📚 Ibratli Hikoyalar 📚
18.2K subscribers
6.95K photos
3.21K videos
44 files
16.3K links
Хаётий ва Ибратли ҳикоялар... Хикматлар хазинаси...
Инсон такдирини аччик синовлари...


Hamkorlik va reklama uchun 👇👇

@Bronzam

.



.



.



.



.





.
Download Telegram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Фарзандингиз сизнинг қўлингизга қараб қолмаслиги учун нима қилиш керак

Яқинларга ҳам юборинг!
ОНАМНИ СОТАМАН НАРХИ 5 МИНГ СЎМ‼️

Бир ёш йигит бозорга онасини олиб борди. Бозорнинг ўртасига етганда бақирганча “Онамни сотаман нархи 5 минг сўм” деб бақира бошлади. Дастлаб ҳеч ким бу вазиятга тушунмади. Охири бир ёши улуғ инсон жаҳл билан “Нима учун онангни сотяпсан?” деганда, йигитнинг айтган гапи ҳаммани шокка солди!

Йигит гап бошлади: “ Ҳам онамни сотмоқчиман. Фақат пешиндан кейин. Ёнимдаги инсон менинг туққан онам. Мен оддий таксичиман. Кундузи таксида ишлайман, кечаси боғчада қоровулчилик қиламан.

Кундузи уйга келиб, онам билан овқатланаман, кейин яна ишга чиқаман. Онам эса туни билан мен учун дуо қилади. Тонгда уйга қайтсам, у мени кутиб олади, кейин ўз ўрнига ётиб ухлайди. Ҳар кунимиз шу тартибда ўтади.

Бир кун одатдагидек онамнинг дуосини олиб, ишга кетдим. Таксига буюртма келди — бой хонадон. Эшик олдида 4–5 та чет элни қиммат машиналари турарди.

Шундай катта уйдан бир муштипар она чиқиб келди. Устида юпун либос. Машинага ўтираркан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. Сўрадим:
— Она, нега йиғлаяпсиз?

Она жавоб берди: “Ўғлим, мени учта ўғлим бор. Ҳаммасини ёлғиз бошим билан ўқитдим. Ҳаммаси олий маълумотли, ўз уй-жойлари бор. Бу — кенжа ўғлимнинг уйи. Акалариники бундан ҳам зўр.

— Қизиғи, нега ‘Матиз’ чақирдингиз? Ахир ўғилларингизда машиналар бор-ку?

Она қаттиқ йиғлаб юборди:
— Мен фарзандларим камлик кўрмасин деб ишдан-ишга юравердим. Аммо уларга тарбия беришга вақт ажратмадим. Энди ўша уйларда менга жой йўқ. Мен шу уйда қоровулхонада яшайман. Пенсиям эвазига кун кўраман.

Қаттиқ йиғлаб юбордим.
— Она, юринг мен билан. Менинг онам борлар шерик бўласиз. Менда энди иккита она бўлади, дедим.

Она эса жимгина жавоб берди:
— Йўқ, болам. Менга ўғил эмас, менга мени сотиб оладиган инсон керак…

— Қандай қилиб сотиб оламан? — дедим.

— Бир дона апельсин билан, — дедилар.

Давлат ишида ишламадим, пенсиям кам. Пенсия олсам, невараларимга нарсалар оламан. Шу бир дона апельсин егим келади, лекин оғринаман. Шуни болаларим олиб берса, дейман. Лекин бунга имконият йўқ, деди.

Онахонни уйга олиб кетдим. Онахонни онам билан бирга тозалаб, кийиндирдик. Бир дона эмас, бир пакет апельсин олиб бердим. Қўлларини очиб, юракдан дуо қилдилар:
— “Болам, камлик кўрмагин…”

Тун киради. У киши апельсинни бағрига босган ҳолда омонатини топширдилар…

Бугун мен ўз онамни эмас, марҳума онахоннинг жасадини ўғилларига сотмоқчиман. Сўнгги манзилга ўзлари кузатсинлар!”

Бу сўзлардан сўнг, одамлар орасидаги секингина шивир-шивир тўхтади. Лекин бу оломон ичида ўғиллар йўқ эди. Воқеани эшитиб, гап ким ҳақида эканини билган қўшнилар онанинг фарзандларига телефон қилди. Пешин бошлангунча уч ака-ука етиб келишди ва тобутга қараб ўзларини ташлашди. Улар йиғлар, «Она!» деб бақирар эдилар…

Афсус, энди кеч эди
…


📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤19
#АЛБАТТА_ОКИНГ 👇👇👇

•Қаноат - кўзойнакдир. Уни тақсанг, ҳаётни чиройли кўра бошлайсан.

•Аллоҳ бир бандасини балолантириб, кейин унинг қалбига назар солса, қалби рози, шукр қилувчи, сабр қилиб савоб умид қилувчи экани кўриши нақадар гўзал!

•Сизнинг фикрингизга тескари фикр билдиришим сизга душманлигимни англатмайди.

•Она шундай хилқатки, намозида гоҳо ўзни дуо қилишни унутади, лекин фарзандлари ҳаққига дуо қилишни асло унутмайди!

•Бир инсон сизга қалбининг калитини топширса, уни йўқотиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг! Чунки, ўша калитни йўқотиб қўйсангиз, унинг нусхасини топа олмайсиз.

•Агар қалб қотса, кўз қурийди (ёшланмайди).

•Эҳтимомнинг энг олий даражаси - ҳаётингизда бир шахс бўлиб, у сизнинг фойдангизни ўйлаб безовта бўлса. Сизнинг ҳаётингизни у ўзининг ҳаёти деб тасаввур қилса.

•Бирор нарсангни ўғирламасликларини истасанг, уни китобнинг орасига яшириб қўй. Чунки, ҳозирги замон мусулмонлари китоб очишдан (ўқишдан) қўрқадиган кишилардир.

•Оёқ кийимсиз юрганимга хафа бўлиб, йиғлаб юрардим. Оёқлари йўқ одамни кўрганимдан кейин йиғлашдан тўхтатдим. Бизга саноқсиз неъматлар берган Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин!

•Ҳасадчига сабр қил! Албатта, сенинг сабринг уни “ўлдиради”. Агар олов ёндирадиган нарса топа олмаса, ўзини ўзи ёндиради. 

•Ўзинг ясамаган нарса билан фахрланишинг айбдир. Чиройинг билан фахрланма! Чунки, чиройни сен яратмадинг. Насабинг билан фахрланма! Чунки, олий насабни сен танлаб олмадинг. Лекин хулқларинг билан фахрлан! Чунки, у хулқлар билан ўзинг безандинг. 

•Орзу ҳақидаги энг чиройли нарса - кўзи ожиз одам “Бир кун келиб мен ҳам кўрарман” деган умидда кўзойнак сотиб олишидир. 

•Ҳар бир нафаснинг Аллоҳ зикрисиз ғафлатда олиб-чиқарилаётганининг ўзи катта гуноҳ!

•Фақирлик олийжаноб нафсларни хор қилолмайди. Бойлик пасткаш нафсларни олийжаноб қилолмайди. 

•Ҳар бир билган нарсанг қалбингни хушнуд қилолмайди. Баъзи нарсаларнинг номаълумлигича қолгани яхшидир. 
 
•Одамларга ҳайронман! Жасади ўлганга йиғлашади. Қалби ўлганга йиғлашмайди. 

•Ҳис-туйғулар талаб қилинадиган нарса эмас. Шунинг учун сизга муштоқ бўлмайдиган кишидан хафа бўлинмайди.

•Бепарволик - қисқа ва очиқ-ойдин мактубдир. Унинг устига “Мендан нари кет!” деб манзил ёзилгандир.

•Агар табиб барча беморларни битта дори билан даволамоқчи бўлса, уларнинг кўпчилигини ўлдиради. Шунинг учун барча одамлар билан бир хил услубда муомала қилмагин! 

•Биз шундай замонда яшаяпмизки, агар тошга “Инсонга айлан!” деб буюрсангиз, у сизга “Узр, хали етарлича қаттиқ эмасман” деб жавоб беради.

Доктор Иброҳим Фуқий

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤14
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
✅  ШУКР  НИМА

🌱 Фақат тилда шукр айтишнинг ўзи шукр эмас. Балки шукр аъзоларда зоҳир бўлсагина ҳаққонийдир.

✅ Кўзнинг шукури яҳшиликни кўрганда очилиб, ёмонликка юмилмоғидир.

✅ Қулоқларнинг шукури яҳшилик гапирилганда эшитиб, ёмонлик гапирилганда, рад этмоғидир.

✅ Қориннинг шукури ҳалолни сингдириб, ҳаромдан ирганмоғидир.

✅ Қўлларнинг шукури фақат ҳаққа бўлган нарсага узанмоғидир.

✅ Оёқларнинг шукури фақат яҳшилик сари юрмоғидир...

✅ Бишр Хофий



•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
👍5❤4
ЛУҚМОНИ ҲАКИМДАН СЎРАДИЛАР:
- Одамларнинг доноси ким?
- Ҳаёт ташвишларидан дилтанг бўлмагани.
- Баланд ҳимматлик кимдур?
- У неъматларини бу дунё неъматларидан устун қўйган киши.
- Одамларнинг қудратлиси ким?
- Ақли комил бўлгани.
- Ул қандай шаробки, ичувчисини яланғочлайди?
- Шаҳват.
- Ул қандай оловки, ўз ёқувчисини куйдиради?
- Ҳасад.
- Ул қайси биноки, ҳеч хароб бўлмас?
- Адолат.
- Ул қандай аччиқликки, охири ширин бўлур?
- Сабр.
- Ул қандай ширинликки, охири аччиқ бўлур?
- Тезлик.
- Ул қандай беморликки, табиблар унинг муолажасидан ожиздур?
- Аҳмоқлик.


📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤7👍3
ХАЁЛЛАРГА БЎЛАМАН ТУТҚУН

"Кўрмай десам, кўзим кўр эмас.
Юрмай десам, оёғим бутун.
Аммо қалблар ортиқ жўр эмас,
Хаёлларга бўламан тутқун".

Миртемир.

У кетди... Япроқлари оқшом шабадасида оҳиста силкиниб турган бир туп ўрик тагидан бурилиб ўтди-ю, муюлишда кўздан ғойиб бўлди. Қарғашойи кўйлагининг этагини, ўнг билагига илиб олган қизил сумкачасинигина кўриб қолдим.
У кетди... Қулоқларим остида анҳорнинг қиқир-қиқир кулгиси-ю, хўрсинишга тўлган қиз йиғиси қолди.
... Кўзларимда ёш қалқидими?! Йўқ-йўқ, ахир, нега энди?
У кетди. У кетди-ю, хаёлимда ҳам ширин, ҳам аччиқ, ҳам қувноқ, ҳам аламли узуқ-юлуқ хотиралар қолди...
... Ўшанда мен биринчи босқичда ўқирдим. Биринчи имтиҳонни топширган эдим. Қизиқ, ёшлик экан-да! Биринчи босқич талабаларининг ҳаммасида бўладиган одат менда ҳам бор эди. Ўзимни жуда билимдон, гоҳо домлалардан ҳам кўпроқ нарсани биладиган киши ҳисоблардим. Ҳа, мен мағрур эдим. Бунинг устига биринчи имтиҳондан аъло баҳо олдим. Мен шод эдим, аллақаёқларга учгим, баланд-баланд парвоз этгим келарди. Гавжум йўлкаларда борарканман, ҳеч кимни кўрмас, ҳеч нимани сезмас эдим.
Троллейбусга чиқдим. Бўш ўриндиққа ўтириб китоб варақлай бошладим. Китоб ўқирдиму сатрлар мазмунини ўзим ҳам тушунмасдим. Хаёлларим олисларга етаклаб кетарди мени. Ёнимга келиб ўтирган қизга парво қилмабман. Бир вақт у пиқ этиб кулиб юборди.
-- Одамга қарагингиз ҳам келмайдими, Эркин ака?
Чўчиб ўгирилдим.
-- Ие, Холида... -- хижолатдан қип-қизариб кетган бўлсам керак, Холида яшнаб-яшнаб кулиб юборди.
Ноқулай аҳволда илжайиб, унга разм солдим. Ҳеч ўзгармабди. Доим ниманидир кутгандай болаларча жавдираб турувчи чарос кўзлари ҳам, чеҳрасига аллақандай соддаликками, бўшангликками ўхшаш ифода берувчи қалинроқ лаблари ҳам ўзгармабди. Бу ўша Холида эди. Бундан ярим йилча аввал ўзим билан бир партада -- мактаб партасида ўтирган Холида эди. Ҳеч ўзгармабди... фақат мени "ака" деб атаганига ҳайрон бўлдим. Мактабда бўлса ҳар доим "Ҳе, бола" деб чақирарди, шайтон қиз!
Хаёлимни йиғиштириб олмасимданоқ Холида яна ҳужумга ўтди:
-- Жа, талаба бўлиб... а? Ўқишлар яхши кетяптими?
-- Ҳм! -- дедим сўзимнинг ярмисини ютиб. Мен уни "сиз"лашимни ҳам, "сен"лашимни ҳам, билолмай, бир зум истиҳола қилиб турдим-да, фақат, гапириш учунгина сўрадим: -- Сиз қаерда ўқияпсиз, Холида?
Билмадим, Холида саволимни эшитмадими ёки эътибор бермадими, юзини четга буриб, у ёғ-бу ёғқа аланглай бошлади. Олдинроқда турган аёлни чақириб жой берди. Мен ҳам туриб кетдим. Икковимиз ёнма-ён туриб, анчагача жим кетдик. Кейин Холида яна аввалгидай жилмайиб сўради:
-- Шундай қилиб, журналист бўлар экансиз-да... Кўрсам майлими? -- Холида қўлимдаги китобни олди. -- Луи Арагон! Яхши ёзувчи бўлса керак-а?
Мен индамай бош силкиб қўйдим. Холида китобни варақларкан, ичидан зачёт дафтарим чиқиб қолди. У менга ёвқараш қилди. Қуюқ қошлари бир тўлғаниб қўйди.
-- Рухсатсиз кўрсам хафа бўлмайсизми?
Мен, аввалига, майли, дедим-у, кейин бирдан унинг қўлларига ёпишдим. Сурат! Ахир, дафтар ичида ўзининг сурати бор-ку! Кўрса нима хаёлга боради? Битирувчилар кечаси синфдошларимиз билан сурат алмашгандик, негадир Холиданинг суратини ўшандан бери ёнимда олиб юрардим. Нимага шундай қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Фақат... фақат Холиданинг менга бошқачароқ қараб юришини болалар шама қилишарди ўшанда. Менда ҳам шу қизга нисбатан меҳрли, аллақандай ҳис уйғонганди.
Лекин нима учундир шу топда унга суратини кўрсатгим келмади.
-- Холида, кечирасиз, мумкин эмас, -- дедим сунъий илжайиб. Дафтаримни чўнтагимга солиб қўйдим.
-- Кечирасиз... Сизнинг ички ишларингизга аралаша олмайман. -- Холида ҳазиллашяптими, чиндан гапиряптими билолмадим. Орага тушган совуқ вазиятни йўқотиш учун тайинлироқ сўз қидирар, аммо тилим калимага келмасди. Троллейбус Хадрага яқинлашаркан, "Ватан" кинотеатрининг катта-катта афишалари лип этиб кўриниб ўтди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤18👍2
-- Яхши кино кетяпти... Тушамизми?
Мен бу гапни ҳам орадаги ноқулай вазиятни бузиш учун айтдим. Дабдурустдан кинога таклиф қилишим Холидани ўйлантириб қўйди. Унинг йўқ дейишини кутиб турардим. Аммо йўқ демади. Елкасини учириб қўйди.
-- Билмасам.
-- Бўпти, юринг! -- дедим қувониб...
Кинодан чиқиб, зиналар ёнидаги пастак арча тагида бир оз туриб қолдик.
-- Эркин ака, биласизми... -- Холиданинг ёноқлари қип-қизариб кетди. Бир ўрим сочининг учини тутамлаб туриб, тутилиб-тутилиб гапирди, -- биласизми... Мен... сизга халақит бермайманми?
Шу топда у кўзимга жуда содда, жуда пок, шу билан бирга аллақандай сирли кўриниб кетди. Бу савол олдида ўзим ҳам эсанкираб қолдим.
-- Йўғ-е, нимага энди?..
-- Бўлмаса... келар ҳафтанинг шу куни, шу соатда, шу ерга келсам йўқ демайсизми?..
Холида баттар қизариб кетди. Қуюқ қайрилма киприклари юзига тўкилди.
-- Холида, келасизми, ростдан келасизми? -- дедим севиниб.
-- Мен кетдим! Хайр!
Холида ердан кўз узмай кескин бурилди-да, келиб тўхтаган троллейбусга қараб югурди. Сариқ жемперига қуйиб қўйгандек ярашиб турган бир ўрим йўғон қўнғир сочининг силкиниб бораётганини кўриб турдим. У троллейбус зинасига оёқ қўяркан, менга бир ўгирилиб қаради. Назаримда, мулойим, жуда мулойим жилмайиб қўйгандек бўлди. Шундагина, мен уни кузатиб қўйишим кераклигини тушундим. Ахир, биз у билан ёнма-ён маҳаллада турамиз-ку! Аммо мен кечиккан эдим. Троллейбус бир силкиниб юриб кетди. Турган жойимда серрайиб қолдим. Ҳозир бўлиб ўтган гап-сўзлар қулоқларим остида дилрабо куй садоларидек жаранглар, шу куй мени бир умр сархуш қилиб қўяётгандай бўларди.
Келаси учрашувгача шу куй оғушида яшадим.
Чоршанба куни Холидани худди ўша ерда, кинотеатр зиналари ёнидаги пастак, хонаки арча тагида кутиб олдим. Холида бу сафар ўзига сал оро берган, бошини яқинда ювган бўлса керак, узун сочларининг нами ҳали қуримаган эди.
-- Бугун кинога тушмай қўя қоламиз, хўп? -- Холида қошини чимириб, чиройли жилмайиб қўйди.
-- Ихтиёрингиз...
Ҳали оқшом қўниб улгурмаган катта кўчадан ўрдага -- Анҳор томонга юриб кетдик.
-- Уйдагилар яхши ўтиришибдими, Холида? -- дедим унинг қадамига қараб оҳиста борарканман.
-- Раҳмат... -- Холида анчагача жим қолди... Анҳор кўпригидан ўтиб дарахтзор орасига кирдик. Оқшом энг аввал шу ерга қўнади. Дарахтларнинг текис шовиллаши анҳорнинг безовта тўлқинлари овозига қўшилиб, беозор, оромбахш сукунатни чуқурлаштираётгандек бўларди...
-- Ўтирамизми? -- Анҳор лабида турган пастак скамейкага имо қилдим.
Ўтирдик. Анҳорнинг туб-тубидан қайнаб чиқаётган сувга тикилганча қолдик. Анчагача икковимиздан ҳам садо чиқмади.
-- Эркин ака, сиз мени одобсиз қиз деб ўйлаяпсизми? -- Холида жавдираган кўзларини кўзимга қадади. Ҳайрон бўлдим.
-- Нега энди?
Холида анчагача индамади.
-- Рост-да... ўзимдан-ўзим сизга... -- Холида бошини янаям қуйироқ эгди. Қийналиб-қийналиб гапирди. -- Лекин нима қилай? Фақат, фақат сиз мени ҳайдамасангиз бўлди...
Бутун вужудимни ҳали ҳеч сезилмаган, ҳали ҳеч синаб кўрилмаган аллақандай ёғимли титроқ қоплади. Ҳали ишқ нималигини билмаган юракда нозик, жуда нозик, шамчироқдек бир ўт -- севгига чанқоқ ўт йилтиллаб тураркан. Муҳаббат шабадаси бир марта, фақат бир марта сийпалаб ўтса, бу учқун ловиллаб кетаркан.
-- Холида, ахир, нега ундай дейсиз? Ахир, мен сизни... сизни... Хаёлимни ёлғиз сиз олиб қўйдингиз-ку, ахир! Менга насиб бўладими, йўқми, деб хавотирланиб ўзим ҳам тополмай юрган азиз бир нарсани тақдим қиласиз-у...
Мен яна анча-анча гапларни айтгим, юрагимдаги ҳисларимнинг ҳаммасини тўкиб солгим келарди-ю, аммо шу ҳислар олдида ўзим ожиз эдим...
-- Ростми? Шу гапларингиз ростми? -- Холида қайрилма киприкларини кўтариб кўзларимга тикилди. Энтикиб кетдим.
-- Наҳотки, менга ишонмасангиз?
-- Холида секин бош силкиди.
-- Ишонаман... Лекин... Келинг, энди бир-биримиздан сир яширмайлик. Хўп?
-- Сиздан нимани ҳам яширай?

