, Android операцион тизими базасидаги мобил қурилмалар эгалари маълум давлат хизматларидан исталган вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда ва давлат органларига бормасдан фойдаланишлари мумкин.

Ишга туширилган иловада бир қатор транзакцион хизматлар (давлат органи ходимининг иштирокисиз кўрсатиладиган хизматлар) тақдим этилади:

– йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима ҳақида маълумот олиш (Ягона порталда ва мобил иловада йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима ҳақида маълумот олиш бепул тақдим этилади);

– шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғарма ҳолати ҳақида маълумот олиш;

– СТИРни аниқлаш;

Ҳисобланган иш ҳақи суммалари тўғрисида, коммунал хизматлари бўйича шахсий ҳисоб рақами ҳақида маълумот олиш ва бошқалар.

Ҳозирда Марказ томонидан мобил илова орқали кўрсатиладиган интерактив хизматлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, Ягона порталнинг мобил иловасини iOS операцион тизими базасидаги қурилмалар учун ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.


Ягона порталнинг Android операцион тизими учун мобил иловасини мазкур ҳавола орқали юклаб олинг: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.global.mygov.

https://napm.uz/oz/press_center/news/elektron-ukumat-yanada-ya-inro-davlat-khizmatlari-endi-sizning-telefoningizda/
#янгилик
GSM GURUS F.A.Q
Электрон ҳукумат янада яқинроқ. давлат хизматлари энди сизнинг телефонингизда Эндиликда, Android операцион тизими базасидаги мобил қурилмалар эгалари маълум давлат хизматларидан исталган вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда ва давлат органларига бормасдан фойдаланишлари…
https://mover.uz/watch/lMoWQXE/

Юқоридаги хабаримизга қўшимча маълумот.
Видеодаги асосий фактлар:

- Электрон шаклда 170 га яқин давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин.
- Жорий йилнинг (2019 йил, август ойи ҳолатига кўра) ўтган даври давомида 7,5 млн дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган, лекин хизматни электрон шаклда олганларнинг сони 24% ёки 1.8 млнни ташкил қилган.
- Интернетдан фойдаланувчи аҳоли сони 20 млнга яқин.
#янгилик
Юқоридаги хабаримизда давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун MyGov иловаси ишлаб чиқарилгани ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот берган эдик.

Ушбу иловадан фойдаланиб, ўқувчиларимизга тўлиқроқ маълумот бериш ниятида эдик. Афсуски 1 000 дан ортиқ марта юклаб олинган илованинг бошланғич этапида, яъни рўйхатдан ўтиш жараёнида хатолик мавжудлиги режаларимизни кечиктиришга тўғри келди.

Илова дастурчисига хатолик ҳақида хабар беришимизга қарамай, бир кундан сўнг ҳам жавоб хати олмадик. Илова номида (ранний доступ) деган ёзувни, каналимизда маълумот берганимиздек Beta версия сифатида тушундик. Лекин бу версия деярли тайёр маҳсулот кўринишида оммага намойиш этилиши керак.

Ишламайдиган иловани муддатидан олдин намойиш қилишга нима сабаб бўлиши мумкин?