GSM GURUS F.A.Q
2K subscribers
279 photos
1 video
10 files
777 links
Android смартфонлар имкониятларини ўрганиш ва унумли фойдаланиш

Саволлар учун гуруҳимиз: https://t.me/+BdBfBxlF9ahkM2Ji

Канал ҳақида: #сарҳисоб
Админ: @YordamGSMGURUSBot
Download Telegram
​Смартфонни симсиз зарядлаш нима ва у қандай ишлайди?

Смартфонни симсиз зарядлаш, керакли пайтда йўқолиб қоладиган кабелларни излашдан қутқаради ва қувват улагичининг (USB разъем) ишлаш муддатини узайтиради. Смартфонни заряд қилиш учун орқа томони билан махсус панелга (зарядлаш мосламаси) жойлаштириш кифоя. Зарядлаш автоматик равишда бошланади ва тугайди.

Зарядлаш тўлиқ симсизми?
Баъзилар ўйлаганидек зарядлаш жараёни тўлиқ симсиз эмас, чунки зарядлаш мосламасини электр манбаига улаш керак. Аммо электр энергиясини смартфонга узатиш симсиз амалга оширилади, фақат қурилмалар бир-бирига жуда яқин жойлашган бўлиши керак.

Бу қандай ишлайди?
Симсиз зарядлаш - бу электромагнит нурланиш ёрдамида симсиз қувват узатиш технологияси. У иккита индукцион ғалтак ҳосил қилган электромагнит майдон ёрдамида ишлайди. Улардан бири зарядлаш мосламасида жойлашган ва узатувчи вазифасини бажаради, иккинчиси смартфон қопқоғи остида жойлашган ва қабул қилувчи ҳисобланади.

Тескари зарядлаш нима? (Реверсивная зарядка)
Тескари зарядлаш - бу сизнинг смартфонингизни симсиз зарядлашни қўллаб-қувватловчи бошқа қурилмалар учун қувват банки (powerbank) сифатида ишлатиш имконини берувчи технология.
Замонавий смартфонлар орасида тескари зарядлаш Samsung Galaxy S10, S20, Note 10, Huawei P30 Pro, Mate 30 ва Xiaomi Mi 10 кабиларда мавжуд. Ушбу функциянинг асосий мақсади - ақлли соатлар ва наушниклар каби аксессуарларни зарядлаш.

Смартфонда симсиз зарядлаш технологияси бор ёки йўқлигини қандай билиш мумкин?
Смартфон ушбу технологияни қўллаб-қувватлашини билиш учун унинг тавсифини ишлаб чиқарувчининг ёки махсус веб-сайтлардан кўринг (тавсифда "беспроводная зарядка" деб ёзилган). Яна бир усули, смартфонни симсиз зарядлаш мосламасига қўйиб кўришингиз мумкин.

Қандай зарядлаш тезроқ симли ёки симсиз?
Замонавий тез зарядлаш технологияси 125 ваттгача бўлган зарядлаш мосламасини қўллаб-қувватласа, симсиз зарядлаш 15-30 ватт билан чекланади.

#маълумот
​"Қўнғироқ қилганда ёки суҳбатлашиш вақтида смартфонингизда интернет узилиб қоладими?" сўровномасида кўпчилик, "Ҳа" жавобини танлаган.

Ушбу мавзуга аниқлик киритиш мақсадида, юқоридаги сўровномага қатнашган ўқувчиларимиздан:
Қайси смартфон ва мобил операторда қўнғироқ қилганда ёки суҳбатлашиш вақтида интернет узилиб қолиши ёки узилмаслиги ҳақидаги маълумотни шу хабардаги шарҳларда ёзиб қолдиришларини илтимос қиламан.

Ўзим текшириб кўрганимда:
• Huawei P20 Lite ва Samsung Galaxy S9 Plus смартфонида UzMobile оператори интернети узилиб қолди
• Samsung Galaxy A10S смартфонида Beeline интернети узилмади.

Аксарият Duos (2 сим карталик) смартфонларда битта радиоблок ўрнатилганлиги сабаб, 1-сим картадаги кириш ва чиқиш қўнғироқларида, 2-сим карта фаол бўлмайди (иккита радиоблокли смартфонлар ҳам мавжуд).

Ҳалигача бирор мобил операторларимизда VoLTE* технологияси мавжуд бўлмаганлиги сабаб, 4G тармоғида қўнғироқларни амалга ошириб бўлмайди. Яъни, қўнғироқ пайтида смартфон 3G (H) ёки Edge (E) тармоғига ўтиб олади.

* VoLTE нима? Бу 4G тармоғида (LTE) овозли қўнғироқларни амалга ошириш қобилиятидир. Ушбу технология мобил алоқа оператори ёки смартфон томонидан қўллаб қувватланмаса, овозли қўнғироқни амалга ошираётганда, смартфон бошқа тармоқ режимига ўтади, масалан, 2G ёки 3G.

#маълумот #сўровнома
👍4
​Смартфон корпуси: пластик, шиша ва металл. Афзаллиги ва камчиликлари.

Корпус материали - смартфонни танлашда энг асосий хусусиятларидан бири деб қаралмасада, қурилмадан фойдаланиш қулайлиги, чидамлилиги радиотўлқинларнинг ўтказувчанлиги ва бошқа жиҳатлари унга бевосита боғлиқ.

Аксарият замонавий смартфон ишлаб чиқарувчилари ўз қурилмаларини пластик, шиша ёки металл корпуслар билан жиҳозлашади. Келинг, ҳар бир материалнинг афзаллик ва камчиликларини кўриб чиқамиз.

Пластик
Пластик - бу энг арзон материал, аммо энг ёмони эмас, шунинг учун пластик корпусли смартфонлар баъзан металл ёки шиша рақобатчиларига нисбатан қимматроқ туради.

Пластикнинг энг мустаҳкам турларидан бири поликарбонат, енгил ва шикастланишга чидамли. У паст иссиқлик ўтказувчанлигига эга, шунинг учун ушбу турдаги телефонлар қўлингизда қизиб кетмайди ва совуқда музламайди.
Пластик корпуснинг муҳим афзаллиги, радио тўлқинларини яхши ўтказувчанлиги. Бундай смартфонлар сигнални (антенна)яхшироқ ушлайди ва симсиз зарядлашни қўллаб-қувватлайди.
Пластик силлиқ юзаларда сирпанмайди, қирилишга нисбатан чидамли ва бармоқ излари деярли кўринмайди.
Баъзилар пластик смартфонларни арзон кўринади ёки сохта қурилмалар билан боғлашади. Шунингдек пластик тез ифлосланади ва тозалаш ҳам бироз мушкул.


Шиша
Шиша чуқур визуал эффектларни яратишга имкон беради, масалан, чуқурлик ҳисси, ёруғлик нурининг тушиш бурчагига қараб панел рангини ўзгартириш, ёруғлик жойлари туташиши ва уларни нурлар кўринишида акс эттириш. Лекин, бундай корпусда смартфон арзон ва бардошли бўлмаслиги мумкин. Ишлаб чиқариш қиммат, шунинг учун материал асосан флагманлар учун ишлатилади.

Шиша, худди пластмасса сингари, радио тўлқинларини яхши ўтказади, шунинг учун шиша корпусли смартфонлар симсиз зарядлашни ҳам қўллаб-қувватлайди.
Асосий камчилиги, шиша осон қирилишади ва чизилади, қўлда сирпанади ва бармоқ излари қолади, шу сабаб бу турдаги смартфонлардан чехол билан фойдаланилади.

Металл
Илгари металл корпусли смартфонлар жуда қиммат эди, лекин бугунги кунда ушбу материал ўрта нарх доирасида кенг тарқалган. Қурилмалар ҳали ҳам замонавий ва юқори технологияли кўринишга эга.

Металл корпус энг чидамли дегани эмас: мустаҳкам металлар жуда оғир, шунинг учун смартфонлар кўпинча енгил ва юпқа алюминий қотишмасидан тайёрланади, улар эҳтиётизлик билан босилганда эгилиб, деформацияланади.
Ҳар қандай металл радиотўлқинларни ёмон ўтказади, шунинг учун ишлаб чиқарувчилар сигнални яхшироқ қабул қилиш учун уларни махсус пластмасса қўшимчалар билан жиҳозлашади. Шунингдек металл смартфонлар симсиз зарядлашни қўллаб-қувватламайди.

Сиз қайси материал турини афзаллик ва камчиликларини биласиз? Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб, шарҳларда фикрларингизни ёзиб қолдиринг.

#маълумот
Бизнинг назаримизда керакли ва фойдали программалар:

• Черный список (Қора рўйхат)
Ушбу илова ёрдамида сиз қора рўйхатингизни осонгина бошқаришингиз, кирувчи қўнғироқлар ва СМС-хабарларни, шунингдек номаълум ва яширин рақамларни блоклашингиз мумкин.
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.vladlee.easyblacklist

• SignEasy | PDF ва бошқа файлларни имзолаш
Бу сизнинг Android телефонингиз ёки планшетингиз ёрдамида ҳужжатларга имзо қўйишнинг энг осон ва тезкор усули. Баъзи электрон ҳужжатларни (мактаб сўровномаси, ижара шартномаси) қоғоз шаклида чиқариб, имзо қўйиб, сканерлаб, яна қайта электрон шаклда жўнатиш вазифаларида, ишингизни анча енгиллаштиради. (Note сериясидаги смартфонларнинг ўзида ушбу имконият мавжуд)
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.glykka.easysign&hl=ru

• Приложение Фото на документы (Ҳужжатлар учун фото илова)
Смартфонингизда олинган фотосуратлардан ҳужжатлар учун фотосуратни осонгина яратишингиз мумкин.
Иловадаги тайёр фотосурат стандарт ҳажми 10х15 см, лекин сиз уни ўзгартиришингиз мумкин.
https://play.google.com/store/apps/details?id=jp.gr.java_conf.siranet.idphoto

• NetGuard - no-root firewall
Интернетга киришни блокировка қилишнинг оддий ва кенгайтирилган усулларини тақдим этади. ROOT ҳуқуқи талаб этилмайди.
Ушбу илова ёрдамида, интернет трафигингизни назорат қилиш орақали уни тежашингиз мумкин. Масалан, мобил интернет ёқилганда фақат Telegram ишлашига, Wi-Fi тармоғига уланганда бошқа иловалар ҳам интернетдан фойдаланишини белгилаб беришингиз мумкин. (Замонавий смартфонларда ушбу имконият тизимнинг ўзида мавжуд.)
https://play.google.com/store/apps/details?id=eu.faircode.netguard

• ZEDGE Рингтоны, обои
Бепул фон расмлари, рингтонлар, илова иконкалари, будильник ва билдиришнома қўнғироқлари ёрдамида смартфонингизни ўзингизнинг хоҳишингизга мослаштириш учун энг ишончли илова.
https://play.google.com/store/apps/details?id=net.zedge.android&hl=ru

Каналимизда 200 дан ортиқ турли хил иловалар ҳақида маълумот мавжуд. Ўзингизга кераклисини топиш учун #APK хештегини танланг.

#APK
🔥1
​Ucell ва UzMobile мобил алоқа операторлари абонентлари сони ҳақида

Яқинда бир неча мобил алоқа операторларимиз ўз абонентлари сони ошганлигини эълон қилишди.
- "Ucell" абонентлар сони бўйича "Beeline"дан ўзиб кетди - 6-август 2020 й.
- UZTELECOM мобил тармоғининг (UzMobile) абонент базаси 6 миллионга етди! (26-август 2020 й.)

Юқорида кўрсатилган давлатга қарашли иккала оператор хизматларидан ўзим фойдаланганим учун, абонентлар сони нима ҳисобидан кўпайгани ҳақида баъзи фикрларимни ёзмоқчиман.

Барча операторлар "Оммавий оферта" ҳужжатида, хизматлар учун маълум муддат тўлов қилинмаса абонент билан шартнома бекор қилиниши ҳақида айтиб ўтилган.
Beeline - 60/90 кун, Mobi.uz - 60 кун, UzMobile - 60 кун, Ucell - 150 кун.

2020-йил 6-мартдан бошлаб, Ucell тўлов қилмаган абонентлар билан шартномани бекор қилиш муддатини 150 кунгача узайтирди. Бу эса фаол бўлмаган, лекин абонент сифатида ҳисобланадиган фойдаланувчилар сонини оширади.
Эслатиб ўтаман, давлатга қарашли Ucell компаниясини хусусийлаштириш (сотиш) режалаштирилган.

"Ўзбектелеком" АК давлат ташкилотига қарашли UzMobile мобил оператори асосан энг арзон интернет билан абонентлари сонини кўпайтиришга эришди.
Эслатиб ўтаман, "Ўзбектелеком" республикамиздаги интернет хизматлари кўрсатадиган барча оператор ва провайдерларга ташқи интернет каналдан трафикни харид қилиб, ички бозорга сотувчи ягона давлат ташкилоти.

Қизиқ бир ҳолат: UzMobile абонент базаси 6 миллионга етишидан 3 кун ўтиб (шу йилнинг 29-августи), оператор абонентларида ҳисобни аниқлашда, USSD кодлар ишлашида муаммолар юзага келди.
Мана орадан 4 кун ўтиб ҳам (2-сентябрь), UzMobile ўз абонентларига (мижозларига) на сайти орқали, на СМС хабари орқали тушунтириш берди.
Оператор Call-марказига қўнғироқ қилиб тушишни эса эсламаса ҳам бўлади.

Аҳвол бундан ҳам ёмонлашишига, шу йилнинг сентябр ойи ўрталарида ишга тушиши режалаштирилган Humans виртуал мобил алоқа оператори сабабчи бўлмайди деб умид қиламиз. Чунки янги оператор, UzMobile оператори таянч станциялари ва ресурларидан фойдаланиши ҳақида маълумот берилган.

Савол: Сиз юқорида кўрсатилган иккала оператор кўрсатаётган хизматлари ва келажаги ҳақида нима фикрдасиз?
Асосли фикрларингизни шарҳларда ёзиб қолдиринг.

#оператор
👍3
​Смартфон камерасидаги диафрагма (апертура) нимани билдиради?

Смартфон техник хусусиятларида учрайдиган турли хил терминларнинг барчаси ҳам, оддий фойдаланувчилар учун қизиқ бўлмаслиги мумкин.
Лекин, смартфон камерасининг сифати фақат мегапикселларда ўлчайдиганларга, диафрагма ёки f/1.79 ва f/2.00 каби ёзувлар нимани ангалатишини билиш зарар қилмайди.

Диафрагма нима?
Техник хусусиятларда диафрагма f ҳарфи билан кўрсатилади ва қиймати қанча паст бўлса, шунча яхши ҳисобланади. Масалан, агар иккита турли хил смартфон f/1.79 ва f/2.00 диафрагмасига эга бўлса, бошқа параметрлари тенг бўлганда, биринчиси расмни янада ёрқинроқ ва аниқроқ қилиши керак.

Диафрагма, матрицага ёруғлик кирадиган туйнукнинг ўлчамини аниқлайди. Ушбу параметр қанчалик кичик бўлса, объектив орқали шунча кўп ёруғлик ўтади.
Фақатгина паст қийматли диафрагма ҳар доим ҳам яхши расмни кафолатламайди. Чунки расмларнинг сифатига бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатади: матрицанинг ўзи, объектив ойнасининг сифати, фотосуратларни смартфонда қайта ишлайдиган дастурий таъминот алгоритмлари ва бошқалар. Бироқ, диафрагма қиймати энг муҳим хусусиятлардан биридир.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Смартфон камерасидаги сунъий ақл (AI) ва дастурий таъминот ҳақида
• Смартфон камерасидаги оптик стабилизация нима?
• Смартфон камерасида сифатли фотосуратлар олиш маслаҳатлари

#маълумот #камера
​QR-кодини сканерлаш илова ва усуллари

QR-кодлари ҳаволалар, ҳужжатлар, расмлар каби маълумотларни қулай тарзда шифрлаш учун яратилган. Кодлар ҳам виртуал воситада (компютерлар, смартфонлар), ҳам жисмоний (қоғозли маҳсулотлар) жойлашган бўлиши мумкин. Аммо кўпчилик смартфонида QR-кодини қандай сканерлашни ва бунинг учун қайси иловадан фойдаланишни билмайди.

Аксарият замонавий смартфонларнинг ўзида сканер иловаси ўрнатилган бўлади ёки камера иловаси созламаларидан фаоллаштирилади. Баъзи смартфонлар камерасида эса, алоҳида "QR-код" режими мавжуд.
Камерангизни QR-кодга йўналтирганда шифрланган хабарни кўриш ёки бирор ҳаволани очиш таклиф қилинади.

Агарда ушбу функция смартфонингизда мавжуд бўлмаса, қўшимча имкониятларга эга турли хил иловалар Google Play Маркетда мавжуд.

Масалан, Kaspersky QR Scanner иловаси зарарли ва фишинг манбаларига олиб келадиган хавфли ҳаволалар бўлган QR-кодларидан ҳимоя қилади.

Вазифалари:
• QR-код сканери - QR-кодига боғланган матнлар, расмлар ва сайтларнинг хавфсизлигини тезкор текшириш.

• Фирибгарлардан ҳимоя қилиш - QR-код хавфли ҳаволани ўз ичига олган ёки зарарли сайтга олиб борадиган бўлса, тезкор огоҳлантириш.

• Ташриф қоғозларидаги (визитка) QR-кодларини сканерлаш, тез ва хавфсиз тарзда телефонингиздаги контактларга маълумотларни қўшиш.

• Сканерланган QR-кодларидан олинган маълумотлар қурилмада қолади ва эски ҳаволалар, расмлар ва сайтларга қайтишга имкон беради.

• Wi-Fi га тезкор кириш - QR-кодини уланиш параметрлари билан сканердан ўтказиб, Wi-Fi нуқтасига бир неча сония ичида уланинг.

Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=com.kaspersky.qrscanner&hl=ru

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот: QR-коди бу нима ва ундан қандай фойдаланиш керак?

#маълумот #APK
👍1
​Android қурилмаларининг аксариятида "Яқин-атрофга юбориш" (Обмен с окружением) функцияси қўшилди

Керакли файлни танланг ва тизим уни қайси қурилмаларга юборишингиз мумкинлигини кўрсатади.

Google компанияси расман, "Яқин-атрофга юбориш" (Обмен с окружением) ёки "Nearby Sharing" деб номланган Android қурилмалари ўртасида маълумотларни узатиш учун махсус технологияни тақдим этди.

У Android 6.0 ва ундан юқори тизимдаги смартфонларда мавжуд бўлиб, атрофингиздаги одамлар билан файллар, ҳаволалар ва расмларни тез улашишга имкон беради (алоҳида илова кўринишида қўлда ўрнатилмайди, юқори панелда белгиси автоматик қўшилади).
Ушбу функция ишлаши учун Wi-Fi, Bluetooth ва мобил Интернет уланишидан фойдаланиши мумкин.

Юбориш жараёни жуда оддий: Бирор иловада файлни ёки ҳаволани танлагандан сўнг, "Улашиш" (Поделиться) менюсини очинг, "Яқин-атрофга юбориш" белгисини босинг ва қабул қилувчини танланг. Файлларни қабул қиладиган қурилмада шу номдаги элементни танланг ва кейин очилган хабарномада "Қабул қилиш" (Принять) тугмасини босинг.

"Яқин-атрофга юбориш" функцияси қандай фаоллаштирилади?
1. Смартфонингизда Bluetooth ва жойлашувни (геолокация)ни ёқинг.
2. "Созламалар" ни очинг.
3. Google -> Қурилма уланишлари (Подключения устройства) -> Яқин-атрофга юбориш (Обмен с окружением)-> Ёқиш ни танланг.
4. "Яқин-атрофга юбориш" функциясини ўчириш учун "Созламалар" белгисини босинг ва "Яқин-атрофга юбориш" функциясини ўчиринг.

#янгилик
​Суперилова (SuperApp) нима ва нима учун керак?

Суперилова нима?
Бу, бир вақтнинг ўзида турли хил вазифаларни бажаришингиз мумкин бўлган иловаларнинг битта иловада жамланиши.
Масалан, битта илованинг ўзидан такси чақириш ва таом ҳам буюртма бериш ёки пластик картангиздаги ҳисобингизни текширибгина қолмай, балки Интернетдаги харидлар учун ҳам тўловларни амалга ошириш имконияти.
Суперилова - бу операцион тизим ичидаги экотизим. Фойдаланувчи битта иловада кўплаб хизматларни олади, унда кўпроқ вақт сарфлайди ва тезроқ унга мослашиб боради.

Ҳозирда дунёдаги энг машҳур суперилова - бу хитойликларнинг WeChat иловаси, бу ерда фойдаланувчилар мулоқот қилишади, маҳсулот харид қилиб тўловларни амалга оширишади ва бошқа кўплаб вазифаларни бажаришади.

Юртимиздаги энг машҳур суперилова - албатта Telegram, лекин миллий маҳсулот сифатида банк иловалари ва тўлов тизимларини (Click, Payme, Apelsin) мисол қилиб келтириш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон бозорига яқинда кириб келишига қарамай суперилова бўлишга барча имкониятлари етарли Яндекс Go — Такси, етказиб бериш, ҳайдовчи, маҳсулотлар, озиқ-овқат ва HUMANS.uz иловалари ҳам мисол бўла олади.

"Google Хариталари" (Google Maps) Ғарбнинг асосий супериловаси ҳисобланади
Ҳозирда иловада такси чақириш, етказиб бериш хизматлари орқали озиқ-овқат буюртма қилиш, ресторанда стол буюртма қилиш, меҳмонхоналарни қидириш ва брон қилиш, диққатга сазовор жойларга ташриф буюриш учун чипталарни сотиб олиш, турли хил компаниялар вакиллари билан боғланиш мумкин. Бироқ, бу имкониятларнинг барчаси ҳозирча Ғарб давлатлари учун амал қилади.
Google яқинда суперилова томон яна бир қадам ташлади ва Хариталар иловасига ижтимоий фаолликни қўшди. 2020 йил июл ойи охирида бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар маҳаллий мутахассисларга обуна бўлишлари ва жойлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни кузатишлари мумкин. Бундай ҳолда, мутахассиснинг профили очиқ бўлиши ва обуна у томонидан тасдиқланиши керак.

Савол: Қайси ғояни маъқуллайсиз: битта илованинг ўзида барча хизматлар мавжуд бўлишиними ёки ҳаммаси учун алоҳида-алоҳида иловада?
Изоҳларингизни ёзиб қолдиринг.

#маълумот
​Зарядлаш қурилмасини розеткага уланган ҳолда қолдирса бўладими?

Баъзи фойдаланувчиларда смартфонни зарядлаш қурилмасини розеткадан чиқармаслик одат бўлиб қолган. Бу тўғрими ёки нотўғри, смартфон уланмаган зарядлаш қурилмаси электр энергиясини сарфлайдими ёки йўқ, каби саволларга аниқлик киритамиз.

Фойдаланилмаётган лекин розеткага уланган зарядлаш қурилмаси ҳақиқатан ҳам хавфли бўлиши мумкин. Сабаблари:

- электр тармоғидаги қисқа туташув юқори ҳароратни ҳосил қилиши туфайли ёнғин хавфи пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Албатта, зарядлаш қурилмасининг сифати (ҳақиқий ёки қалбаки) ҳам аҳамиятга эга.

- қувват сарфи. Баъзилар розеткада қолдирилган зарядлаш қурилмасига смартфон уланмаган бўлса, у электр энергиясини сарф қилмайди, деб ўйлашади. Бу нотўғри тахмин. Ушбу ҳолатда ток кучи нолга яқин, лекин ҳали ҳам жуда оз миқдорда сарфланади.

- ёш болалари бор оилалар яхши билишади, кичкинтойлар ҳар бир нарсани оғзига солишга ўч бўлади. Тўғри, зарядлаш қурилмасидаги ток кучи юқори бўлмаслиги мумкин, лекин таваккал қилмаган маъқул.

- момақалдироқ, зарядлаш қурилмаси розеткадан узиб қўйиш учун яна бир сабаб. Чақмоқ уриши ҳар қандай электр қурилмасини яроқсиз ҳолга келтириши эҳтимоли мавжуд.

#маълумот
​Бупул Wi-Fi тармоқларига уланиш хавфсизми?

Бугунги кунда очиқ Wi-Fi уланиш нуқталарини ҳар қандай жамоат жойида топиш мумкин, бу оддий қаҳвахонадан тортиб то савдо мажмуаларигача ёки баъзида бутун шаҳар ҳудуди (Навоий шаҳри).
Ушбу технологиянинг имкониятларидан фойдаланиб, хавфсизлик ҳақида ҳам унутмаслик керак. Фойдаланувчилар маълумотларини (расмлар, ёзишмалар, пароллар, банк ҳисоб рақамлари) қўлга киритиш учун бузғунчилар турли хил усулларни қўллашади.

Қуйида умумий Wi-Fi нуқтасига уланиш қандай хавф туғдириши ва ундан фойдаланишда ўзингизни қандай ҳимоя қилиш ҳақида билиб оласиз. (шахсий Wi-Fi тармоғингиз паролини билган бегона ҳам шу тарзда хавфли)
Энг кенг тарқалган хавф-хатарлар:

Трафик таҳлили
Wi-Fi нуқтаси эгаси ёки унга кириш ҳуқуқига эга бўлган шахс у орқали ўтадиган барча трафикни кўриши мумкин. Маълумотлар тўплами анализатори иловалари ёрдамида, уланган қурилмалардан қайси саҳифаларга кирганларини ва http протоколидан фойдаланадиган сайтларда нима маълумотлар киритганларини билиб олиши мумкин. Бу логин ва парол, хатларнинг матни, форумлардаги хабарлар бўлиши мумкин.
Бироқ, бу эскирган HTTP протоколидан фойдаланадиган веб-саҳифаларга тааллуқлидир, унга кўра барча маълумотлар ҳимояланмаган шаклда узатилади. . Бугунги кунда аксарият сайтларда хавфсиз HTTPS протоколидан фойдаланилади, бу орқали логин ва пароллар шифрланган шаклда узатилади. Ва уларни юқорида келтирилган усулда билиб бўлмайди. Аммо, бу уларни Wi-Fi орқали ўғирлаб бўлмайди дегани эмас.

Сохта саҳифалар
Сохта веб-сайтларни асл нусхаси билан бир хил қилиш, фойдаланувчи шахсий маълумотларини ўғирлашнинг яна бир усули. Wi-Fi уланиш нуқтаси эгаси, паролларни ўғирлаш учун яратилган машҳур ижтимоий тармоқнинг асосий саҳифасининг нусхасини жойлаштиради. Масалан, facebook.com ўрнига facebb00k.com сайтига йўналтиришни ўрнатиши мумкин.
Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган фойдаланувчи, ҳақиқий ижтимой тармоққа кириш учун логин ва паролини теради ва бузғунчининг қармоғига илинади.

Зарарли иловалар
Сохта веб-сайтларда бўлгани каби, умумий Wi-Fi нуқтасига уланган телефонни вирусли саҳифага йўналтириши мумкин. Ишонувчан фойдаланувчига бирор иловани юклаб олиб ўрнатиш таклиф этилади ва натижада маълумотлар ўғирланиши ёки смартфон блокланиши мумкин.

Номаълум Wi-Fi тармоқларига уланганда ўзингизни қандай ҳимоя қилиш керак
- Интернет сайт ва хизматларда аккаунт маълумотларини (логин ва парол) киритишда парол менежерларидан фойдаланинг.
- Интернет сайт ва хизматларда, паролни СМС ёки бошқа икки босқичли авторизация усуллари орқали тасдиқлашни ёқинг.
- Иловаларни норасмий манбалардан юклаб ўрнатманг.
- Барча қурилмаларингизда Wi-Fi тармоқларига автоматик уланишни ўчириб қўйинг.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Wi-Fi нима ва ундай қандай фойдаланилади?
• Wi-Fi тармоғи ҳимоясини текшириш иловалари
• Wi-Fi тармоғимга ким уланганлигини қандай аниқлашим мумкин?
• Огох бўлинг! Интернетдаги "зараркунанда" ва фирибгарлар

#маълумот #WiFI
​"Умри тугаётган" смартфон батареясини қандай аниқлаш мумкин?

Смартфон эҳтиёт қисмларининг ҳам "яшаш даври" мавжуд, фойдаланган ва вақт ўтган сари ўз ресурсларини йўқотиши табиий ҳол.
Ана шундай смартфон эҳтиёт қисмларидан бири, унинг батареяси. Баъзи фойдаланувчиларда 3-5 йилгача чидаб берган батарея, бошқаларда 1 йилга ҳам етмаслиги мумкин. Албатта бу ҳолат батареянинг сифати ва қандай шароитда ишлаганига ҳам боғлиқ.

Ноутбуклар ва Apple қурилмаларида (iPhone) батареянинг ҳолатини (қолган умри) тахминан аниқлаш, тизимнинг ўзида мавжуд. Android тизимида эса ҳозирча ушбу имконият йўқ ёки алоҳида иловалар (Accu​Battery) ўрнатиш керак бўлади.

Батарея ҳолатини аниқлашнинг бир неча усуллари:

1. Агар батарея олинадиган бўлса:
Контактлар
Смартфонни ўчиринг, қопқоғини очинг ва батареянинг металл контактларида занглаш (коррозия) белгилари мавжудлигини текширинг. Занглаш, батарея шикастланганидан дарак беради.

"Шишиб" қолиши
Агар батареяда "шишиш" аломатлари бўлса, ундан фойдаланманг. Батарея столда текис ётмайди ва осонгина "думалатса" бўлади. Бундай деформацияда, батарея корпусининг ёрилиши, кимёвий модданинг оқиб кетиши ва ҳатто ёнғин хавфи мавжуд.

2. Агар батарея олинмаса:
Деформациялар
"Шишиб" бораётган батарея смартфоннинг бошқа таркибий қисмларини сиқа бошлайди. У орқа қопқоқни кўтариб (бўшлиқ ва клей излари) ва ҳатто экранни (сенсори ёмонроқ ишлайди, оқ-сариқ доғлар пайдо бўлади, охир-оқибат экран кўрсатмай қолиши мумкин) ўзгартиради.

Қизиш
Эскирган батарея сезиларли даражада қизийди. Смартфондан фойдаланмаган ва зарядламаган вақтда ҳам ўз-ўзида қизиб кетади. Cмартфон нега қизийди?

Хулоса: батареянинг контакт жойларида коррозия бўлса, "шишиб" қолганда ва ҳаддан ташқари қизиб кетганда, эски батареядан воз кечиб, янгисига алмаштирган маъқул.

Батарея "умрининг" тезроқ тугашига, смартфонни узоқ муддат қуёшда ёки совуқда (баланд ва паст ҳароратда) қолдириш ҳам сабаб бўлади.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Афсона ва ҳақиқат: смартфон ёки планшет батареясини қандай қилиб тўғри заряд қилиш керак
• Нима учун смартфон батареяси тезда тугайди?
• Смартфонни тўғри зарядлаш ва батареясига оид қўшимча маълумотлар

#маълумот
👍1
Тунда (фойдаланмаган вақтда) смартфонингиз қанча батарея фоизини (%)сарфлайди?

Бирданига бир неча жавобни танлаш ҳам мумкин.
Anonymous Poll
44%
1-3%
29%
3-6%
20%
6-9%
23%
9% ва ундан юқори
19%
Парвоз (полет) режимида деярли сарфланмайди
​Смартфонда телевизион каналларни қандай кўриш мумкин?

Интерактив онлайн-телевидение кундан-кунга оммалашиб бораётган хизмат тури бўлиб, унинг ёрдамида сиз севимли филмларингиз, футбол ўйинлари, концертлар, баъзи сабабларга кўра ўтказиб юборилган дастурларингиз ва серияларингизни ўзингиз учун қулай вақтда томоша қилиш имкониятига эга бўласиз.

Смартфондан телеканалларни онлайн кўриш, бугунги кунда “Online-Maktab” лойиҳасидаги дарс жараёнларига қатнашиш ва ўтказиб юборилган дарсларни ўзлаштириш учун ҳам керак бўлиши мумкин (айниқса фарзандларингиз кўп, телевизор эса битта бўлса). Дарсларни лойиҳанинг расмий Telegram каналида (https://t.me/uzeduonlinemaktab) ҳам томоша қилиш мумкин.

ADSL/FTTx/Gpon каби технологиялар орқали оптик толали интернетга уланган фойдаланувчиларга, онлайн ТВ имконияти провайдерлар (Uzonline, Turon ва ҳ.к.з) томонидан тақдим этилган ва трафик сарфланмайди (TAS-IX тармоғида). TAS-IX бу нима?

Мобил операторлар томонидан ҳам (UzMobile дан ташқари) онлайн ТВ хизматлари кўрсатилади ва қуйида рўйхатдан ўтиш ёки пуллик обуна ҳисобидан интернет трафикни сарфламайдиган хизматлар ҳақида маълумот берамиз.

Турли хил обуна турлари ҳақида хизматларнинг ҳаволаси орқали тўлиқ танишиб чиқинг, онлайн ТВ иловасини ўчириш билан пуллик обуналар бекор бўлмайди. Иловадаги шахсий кабинет орқали пуллик обунани бекор қилиш мумкин.
Мобил трафикдан сарфланмаслиги учун VPN ва проксидан фойдаланманг! Прокси ва VPN бу нима?

- Beeline абонентлари учун:
• Beeline TV – Интернетингизни сарфламай севимли филмлар ва сериалларни томоша қилинг!