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤16
-- Ёлғонми? -- Холида айёрлик билан қошини учириб қўйди, -- ҳув, анунда, зачёт дафтарингизни нега тортиб олдингиз?
-- Унда... унда сизнинг суратингиз бор эди.
-- Ростми? -- Холида яна ўша болаларча соддалик билан кўзларини жавдиратди...
Шу куни иккаламиз уйгача пиёда қайтдик.
Мен Холида билан хайрлашган дақиқадан бошлабоқ юрагимда сўнмас бир ўт алангалана бошлади. Бу ўт ҳеч тўхтамас, висол дамлари яқинлашган сайин кучаяр, фақат ўзини кўрсам сал босиларди-ю, хайрлашишимиз билан яна ловилларди.
Бу ўт икки йилгача, йўқ-йўқ, ундан кейин ҳам, шу кунгача ҳам пасаймади. Лекин, нетаки, гоҳо тақдир сенинг измингга эмас, сен тақдирнинг измига бўйсунишга мажбур бўлиб қоларкансан...
... Иккинчи босқичнинг охирги имтиҳонини топширган куним Самарқандга, вилоят газетасига уч ойлик практикага кетиш олдидан Холидани учрашувга таклиф қилгандим. Аммо у келмади. Ҳар гал беш минут куттириб қўйса, аламимни папиросдан олардим. Бу сафар папирос ҳам дош беролмади. Худди ўша Анҳор бўйидаги пастак скамейка ёнида бир соат турдим. Юрагимни чулғаган шубҳалар чигаллашиб кетди-ю, шаҳар кўчаларида анчагача айланиб юрдим. ўша таниш хиёбонлар, ўша сокин анҳор, жуфт-жуфт бўлиб сайр қилиб юрган ўша севишганлар бир дардимни ўн қиларди.
Хаёлимда икки савол, икки муаммо ҳукмрон эди: Холиданинг олдига борайми, йўқми? Эҳтимол, унга бир нима бўлгандир? Йўғ-е, ахир, куни кеча ўзим кўрдим-ку! Агар у шунчаки ноз қилаётган бўлса-чи? Ё остонасига бош уриб бораманми?
... Йўқ... Барибир муҳаббат устунлик қилди. Холидаларнинг кўчасига қандай қилиб бориб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Уларнинг уйи тор кўчанинг ичида эди, аммо нечанчи эшик эканини билмасдим. Ҳар сафар уни кузатиб қўйганимизда кўча бошида хайрлашардик. Холиданинг ўзи ҳам уяларди, шекилли, кўча ичига киришимни хоҳламасди.
Бир лаҳза иккиланиб турдим-у, кўча ичига кирдим. Лекин йигирма қадамча юрар-юрмас тўхтаб қолдим. Иккала тавақаси ланг очиб қўйилган эшикдан бир қўлида белкурак, бир қўлида каттакон пақир кўтариб Холиданинг акаси чиқиб келди. Мен унинг отини ҳам билмасдим. У биздан уч йил аввал мактабни битирган, ҳозир аллақандай идорада ишлаётганини эшитгандим. У менга қайрилиб қарамай, пақирга симёғоч тагига уйиб қўйилган кўмирни олиб сола бошлади.
Яқинроқ келиб, салом бердим. У белкуракни ташламай, энгашиб турган кўйи елкаси оша менга қаради. Қаради-ю, бирдан қаддини ростлади. Жингалак сочи тер аралаш пешонасига ёпишиб қолган, кўмир тегиб қорайиб кетган майкаси ҳам хўл бўлганди. Билмадим, саломимни эшитмадими, алик олмади. Яхшилаб таниб олмоқчи бўлгандай менга узоқ тикилиб қолди. Кейин пешона терини шахт билан сидириб ташлади-да, кўзимга тикилиб туриб сўради:
-- Хўш, хизмат?!
Эсанкираб қолдим. Уялиб кетдим. Нима дейишимни билмай тўғрисини айтиб қўя қолдим:
-- Холидахон бормилар?
-- Акаси керак эмасми, акаси! -- унинг ранги ўчиб, белкурак ушлаган қўли асабий қалтирай бошлади. Мени еб юбормоқчи бўлгандай, тишларини ғижирлатиб таъкидлади:
-- Қадамингни билиб бос, бола! Қизларга осилгандан кўра бурнингни эпласанг-чи! Кимсан ўзинг! Дадангга ўхшаган сартарош бўласан-да!.. Эсинг борида туёғингни шиқиллатиб қол, ҳа!
Кўз ўнгим қоронғилашиб, бутун вужудим ловиллаб ёна бошлади. Қулоқларим шанғиллаб кетди. Инсон учун бундан ортиқ ҳақорат, бундан ҳам уятли нарса борми? Хаёлимда энг муқаддас нарса деб юрган уй шуми хали? Юрагимнинг энг чуқур жойларида иззатини ардоқлаб юрган кишиларим шу бўлдими?
Йўқ, мен унга бир оғиз ҳам гапирмадим. Гуноҳкор одамдай бошимни қуйи солганча бурилдим-у, мадорсиз оёғларимни судраб юриб кетдим.
Мен энди бу кўчага ҳеч қачон қадам босмайман, ҳеч қачон!.. Яхши кўриш-ялиниш, ёлвориш деган гап эмас. Мен Холиданинг олдида гуноҳкор эмасман. Ялинмайман ҳам...
Эртасига эрталаб Самарқандга жўнаб кетдим. Кетдим, аммо хаёлим шу ерда -- Холида билан қолди. Ўзимча бу бемаънигарчилик учун Холиданинг мендан кечирим сўрашини кутардим. Ростдан ҳам бир ҳафтанинг ичида Холидадан кетма-кет иккита хат олдим. Иккала хатнинг ҳам мазмуни бир хил эди: "Мен сиз билан учрашишим керак. Тезроқ келиб кетмасангиз бўлмайди", дебди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤18
Қаёққа бораман? Яна ўша уйгами?! Кимнинг олдига бораман? Мени шунчалик ҳақорат қилган одамнинг олдигами? Нимага бораман? Ялиниш-ёлвориш учунми?
... Холидага хат ёзиш учун уч марта қўлимга қоғоз-қалам олдим-у, аммо ёзолмадим. Ҳар сафар қалам ушласам, кўз олдимда унинг акаси жонланар, назаримда, менга нафрат билан тикилиб турар, аямай ҳақорат қиларди.
Барибир, бўлмади. Орадан икки ойча ўтганиданк кейин Холидага хат ёздим. Ёзишга ёздим-у, ўзимдан-ўзим афсусланиб қолдим. Хатимга жавоб келмади.
Қайтиб борганимдан кейин Холида буларнинг ҳаммаси учун мендан узр сўрайди, деб юргандим. Йўқ, бутун хаёлим пучга чиқди. Практика тамом бўлай деб қолганда, собиқ мактабдош дўстим Жавдоддан хат келди. Хат жуда қисқа эди:
"Холидадан умидингни уз! Эрга текканига ўн беш кун бўлди. Акасининг ўртоғига тегибди..."
Хатни бурда-бурда қилиб улоқтирдим. Бевафо! Ярамас! Сотқин!
Йўқ, менинг нафратлашга, лаънатлашга ҳам ҳолим қолмаганди. Киприкларимни тўсган ёш пардасини томоғимни бўғиб қўйганди.
Барибир, энди ишлай олмаслигимни тушундим. Лаш-лушларимни йиғиштириб, уйга қайтдим.
Автобусдан тушишим билан атайлаб Холидаларнинг кўчасига бурилдим. Негадир, уни шу ерда, шу кўчада учратишимга ишонардим. Ҳа, янглишмабман. Мен уни кўрдим. Фақат узоқдан, орқасидан кўрдим. У кўча эшик олдида тўхтаган яп-янги "Волга" машинасининг ёнида хаёл сургандек қимирламай турарди. Кулранг макентош устидан қўнғир сочларини ташлаб олган.
Бировдан чўчиган одамдек тўхтаб қолдим. Ичкаридан оқ кўйлак устидан қора бўйинбоғ таққан новча йигит чиқди. Билагидан ушлаб, Холидани машинага ўтқазди. Кейин ўзи рулга ўтирди-да, ҳайдаб кетди.
Чамадон бандини жон-жаҳдим билан қисганимдан бармоқларим қирсиллаб, қўлим титрай бошлади. Молпараст! Амалпараст!
Яна қанча турганимни билмайман. Қуёш тиккага келиб, аёвсиз қизитарди. Асфальтдан кўтарилган чучмал ҳовур кўнглимни беҳуд қила бошлади.
-- Майли, -- дедим ўзимни юпатиб. -- Холида куюнишга, ўртанишга ҳам арзимайди ўзи. Менинг унга олиб берадиган машинам йўқ-ку, ахир?
Бу сўзлар билан юпана олмаслигимни билсам ҳам ўзимни овутишга тиришар, аммо ўзимни овутишга, Холидани унутишга қанча уринсам, унинг хотираси қалбимга шунча маҳкамроқ ўрнашиб борарди. Мен учун фақат бир нарса аён эди: Холида -- бевафо!
... Шу кунгача мана шу фикр билан яшадим. Аммо бугунги воқеалар бутун фикримни остин-устун қилиб юборди. Кўзим мошдек очилди.
... Бугун ҳам Холидани худди ўша биринчи сафардаги каби троллейбусда учратдим. Эшикдан киришим билан орқа дераза ёнида турган Холидага кўзим тушди-ю, юрагим жиз этиб кетди. Индамай кондукторнинг ёнига ўтиб олдим. Энди пул узатаётган эдим, орқадан Холиданинг товуши эшитилди:
-- Иккита билет беринг...
Титраётган қўлларимни яшириш учун шимимнинг чўнтагига суқдим. Йўқ, юрагимни рашк эмас, ғазаб ҳам эмас, аламли бир изтироб чулғаб олганди. Ўгирилиб қарамасликка ҳаракат қилиб индамай тураверди. Аммо Холиданинг ўзи қарашга мажбур қилди мени.
-- Эркин ака, сизга ҳам билет олдим.
Елкам оша назар ташладим. У ҳалиям ўзгармабди. Фақат кўзлари, болаларча жавдираб тикилувчи кўзлари энди эҳтиёт билан боқарди кишига. Рангим ўчиб кетганини ўзим ҳам сезиб турардим.
-- Раҳмат! Ҳисобни тўғрилаб қўймоқчи бўлибсиз-да...
Бирдан Холиданинг ҳам ранги ўчди, бурни қисилиб, лаблари пирпираб учди. Икки томчи ёш кўзларидан дув этиб юмалаб тушди-ю, кейин елкалари силкиниб-силкиниб, унсиз йиғлай бошалди.
Довдираб қолдим. Одамларнинг бизга ҳайрон бўлиб тикилаётганини кўриб, троллейбус тўхташи билан Холидани судраб тушиб кетдим.
