Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.7K subscribers
8.65K photos
4.46K videos
29 files
7.27K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
Кутилмаган совғалар бериб, унинг кўнглини олинг
Изоҳ:
Ҳар бир инсон бу дунёда ўз шахсиятини аҳамиятли деб билади. Унга эътибор қиладиганларни яхши кўради, қадрламайдиганларни эса севмайди.
Эркак вақти-вақти билан хотинига совға олишга одатланиши лозим. Совға эр-хотин ўртасидаги севги ва ҳурмат риштасини янада мустаҳкамлайди. Хотин эри уни яхши кўришини, улар ўртасидаги муҳаббат давом этаётганини англайди. Шу тариқа муҳаббати яна бир поғона юксалади. Совға қилиш муҳаббатини билдиришнинг энг таъсирли йўлидир. Байрамларда ва муҳим саналарда бир-бирига ҳадя улашиш, узоқ сафардан қайтар чоғда совға-салом келтириш жуда муҳим. Шунингдек, кутилмаган сюрприз қилишдан аёл кишининг боши осмонга етади. Бу сюрприз гул, кўйлак, бирор эсталик, умуман, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Муҳими, хотинингизга ёқадиган, у кутган совға бўлса, бас.
Болаларга ҳам вақти-вақти билан совғалар олиш, уларни хурсанд қилиш керак. Кўп фарзанди бўлганлар тенг ва адолатли тарзда совға олишни унутмасин. Ўғил ва қиз фарзанд деб ажратиш ниҳоят даражада хато. Ҳатто қиз болалар таъсирчан бўлгани боис совға беришни аввал улардан бошлаш тавсия этилади.
Инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришларига сабаб бўладиган икки мезондан бири совға, иккинчиси эса саломдир. “Инсон эҳсоннинг қули” деганда яхшилик қилган бошқа одамга нисбатан миннатдорчилик ҳиссини туйиб, унга ҳурмат кўрсатиши назарда тутилади. Шунингдек, кишининг оиласига едириб-ичирганлари, улар учун қилинган сарф-ҳаражат садақа сингари савоблидир. Инсон яхшилик ва совға улашишни, аввало, ўз оиласидан бошлаши лозим. Бунга энг лойиқ кишилар эса хотини, фарзандлари ва ота-онасидир.

“Бахтли оила” китобидан.

👉 @diyonatli
👍2
КЕЧАСИ ҚУРЪОН ЎҚИШ ХОСИЯТИ

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: "Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир" (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).
Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: "Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар".
Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: "Сени тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман", дейди".
Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.
Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:
- Мени танидингми? - дейди.
Банда айтади:
- Сени танимайман.
- Мени танимайсанми?
- Ҳа.
- Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.
Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади. Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):
- Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! - деб (ажабланиб) сўрашади.
- Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, - дейилади.
Кейин (Қуръон соҳибига):
- Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, - дейилади.
У - тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам - юқорилаб бораверади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: "Ким тунда "Бақара" сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди".
Иброҳим Нахаий: "Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!" деб тайинларди.
Авзоий: "Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади", деган.