Фақат Beeline абонентлари учун! Beeline TV хизматидан фойдаланиш учун чексиз трафик тақдим этилади! Пакетдаги интернет-трафикни сарфламаган ҳолда, телевидение, минглаб филмлар, сериаллар, мултфилмлар ва севимли концертларни томоша қилинг! Ва яна - Beeline TV учун ўз ҳисобидан тўлаш имконияти!

ТВ (кунлик 599 сўм/ 30 кунлик 9 999 сўм). Бепул промо-муддат 7 кунганча.

Обуна бўлмаган ҳолда ва фақат рўйхатдан ўтилгандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг оммавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган телеканаллар рўйхати мавжуд бўлади.

Оптимал томоша қилиш учун, керакли минимал уланиш тезлиги - 2 Мбит/с. Beeline TV хизматидан, Beeline мобил интернет тармоғи орқали, ҳамда, бошқа оператор тармоғи ёки интернет-провайдер тармоқларида, шунингдек, Wi-Fi тармоғида ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд. Бошқа оператор ёки интернет-провайдернинг интернет-трафик учун тўлови, унинг шартларига мувофиқ ҳисобга олинади.
https://beeline.uz/uz/products/services/beeline-tv.html
https://www.beelinetv.uz/

- Ucell абонентлари учун:
• Mediabay онлайн кинотеатри

ТВ Старт - 30 кунга 20 000 сўм
Мобил трафик сарфланмайди
https://ucell.uz/uz/subscribers/services2/special_offers2/Mediabay_online_cinema

• iTV онлайн-кинотеатри
iTV onlayn-kinoteatri - Трафик ҳақида ўйламасдан, филм ва сериаллар томошасидан баҳра олинг! Ucell билан энди бунинг имкони бор.

Онлайн ТВ - 30 кун – 20 000 сўм
Мобил трафик сарфланмайди
https://ucell.uz/uz/subscribers/services2/portals_and_apps/itv_online_cinema

- Mobiuz (UMS)абонентлари учун:
• Аllplay мобил телевидениеси!

Mobiuz нинг “Mobil TV” хизматини фаоллаштиргандан кейин Allplay иловаси орқали сарфланаётган трафик нархланмайди ва мавжуд Интернет-тўпламларга таъсир қилмайди!

Online TV - 30 kunga 42 000 UZS
https://mobi.uz/uz/internet/mobile_internet/16716/

• iTV онлайн-кинотеатри
“iTV'дан“Mobil TV” - хизмати ёрдамида Mobiuz абонентлари “iTV” иловасида филм, сериал, телекўрсатувларни томоша қилиши мумкин

Телевидение - 30 кун - 42 000 сўм
Хизматни фаоллаштиргандан кейин танланган хизмат бўйича ва тегишли муддат давомида интернет-трафик нархланмайди.
https://mobi.uz/uz/internet/mobile_internet/20935/

Агар сиз рўйхатдаги бирон бир хизматдан фойдалансангиз, шарҳларда ўз таассуротларингизни ёзиб қолдиринг. Ушбу рўйхатда бўлмаган мобил операторлар учун бирор хизматни (илова) билсангиз маълумот беринг.

#маълумот #APK
​Smart Lock технологияси (ақлли блоклаш): бу нима ва у қандай ишлайди?

Смартфонимизга бегоналар томонидан рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш учун турли хил экран қулфларидан (блокировка) фойдаланамиз.

Одатда бу Android операцион тизимида мавжуд бўлган стандарт усуллар:

• Пароль. Экранни қулфдан чиқариш учун фойдаланувчи рақамлар ва ҳарфларнинг исталган бирикмасини ўрнатиши мумкин.
• Пин-код. Кириш учун 0 дан 9 гача бўлган 4 та рақамни териш керак.
• График калит. Қулфни очиш учун бир нечта нуқталарни маълум тартибда улаш керак.
• Бармоқ изи. Смартфон эгасига тегишли бармоқ изини ўқигандан кейин қулфни очадиган сканер.
• Юзни аниқлаш (Face ID). Экран қулфини смартфон эгасининг юзини аниқлаш орқали очиш.

Ушбу усулларнинг ҳар бири шахсий маълумотларни ҳимоя қилади. Аммо битта ноқулайлик бор. Агар фойдаланувчи смартфонни тез-тез қулфдан очишига тўғри келса, мураккаб график калит ёки узун паролни ёзиш вақт талаб этади.

Android нинг 5-версиясидан бошлаб тизимда Smart Lock функцияси мавжуд бўлиб, уни "ақлли блоклаш" деб таржима қилиш мумкин. Ушбу параметр, смартфон эгасининг ёнида бўлганда экранини блокламасликка имкон беради.
Масалан, сиз уйда ёки шахсий автомобилингизда бўлганингизда экран блокланмайди. Агарда доимий турган жойингиз ўзгарганда ёки смартфон бегонанинг қўлига тушганда экран блокидаги тегишли ҳимоя фаоллаштирилади.

Smart Lock қандай ишлайди?
Smart Lock ёрдамида смартфонингиз атроф-муҳитдан сигналларни, ишончли қурилмалар, шунингдек, жойлашуви ҳақида маълумотларни қабул қилади (гироскоп, bluetooth ва геолокация ёрдамида), уни хавфсиз деб билса ва экранни блокламайди. .

Smart Lock созламалари
Ишлаб чиқарувчи ва Android версиясига қараб, ушбу параметр "Хавфсизлик" ёки "Блоклаш экрани" менюсида ёқилиши мумкин. Шундан сўнг, агар созланиши мумкин бўлган 3 хил параметрдан бирортаси ёки барчаси бажарилса, смартфон экрани блокланмайди.