-- Ўзингизни босинг! -- дедим қуруққина қилиб. У ёқ-бу ёққа аланглаб, тушган жойимизни танидим. Ўрда экан. Холидани қўйиб юбормай, Анҳор бўйига олиб тушдим. Сарғиш қумни ялаб оқаётган сув қирғоғига етиб келганимиздан кейин қўлини қўйиб юбордим. -- Ювиниб олинг...
Холида ҳўл қумда чуқур-чуқур из қолдириб сув бўйига чўнқайди. Ювиниб бўлгунича скамейкада ўтирдим. Деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Оқшом сукунатини чуқурлаштириб шовиллаётган дарахтзор ҳам, оҳиста оқаётган анҳор ҳам, муюлишдаги бир туп ўрик ҳам -- ҳаммаси ўша-ўша. Пастак скамейка ҳам ўз ўрнида турибди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤14👏1
Фақат, бир нарса етишмайди. Қани ўша, беланчакка солиб аллалагандай ширин ҳисларга етаклаган суҳбатлар? Қани ўша муҳаббат чўғини алангалатган эҳтиросли сўзлар, қани? Қани ўша, болаларча маъсумлик билан жавдираган кўзлар, қани? Наҳотки ҳаммаси ёшликнинг сирли сўқмоқларида тўзонли из қолдириб ўтмишга сингиб кетган бўлса?
Холида ҳамон чўнқайиб ўтирганича сувни шапиллатиб ювинар, елкасидан ошиб тушган сочининг учи тўлқинлар юзидан ўйнаб ҳўл бўлиб кетганди. Мен бўлсам унинг кўз ёшлари сувга қўшилиб оқиб кетаётганини ҳис қилиб турар, ўзим ҳам юрагимни ўртаб юбораётган ҳисларимни базўр босиб ўтирардим.
Ниҳоят, Холида қизил сумкачасидан шойи рўмолча олиб юзларини арта-арта ёнимга келиб ўтирди. Анҳорга тикилганча ўтиравердим.
-- Гапиринг, Эркин ака! -- деди у қизариб кетган кўзларини менга тикиб.
-- Нимани?
-- Бир йигитга кўнгил қўйиб, бошқасига тегиб кетган қиз қандай таънага лойиқ бўлса, шуларнинг ҳаммасини гапираверинг...
-- Сизга айтадиган гапим битта -- бахтли бўлинг.
-- Ким?
-- Сиз... ўртоғингиз...
-- Яна қанақа тилакларингиз бор?
Холиданинг бу гапи таъна бўлиб эшитилди. Юрагимдаги изтироб ўрнини ғазаб эгаллади.
-- Бўлгани шу!
Холида анчагача жавоб бермади. Анҳор қаттиқроқ шовиллай бошлади. Хиёбон тепасида чироқлар лип-лип этиб, бирин-кетин ёнди.
Кутилмаганда Холида ҳорғин кулиб қўйди.
-- Қайси куни туш кўрибман: иккаламиз шу ерда... йўқ, бу ерда эмас, бошқа жойда -- каттакон анҳор бўйида турганмишмиз. Ювинаман деб эгилсам, бошимдаги рўмолим сирғалиб тушиб, сувга оқиб кетибди. Ҳув бирда менга кўк шойи рўмол совға қилгандингиз-ку, ана ўша рўмолмиш... Қўлимни -- чўзсам, ҳеч етмасмиш...
"Эркин ака, қаранг-қаранг, рўмолим оқиб кетяпти", десам индамай туравердингиз. "Жон Эркин ака, тутиб беринг рўмолимни! Ахир, уни ўзингиз олиб бергансиз-ку... Қаранг, энди уни бошқа одам тутиб олади", десам, аразлаб бурилиб кетибсиз. Бирпасда сизни ҳам, рўмолимни ҳам йўқотиб қўйибман. Уйғонсам, ёстиғим ҳўл бўлиб кетибди... -- Холида лабларини қимтиб бошини қуйи солди. Шамол турди. Япроқларнинг ердаги сояси титрай бошлади. Анҳорга тўкилган чироқ нурлари чил-чил бўлиб кетди. Холида илкис бошини кўтариб, кўзларимга аянчли табассум билан тикилди.
-- Эсингиздами, Эркин ака, биринчи марта шу ерда, шу скамейкада ўтириб гаплашган эдик. Қизиқ, бирон марта бир-биримизнинг қўлимизни ҳам ушламаганмиз...
У бирдан қўлимдан ушлаб олди. Қўлларининг енгил титраётганини сезиб турардим. Вужудимни тентакларча бир эҳтирос қоплаб олди. Бирасда маст одамдек кўз ўнгим қоронғилашди.
Қизиқ, нима демоқчи у? Ахир, бу... бу... Борди-ю, пайти келиб менинг хотиним ҳам бировга шундай гапларни айтса... Холиданинг қўлини шахт билан силтаб ташладим. Силтаб ташладим-у, аламдан, изтиробдан, додлаб юборай дедим. У шунчалар маъюс, шунчалар аламли ўкинч билан тикилиб қолдики, кўзимни қаерга яширишимни билмай қолдим. Йўқ, бунақа тикилганидан кўра аямай тарсакилаб юборгани, дод солиб йиғлагани, минг марта афзал эди. Мен ундан нима бўлса ҳам бир нарса кутардим, аммо у ҳамон ҳайкалдек қотиб турарди. Анчадан кейин у ҳаво етишмагандек энтикиб-энтикиб гапира бошлади:
-- Сиз мени... Ўшанақа... ёмон хотин деб ўйлаяпсизми? Шунақами?
Холида бу сўзларни шивирлаб айтди. Аммо шу тўрт-беш оғиз сўз қулоқларимни батанг келтириб, чиппа битириб, қўйгандек бўлди.
-- Рост... -- Холиданинг кўзларида ёш йилтиллади. -- Рост. Мажбуран қурилган турмуш хиёнат қилишга олиб келса, эҳтимол. Лекин мен ўз номусимни ҳеч нимага, сизнинг муҳаббатингизга ҳам алишмайман...
Мен нимадир демоқчи бўлдим. Аммо сўз тополмадим. Холида ҳам менга навбат бериб ўтирмади.
-- Сиз мени... мени хиёнатчи, бевафо деб ўйлайсизми? Ўзингиз-чи?.. Ўзингиз нега менга шунақа бепарво қараб келдингиз?
Энди у йиғламасди. Мен бўлсам бир нима дейишга ожиз эдим.
-- Ўша... ҳаммаси учун битта мен айбдорманми? Йўқ, муҳаббатимизнинг уволини иккаламиз баравар бўлишиб оламиз! -- Холиданинг кўзлари ўт бўлиб чақнаб кетди. Аммо бир лаҳзадаёқ яна ўшандай маъюс бўлиб қолди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤11
-- Агар мени чиндан... ростдан ҳам яхши кўрганингизда атайлаб факультетингизга бориб, адрес топиб, Самарқандга ёзган хатларимга жавоб бермасмидингиз? Менинг нима учун ўқишга киролмаганимни, уйдагилар бунга йўл қўйишмаганини билдингизми? Охирги марта учрашувга боролмай қолган куним уйга совчилар келганини билдингизми? Ўшанда ёрдам бердингизми менга? Йўқ... -- Холида бирдан ўксиб-ўксиб йиғлаб юборди. -- Ўша куниёқ синглимдан уйингизга хат бериб юборгандим. Акам эшик олдида кўриб қолиб, хатни тортиб олибди... Ҳаммасини эшитдим... Ўша куни сиз уйга келган экансиз. Акам сизни хафа қилибди. Сиз бир гап билан аразлаб кетдингиз. Мен сизга ишонардим... Ўзимга ишонгандек ишонардим. Сиз бўлсангиз... Мен бир йўла ҳаммасидан айрилдим... Агар чиндан яхши кўрсангиз шунақа қилармидингиз?.. Кейин... кейин мен ҳеч кимга ишонмай қўйдим. Энди менга барибир эди.
Холида чуқур изтироб билан йиғлар, унинг ҳар бир сўзи юрагимни тилимлар, ҳар томчи ёши қалбим ярасига томар эди.
-- Ўтинаман, йиғламанг! -- дедим титраб-қақшаб. -- Холида, йиғламанг! Йиғламанг!
Холида чуқур уф тортди.
-- Майли, Эркин ака, ҳаммаси ширин тушдек ўтди-кетди. Энди қайтиб келмайди. Фақат, сиздан бир илтимос... Эндиги муҳаббатингизни -- бошқаларга насиб бўладиган муҳаббатингизни эҳтиёт қилинг...
Холида секин ўрнидан турди. Қизил сумкачасини билагига илди-ю, менга узоқ тикилиб қолди.
-- Эркин ака, эсингизда бўлсин. Мен, барибир, сизни яхши кўраман. Умримнинг охиригача яхши кўраман. Эшитяпсизми, охиригача, охиригача... -- У яна йиғлаб юборди. Кейин аста бурилди-ю, узоқ касалдан турган одамдай гандираклаб-гандираклаб юриб кетди.
Қаёққа? Нимага? Наҳотки, мен ёшлигимнинг умримнинг олтин дақиқалари билан абадий видолашсам! Даҳшат ичида ўрнимдан сакраб туриб кетдим.
-- Холида!
Мен бутун хиёбонни янгратиб ҳайқириб юбордим, деб ўйлагандим. Йўқ! Бу сўз юрагимнинг туб-тубидан бўғиқ, аламли бир нидо бўлиб чиқди. Муюлишдаги ўрик ёнида унга етиб, билакларидан маҳкам ушлаб олдим. У ҳам, мен ҳам терак баргидек қалтирардик...
-- Холида! Жоним. Қоракўзим. Сиз... Сиз...
Мен нима қилаётганимни ўзим ҳам билмас, нимадир дегим, алланималар деб ҳайқиргим келарди. Холида кўзларимга хотиржам тикилиб туриб, паст, аммо қатъий оҳангда гапирди:
-- Қўлингизни тортинг. Мен бировнинг хотиниман!
-- Холида, ахир тушунсангиз-чи! Мен...
Холида қўлимдан беҳолгина, силтаниб чиқди-ю, япроқлари оқшом шабадасида оҳиста силкиниб турган ўрик тагидан бурилиб, муюлишда кўздан ғойиб бўлди. Қарғашойи кўйлагининг этагини, ўнг билагига илиб олган қизил сумкачасини кўриб қолдим.
У кетди... У кетди-ю, ҳам ширин, ҳам аччиқ, ҳам қувноқ, ҳам аламли узуқ-юлуқ хотиралар қолди менда.
Шу хотиралардан бошқа нимам ҳам бор менинг? Ахир, мен муҳаббатимни эҳтиёт қилолмаган, асрай олмаган, ёлғиз яхши кўриш билан кифояланиб юрган одамман-ку! Шу бахтимни аввалроқ асрасам бўлмасмиди!
... Кўзларимда ёш қалқидими? Йўқ-йўқ. Нега? Эндими?

