RTTYOMNF | RASMIY
5.5K subscribers
1.93K photos
313 videos
7 files
769 links
Respublika tez tibbiy yordam markazi Namangan viloyati filiali va uning xududiy stansiyalari rasmiy matbuot kanali!
Download Telegram
Forwarded from "Shifokor va hayot"
ЧАҚИРУВЛАР ЙЎЛГА ЧОРЛАЙДИ... 🚑
Дилшоджон Ибрагимов — тез тиббий ёрдам тизимида салкам чорак асрдан буён хизмат қилиб келаётган фидойи фельдшер ❤️‍🩹
 
Баъзи касблар борки, уларда вақт билан ҳисоблашиш, қулай фурсатни кутиш ёки ишни кейинга суриш асло мумкин эмас. Тез тиббий ёрдам ана шундай масъулиятли соҳалардан бири. Бу тизимда ҳар бир чақирув ортида инсон ҳаёти, ҳар бир дақиқада эса кимнингдир умиди мужассам. Шу боис бу ерда касбий маҳорат билан бирга тезкорлик ва одамийлик ҳам муҳим. ⏱️
Дилшоджон Ибрагимов ана шу фазилатларни йиллар давомида ўз фаолиятида намоён этиб келаётир. Уни Косонсой ва Давлатобод туманларида кўпчилик яхши танийди. Камсуқумлиги, ўз ишини пухта билиши ва беморлар билан самимий муомаласи ҳамкасблари орасида ҳам, аҳоли ўртасида ҳам ҳурмат қозонишига сабаб бўлган. 🤝
1994 йилда, Наманган тиббиёт билим юртини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг меҳнат фаолиятини Косонсой туманидаги Қозоқовул қишлоқ фельдшер-акушерлик пунктида бошлади. Кейинчалик Худойбердиев номли ширкат хўжалиги ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктида хизмат қилди. 2002 йилда эса Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига йўналиш фельдшери сифатида ишга қабул қилинди. Шу тариқа унинг кейинги меҳнат йўли тез тиббий ёрдам хизмати билан боғланди. 📍
Бу даргоҳдаги фаолият оддий иш куни тартибига бўйсунмайди. Баъзан тунги сукунатни телефон жиринглаши бузади, баъзан бир-биридан фарқли манзилларга кетма-кет йўл олишга тўғри келади. Ҳар бир чақирувда янги вазият, янги масъулият. Касаллик хуружи, бахтсиз ҳодиса ёки кутилмаган оғир аҳволдаги бемор хуружига тезкор етиб бориш, унинг ҳолатини баҳолаш ва зарур ёрдам кўрсатиш — фельдшер зиммасидаги муҳим вазифа. 📞
— Тез ёрдамга ишга келганимда тажрибали шифокорлар Акмалжон Ҳакимов ва Абдували Собировдан касб сирларини ўргандим. Улар фавқулодда вазиятларда ўзимни йўқотмаслигим зарурлигини айтиб, беморга биринчи тиббий ёрдамни тўғри кўрсатиш, дарди туфайли асабий кайфиятдаги инсонлар билан қандай муомала қилишгача эринмай тушунтиришарди. Уларнинг сабоқлари мен учун катта мактаб бўлди. Энди ўзим ҳам имкони бўлганда ёш ҳамкасбларимга билганларимни ўргатишга ҳаракат қиляпман, — дейди Дилшоджон. 🎓
Дарҳақиқат, тиббиётда тажриба даражаси фақат йиллар билан эмас, кўрилган ҳолатлар, қабул қилинган масъулиятли қарорлар ва орттирилган сабоқлар билан ҳам ўлчанади. Дилшоджоннинг устозларидан олган сабоқларини ёшларга етказиши эса касбий анъаналар давомийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Унинг кўп йиллик фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Бинобарин Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, Тиббиёт ходимлари куни арафасида бир гуруҳ соҳа вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Дилшоджон Ибрагимов ҳам бор. У «Соғлом турмуш» медалига сазовор бўлди. 🏅
— Бу мукофотни фақат ўзимга эмас, балки вилоятимизда фаолият юритаётган барча тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг меҳнатига билдирилган эътироф сифатида қабул қилдим. Бу эса зиммамдаги масъулиятни янада оширди, — дейди у.
Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Назирахон билан икки ўғил ва бир қизни вояга етказиб, уларни меҳнатсеварлик ва эл-юртга наф келтириш руҳида тарбиялашга интилмоқда. Зеро, инсоннинг қадри нафақат касбий фаолияти, балки оиласи ва жамиятдаги ўрни билан ҳам белгиланади. 👨‍👩‍👧‍👦
Суҳбатимиз чоғида Дилшоджонга яна бир чақирув келди. Бу сафар манзил — 1-кичик туман. У дарҳол автомашинада йўлга отланди. Чунки уни қаердадир тиббий ёрдамга муҳтож инсон кутмоқда. 🚗
 
Илҳомжон МУСАЕВ.
Суратлар муаллифи Машрабжон Қосимов. 📸
❤2