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

👉 @diyonatli
👍2👏1
АРЗИМАС НАРСАЛАР СИЗНИ СИНДИРМАСИН

Қанчадан-қанча кишилар жуда ҳам кичик, ҳатто эслашга арзимас ишлар сабабли ғам чекиб юради.
Мунофиқларга қаранг, уларнинг фаолиятлари қандай тушкун, шаштилари қанчалар ҳам паст бўлмаса. Қуйидагилар уларнинг сўзларидир: "Иссиқ ҳавода қўзғалмангиз!" (Тавба сураси, 81-оят), "Менга изн беринг, мени фитнага қўйманг" (Тавба сураси, 49-оят), "Улардан яна бир гуруҳи эса: "Уйларимиз очиқ-сочиқ", деб Пайғамбардан изн сўрадилар" (Аҳзоб сураси, 13-оят), "Бизга бирор офат етиб қолишидан қўрқамиз", деб улар томон интилаётганини кўрасиз" (Моида сураси, 52-оят).
"Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар" (Аҳзоб сураси, 12-оят).
Эҳ, умидлари пучга чиққан кимсалар, эй бечораҳол инсонлар!
Уларнинг бор ғами қорин, идиш-товоқ, қават-қават уй ва қасрлар бўлиб, нигоҳларини ибрат осмонига қаратмайдилар, фазилатлар юлдузларига ҳеч назар солмайдилар. Уларнинг энг катта ғами ва илми улови, кийими ва зиёфатларидир.
Кўпларнинг азиз умри эртаю кеч хотинлари ёки фарзандлари ё яқинлари билан жанжал ёки ножўя сўзларини эшитиш ёки арзимас нарсалар устидаги мунозаралар билан кечади. Бу ҳол ўша кимсаларнинг мусибатларидир. Уларда интилса арзийдиган олий мақсад ҳам, вақтини сарфлашга арзирли буюк ишларга қизиқиш ҳам йўқ. "Агар идиш сувдан бўшаса, уни ҳаво тўлдиради", деб бежизга айтишмаган.
Шундай экан, сиз ҳам муҳим деб билган ва унинг учун ғам чекаётган ишларингиз борасида фикр юритинг: ҳақиқатда у ишингиз ғам чекишга арзийдими? Чунки сиз унга ақлингиз, вужудингиз, қонингиз, роҳатингиз ва вақтингизни сарф этмоқдасиз. Агар ғам чекаётган нарсангиз арзимас бўлса, демак, у савдода зарар, нархи жуда арзимас бўлган надоматдир. Руҳиятшунослар: "Ҳар бир нарса учун ақл доирасида чегарани тайин қил, Аллоҳ азза ва жалланинг "...Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор - ўлчов қилиб қўйгандир", деган сўзига ишон. Ҳодисаларни ўз ҳажми, вазни ва миқдорича баҳола. Зулм ва ҳаддан ошишдан сақлан!" дейишади.
Хушфеъл саҳобаларнинг дарахт остидаги ғамлари байъатга вафо қилиш эди. Улар Аллоҳ розилигига эришдилар. Аммо улар ичида бир киши бўлиб, у туясининг дардида эди. Оқибатда байъатдан мосуво бўлди ва маҳрумлик жазосига мубтало бўлди.
Энди сиз ҳам арзимас ишлар билан шуғулланишни бас қилинг. Шунда ғам-ташвишларингиз ариб, бахтиёрлик ва шодонликни ҳис қиласиз.

"Ўкинма" китобидан.

👉 @diyonatli
👍3
ЕР КУРРАСИНИ УСТИНГИЗГА ЮКЛАБ ОЛМАНГ

Бир тоифа одамлар бор, ҳаёт ҳодисаларидан асабийлашгани асабийлашган. Бекордан-бекор ошқозон яраси, қон босими ва қант касалликларини орттириб олади. Майда-чуйда воқеаларга ҳам куйиб ёнаверади: нарх кўтарилиб кетишидан ғазабланади, ёмғир кечикишдан аччиқланиб, чет эл пули қиймати тушиб ё ошиб кетганига бақир-чақир қилади. Бундайлар ҳаёти доим безовталик ва ҳадиксирашда кечади. "Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устларига (тушпётган бало ва офат деб) гумон қиладилар" (Мунофиқун сураси 4-оят).
Сизга насиҳатимиз - ер курасини устингизга юклаб қўйманг, ёмон ҳодисаларни улоқтиринг, ўзингизга олманг.
Баъзиларнинг юраклари булут кабидир, ҳар хил шов-шув ва миш-мишларни ўзига сингдириб олади-да, кейин арзимас нарсаларга сиқилаверади, ҳар бир нарсадан безовталанаверади. Бундай қалб одамни парчалаб, унинг борлиғини еб адо қилади.
Ибрат ва насиҳатлар ҳаққа эришганларнинг имонларини кучайтиради. Имони кучсизларнинг эса ваҳима-васвасаси кўп. Турли миш-мишларга юраги шижоатлиларгина қарши тура олади. Албатта, жасур ва қўрқмас кишилар кенг феъл, босиқ, мустаҳкам ишончли, бағрикенг бўлади. Қўрқоқ эса беҳуда хавфсираш, ваҳима, алғов-далғов тушлар қиличи билан ҳар куни ўзини бир неча марта ўлдиради.
Агар сиз хотиржам ҳаётни хоҳласангиз, ишларга шижоат ва бардош билан юзланинг. Ўзига ишонмайдиганлар сизни ҳиссиётларга солмасин. Улар макр-ҳийла қилган ишларга сиқилиб юиманг. Ҳодисаларга нисбатан қаттиқ, муаммоларга нисбатан шиддатли ва бўронларга нисбатан кучли бўлинг. Заиф қалбли кишиларга Аллоҳнинг раҳми келсин. Кунлар уларни неча бор ларзага солиб, безовта қилади. "Уларни одамлардан ва мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) ҳирс қўйганроқ ҳолда топасиз" (Бақара сураси, 96-оят).
Аммо ана шундай заифликни рад этувчилар Аллоҳдан бўладиган ёрдам ва Унинг ваъдаларига қатъий ишонч узрадирлар. "Уларга хотиржамлик туширди..." (Фатҳ сураси, 18-оят).