1964 йил

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤19
Озиш осон эмас! 💪
Менга чидасангиз, қўшилинг.
14 кунда 5 кг натижа обераман, қаттиқ назорат қилиб, натижа кўрсатаман! 🎯
Ҳақиқий натижа хоҳласангиз, каналимга қўшилинг

диплом рақами N°043622‌‌
❤3
#ибрат

— Коинотдан оғирроқ нима бор?
— Одамларни ноҳақ айблаш коинотдан оғирроқдир.

— Ердан кенгроқ нима бор?
— Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқдир.

— Денгиздан бойроқ нима бор?
— Шукрли банда денгиздан ҳам бойроқдир

— Тошдан қаттиқроқ нима бор?
— Мунофиқнинг юраги тошданда қаттиқроқдир.

— Оловдан даҳшатлироқ нима бор?
— Золим ҳукмдор оловдан ҳам даҳшатлироқдир.

— Муздан совуқроқ нима бор?
— Миннатчига муҳтож бўлмоқ музданда совуқроқдир.

— Заҳардан аччиқроқ нима бор?
— Хасад тўла қалб захарданда аччиқроқдир

©интернет


📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤4🔥3
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
⚡Самарқанд бозорида ёш болакай АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йованович билан унинг кимлигини билмай туриб савдолашди.

Болакайнинг ўзига ишончи ва меҳмоннинг камтарлиги атрофдагилар эътиборини тортди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
👏6❤2👍2
Капалак (ҳикоя)