Smart Lock ишончлилиги
Кўриб турганимиздек, Smart Lock опцияси яхши ўйланган, кенг функционалликка эга ва фойдаланувчи қулайлигига қаратилган. Аммо баъзи бир усуллардан фойдаланганда, эҳтиёт бўлишингиз керак, чунки маълум бир усулларда бегоналар ҳам смартфонингиздан фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олинг.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Смартфонда алохида иловаларни қулфлаш (парол ўрнатиш) иловалари
• Битта смартфонда иккита фойдаланувчи ёки маълумотларни яшириш

#маълумот
👍1
​Сингапурликлар махсус фитнес илова ёрдамида бажарилган жисмоний фаолият учун $280 пул олишлари мумкин

Apple Watch (ақлли соат) ва iPhone даги LumiHealth фитнесс иловасидаги вазифаларни бажариб, Сингапурликлар 280 доллар олишлари мумкин. Бу Apple компанияси ва Сингапур ҳукумати 2020 йил октябр ойида бошлайдиган соғлиқни сақлаш соҳасидаги қўшма лойиҳаси ҳисобланади.

Лойиҳа аҳолини соғлом турмуш тарзига чорлаши керак ва технологияларни аҳоли ва бизнес учун жорий этиш бўйича "Smart Nation" миллий дастурининг бир қисмидир.

Мукофотни олиш учун сингапурликлар октябр ойида App Store да пайдо бўладиган LumiHealth номли иловани юклаб олишлари ва унда рўйхатдан ўтишлари керак. Мукофот медитация, пиёда юриш, сузиш, уйқу ва вакцинация каби амаллар учун тақдим этилади. Смартфон соғлиғингизни яхшилаш ва назорат қилишда қандай ёрдам беради?

Иштирокчилар, шунингдек, соғломлаштириш мусобақаларига ёзилишлари ва шифокорлар ва фитнес бўйича мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ўйинларда иштирок этишлари мумкин. Машқлар ёши, жинси ва вазни каби омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, шунинг учун спортчилар ўз соғлиғини энди назорат қилишни бошлаётган одамлар билан рақобатлашмайди.

"Биз келажагимизга сармоя киритишни давом эттиришимиз керак ва ўз соғлигимиздан кўра яхшироқ сармоя йўқ", деди Сингапур Бош вазири Хенг Сви Кит CNBC телеканалига берган шарҳида. "Ушбу ҳамкорлик сингапурликларга соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш ва дунё бўйлаб одамлар саломатлигини яхшилашга қимматли ҳисса қўшиш имконини беради."

Изоҳ: Бу Сингапур соғломлаштириш дастурларига сармоя киритган биринчи ҳолат эмас. Натижаларни эса қуйидаги таққослаш ҳаволаси орқали кўришингиз мумкин. https://u.to/gS2zGQ

"Касалликни даволашдан кўра, олдини олган маъқул" қоидасига амал қилинса, Сингапур оддий ечимлар орқали аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлигини узайтирибгина қолмай, тиббиётга сарфланадиган маблағни ҳам тежашга эришган.

Аҳолимиз орасида айнан юқоридаги каби рағбарлантирувчи лойиҳаларни жорий қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бунинг учун қиммат қурилма ёки ақлли соатларни харид қилишга ҳам зарурият йўқ, яққол мисол Beeline компаниясининг "Қадамлар учун Гиглар" акцияси. Фойдаланувчидан смартфонига GoogleFit иловасини ўрнатиш талаб қилинади.

#янгилик #мулоҳаза
​Mi Control Center | Miui 12 бошқарув маркази

Miui 12 услубидаги бошқарув панели ва билдиришномалар. (Тоза" Android, Samsung One UI, EMUI, MIUI график қобиқлари ҳақида маълумот)
Мукаммал бошқарув панелидан фойдаланиб кўринг ва уни ўзингиз ёқтирган тарзда созланг!

Mi Control Center телефонингиздан фойдаланиш усулини ўзгартиради. Тезкор созламаларни билдиришномалардан ажратинг. Билдиришномаларингизни ўқиш учун ҳолат панелидан пастга суринг ёки қурилма созламаларини бошқариш ва турли хил амалларни бажариш учун ўнг томонга пастга силжитинг.

Триггер зоналари сизнинг хоҳишингизга кўра созланиши мумкин.

Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=com.treydev.micontrolcenter&hl=uz

#APK
​Facebook раҳбари Марк Цукерберг қайси смартфондан фойдаланишини айтди

Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг америкалик техноблоггер Маркус Браунлига берган интервюсида ўзининг смартфонлар ва мобил операцион тизимлардаги танлови ҳақида гапирди.

Цукербергнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча йил ичида у Samsung смартфонларини танлаган, чунки у корейс ишлаб чиқарувчиси сифатли қурилмалар ишлаб чиқаради деб ҳисоблайди. Бироқ, тадбиркор унинг чўнтагида бўлган аниқ моделни номламади.

"Мен сўнгги бир неча йил давомида Samsung телефонларидан фойдаланаман. Ва мен уларнинг ашаддий мухлисиман", - деб жавоб берди ижтимоий тармоқ раҳбари.

Шунга кўра, Марк Android мобил операцион тизимини афзал кўради:
"Аксарият фойдаланувчиларимиз Andorid смартфонларидан фойдаланишади, шунинг учун мен ўзим ва Facebook менежерлари учун ушбу операцион тизимда фақат iPhone ишлатишдан кўра турли хил смартфонлар билан ишлаш тўғри деб ўйлайман", – деб қўшимча қилди Цукерберг.

Аввалроқ Марк Цукерберг App Store (иловалар дўкони) сиёсатидан норозилигини билдирган эди. У Apple компаниясини адолатли рақобатни йўқ қилишда ва инновацияларни тўхтатишда айблаган эди.

#маълумот #янгилик