"Ўкинма" китобидан.

👉 @diyonatli
👍3🔥1
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

"Диёнат" каналининг мухлислари!

Устоз Абдул Ҳамид домла
бугун 15-сентабр 2022-йил пайшанба куни хуфтон намозидан сўнг, яъни соат 20:25 да масжидда савол-жавоб ўтказадилар.

Сизларда шаръий масалаларда муҳим саволларингиз бўлса, шу хабарнинг изоҳ (комментарий) қисмида ёзиб қолдиринг. Биз бу саволларни Устозимизга ўқиб берамиз. Ва жавобини ўша вақтнинг ўзида - жонли ёйин орқали тинглашингиз мумкин.

@Diyonatli
👍2
Эҳтиромда - она, итоатда - ота бирламчи...

Меҳр ва тарбиянинг бошида она туради. Онанинг қалб булоғидан сизиб чиқаётган меҳр сутида айнан инсонийлик, туғилиб ўсган жойига жонфидолик туйғулари мужассам.
Мардлик, жасорат, ибрат - отадан бошланади.
Зеро, онгли умрининг бошиданоқ ота бўлиш бурчи билан яшаган эркак тарбия ва таълимни рисоладагидек ўрганиб, хулқу одоб ва масъулиятини зиммага олишда аҳли оиласи ва бошқаларга намуна бўла олади. Айнан бундай эркак хулқ-атворида Ватан ҳимояси йўлида ғайрат-шижоат, жасурлик фазилатлари кун сайин мукаммаллашиб бораверади. Шу боисдан, меҳр ва эҳтиромда, аввало, онага, итоатда эса, отага бўйсуниш назарда тутилган.

"Фарзанднома" китобидан.

👉 @diyonatli
👍1
Live stream scheduled for
Live stream finished (27 minutes)
ОТА-ОНАСИ ТИРИКЛИГИДА ЖАННАТГА КИРА ОЛМАГАН ОДАМ ҲАҚИДА

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
" Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин", дедилар.
"Эй Аллоҳнинг Расули, кимнинг?" дейишди.
"Ота-онаси ёки улардан бири кексалигида улар билан бирга яшаб, дўзахга кирган кишининг", дедилар".
Шарҳ: Демак, ота-она улуғ ёшга кирганларида уларнинг хизматини қилиб, розилигини топиб қолса, жаннатга кирар экан, акс ҳолда дўзахга кирар экан. Икковлари бўлмаса, биттаси - ё ота, ё она бўлса ҳам, ана шу ҳолат бўлар экан.
Бу ҳадиси шариф ҳам ота-онанинг розилигини топиш қанчалик муҳим иш эканини таъкидламоқда. Банданинг жаннат ёки дўзахга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ота-онага бўладиган муносабат эканини кўрсатмоқда. Айниқса ота-она кексайганларида алоҳида эҳтиётлик билан уларга яхшилик қилиш пайида бўлиш зарурлигини билдирмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Тингловчининг эътиборини тортиш учун бир ишнинг оқибатини такрор-такрор айтиш мумкинлиги.
2. Олим ва раҳбар кишидан бирор масала оқибати ҳақидаги гапни эшитганда, бу оқибат ким учун эканини сўраш лозимлиги.
3. Ота-онаси бўла туриб, уларнинг розилигини топиб, жаннатга киришга сазовор бўлолмай қолган одам бахтсиз шахс экан.

"Одоблар хазинаси" китобидан.

👉 @diyonatli
👍3
БАНДАНИ ИЙМОНДАН ЧИҚАРАДИГАН НАРСАНИНГ БАЁНИ ҲАМДА ИЙМОННИНГ ТАЪРИФИ

Банда иймондан ўзини унга киритган нарсани инкор қилиш билан чиқади.
Шарҳ: Бу гапда хавориж ва мўътазилийларнинг "Мўмин гуноҳи кабира қилиши билан иймондан чиқади", деган гапларига раддия бор. Яна муаллифнинг "Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли, модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса, кофир қилмаймиз", деган гапига таъкид ва изоҳ бор. Бу ҳақдаги гап олдин ўтди. Яъни банда фақат ўзини динга киритган нарсани ва унинг (диннинг) бор бўлаги экани ўз-ўзидан маълум бўлган нарсани инкор қилиш билангина кофир бўлади.
Иймон - тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.
Шарҳ: Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. Фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади. Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса иймон - дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор бўлиш унинг аломати ва изҳоридир. Бас, муаллифнинг гапи бошқаларнинг гапига мухолиф бўлмайди.
Иймоннинг тасдиғи ҳақидаги мазҳаблар бештадир:
1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси: "Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир", деганлар.
2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи зикр қилган нарсага: "Иймон тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир", деган фикрга иттифоқ қилганлар.
3. Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳилар: "Тил билан иқрор бўлиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн - қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлмаганлар учун шартдир", дейдилар.
4. Карромия мазҳабидагилар: "Иймон фақат тил билан иқрор бўлишдир", дейдилар. Уларнинг наздида мунофиқлар иймони комил одам ҳисобланадилар. Бу очиқ-ойдин бузуқ ақийдадир. Чунки Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида: "Улар мўмин эмаслар" (Бақара сураси, 8-оят) ва "Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир", деган (Бақара сураси, 16-оят).
5. Жаҳм ибн Сафвон, қадария мазҳаби раисларидан бири Абул Ҳасан Солиҳийлар: "Иймон қалб маърифатидир, агар бўйсунмаса ва таслим бўлмаса ҳам бўлаверади", деганлар. Бу гапнинг фасодлиги олдинги (карромиялар айтган) гапдан ҳам зоҳирроқдир. Агар бу гапга юрилса, Фиръавн ва унинг қавми ҳам мўмин бўладилар. Чунки улар Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларнинг содиқлигини билганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Шунинг учун Мусо Фиръавнга: "Анавиларни осмонлару ернинг Роббидан ўзга ҳеч бир Зот кўз очувчи қилиб туширмаганини яхши биласан", деган (Исро сураси, 102-оят).
Аҳли китоблар ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни худди болаларини танигандек танир эдилар, аммо мўмин бўлмаганлар.
Билингки, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан бошқа Аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф суратда холос (яъни кўринишдан ихтилофдек бўлса ҳам, аслида бундай эмас). Улар гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигига, балки уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишига, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афа қилади, деган фикрга иттифоқ қилиб туриб, "Аъзоларнинг амали қалбдаги иймон учун лозимми ёки иймоннинг бир жузими?" деган гапни айтиш лафзий низо бўлиб, бундан ақийданинг бузилиши келиб чиқмайди.
Агар бу масалада Аҳли сунна орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига, шу боисдан тафриқага тушишларига, мутакаллимларнинг қораланган бидъат таъвилларига ҳеч ҳожат йўқ.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳнинг каломидан далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан ёндашганлар. Бошқа имомлар раҳматуллоҳи алайҳим эса иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан ёндашганлар. Чунки шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шу каби васф ва шартлар қўшилган.

"Ақийдатут-Таҳовия" шарҳининг талхийси китобидан.

👉 @diyonatli
👍3
Уйга салом бериб, табассум билан келинг. Уйдагилар сизнинг келишингиздан севинсин.

Изоҳ:
Салом – Аллоҳнинг исмларидан бири. У саломитлик ва омонлик тилаш ҳисобланади. Айни пайтда дуо ҳамдир. У қаршингиздаги кишига ишонч беради. Мен сизга зиён келтирмийман, сизга яхшиликни соғинаман,дегани бўлади. Шу боис киши уйига кираётганида “Бисмиллаҳир роҳмани роҳийм”, деб, сўнг салом бериши лозим. Агар уйда одам бўлса, улар алик олишади. Мабодо, уйда ҳеч ким бўлмаса, фаришталарга салом берган ҳисобланади. Инсон шундай қилса, уйда шодлик ва хурсандчилик ҳукм суради. Унинг уйга кириб келишидан севинган яқинлари: “Келганингиздан бошимиз кўкка етди. Аллоҳ бахтимизга сизни омон сақласин”, деб қарши оладилар.
Аксинча, саломсиз ва қовоғини солган ҳолда нимадандир жаҳли чиқиб уйга кирган эркакдан хотини ва фарзандлари ўзини олиб қочади. У билан бирор нарса ҳақида гаплашишга қўрқишади. Гарчи, тил билан айтилмаса-да, киши ичида: “қаердан ҳам келди, яхшигина ўтирган эдик. Энди эркин юра олмаймиз. Қанийди янаям кечроқ келса”, деб ўйлаши мумкин.
Хотиржамлик йўқолиб жанжал кўтарилса, бу сўзлар кишининг тилига чиқиши ҳам мумкин. Афсуски, кейин кеч бўлади. Оила аъзобларининг бир-бирига муҳаббати ва ҳурмати йўқолиб, сабри тугайди. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун эса оддий, аммо ўта аҳамиятли ҳаракатларни амалга ошириш керак. Зеро, салом бериш, табассум қилиш пул билан сотиб олинмайди. Бойнинг ҳам, камбағалнинг ҳам, подшо-ю гадонинг ҳам қўлидан келади.
Хуллас, бу ерда таъкидлаётган жиҳат қуйидагича: сенга қандай муомила қилишларини истасанг, ўзинг бошқаларга шундай муомалада бўл. Ўзингга раво кўрмаган нарсани бошқалар бошига тушишини истама. Ичинг ҳам, ташинг ҳам гўзал бўлсин. Ўзинг ҳам, сўзинг ҳам гўзал бўлсин. Орқангдан “Илоҳим барака топсин“, дейишсин.

“Бахтли оила” китобидан.

👉 @diyonatli
👍4
ЧИРОЙЛИ САБР

Сабр билан зийнатланиш улуғ зотлар хусусиятларидан бўлиб, улар қийинчиликларни кенг юрак, кучли ирода ва мустаҳкам ифтихор билан қарши олишади. Агар сиз ва биз сабр қилмасак, унда нима қиламиз?!
Сизда сабрдан бошқа ечим борми? Бизга ундан ўзга чора топиб бера оласизми?
Улуғлар ҳаёти мусибат ва қийинчиликлар мусобақалашадиган майдон эдилар. Бир қийинчиликдан халос бўлиб, улгурмасларидан ҳар гал, бошқа бир мусибат зиёратга келарди. Улар эса сабрни қалқон қилиб, Аллоҳ таолога ишонч ила ҳимояланишарди.
Улуғ зотлар қийинчиликларни енгиб, муаммоларни ерга улоқтириш билан ғалаба қозонишади.
Сиз сабр қилаверинг, ўша сабрингиз Аллоҳ учун бўлади. Қийинчиликлардан қутулишга аниқ ишонган, охири яхшилигини билган, ажрни талаб қилган ва гуноҳлар кечирилишига рағбат қилган ҳолда сабр қилинг. Қийинчиликлар қанчалик кўп бўлса ҳам, сўқмоқ олдингизда зулмат таратса ҳам, албатта, ғалаба, сабр ва рўшнолик машаққат билан бўлади. Қийинчилик билан бирга енгиллик борлигига асло шубҳа йўқ.
Бу дунёдан ўтиб кетган улуғ зотлар тарихларини ўқиб, уларнинг сабру матонатларини кўриб, тўғриси, ҳайратга тушасиз. Улар бошларига мусибат тушганида, уни худди совуқ сув қатраларидек қабул қилар эдилар. Улар тоғлардек сабот ва ҳақиқатдек мустаҳкамлик узрадирлар. У озгина вақт холос. Сўнг уларнинг юзларида шодлик нурлари, зафар сурури ва нусрат асари балқади. Лекин уларнинг фақат сабри қачон бошимиздан бало кўтариларкан деб ётиб олиб кутиш эмасди. Аксинча, улар бало-офатларга қарши улкан сабр ила курашиш, мусибатларга осонгина бўйин эгишмасди.

"Ўкинма" китобидан.

👉 @diyonatli
👏2👍1
БУНДАН ҲАМ ГЎЗАЛ ҲУШХАБАР БОРМИ...

Машҳур аллома шаҳид Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ уйланганларидан таҳминан бир ҳафта кейин ўзлари билан боғлиқ бўлган бир қиссани айтиб берадилар;
Бир куни эрталаб ҳужрам эшиги тақиллаб қолди. Мен масжидда намоз ўқиб бўлгандан кейин келиб ухлаётган эдим. Бу уйланганимдан таҳминан бир ҳафта ўтиб бўлган эди. Отам баланд овоз билан мени чақириб; Сен ҳали ҳам уйқудамисан, сенга келган ҳушхабарлар сени кечаси билан шукр саждасини қилиб ўтказишингни талаб қилади-ку!! - дедилар.
У кишининг қичқириқларидан уйғониб кетдим ва чиқиб у киши далолат қилаётган ҳушхабар ҳақида сўрадим.
Отам айтдики; "Бу кеча тушумда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келганларини кўрдим. У зот билан бирга бир неча кишилар ҳам бор эди. Билдимки улар у зотнинг саҳобалари экан..
У зот менга; Саъидни уйланганлиги билан муборакбод этгани келдик, дедилар".
Бу хабар менга ушбу уйланиш саодатини ҳис қилдирган нарсаларнинг биринчиси эди. Кейин Аллоҳ ҳадя қилган ушбу улуғ яхшилик ва мўл-кўл саодат бугунгача давом этди.

”Бу менинг отам” номли китобидан Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.


👉 @diyonatli
👍6
Audio
Меҳмондўстлик олий — фазилат | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Меҳмондўстлик олий — фазилат | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👏2🔥1
АЛЛОҲ БЕРГАНИГА РОЗИ БЎЛИНГ, ОДАМЛАРНИНГ БОЙИ БЎЛАСИЗ

Бунинг учун биринчи қадам - ўзингизга берилган тана, мол-давлат, бола-чақа, бошпана ва қобилиятга рози бўлишингиз ҳамда қаноат қилишингиз лозим. Чунки Қуръони карим шунга буюради: "Бас, сенга берганимни (қабул этиб) ол ва шукр қилувчилардан бўл!" (Аъроф сураси, 144-оят).
Салаф олимлар ва илгари яшаб ўтганларнинг кўпи камбағал бўлишган. Уларда турли буюмлар, ҳашаматли уйлар, уловлар ва хизматкорлар бўлмаган бахтиёр қилишган. Чунки улар Аллоҳ ато этган яхшиликларни тўғри йўлга йўналтира олишган. Натижада уларнинг умрлари, вақтлари ва қобилиятларида барака бўлган.
Аммо бу муборак қатламга қарама-қарши ўлароқ мол-дунё, бола-чақа ва бошқа турли неъматлар ато этилган бир тоифа бор, бу неъматлар уларни баҳтсиз ва тубан қилди. Чунки улар соғлом фитратдан ва ҳақ йўлдан оғди. Демак, натижани у неъматлар белгиламайди. Яъни, неъматнинг ўзи ҳам ҳеч нарса эмас.
Дунёнинг ҳамма жойида ўтадиган дипломларни кўтариб олганларга боқинг. Аслида уларнинг дипломлари ҳам, онги ва таъсир доираси ҳам жуда арзимас. Аммо, айни чоғда айрим билими чегараланган кишилар бор, улар бу озгина билимини ўзгаларга манфаат етказишга, ислоҳот ва бунёдкорликка сарфлаб, гўё кичкина ариқни серсув дарёга айлантирган.
Агар сиз бахтли ҳаёт хоҳласангиз, Аллоҳ берган жисмингизга, оилавий аҳволингизга, овозингизга, англаш қобилиятингизга ва келаётган даромадингизга рози бўлинг. Баъзи зоҳид мураббийлар: "Эришганингдан озига ва интилганингдан пастроғига рози бўл!" дейишади.
Сизга дунёдаги насибалари чегараланган, аммо ўзлари ўрнак бўларли ёрқин шахслардан айримларини танитаман:
Ато ибн Абу Рабоҳ ўз замонасининг тенгсиз олими бўлган. Бироқ бурни пучуқ, шол, жингалак сочли қора қул эди.
Аҳнаф ибн Қайс араблар ичида жуда ҳалим, озғин жисмли, букри, оёғи қийшиқ, тузилиши заиф зот эди.
Дунё муҳаддиси Аъмаш қул, кўз нури заиф, ўта камбағал, жулдур кийимли, кўриниши ва уйи бир аҳволда бўлган.
Пайғамбарларнинг барчалари қўй боқишган. Довуд алайҳиссалом темирчи, Закариё алайҳиссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом тикувчи бўлган. Улар инсонлар орасидан танланганлари ва башариятнинг энг афзаллари эдилар.
Шундай экан, сизни иқтидорингиз, солиҳ амалингиз, ўзгаларга манфаатингиз ва хулқингиз қадрли қилади. Йўқотган чиройингиз, бой берган молингиз ва аҳли-аёлингиздан афсусланманг. Аллоҳнинг тақсимига рози бўлинг. "Уларнинг ҳаёти дунёдаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз" (Зухруф сураси, 32-оят).

"Ўкинма" китобидан.

👉 @diyonatli
👍8
ШОМИ ШАРИФ

Ғам-ташвишдан озгина узоқлашайлик!
Қирқ йил ўтганига қарамасдан мен у воқеани майда икир-чикирларигача эслайман. Бу ота-бола ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди.
Расмий газеталарда эъдодийя шаҳодатномаси натижалари эълон қилингач, улар орасида номимни кўриб беҳад қувондим. Эртаси куни Сувайдодан Дамашққа сафар қилишни мақсад қилдим. Чўнтагимда бир кумуш лира ва Суриянинг беш қоғоз лираси бор эди. Бир кумуш лирани автобусга бердим. Чўнтагимда беш қоғоз лира қолди. Бунга Дамашқдан ширинлик, хусусан Шом пирожнийсидан сотиб олишни ният қилдим. Солиҳийя ва Ҳамидийя бозорига бориб, Жобий эшиги томон йўналдим. Ширинликлар дўконига кирдим. Дўконда дўкондор ўзининг кичик ўғли билан ўтирган экан. Ундан 1 кг пирожний, 1 кг кунжутли юпқа ширинлик ва 1 кг бодомли пирожний беришини сўрадим. Аммо қўлимни чўнтагимга солганимда беш қоғоз лира йўқ эди. Юзимда хафалик зоҳир бўлиб дўкондорга узр айтдим:
– Сўраган нарсаларимни кейин келиб олиб кетаман!
Сотувчи табассум ила сўради:
– Ҳа, пул уйда қолибдими?!
– Менимча пулни йўқотиб қўйдим. Беш қоғоз лира эди.
У сўради:
– Қаерда яшайсиз?
–Сувайдода, саййидим.
У деди:
– Ўтиринг, болам. Озгина дам олинг.
Сўнг у бир қадаҳга чой қуйиб менга узатди:
– Марҳамат, ўғилчам билан бирга чой ичинг!
Сўнг дўкондор юқоридаги ширинликларни бир идишга солиб менга тутди:
– Буни олинг. Пулини келаси сафар берасиз.
Мен дедим:
– Саййидим! Мен ҳали-бери келмасам керак. Бировдан қарз бўлиб қолишни истамайман.
У табассум-ла деди:
– Мен аниқ ишонаман. Сиз келиб буларнинг пулини берасиз!
У мени идишни олишимни сўраб қаттиқ туриб олди. Мен уларни олдим. Жуда хижолат бўлдим. Дўкондор ва ўғилчаси билан хайрлашиб дўкондан чиқдим. Озгина юрганимдан сўнг дўкондорнинг ўғилчаси ортимдан чақириб қолди. Мен тўхтадим. Бола деди:
– Отам дўкондан беш лира топиб олдилар. Сиз туширган бўлсангиз керак. Ширинликларга яраша пул олиб қолиб қайтимини бердилар!
Мен жуда хурсанд бўлдим. Энди елкамда қарз юки йўқ. Сувайдога борадиган автобусга ҳам пулим бор. Алҳамдулиллаҳ бировдан қарз сўрамайдиган бўлдим.
Болага раҳмат айтдим. Отасига ҳам раҳмат айтишини тайинладим.
Сўнгра пулни чўнтагимга солдим.
Сувайдога етиб келгач, шимимнинг чўнтакларига қўл солиб унинг орқа чўнтагидан беш қоғоз лирани топиб олдим. Отамга бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Отам кулиб дедилар:
– Булар Шом савдогарлари, Ҳалаб савдогарлари. Уларнинг ота-боболари шундай бўлишган. Инсонийликнинг барча маънолари уларда мужассам. Аммо сен у беш лирани унга қайтаришинг лозим. У қарздир. Онанг пиширган нондан уларга олиб бориб, уларни уйимизга меҳмонга таклиф қиласан!
Келаси ҳафтада онам пиширган нон билан беш лирани олиб йўлга чиқдим. Дўкондор мени узоқдан кўриб табассум билан деди:
– Айтмабмидим сизга қайтиб келасиз деб... мана бу ҳарисани олинг! Сувайдодагиларга салом айтинг!
Қачон янги мақтанчоқ савдогар ва савдогарчаларни кўрсам ўша ота-боланинг сиймоси кўз олдимда гавдаланади...

Сақар ал-Мулҳим

"Қалблардан сўранг" китобидан олинди.

@diyonatli
👍7
ТОРТИШУВНИНГ ОҚИБАТИ

Икки мушук каттагина пишлоқ бўлагини топиб олишибди. Аммо тақсимлай олмай, тортишиб қолишибди. Сўнг орани ажрим қилиш учун маймуннинг олдига боришибди. Маймун пишлоқнинг бирини каттароқ, бошқасини кичикроқ қилиб иккига бўлибди ва ҳар иккала бўлакни тарозининг икки палласига қўйибди. Табиийки, катта бўлак томон оғир келибди. Маймун оғир келган пишлоқдан бир тишлаб олиб, яна тарозига қўйса, энди тишланмаган бўлак оғир чиқибди. Маймун оғир келган томонни тенглаш учун яна бир тишлабди, энди тишланмаган пишлоқ оғир келибди. Маймун ҳар гал оғир келган пишлоқни тишлаб олавериб, охири қолган икки бўлакни ҳам еб қўяй дебди. Шунда мушуклар:
- Бу тақсимга розимиз, энди ўзимизга тегишли пишлоқ бўлагини бер, - дейишибди. Шунда маймун:
- Тарозида тортиб, сизларга ҳакамлик қилганим учун булар менинг ҳақимдир, - деб қолган пишлоқ бўлакларини ҳам оғзига солибди. Икки мушук бекорга тортишганларига афсус чекиб, пишлоқдан ҳам қуруқ қолишибди.

"Кўҳна дунё ривоятлари" китобидан.

👉 @diyonatli
👍6😁1