Ота болакайни шаҳарга олиб кетиш учун келган куни ошхона томида биринчи қизғалдоқ очилган эди.
Қип-қизил…
Болакай улоқчадай ўйноқлаб кўчага отилди, жўраларига мақтанди… Қўрадаги жажжи қўзичоқлар, куни кеча туғилган тарғил бузоқча ҳам унинг эртанги сафаридан “бехабар” қолмади. Кейин томга чиқиб, қизғалдоққа ўз қувончини баён эди:
– Эшитдингми, мен эртага шаҳарга кетяпман!..
Кун қуёшли бўлгани боис, супага жой қилинган эди. Қўш қават атлас кўрпача устида беўхшовроқ чордона қурганча, томдаги болакайнинг қувноқ хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб ўтирган ота – Ҳайдарали унинг бу гапини эшитиб, кулиб юборди. Бунга жавобан Махсум бобо жиддий эътироз билдирди:
– Боланинг устидан кулмайдилар, улим. Кўнгли ўксийди.
Бу пайтда болакай қизғалдоқ теварагидаги майин майсаларни ҳар ён тараб, уни ўт-ўланлар қуршовидан халос этмоқда эди.
– Улинг жуда аломат-да! – деди чол неварасига меҳри товланиб. – Эшит, шамол турганда ғумайлар қўшиқ айтиб, отқулоқлар чапак чалармиш… Умринг узоқ бўлгур, хўп гапларни топади-да!
– Бунақа бекорчи нарсаларга алахсигандан кўра, ҳарф ўрганса тузук бўлармиди… – дея тўнғиллади ота.
– Мен нулевойга бермоқчи эдим, энанг қўймади, – деди Махсум бобо ошхона томонга имо қилиб. – Ҳалитдан мактабингиз нимаси, бола болалигини қисин-да, дея туриб олди.
– Энди бунингиз бизни анча қийнайди, – деди ота ўша норози оҳангда. – Ҳозирги болалар мактабга боргунча алифбени шариллатиб ўқийдиган бўлиши керак. Бунингиз эса қизғалдоқ билан гаплашиб, ғумайлар қўшиқ айтади, деб юрибди. Ҳаддан зиёд эркалатиб юборгансизлар буни, ота!
– Бекор айтибсан! – деди боядан бери ўғлининг, худди бегонадай, қовушмай ўтиришидан ғаши келиб турган Махсум бобо, зардаси қайнаб. – Бу ўзи бўлакча! Ана, укангди бачалари, осмондан қизил қор ёғадими, жала ўрнига тош ёғадими, сира пинак бузишмайди, худди шундай бўлиши керакдай, бари ўта лоқайд. Улинг эса тийрак – йўқ-бор нарсадан ўзича маъно қидиради, ҳайратининг эса чеки йўқ. Менга ўхшабди дейсанми? Бекор гап! Бунинг ёшида сен ўр эдинг, тўнг эдинг, пулга жуда ўч эдинг. И-я, нечун жаҳлинг чиқади? Эсингдами, амманг раҳматли қидириб келганида, ёнида ётган киши бўлиб, сочбоғидаги ҳамма тангаларни кесиб олгансан… Тағин куласан-а! Шуни билиб қўй, неварамни шаҳарга обориб синдириб-нетиб қўяр бўлсанг, ўзим сени синдираман! Уқдингми?!
Болакай шаҳарда туғилган. Ота – талаба, она – талаба, ёшига тўлиб-тўлмай қишлоққа ташлаб кетишганди. Ўқишлари битгач эса, улар шаҳарда муқим туриб қолишди. Ҳар гал қишлоққа келишганда, болакайни ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлишарди-ю, бироқ Махсум бобо: “Ҳеч қурса, мактаб ёшига етсин”, дея изн бермай келарди. Бу сафар ўғлининг нияти жиддийлиги боис, ноилож ройиш билдирганди.
Оқиш биноли Темур йўл бекати яқин бўлгани сабаб, эртаси ота-бола кунботишдаги бедазор оралаб кетган сўқмоқ бўйлаб йўлга тушишди. Қизиган ҳавода кўкат ҳиди анқийди. Ҳозиргина бекатдан қўзғалган юк эшелони салдан сўнг ингичка, қорамтир тасма сингари олис уфқ қаърида кўздан ғойиб бўлади. Поездлар ҳаракатини томдан туриб кўп бора кузатгани учун бу манзаранинг болакайга ҳеч бир қизиғи йўқ, қоп-қора мунчоқдай кўзлари теваракка югургилаб, қизғалдоқ қидиради. Аксига олгандай, яқин ўртада улар кўринмайди, борлари ҳам узоқда.
Бирдан болакайнинг кўзлари шодликдан чақнаб кетди, сўқмоқнинг шундоқ ёқасида, қалин ўт-ўланлар орасида бир жуфт қизғалдоқ мисли чўғдай лов-лов ёниб турарди. У, қувончи ичига сиғмай, қизғалдоқларни авайлаб узиб оларкан, уларнинг биридан ари ҳавога кўтарилди. Ана шундагина болакай ҳар ёнда арилар ғувуллаб, майсалар орасида ҳашаротлар қимирлаб, сўқмоқда эса чумолилар карвони ғимирлаб юрганини пайқади.
Бундан юраги баттар энтикди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤18🥰3
Болакай азалдан кўм-кўк майсалар устига мукка тушиб, ғимирлаб юрган турли жониворларни, айниқса, тиним билмас чумолилар карвонини соатлаб кузатишни ёқтирарди. Баъзида девор тагларини чўқилаб, захда ётган бирор қирқоёқни чўпга илаштириб оларди-да, уни чумолиларга ташларди. Боиси, қирқоёқни жинидан ёмон кўради. Қайсидир йили шофёр амакисининг қулоғига қирқоёқ кириб қолиб, шўрлик роса азобини тортган. Шу-шу қирқоёқни кўрди дегунча, уни чумолиларга талатади. Ўзи эса тепада, худди бобоси тўйда кураш тушаётган полвонларга пишанг бергандек, “Ҳа, бўш келманглар!” деб туради. Оқшом эса амакисига ҳисобот берарди: “Амаки, мен бугун яна битта қирқоёқ ўлдирдим. Энди машинангизга миндирасиз-а?” Амакиси доимо ваъдани қуюқ қилади-ю, бироқ ҳеч вақт сўзининг устидан чиқмайди. Болакай бобосига шикоят қилади. Бобоси: “Ҳа, уними, келсин ҳали, бир қулоғидан чўзиб қўймасам-ми!..” дея пўписа қилган бўлади. Сўнг уни эргаштириб, сой бўйидаги сайҳонликка олиб тушади. Тевараги дарахтлар билан қуршалган сайҳонликда бобосининг ўндан зиёд асалари қутилари бор. Бобоси бошига тўр қалпоқ кийиб, қутилар орасида узоқ ивирсийди. Болакай эса, теварагида виз-виз учаётган минглаб арилардан бирортаси ҳам ўзига тегмаётганидан ўзида йўқ қувонади: “Ари тилини биламан-да, шунинг учун улар менга қотинмайди!” деб ўйлайди. Арилар тилини бобосидан ўрганган. Бир куни, арилар нима деяпти, деб сўраганида, бобоси, “бекор турмай, ишлаш керак-ишлаш керак деяпти”, деган. Болакай ажабланган: “Шундан бўлак айтар гапи йўқми уларнинг?” Бобо деган: “Бўлак гап айтишга уларнинг фурсати йўқ”.
Болакай қўлидаги қизғалдоқни авайлаб тутиб, бир муддат у ён-бу ён учиб, сўнг майсалар орасида ғо­йиб бўлган арини кузатиб тураркан, бирдан ари тилини билишини айтиб, отасига мақтангиси келди.
– Ота, биласизми, ари нима деб ғўнғиллайди?
Қўлида залворли портфель, эгнидаги қора чарм курткаси қуёшда қизиб, танини қиздираётганидан лоҳас тортиб бораётган ота малолланиб ортига ўгириларкан, арчилган тухумдек силлиқ юзида норозилик ифодаси пайдо бўлиб, тўнғиллади.
– Уф-ф, эгнингни кир қилмасанг-чи!
Бу хил қўрс муомалани сира кутмаган болакайнинг кўнгли чўкди. Эгнидаги оҳори тўкилмаган кийимларига тумшайиб қараб қўйди. Бу кийимда ўзини жуда ноқулай ҳис этмоқда эди.
– Қизғалдоқни нима қиласан? – деб сўради ота, унинг қўлидаги чечакларга энди эътибор бериб.
– Энамга обораман!
– Ташла!
– Йўқ! – Бола қўлидаги қизғалдоқни ортига яширди.
– Боргунча, барибир сўлиб қолади.
– Сўлимайди.
– Агар ташласанг, шаҳарга боргач, ўзим сенга бозордан бир даста лола олиб бераман. Хоҳласанг, бир қучоқ.
– Ие, лолани ҳам сотишадими? – Болакай таажжубланди.
– Ҳа, сотишади.
Болакайнинг ҳайрати янада чексизланди. Худди момоси гоҳи кунлари қирдан тушиб келадиган геолог амакиларга товуқ ёхуд тухум сотгандай, лолани ҳам сотишлари мумкинлигини тасаввур доирасига асло сиғдиролмади – ишонмади.
– Алдайсиз.
– Етар! – Ота жеркиниб, йўлида давом этди. – Чалғимасдан етишиб юр! Акс ҳолда…
Бола унга етишиб юришга уринаркан, бироқ кўзи ғумай баргида ўрмалаб бораётган хонқизига тушгач, тағин алахсиди. Хонқизини авайлаб кафтига олди-да, кўрсаткич бармоғини тик тутиб, шодон овозда қичқирмоққа тушди:
– Уч! Уч! Бойнинг қизини олиб бераман! Уч! Уч! Бойнинг қизини олиб бераман!
Хонқизи унинг бармоғи учигача кўтарилиб, хиёл тараддудланиб турди-да, сўнг қора холли қизғиш қанот қабиқларини ғалати керганича, визиллаб учиб кетди. Болакай унинг ортидан завқланиб қараб қоларкан, қувончи ичига сиғмай, турган ерида шўхчан ирғишлади. Кейин бирдан анча нарига бориб қолган отасининг ўзи томон хўмрайиб қараб турганини пайқаб, қимтинганча унга яқинлашди.
– Мен сенга чалғимай юр дедим-ку!
Болакай жажжи туфличалари учига термулганча, ер сузиб тураверди.
– Сени яхши десам, гап уқмайдиган бола экансан-ку, а?!
Улар яна йўлда давом этишди.
Болакай бирпас тинч борди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤16
Атроф эса ғоятда фусункор эди: кучсиз эпкинда тебранаётган майсалар, виз-виз учаётган арилар, сўқмоқни у ён-бу ён кесиб ўтган чумоли карвонлари, шишадек тиниқ осмонда муаллақ туриб қолган тўрғай, ҳув наридаги ясси тепалик бағрини қизартирган алвон ранг қизғалдоқлар, кенг бедазорнинг ҳали у еридан-ҳали бу еридан дув кўтарилаётган чумчуқлар галаси, беданалар сайраши… Бунинг бари болакай учун ғоятда қизиқ, ғоятда жозибали эди.
– Ота, тўрғай нега осмонда бунақа қилиб туради-а? – дея сўради аллақачон гинасини унутган болакай қўлларини қанот қилиб.
Ота тепага қаради.
Елкасини қисди.
Тўрғай нечун бу тарзда муаллақ туришини ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.
Бу орада бола иккинчи саволни берди:
– Нега чумчуқлар бунақа турмайди, а, ота?
– Билмадим.
– Шаҳарда чумчуқлар борми?
– Бор шекилли.
– Мусича билан тўрғай-чи?
– Бор, – Ота шундай деди-ю, ўз-ўзидан ҳайратланди. Чунки шунча йил шаҳарда яшаб, ҳар иккала қушнинг бор-йўқлигини тузукроқ билмас экан. Дарвоқе, бир гал очиқ дераза рахига қўниб турган мусичага кўзи тушгандай бўлувди. Лекин тўрғайни-чи?.. Йўқ, кўрмаган экан. Баттар ажабланди: “Тавба, “дом”да турганингдан кейин, аҳвол шу экан-да!..”
– Шаҳардаям қушларни рогаткада отишадими, ота?
– Уф-ф, бунча бижилдоқ бўлмасанг! – Отанинг тағин жаҳли қўзиди.
Болакайнинг юраги сиқилиб, полапондай ҳурпайиб олди.
Шу созда пича сукут сақлаб жим борди.
Бироқ кўп ўтмай, капалакка алахсиди. Капалак гулхайри япроғига қўниб, қора доғли оппоқ қанотларни митти елпиғичдай дам-бадам силкиб-силкиб турарди. Капалакка кўзи тушгач, у оёқ учида юриб, унга яқинлашди. Капалак учиб бориб, наридаги майсалардан бирига қўнди. Кейин бу ҳол яна так­рорланди. Бунга сари болакайнинг баттар ҳаваси қўзиб, ўт-ўланларни оралаганча, унинг ортидан эргашди. Капалак тағин учди, гоҳ пастлаб, гоҳ юқорилаб, ўн-ўн беш одим нарига бориб қўнди. Болакай унинг изидан қолмади.
– Нусрат!
Бу бехос чақириқдан чўчиб кетган болакай, бир хаёли, отаси томон югуриб бормоқчи бўлди. Аммо шундоқ бурни тагида дириллаб, ял-ял товланиб турган капалакни ташлаб кетишга кўзи қиймади. Бошидан соябони узун кепкасини қўлига олди.
Тап!..
Капалак қўлга тушди.
Болакай типирчилаётган капалакнинг қанотларидан авайлаб тутиб, танглайини тақиллатганча, уни у ён-бу ён айлантириб томоша қиларкан, ҳаяжондан томоғига нимадир тиқилиб: “Вуй, бунча чиройли! – деди-да, сўнг самимий оҳангда қўшиб қўйди: – Қўрқма, ҳозир сени қўйиб юбораман!
– Нусрат!
У капалакни эҳтиётлаб тутганча, отаси томон югурди.
– Ота, қаранг, бирам чиройли!
Ота хўмрайганча, аввал унинг ўтдан кўкарган шимига, оқиш кўйлагига, сўнгра қўлидаги капалакка разм соларкан, ғазабдан бўғриқиб, бир муддат тик туриб қолди. Кейин тўсатдан капалакка чанг солиб, кафтида ғижимлаб ерга итқитди, сўнг бунга ҳам қаноат этмай, оёғи билан эзиб, тупроққа қориштириб ташлади.
– Нима бало, йилинг чўчқами, аҳмоқ!
Болакайнинг ранги докадек оппоқ оқариб, бақрайганча туриб қолди. Қаршисида отаси эмас, эртакларда тасвирланган ёвуз руҳ тургандек, беихтиёр икки одим ортга чекинди. Орада чўп учидаги қирқоёқ тўйқусдан бармоғига ёпишгандай, ғалати тарзда бир-икки сесканиб ҳам олди. Сўнг кўзларига ёш қалқиб, пуштиранг лаблари титраб, кескин ортига бурилди-да, ҳув узоқда, ясси дўнгликлар ортида қолган қишлоқ сари елдай учиб кетди.
– Нусрат! Нусрат!..
Ота унинг ортидан югурди ва биринчи қадамдаёқ болакай тушириб қолдирган икки дона қизалдоқни босиб, янчиб юборди.
– Нусрат! Қайт изингга! Нусрат!..
Болакай тобора узоқлашиб борар, шу тобда у боягина яшил майсалар узра чарх уриб юрган оппоқ капалакка жуда-жуда ўхшаб кетарди.
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 1-сон

Нормурод Норқобилов

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤8🔥3😢2
ОДАМ ОВОЗИ

Мастура хола ярим уйғониб, ёнини пайпаслади. Асқаржонни тополмай бирпас гаранг бўлиб ётди-да, кўзини очди. Кун ёйилиб кетибди. Уй ичи жимжит. У ўрнидан туриб ўтирди. Гулдор ёстиқнинг тагини тимирскилаб, илиққина нос шишасини топди. Тиззасини қучоқлаб ўтирганича эшик томонга қараб қўйди. Секин хўрсинди. Данагидан мағизи ширин дегандек, неварасига ўрганиб қолган экан. Асқаржон доим уни "ачом қилиб" ётар, мана шунақа хаёл суриб ўтирганида, эшикни тарақлатиб очиб кириб қолар, уй бозор бўлиб кетарди. Мана, уч ҳафтаки, Асқаржон йўқ. Отаси "дом"га кўчиб кетган. Йўлдошали ҳам, келини ҳам юринг деб, уввало қисташди, Мастура холанинг ўзи кўнмади. Икки хонали секция экан. Эр-хотин ёш... Бунинг устига чолининг чироғини ўчириб, ҳайҳотдай ҳовлини ташлаб қаёққа борарди.
Мастура хола яна неварасини ўйлади. Асқаржонни боғчага беришган экан. Ичикиб қолмасин-да ишқилиб...
У секин айвонга чиқди. Куз ҳам келибди. Айвон зинасидан этакдаги хужрага, ундан бурчакдаги ошхонагача чўзилган силлиқ йўлкага олма хазонлари тўкилибди. Гулзордаги райҳонлар шалпайиб қолибди.
Мастура хола инқиллаб зинадан тушди. Ошхонага кириб, самоварга ўт ташлади. Тандир олдида ётган чўлтоқ супургини олиб, чап қўлини тиззасига тираганича энкайиб йўлкани супурди.
Ёлғиз ўзи чой ичкиси келмади. Пастак ғиштни девордаги туйнукдан қўшни ҳовлига мўралади. Ўртадаги сўрида кўрпачага мук тушганча, яланғоч товонларини бир-бирига уриштириб китоб ўқиб ётган қизни кўриб, овоз берди:
-- Лола, ойингни чақир.
-- Ойим ишга кетганлар.
Ҳа-я, бугун сешанба-я!.. Холпошша интернатда ишлайди. Кун ора боради.
Мастура хола бирпас иккиланиб турди-да, яна қиздан сўради.
-- Ўзинг чой ичдингми?
-- Ичдим, -- деди қиз китобдан бош кўтармай.
Мастура хола нари кетди. Наридан-бери икки пиёла чой ичиб, кўчага чиқди. Дарвоза ёнидаги ёғоч ҳарранка ўтирди. Кўча бошида кўйлакчан ўйнаб юрган қора-кура болалар уни кўриб қолишди-ю, қий-чув кўтариб, олдига келишди.
-- Ая, Асқар қачон келади? -- деди болалардан тикроғи ҳарракга, Мастура холанинг ёнига ўтириб.
Қизиқ, ёши олтмишдан ошибди-ю, болалар уни буви эмас, ая деб чақиришади.
Мастура хола бармоқларини букиб, ҳисоблай бошлади. Бугун сешанба бўлса, чоршанба, пайшанба... Ҳали тўрт кун бор экан.
-- Эртага, -- деди у болага қараб. Кейин илдам ўрнидан турди. -- Кетмай туринглар.
У уйга кирди-да, вазадаги попук-қантдан кафтида олиб чиқди. Болалар конфетни олиб, қий-чув кўтарганча диконглаб кетиб қолишди.
Мастура хола бошини бир ёнга ташлаганча ўтираверди. дераза олдига қатор экилган олчалардан шовиллаб хазон тўкилди. Устига ўргимчак тўри ёпишган бир дона қизҚиш япроқ шундоқ унинг тиззасига тушди. У хазонга узоқ қараб қолди. Кейин шипиллаган қадам товушларини эшитиб, бошини кўтарди.
-- Вой, Замира! -- деди негадир қувониб. Елкасига сумка осиб, қора атлас кўйлак кийиб олган Замира салом бериб, кўришиш учун кифтини тутди. Замира нариги маҳалладаги Қаюм сартарошнинг қизи. Уч ойми-тўрт ойми бўлди, битта боласи билан эридан чиқиб келган. Почтачилик қилади.
-- Йўлдош акамнинг журналини олиб келдим. -- Замира сумкасини ҳарракга қўйиб, кўк муқовали юпқа журнал чиқарди.
Мастура хола журнални олиб, муқовасидаги катта-катта ёзувларга тикилди.
-- Йўлдош аканг йўқ, -- деди у журнални ҳарракга ташлаб. -- Дўмга кетди.
-- Вой, кўчиб кетишдими? -- Замира ҳайрон, Мастура холанинг кўзига тикилди. -- Сиз қолдингизми?
-- Ман дўмда нима қиламан?! Бир кун туриб қон бўлиб кетдим. Келин ойинг ишда. Неварам боғчада. -- Мастура хола билинтирмай хўрсиниб қўйди. -- Ў-ўтирибман, -- деди чўзиб. -- Худога шукур, Йўлдошали ҳамма нарсани ғамлаб берган.
Замира сумкани олиб, елкасига илди. Авваллари у хат-пат олиб келса, эшикдан ташлаб кетаверарди. Ҳозир Мастура хола Замира билан гаплашгиси келди.
-- Қизинг катта бўлиб қолдими? -- деди у Замиранинг сумкасига қараб қўйиб.
-- Юрибди, -- деди Замира секингина.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤27
-- Эрингдан хабар йўқми?
Замиранинг ранги ўчди.
-- Унақа эрдан қаро ер яхши... Битта боламни ойдинда оёғим билан боқаман.
-- Уйга кир, чой дамлаб қўйдим, -- деди Мастура хола ялингудек бўлиб.
-- Раҳмат, хола, -- Замира сумкасига имо қилди. -- Ҳали анча хатим бор. -- У бошини бир ёнга ташлаганча тез-тез юриб кетди.
Аксига олиб, маҳаллада кампир кам. Тошбуви раҳматлик кўкламда қазо қилди. Жаннати хотин эди шўрлик. Тўхтамиш Самарқандга, қизиникига кетган. Отинникига борсамикан?.. Йўғ-е, иғво қилиб, одамнинг юрагини бузади. Фалончининг қизи мундоқ, пистончининг ўғли ундоқ. Савил! Олдин ўзингни бил! Ажаб бўлди. Қизи бир кечада қочиб кетди. Уч ойдан кейин қўчқордай ўғил туғиб келди. Ўла, бешик тўйи қилиб бердинг-ку...
Мастура хола у-бу билан ўзини овутмоқчи бўлди-ю, кўнглига сиғмади.
Кеч кирди. Мастура хола Йўлдошали келса керак, деганди. Йўқ, дараги бўлмади. Авваллари кун ора келиб турарди. Кейин камқатновроқ бўлиб қолди. Майли, ўғилдир-қиздир, ўзидан тинсин.
Тавба, кексайганингдан кейин одамга унча-мунча нарса ёқмай қоларкан. У Холпошникига чиқиб телевизор кўрмоқчи бўлди-ю, кўнглига сиғмади. Уйга кириб чўзила қолди. Гулдор шифтга тикилганча узоқ ётди. Бултурлари дуруст эди. Шу кўкламдан буён кўп чарчайдиган бўлиб қолди. Оёқлари қақшаб-қақшаб оғрийди. Холпош ҳам телевизорни ўчирди шекилли, сукунат чўкди. Уй ичидаги зулмат яна ҳам қуюқлашиб кетгандек бўлди. Нимагадир Мастура холанинг юрагини қўрқинчга ўхшаган бир нарса ғижимлай бошлади. Қачондир, қаердадир қулоғига чалинган гап хаёлига келди. "Ўғлинг еб, ўрга кетар, қизинг еб, қирга кетар, ўз чолингдан қўймасин!"
Кўнгил қурсин... Бўлмаса шу топда чолини эслайдими! Раҳматлик, унинг ўз қўлида жон берган эди. Унда Йўлдошали Масковда -- ўқишда эди... "Тўрттасини ерга қўйиб, топганимиз ҳам, тутганимиз шу, -- деган эди у ўлар чоғида, -- мингдан-минг розиман. Чироғимни ўчирмаса бўлди".
Ўғил-қизнинг ҳоли шу экан-да. Чилласи чиқар-чиқмас қошини қара, кўзини қара деб бир қувонаркансан. Тили чиқиб, ойи деса бир суюнаркансан. Ўзинг емай-едириб, киймай-кийдириб, катта қилиб, энди оғзим ошга етди деганингда, қиз эрим деркан, ўғил хотиним деркан, ўзи билан ўзи овора бўларкан, кетаркан. Бўлмаса, домда нима қилади. Шундоқ данғиллама уйи бўлса, ҳовлиси бўлса. Шунга йил кутиб, очиртим келганида олмайманми, дейди. Бошқага бер. Уйи йўқларга бер. Келин ҳам ўзига еткунча... Қишда у ёқда, ёзда бу ёқда тураверамиз, эмиш. Тағин, сизам юрасиз, дегани ортиқча. "Иккита хона экан. Бир амаллаб жойлашармиз", дейди. Майли, шунчалик ҳурмат қипти, барака топсин, ўзидан тинсин. Яйрасин-яшнасин... Ўзи бўлса, кўзи тирик экан, чолининг васиятини ерда қолдирмайди.
Мастура хола қачон ухлаганини билмади. Яна кун ёйилганда турди. Яна кечгача кутди. Йўлдошали бугун ҳам келмади. Мастура хола айниқса Аскаржонни соғинди.
Ҳа, бола-я! Акалли ўғлингни етаклаб ров келиб, ров кетсанг, ҳақинг кетадими?
У кечқурун Холпошшаникига чиқди. Она-бола сўрида ош еб ўтиришган экан, дик этиб, ўрнидан туришди. Холпош сўри панжарасидан энгашиб, Мастура хола билан айланиб-ўргилиб кўришди. Боёқиш, яхши хотин. Эри -- шопир. Бошқа шаҳарларга юк ташийди. Ҳафталаб йўқ бўлиб кетади. Ўтирибди, уйини уй, жойини жой қилиб... У Мастура холани қўлидан судрагудек сўрига чиқарди.
-- Неварангизни соғингандирсиз? -- деди чой узатиб.
-- Ҳа, -- деди Мастура хола. Кейин иккиланиб турди-да, қўшиб қўйди. -- Ҳали Йўлдошали келиб кетди.
Алламаҳалгача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди.
-- Лола чиқа қолсин олдингизга, -- деди Холпош Мастура хола зинадан тушаётганда.
-- Йўғ-е, ўзингиз ёлғизсиз...
Мастура хола айвон чироғини ёқди. Полда қадам товушлари ўзига эриш туюлиб, гурсиллаб кетгандай бўлди. Кўнгли ғаш тортиб, уйга кирди. Ўзини овутиш учун иш тикмоқчи бўлди. Қаёқда! Сўқир бўлиб қолган бу кўз ўлгур! Бир вақтлар қандоқ эди! Осмондаги қушни бежарди.
У чироқни ўчириб, ўрнига кирди. Оғир кўрпа уни бўғиб қўйгандек юк бўлди. Хонага зим-зиё сукунат чўкди. Шундай сукунат чўкдики, ўзининг юрак уришини ўзи аниқ эшита бошлади. Бора-бора қулоқлари шанғиллаб кетди. Зилдай жимжитлик унинг вужудини шафқатсиз қўллари билан ғижимлаб тўшакка михлаб ташлади.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤26
Ҳозир салгина ҳаракат қилса, жони чиқиб кетадигандек қотиб қолди.
-- Ёлғизлик Худойимга муносиб! -- деди у секингина, аммо овози шундай жаранглаб эшитилдики, ўз товушидан ўзи чўчиб кетди...
Одамнинг тушига нималар кирмайди. Қаранг чолини кўрибди. Кўргандаям аниқ-таниқ кўрди. Зир югуриб юрганмиш. "Хаскаш қани, Мастир? Ариқ ифлос бўлиб кетибди-ку! Нега ҳеч ким қарамайди? Бир кун бўлмасам, ҳолинг шу-да!" дермиш койиб.
Мастура хола чўчиб уйғонди. Тонг отиб қолибди. У тиззасини қучоқлаб ўтирганча нос чекди... Арвоҳи чирқиллаб юрибди-да... балки ёнига чақираётгандир. Нима қипти? Вақт-соати етганидан кейин бандаси омонатини топширади-да. Нима, дунёга устун бўлармиди?
У ҳовлига тушди. Йўлкани айланиб ўтиб, ошхонага кирди. Хомсувоқ қилинган девордаги михда илиғлик хаскашнинг силлиқ бандини силаб қўйди. Бир вақтлар чоли шу хаскашни тутарди. Тавба, унинг асбобларини биттасини ҳам бежо қилмай асрайди-ку, нега бунақа койиб юрибди?
Чойдан кейин у тағин дарвоза ёнидаги ҳарракка чиқиб ўтирди. Бояги туши кўзидан нари кетмай тураверди. Юрагини ваҳима босди. Нима қиларини билмай одамларни томоша қила бошлади. Бу дунёнинг ишлари битмас экан. Биров у ёққа ўтади, биров бу ёққа, ҳамма қаёққадир шошади.
Муюлишдан жамадон кўтарган икки йигит чиқиб келди. Биттаси, қорачадан келган, баланд бўйли, чўқур дўппи кийиб олибди. Иккинчиси рангпаргина йигитча, бир қўлида жомадон, бир билагига костюмини илиб келяпти. Афтидан, мусофирга ўхшашади. Ўқувчи болалардир-да.
Йигитлар Мастура холанинг олдига келиб салом беришди.
Мастура холанинг улар билан гаплашгиси келди.
-- Бировни қидириб юрибсизларми? -- деди у йигитларнинг қўлидаги жомадонларига қараб.
-- Ўзимиз, буви... -- деди қорача йигит жилмайиб.
Унинг жилмайишими, "ў"ни аллақандай мойлаброқ гапиришими, Мастура холага ёқди.
-- Қайси юртдансан, болам? -- деди қорача йигитга қараб. Кейин ёнидан жой кўрсатди. -- Ўтир.
Йигитлар жомадонларини оёқлари орасига олиб ўтиришди.
-- Анжандан, -- деди бояги йигит. Рангпар бола ҳам бошини силкитиб жилмайиб қўйди.
-- Ўқийсизларми?
-- Ўқиймиз, -- деди яна ўша йигит. -- Политехническийда.
-- Бу ёқда қариндошларинг борми? -- деди Мастура хола яна жомадонга қараб.
-- Йўқ, -- деди йигит бош чайқаб, -- квартир қидириб юрибмиз, буви. Ётоқхона бору, кавартир тинчроқ-да...
Мастура холанинг кўнглида ноаниқ, аммо майин илиқлик пайдо бўлди.
-- Бу атрофда кавартир қўядиган одам йўқми? -- деди рангпар йигит ўртоғининг елкаси оша Мастура холага қараб.
Мастура хола йигитларга бошдан-оёқ қараб чиқди. "Жой ўлсин! Нима, ейилиб қолармиди? Шулар ҳам ўқийман деб онасининг бағридан чиқиб келган-да..."
-- Юринглар, -- деди у ўрнидан туриб.
Йигитлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қараб қўйишди.
-- Кўтарсанг-чи, юкингни, болам!
Учовлари олдинма-кетин айвонга чиқишди.
Мастура хола Йўлдошалининг хонасини очди.
-- Киринглар.
Йигитлар шифтига "ҳовуз" қилиб гулдор фанер қоқилган, деразаларига шойи дарпардалар тутилган уйга киришга ботинолмагандек эшик олдида туриб қолишди.
-- Бизга аши уям бўлавуради, -- деди қорача йигит ҳовли этагидаги ҳужрани қўли билан кўрсатиб.
Мастура хола индамасдан эшикдан нари кетди.
-- Киринглар, гиргиттонлар, -- деди илтимос оҳангида.
Йигитлар бир-бирларига қараб-қараб ичкарига киришди-да, жомадонларни девор тагига қўйишди.
-- Ҳақи қанақа бўлади, буви? -- деди қорача йигит эшик тавақасидан ушлаб туриб.
-- Ўқишларингга бораверинглар! -- деди Мастура хола унга қарамай.
... Кечқурунi бир қозон мошкичири қилди. Анжанликлар мош овқатни хуш кўрмайди, дейишарди. Майли, келишсин-чи...
У гулзор четидаги водопроводда лаган ювиб турган эди, йўлак томондан қадам товушлари эшитилди. Кейин янгроқ овоз қулоқлари остида жаранглаб кетди.
-- Ая!
Мастура хола лаганни ерга қўйиб, чўнқайганча қучоғини очди. Қип-қизил жемпер кийиб олган Асқаржон пилдираб келиб унинг қучоғига отилди. Мастура хола унинг у юзидан-бу юзидан ўпди. Нимагадир қорайиб қолгандек кўринди кўзига.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤16