📚 Ibratli Hikoyalar 📚
18K subscribers
6.95K photos
3.25K videos
44 files
16.4K links
Хаётий ва Ибратли ҳикоялар... Хикматлар хазинаси...
Инсон такдирини аччик синовлари...


Hamkorlik va reklama uchun 👇👇

@Bronzam

.



.



.



.



.





.
Download Telegram
Кўникиш

Қиз институтни битириб, ишга кирди. Мактаб шовқин, меҳнати оғир, қоғозбозлик кўп эди. Ишлашни истамади. Онасига арз қилди. "Ўқитувчилигинг учун ҳам тинимсиз  совчилар келяпди, узатиб юборай, билганингни қил! "

Турмушга чиқди. Энди ишлари янада кўпайди. Мактабнинг битмас-туганмас ғалваларига келинлик хизмати ҳам қўшилди.
Турмуш ўртоғига ишдан   бўшамоқчи эканлигини билдирди. "Хомиладор бўлсанг, туғруқ таътилига чиқиб дам олаверасан, озроқ ишлаб тур!" Уч йилгача фарзанд неъматини кутди. Бир йилгина уйда  ўтирди. Қайнонаси "Ишга чиқиб кетаверинг, болага ўзим қарайман, сизларга бир ватан керак, пул йиғиб иморат кўтаришни бошланглар!"-деди ҳовлининг ярмини кўрсатиб.
Кейинги фарзандлари ҳам кетма-кет туғилди. Учта боласи туғилганида  бор-йўғи уч йил дам олди. Ҳали ҳам ишлашни истамас,  қирқ беш минутлик дарс ўтиши азобга айланган эди. Йиллар ўтди, энди у асабий, бақироқ ўқитувчига айланган, ҳали ҳам ишламаслик ҳақида бот-бот ўйлаб қўяр, аммо энди  фарзандлари улғайиб кела бошлаган, уларни ўқитиш, уйлаб-жойлаш, қизини узатиши керак эди.
Ва ниҳоят нафақа ёшига ҳам етиб келди, яна ишдан бўшаб кетолмади, сабаби, қизига бешик бериши керак.
"Ўғлим машина олсин, ёрдам бериб юборай" "Катта ўғлим иморат бошлаган,  озгина қарашишим керак"
Ортига ўгирилса умр ўтиб кетибди, ўзи ҳам олтмишни қоралаб қолибди.

"Одамзотнинг орзу-ҳаваси сира тугамас экан, етмаган дунё етмас экан, битмагани битмас экан!"

Ишга келаётган ёшларнинг ўрнини эгаллаб тургандек ҳис қила бошлади ўзини. Энди бўлди, кетиши керак.
У бир умр орзу қилгани— ишдан бўшаш ҳақидаги аризани ёзар экан ичидан "Шу мактабга кириб келганимда қиз бола эдим, кампир бўлиб чиқиб кетяпман", —деган ўй ўтди, аммо, негадир  энди ишдан бўшашни сира истамаётган эди...
👍84❤14😢10😁3🔥1
Бола қалби

Одина ошхонанинг деразасини очиб юборди. Димоғига липа гулининг ёқимли иси келди. У кўп қаватли уйнинг ҳовлисига экилган кўркам дарахтга қараб пичирлади
—Ҳадемай каштан гуллайди.
Эртакларда тасвирланганидек гўзал дарахт. Гуллари ҳам ажойиб. Тўп-тўп. Тепага қараб ўсган...
Кейин эрталабдан бери қий-чув қилиб у ёқдан бу ёққа югураётган болаларга қаради.
Ўзбекнинг боласи қизиққон. Худди юртининг офтобидек қайноқ. Ҳеч тинч ўйнамайди. Бақир-чақир қилганча гала-гала бўлиб у кўчадан бу кўчага чопадилар. Тағин бари баравар гапиради. Ҳозир ҳам тўрт-бешта бола кимнидир ўртага олиб, бир-бирига гап бермай бақиряпдилар.. Одина шовқиндан қочиб энди деразани ёпмоқчи эди ёш боланинг зорланиб йиғлаган овозини эшитиб қолди.
—Ҳой, қўйиб юборинглар уни, ҳозир милиция чақираман! Таҳдид қилди ўзича. Болакайлар унга томон ўгрилганидан фойдаланган қоп-қора бола югуриб ўртадан отилиб чиқди ва йиғлаганча кўп қаватли уйлар учун мўлжаллаб қурилган   ахлатхонага қараб чопиб кетди. У худди ҳабашлардек қоп-қора, озғин, миттигина эди.
Одинанинг жаҳли чиқди, яна овозини баландлатди.
—Уят сизларга!  Шу кичкина болага ҳамманг ёпишасанми?
—У жудаям ёмон бола, биз билан ўйнамасин, —ўзини оқламоқчи бўлиб гапира бошлади болалар.
—Ундай қилманглар, Шерзодни ҳам ўйинга қўшинглар! Кўп йиллик ўқитувчининг гапи болаларга, умуман, таъсир қилмади. Ўзиникини маъқуллаб туравердилар.
Одина деразани ёпди. Ошхонадани суянчиғи йўқ стулга оҳиста чўкди. "Тавба, ҳозирги болалар бунча шафқатсиз бўлмаса? "
Кейин хаёли йиғлаб кетаётган озғин болакайга кўчди.
Беш йиллар олдин ахлатхона таъмирланиб,  бир хоналик уйча қурилди, сўнг  ҳовлисига нонлар алоҳида, елим идишлар алоҳида, қоғозлар алоҳида солинадиган катта-катта контейнерлар келтирилди. Атрофи ўралди. Кейин ёшгина лўли оиласи кўчиб келди. Бир йилдан кейин Шерзод туғилди. Ота-онасидан ҳам қорароқ болакай маҳаллада ўйнаб, тўрт ёшга тўлди. Ўша кезлари Одина ҳам неваралик бўлганди. Совуқми, иссиқми болакай ҳеч қандай шароити йўқ шу уйда сира касал бўлмай улғаяр, унинг папалаган неварасининг касалдан боши чиқмасди.

—Бувижоон! Ман билан ўйнийсанми?
Ичкаридан невараси Абдулборий чиқиб келди. Хаёллари тўзғиб кетди.
—Нима ўйнаймиз, болам?
—Лайлак келди ўйнийлик...
Одина бирдан ўрнидан турди.
—Юр, сени ўртоққа олиб бораман. Бирга ўйнайсизлар.
Жажжи болакай турган жойида сакрай бошлади.
—Кўчага чиқамиз! Кўчага чиқамиз!
Ўша куни Одина неварасини Шерзод билан таништирди.
—Бирга ўйнанглар! Ўзи эса уларни кузатиб ўтирди.
Болакайлар ёнма-ён турса, бир-биридан  шахмат доналаридек ажралиб қоларди.
Одина эртасига ҳам уларни дўстлаштирмоқни истади.
Учинчи кун эшик тақиллаб, Шерзод Абдулборийни чақириб кетди.
Бироздан сўнг невараси қайтиб келди.
—Бувижон, маҳалладаги болалар дўстимни уряпди!
Одина ёрдамга ошиқди.
Эртасига яна эшик тақиллади.
—Ўртоғинг келди, —деди Одина неварасига қараб.
—Ўйнамайман, бувижон, Шерзод ёмон бола экан, —деди болакай, кейин эшик ёнига келиб гапирди.
—Сан билан ўйнамийман.
Одина неварасини кўндира олмади. Болакай уйда ўйинчоқларини ўйнаб ўтираверди. У Шерзодни уйга етаклаб кирди.
—Мана шу ерда ўйнанглар, хўпми?
—Хўп, бувижон, лекин ўртоғим ёмон бола экан...
—Унақа дема!
Келини невараларини айлантиргани олиб кетди. Эшик очиқ қолди. Одина ошхонада ўтираркан деразадан Шерзодни кўриб қолди. Болакай уларнинг йўлагидан кириб келарди. Аёл эшик тақиллашини кутиб ўтирди. Ажаб, эшик тақилламади. У хайрон бўлиб деразадан боқаркан у яшайдиган кўп қаватли уйнинг йўлагидан  қайтиб чиқаётган Шерзодга кўзи тушди. Болакайнинг қўлида неварасига ўзи ҳадя қилган каттакон "Камаз" машинаси бор эди. У уйдан чиқди-ю орқа-олдига қарамай ахлатхонага қараб югуриб кетди.
Аёл шундагина ўтган куни  уйдан  йўқолган Абдулборийнинг энг яхши кўрган ўйинчоғи —кўтарма кранли машинасини эслади, кейин коптоги изсиз кетганини..
Буларнинг барчаси келини невараларини айлантиргани олиб кетганда содир бўлганди...
Беихтиёр митти Абдулборийнинг сўзлари ёдига тушди.
—Бувижон, ўртоғим ёмон бола экан...Бошқа ўйнамийман.
👍121🤔9❤6🔥3
Садоқат

Гунафшанинг турмуш ўртоғи вафот этди. Тўсатдан. Кутилмаганда. Жудаям ёш эди ахир. Эри жаҳлдор бўлса ҳам ғамхўр бўлган экан. Эээнди биляпди Гунафша. Рўзғорини бутлаб қўярди эри.
Ўртоғи бор эди, мўмингина, дамба-дам келиб турарди. Исми ҳам Қобил эди. Унинг аёлига ҳавас қиларди Гунафша. Қандай ювош одам, қандай юмшоқ табиатли, аёлига сира қатиқ гапирмайди, дерди. Соддадиллик билан аёлнинг ўзига ҳам айтди шу гапларни. Мийиғида кулиб қўйди аёл. Тушунарсиз эди бу кулгу.

Турмуш ўртоғи вафот этди-ю, Гунафшанинг бошига тоғлар қулади. Шундагина у Элмурод акасининг ўта ғамхўр бўлганлигини, у тирик чоғи рўзғор деган ғор ҳақида мутлақо ўйламаганлигини эслади. Авваллари иллат бўлиб кўринган турмуш ўртоғиининг одатлари энди фазилат бўлиб кўрина бошлади.
Ўйлай-ўйлай касал, бўлди, тушкунликка тушиб қолди.

У Тошкентда ёлғиз эди. Қишлоққа қайтишни истамади. Куни бир зайлда ўтаркан айни қийналган чоғи эрининг дўсти эшик қоқди. Мулойим эди у, рўзғорига ул-бул ташлаб кетди.
Кейин яна келди, яна...
Бир куни у Гунафшани никоҳига олмоқчи эканлигини айтди.
Аёлнинг бошидан биров қайноқ сув қуйиб юборгандек бўлди.
Эшикни қаттиқ ёпди аёл. Эркакнинг юзига ёпди эшикни. Олиб келган нарсаларини бетига улоқтирди.
—Ҳеч қачон келманг уйимга!

Шу куни яна эрини эслади. Турмуш ўртоғини шу билан солиштирибди-я?!
Дўстининг гўри совумай туриб нафсининг етовига юрган одам билан-а?!
Садоқати йўқ экан бу одамнинг!

На оиласига! На дўстига!

Гунафша ўшанда Қобилнинг аёли нимага кулиб қўйганини энди тушунди. У энди билади. Дунёдаги энг ёмон одам садоқати бўлмаган одам экан!

Феруза Салходжаева
👍105🔥7❤5🤔1
Садоқатли дўстим

Болалигимда,  дўстларингни санаб бер дейишса маҳалладаги таниган ,танимаган бир -иккита дугоналаримни исмини айтиб, бармоқ букардим. Ёшим улғайиб,  ҳақиқий дўст ҳар қандай ҳолатингни ийманмай айта оладиган, бор ҳасратинг-у қувончингни жон қулоғи билан тинглаб ўзингдан -да эрта чора излайдиган инсонлар эканлигини англадим. Шукурки, шундай дўстларим бор, булар  --жон жигарларим. Бугун ҳам устозим, ҳам маслаҳатгўйим , вақти келганда юпанчим, Феруза опа, сизга дил ёргим келди. Сиз 17 ёшингизда мактабда она тили ва адабиётдан дарс бердингиз ва илк ўқувчиларингиз ўзингиздан атиги 3 ёш кичик акам ва мен , уйда буюрган ишингизни қилмасак-да, мактабда дарсингиз сеҳриданми, устозлик мақомини англабми , сипо тортиб қолардик. Буни ҳар йиғилганимизда кулиб -кулиб эслаймиз. Аммо болалигимда(менимча ўсмирлигимгача) ,, Агар айтган ишларимни бажарсанг,сенга кечқурун эртак айтиб бераман" дердингиз.

Бу  ўзингиз ижод қилиб айтадиган бир -бирига сира ўхшамас эртакларни эшитиш учун ҳамма ишни қойиллатишга тайёр эдим. Аммо энди тугатишни бошлаганингизда бажарган ишларимни пеш қилиб тўхтатмаслигингизни талаб қилардим , шунда сиз уддабуронлик билан,, Оқ рўмолни"айтишни бошлайсизу,( бу мен учун қўрқинчли бўлган эртак )қўрққанимни сездирмай ўзимни ухлаганга соламан. Ҳозир булар энг ширин хотирага айланган.

Бир зум этагингиздан ажралмайдиган синглингиз тақдирни қарангки, сиз келин бўлиб тушган оилага набира келин бўлдим. Кейинчалик , ва (ҳозир ҳам)  сизга қўшни бўлиб бордим. Сиздан ҳаёт сабоқларини ўрганишда давом этдим. Мен ёшгина онага гўдакларим парваришида суянч бўлганингиз учунми фарзандларимнинг сизга меҳри   бўлакча. Талабаликнинг 3- босқичида ўзингиз ишлаган мактабга ишга олиб  бордингиз , мен эплолармиканман десам ҳар доимгидек: ,, Эплайсан, ўзим ёрдам бераман, "дедингиз. Сиз билан ишлаш ҳам завқли, ҳам енгил эди.
Эсимда, ҳомиладорлик таътилидан чиқсам,  дарс соати йўқлигини айтиб бошқа анча олисдаги мактабга йўллашди. (у мактабга транспортда борилади) Яна жонимга оро кирдингиз: ,,Йўқ бунинг болалари ёш , менинг дарс соатларимни беринг", дея директорга илтимос қилдингиз, табиийки тажрибали устозни қўйиб юборишни хоҳламаган директорга :,,Ишонинг, бу зўр ўқитувчи бўлади " деб, ўзимни ҳам уни ҳам ишонтирдингиз. Шундай қилиб, 15 йил ишлаган мактабингиз, қадрдон коллективингиз билан хайрлашдингиз. Аммо биз учун битта қувонч бор эди, биз битта туманда , бир хил фандан дарс берамиз,  20 йилдан буён туман миқиёсида қандай юмуш, қандай тадбир бўлсин биргамиз. Биламан, кўпчиликнинг менга ҳаваси келади.
Баъзан шундай ҳақиқий маънодаги дўстим борлигидан ўзимнинг ўзимга ҳавасим келади.
Сизга бахтингизга кўз тегмасин, дейман! Менинг бахтимга узоқ умр кўринг, опажоним, садоқатли дўстим!

Маҳбуба Баҳодир қизи
👍80❤10
Кексалик остонасида

Толиҳа тўйга отланганига уч кун бўлди. Аввал ўзига тузукроқ кўйлак ҳарид қилишни истади, сўнг яхшироқ  оёқ кийим... Албатта,  энди кийинишга ҳаққи бор. Бола-чақасидан қутулди. Ўғлини ўрга, қизини қирга ёйди. Холаваччаси Дилором болаликдаги ўртоғи. Кенжа ўғлини уйлантираётган экан. Тўйга айтганига бир ой бўлди. У ана бозорга бораман, мана бозорга бораман дегунича тўй куни яқинлашиб қолибди. Ўғилларидан пул сўрагиси келмай юрди.
—Тавба, ўз боламдан пул сўрай олмайдиган қандай онаман ўзи? Улар ҳам ўзи билиб бир сўм берай демайди. Онам уйда ўтиради, янги кўйлак  кийиб қаёққа боради, қорни тўқ бўлса бўлди деб ўйласа керак-да!
У деярли бир ой шу ўй билан юрди. Кейин уч ўғилнинг ҳар биридан пул сўраб олди. Тавба,  кейин бориб ўз болангга ҳаддинг сиғмай қоларкан. Ўғиллари оғринмай пул берган бўлсада, Толиҳа, барибир ҳижолат бўлди.

Ана одам-у, мана одам. Кийим бозори гавжум эди. У туртиниб, суртиниб кўйлакларни кўра бошлади. Назарида, ҳаммаси қандайдир бачкана эди. Авваллари ялтироқ нарсаларга, ёрқин рангли либосларга қарарди, ҳозир қорами, тўқ яшилми кийим излай бошлаганини пайқаб қолди.  Юриб-юриб, ҳеч нарса харид қилолмади. Чарчади. Бозор четидаги емакхонага кириб, кабоб айтди.
—Жазми, қиймами?
Ҳа, дарвоқе, у жаз еёлмайди, тишлари тамом бўлган. Истагига қарши бўлса ҳам юмшоғини, чайнаса бўладиганини танлади.
—Қийма берақолинг, иккита. У стол устига қўйилган қоғоз салфеткадан биттасини олиб, пешонасини,  юзларини артди.
—Қанақа чой ичасиз?
У аваллари кўк чойни ўлгудек ёмон кўрарди. Тахир, доридек аччиқ деб ёқтирмасди, аммо энди ичишга мажбур.
—Кўк, яримта нон ҳам олиб келинг, —деди секин.
Дастёр қиз кетгач, атрофга разм солди.
Шундоқ эшик тагидан болалик дугонаси Камола ўтиб борарди.
—Ишқилиб кўриб қолмасинда. Жуда кўп гапиради. Ҳозир уни маъқуллаб ўтиришга ҳам тоқатим йўқ,-деди ичида. Хайрият, ўртоғи емакхонага кирмади. У кейинги пайтларда ортиқча гап-сўзлардан ҳам қочадиган бўлиб қолганди.
Бюртмаси келди. Бир бурда нон билан  битта қийма кабоб еган бўлди, аммо чойнинг ҳаммасини ичиб қўйди. Бир сих кабобни  қолган нон билан қўшиб халтасига солди.
У ҳеч нарса харид қилмай, уйига қайтди. Ёшлигида бозор оралаб чарчамасди, шу ҳам ёқмай қолибди.

—Ойижон, нима олдингиз? —деган келинига
—Ҳеч нарса,—деб жавоб берди, сўнг ҳорғин қадамлар билан уйга йўл олди.
У зиналардан битта-битта кўтариларкан тўйга боргиси келмаётганини пайқаб қолди.
—Нега ҳеч нарса олмадингиз? Бирортаям кўйлак ёқмадими? Келини саволларни ёғдириб ортидан юриб келди.
Толиҳа эшик тутқичига қўл узатаркан, сокин овозда жавоб берди.
—Унақа муҳитлардан чиқиб қолибман болам. Тўйга бормайман, —деди.
—Вой, нега?
—Чарчадим шекилли...
Сўнг эшикни оҳиста ёпиб қўйди.

Келинчак ҳеч нарсага тушунмай турар, шундай имкониятни қўлдан бой берган қайнонаси билан гаплашиб сабабини билгиси келаётганди.

Толиҳанинн  бўлса, негадир ўзи билан  ёлғиз қолгиси келди. У истаётган нарса бу эмасди.
Аёл ўзи билан нима содир бўлаётганини тушуна олмаётган бўлсада, қандайдир тозаланиш жараёнида эканини сезиб турарди. У кексалик остонасига мана шундай сокинлик билан кириб бораётганди.

(тугади)

Лайк босиб кетинг, кўнгил учун.
👍80🔥5👏5🤔2🌚2
Неъмат

Ака-ука орасидан гап қочди. Ҳаммаси арзимаган нарсадан бошланганди, аммо иккисининг арази бир ойга чўзилиб кетди. Охири ука чидолмади. У жигарини соғина бошлаган эди. Истамаса ҳам ҳар куни бир марта шуурига урилаётган ёмон хотира яна ёдига тушди.
—Хотинингни тарбиялаб ол, эркакмисан, ўзи?!—ўдағайлади Қобил.
Аслида, акасининг ўзи янгаси чизган чизиқдан ҳатлаб ўтолмайдиганлардан.
—Қўйинг ака,  аёлларнинг ишига аралашмайлик! —деди у ҳам  овозини баландлатиб.
—Сен ҳали ўзингни эркакман деб юрибсанми?!
У ёғи эса эшитишга арзимаганидек, ёзиш учун ҳам ачинарли... Неварали одамларга бундай жанжаллар уят, аслида. Инчунун ёши олтмишдан ошиб Ҳақнинг олдига кетаётган одамларга!

Негадир, овсинлар ярашиб кетди-ю, жигарлар гаплашмай қўйди.
Меҳриддиннинг тоби қочиб қолди,  акага хабар бердилар.
—Амаки, дадамни бир кўриб кетасизми? Сизга илҳақ бўлиб ётибдилар,-деди жияни бошини эгиб.
— Мен отангга ҳеч нарса демадим. Мана, ноҳақ эканки, Худо уни жазолабди!
Жияни  йиғлаб қайтиб кетди...

Ука бетоб ётаркан хаёлида амаллаб туриб олишни ўйларди.
"Акамдан кечирим сўрашим керак!"
У иситмалаб ётиб ҳам алаҳсирарди. "Ака, кечиринг!"
"Қобил ака, кечирдизми?"

Бир тонг яхши уйғонди. Хатто бир коса қайноққина сут ичди. Руҳи тетик эди.
Ўғлини чақирди.
—Мени амакингникига олиб бор!
Аёли кўзига ёш олди. Ўғли чопқиллаб бориб машинани ўт олдирди, кейин отасини қўлтиқлади.

Дарвозани янгаси очди
—Келинг, келинг, яхшимисиз Меҳриддин?
Уйга бошлади.
Қобил  меҳмоннинг саломига ўрнидан турмай қўл узатди.
—Мани кечиринг, ака! Ўша куни сизни қаттиқ хафа қилдим. Кичикдан хато, каттадан узр. Мен аблаҳни кечиринг.
—Сенга қанча яхшилик қилганимни унутдинг, худойим ўзи кўрсатиб қўйди. Энди ўзингдан кетма!
—Хўп бўлади, ака, тўғри айтасиз!
—Бўпти, чойга қара!
Ука ўша куни тинч ухлади.  Туш кўрибди. Тушида етмиш минг фаришта унинг ҳақига истиғфор айтаётганмиш. 
—Сизлар кимсиз? —сўрабди у.
—Биз то Қиёматгача сенинг ҳақингга истиғфор айтишга буюрилган фаришталармиз!
—Бу мукофотлар қайси амалим учун?-сўрабди яна у кўзларига ишонмай.
—Ҳақ бўла туриб, кечирим сўраганинг учун, жанжални тарк этганинг учун! —дебди фаришталар.

Эрталаб уйқудан барвақт турган Зубайда қўрқиб кетди, кейин тез юриб ҳовлига тушди.
Обдаста тутганча таҳорат олаётган турмуш ўртоғини кўриб, енгил тин олди.
—Хайрият! Аллоҳим ўзингга шукур!

Кечира олиш ҳам бир неъмат экан. Аллоҳ қалбларимизни ўзи ислоҳ қилсин.
👍32❤4🥰1
Ёлғон хотира


Марҳабо қадрдон уй остонасидан ўтаркан юраги бошқача бўла бошлади. Мана бу жойда супа бўларди. Темирдан ясалган катта кроват. Унда баҳорнинг илиқ кунларидан бошлаб, кузнинг салқинигача жой қилинарди. Онаси раҳматлик чол-кампир бўлиб қолган бува-бувисини кўргани келган меҳмонларни тандирда сомса ёпиб, шу супада меҳмон қиларди. Кузда қовоқ, баҳорда кўк сомса ёпар, бошқа пайт гўштлик сомса узарди тандирдан. У тандир турадиган жойни қидирди. Ҳовли адоғидаги бурчакка ҳозир замонавий ошхона тушган.

Қачонлардир бу ҳовлида иккита овсин бўларди. Онаси ва Роҳила опоқиси. Опоқиси давлат ишида ишлар, онаси ўзининг бешта боласига қўшиб унинг тўртта фарзандига ҳам қарар, касалванд бува-бувисининг хизматига ҳам улгурар, сира нолимасди. Эллик ёшигача қайнона-қайнонасининг хизматида турган онаси улардан кейин беш йилгина яшаб, ўзи ҳам оламдан ўтиб кетди. Марҳабонинг кўзига ёш келди. Жонсарак, меҳрибон, дилдор эди онаси.
Ичкаридан чиқиб келаётган амакисининг қизи-болалик ўртоғи Зарифани кўриб, кўз ёшини артди, юзига табассум қўндирди.
—Ассалому алайкум, Марҳабо опа, келинг-келинг, кеч қолдингиз? Ҳозиргина сизни эслаётгандик.
Марҳабо сари қучоқ очиб кела бошлади аёл.
Мана ярим йил бўлди, қариндрш аёллар ойда бир марта йиғилиб турадиган бўлдилар. Бугунги навбат Роҳила опоқиники эди. Саксонга яқинлашиб қолган аёл ҳамон тетиккина. Бир уй хотинга гап бермай ўтиради.
У меҳмонхонага кириб борганида тўкин дастурхон атрофида ўтирган аёлларнинг суҳбати қизғин эди.
Марҳабо кечикиб, ҳаммани безовта қилганидан ҳижолат бўлар, қайта-қайта
—Қўзғалманглар, ўтираверинлар,-деса ҳам ёшроқ аёллар ўрнидан туриб кўришмоққа ҳаракат қилар, бунга сари баттар ҳижолат бўларди. Фақат Роҳила опоқиси ўтириб кўришди.
—Турмадим, болам, яхшимисан?
Ўтирган жойида қучоқ очди аёл.
—Ассалому алайкум.
У онаси билан бир ҳовлида яшаган қадрдонини қучоқлар экан бир дамгина кўнгли ўксиди "Ойим ҳам яшасалар бўларди!" Кейин ҳар доимгидек тақдирига кўниб, жойига ўтирди. Аёллар издиҳомида урфга айланиб кетган манзиратлардан сўнг ҳамма яна ўзаро суҳбатга киришиб кетди. Марҳабо уйга разм солди. Бу хона аввал ҳам меҳмонхона вазифасини ўтарди, энди кенгайтириб, шифтини ҳам кўтарибдилар, замонавий таъмирланибди. Онаси ҳар йили баҳор келиши билан уй кўтарар, челакка оҳак солиб, оқлаб чиқарди. Сув солиниши билан вижиллайдиган оҳак бўлаклари бир зумда оқ қуйқага айланар, Марҳабо уни завқланиб томоша қиларди. Ишга эрта кетиб, кеч келадиган овсини учун ҳам онаси меҳнат қиларди.
Бир-бирига гап бермай, чуғурлаётган бир уй аёлнинг овозини Роҳила опоқининг ўктам овози хушёрликка чорлади.
—Қани энди мени эшитинглар. Аёл бир умр давлат ишида ишлаган бўлиб, керак пайтда одамларни ўзига жалб қила оларди. Хозир ҳам аввал ҳаммани ўзига қаратиб, кейин гап бошлади.
—Мана шу уйда неча йил қайнона-қайнотамнинг хизматини қилдим, ётиб қолганида парвариш қилдим. Шу уйнинг ўчоғидан кириб, кулидан чиқдим. Нима хизмат бўлса, оғринмай қилдим. Мана энди қариганимда иззатда ўтирибман...
Аёллар жимгина тинглар, ёши улуғроқлари кампирнинг гапини маъқуллаб қўярди.

Марҳабо ғалати бўлди. Унинг болалик хотираларида бундай тасвирлар йўқ эди. Бир умр ишлаган опоқиси якшанба кунлари ё уйига кетар, ёки дам оларди. Уй бекаси номини олган онаси учун якшанба ҳам оддий кун эди. Лекин нолимасди унинг онаси.
Аёл кўп гапирди. Ҳар гап бошлаганида Марҳабо аёлга бир умид билан тикилди. Назарида аёл овсинини эслаши керак эди. Йўқ, ярим соат гапирган бўлса, ярим соат мақтанди кампир, аммо унинг онасини эсламади. Кампир-чолни ҳам ўзи парвариш қилган бўлиб чиқди.
Марҳабонинг томоғидан овқат ўтмай қолди. Онаси билан боғлиқ энг гўзал хотираларини ўчириб, ўрнига ўзи жойлашиб олаётган аёл билан бир даврада ўтиргиси келмай қолганди. Кўзига қуйилиб келаётган ёшларни енгиб ерга боқди.

Ўтириш тугаб, ҳамма бир-бир тарқала бошлаганида у ҳам ўрнидан қўзғалди. Ҳовлига чиқар экан кўзи яшнаб ётган ишкомга тушди. Онаси экканди бу узумларни. Мавжланиб ўсиб ётган мана шу кўчат одамлардан оқибатлироқ экан. Кексайиб қолсада онасини эслатиб мева тугибди...


(тугади)
👍58😢3❤1👏1
Покиза ният

Ҳаммаси бир маромда кетаётганди. Рўзғор ҳам. Бировдан олдин, бировдан кейин дегандек. Ғайрат алоҳида ҳовлида, укаси отаси билан бирга битта ҳовлида, Карима опаси поччаси, бола-чақаси билан ўзининг уйида. Опасининг турмуш ўртоғи қурилишда ишларди. Фалокат бўлиб, эрталаб ўз оёғи билан чиқиб кетган одамнинг шомда совуган танаси келди...

Укаси Музаффар мактабда меҳнат фанидан дарс беради. Отасининг нафақаси ҳаминқадар.
Ғайрат--наққош. Баъзан ҳаттотлик қилади. Иши мавсумий. Шу кунларда қўли тузукроқ пул кўрмайди. Поччаси ўлгач уйидагилари йил ўтмай, опасининг кўч-кўронини олиб келиб ташлади. Учта боласи билан. Бугунги оилавий мажлисга отаси укаси иккаласини чақирган...
Одатдаги сўрашишлардан сўнг бир лаҳзалик жимликни отасининг бироз асабий, шошиб айтган гаплари бузди.

---Сизларни йиғишдан мақсад шу—иккаланг опангга уй олиб берасанлар. Сўнг болаларининг аҳволини ўзи яхши билганиданми ерга қараб олди.

Орага жимлик чўкди...

Ғайрат уйга келгач, узоқ ўйга чўмди, йиғиб қўйган пули йўқ, ўзи рўзғорни зўрға эплаяпти, аммо, опасига уй олиб бермаса бўлмайди. Иложсизлик қурсин. Ўйлаб қараса,отаси унга ҳеч қачон бирор нарса юкламаган экан. "Дадам қарибди, энди опамга уй—жой қилиб беришга кўзи етмаяпти, нимадир қилишим керак!" Бир пайт қачонлардир олиб қўйган қимматбаҳо бўёқлари эсига тушди, уйининг ертўласига тушиб, бўёқларни ташиб чиқара бошлади. У ўзи зўрға етишган, бир олам орзулар билан олгани—бу бўёқлар ёғочга безак бериш учун келтирилган бўлиб, ўта тиниқ ва ёрқин рангларни ифодалаб бера оларди.

Эртасига бўёқларни бозорга олиб борди. Харидор ҳам топила қолди. Ундан молни сотиб олган одам кўз олдида сал нарироқдаги жойига олиб бориб икки баравар нархига пуллади.
Ғайрат анқайиб қолди, аммо сотувчи йигитга индамади. Эртасига қолган бўёқларни ўзи келтириб сотди. Харидор тадбиркор йигит бўлиб, қурилиш фирмаси бор экан, катта бир одамнинг уйларини шарқона услубда таъмирлашни бўйнига олганини, наққошлар кеча келтирган бўёқларнинг жуда ноёб эканлигини айтгандан сўнг қайтиб келганини айтиб ўтди.
Ғайрат бир юмалаб бўёқ етказиб берадиган савдогарга айланди. Шу баҳона бозорга кириб келди.
Опасига уй олиб бериш ҳаётининг мақсадига айланди. Эртадан кечгача елиб-югурар, ҳар кунги тушумини ҳисоблар, тезроқ отасини хурсанд қилгиси келарди. Нияти холислиги учунми худойим ҳам бирига минг бериб тез кунда бозорнинг паст- баландини ўрганиб олди...

У опасига таъмирдан чиққан, уч хоналик уйнинг калитини берганида қалбида ҳеч ҳис қилмагани катта бир шодликни туйди. Отаси йиғлади, қиблага қараб кафтини очди

---Тупроқ олсанг олтин бўлсин, олтин бошинг омон бўлсин. Етимларга уй олиб бердинг, чор тарафда уйинг бўлсин, болам...

Инсоннинг нияти йўлдоши бўлади
Ҳикоямиз қаҳрамони ҳозир шаҳарнинг кўзга кўринган бадавлат инсонларидан бири бўлиб, яхшилик учун ташлаган битта қадамига Аллоҳим унга минглаб эшикларни очиб берганини, отасининг битта дуоси билан шаҳардаги тўртта бадавлат инсоннинг бирига айланганини айтиб ўз ҳикоясини якунлади.
👍57😢7❤4👏3🥰1
Ёлғончи чол

Ҳакима кўримсизгина эди ва буни ўзи биларди. Ҳакима эпсизгина эди буниям ўзи биларди.
Музаффар ўктам эди, келишган эди, аёл буни биларди.
Музаффар уддабурон, омадли, ишчан эди. Аёл буниям биларди.

Иккисини ёнма- ён кўрганлар бир-бирига муносиб эмас дерди, шунданми аёл орқароқда юрарди...
Буни қарангки, йигит аёлига севги изҳор қилар, унинг гўзал эканлигини айтиб чарчамасди.
Аёлнинг гоҳ шўр, гоҳ тузи паст овқатларини мақтаб ичар, сира ёмон демасди. Ҳакима турмуш ўртоғининг олдида ўзини қарздордек ҳис қиларди.

Фарзандлар дунёга келди, улғайди. Эркак ҳамон аёлининг гоҳ табассумини, гоҳ кўзларини мақтаб, севишини айтиб қўяр, шу бир оғиз сўз учун хизматида югуриб юрарди аёли. Шу бир оғиз сўз билан уйи жаннатнинг бир парчаси эди.

Вақт- соати етиб чол-кампирга айланди улар.
Чол оғриб қолди. Аёли тепасидан силжимас, жуфтини ўзи овқатлантирарди. Ўша куни чолнинг ақли ҳар доимгидан тиниқ эди
—Сафо қорини чақир, иймонимни ўгириб қўйсин, —деди ўғлига.
Домла келди. Чол қори билан иккисини ёлғиз қолдиришини сўради.
—Кетишим аниқ бўлиб турибди.Сўнг нафас ростлаб давом этди
— Ман бир умр ёлғон гапирдим, хотимам нима бўлади?
—Кимга ёлғон гапирдингиз?-сўради мулла.
—Аёлимга. Бечора ишониб яшади. Яхши кўраман, десам қувониб қоларди. Аммо қалбим уни ҳеч суймади, шунда ҳам ҳар куни алдадим, паҳмоқ сочини ипак дедим, қисиқ кўзини шаҳло дедим... Энди нима бўлади, болам?
— Нима бўларди, отахон,-деди Сафо қори ўзини йиғидан аранг тўхтатиб,—Сизни юзлаб ҳурлар кутиб олади, талаш бўласиз ҳурлар орасида...Кейин ўзини тутиб давом этди
—Уч ўринда ёлғон ишлатишга рухсат бор. Шулардан бири— эр-хотиннинг бир-бирига муносабатида, оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун айтилган ёлғондир.

Музаффар чол кўзларини юмди. "Алҳамдулиллаҳ"

Ҳакима хола ҳам чолидан кейин кўп яшамади. Бир тонг уйқудан турди-ю
—Отангиз мени чақиряпди, —деди.
Ўша куни асрга етиб бормади кампир...

Фарзандлари йиғилиб қолсалар ота-онасининг муҳаббатини, болаликлари ҳеч қандай оғриқларсиз кечганини гапириб чарчамайдилар. Меҳр ичида ўсган болаликлари ўлароқ иноқ эди улар. Омадли бўлди барчаси...

Фотима
👍40❤4🔥2🥰1😢1
Тасодифми, ниятнинг софлигими, ё оналар дуоси...

Ўтган асрнинг 80 -йиллар охири. Кўпгина ўзбек йигитлари Афғонистонга - уруш ўчоғига жўнатилади. Улар орасида Абдулазиз Фаттоххонов исмли йигит ҳам бўлиб, 18 яшар бу йигитнинг кўзлари ёниб турарди...

Тоғлар орасидан ўтган сўқмоқ йўлдан ҳарбий калонна ўтиб келаётган эди. Тўсатдан душман ҳужум бошлади. Пухта тузилган режа бўйича калоннанинг энг бошида ва энг сўнгида келаётган машиналар ўққа тутилди. Табиийки, қолган ҳарбий уловлар қуршовда қолиб кетди. Шу пайт карвонда сарбон бўлиб кетаётган машина эгаси Абдулазиз ўқ ёмғирлари остида машинани жарлик томонга бурди. Бу-муқаррар ҳалокат эди. Бу ҳаракати билан орқадаги уловлар карвонига йўл очиб берди-ю, ўзи афғонларга асир тушиб қолди...

Шу йили афғонларнинг илмли, обрўли, улар учун ўта қийматли бўлган инсонларидан бири ҳам руслар қўлига асир тушиб қолади. Русларнинг эса моҳир учувчиларидан бири ҳам афғонлар қўлида эди. Афғонистон томон музокара олиб бориб, ўзлари учун қимматли бўлган инсонни ҳарбий учувчига алмаштиришга кўндирадилар. Асирлар алмашиб, ўз юртига қайтадиган бўлади.

Суриштириб, излаб бир ой деганда афғонистонликлар сўраган йигитнинг дараги чиқади ва уни Ватанига топшириш , ўрнига рус ҳарбий учувчисини олиб келиш учун келган музокарачиларга душман томон учувчи тўсатдан йўқ бўлиб қолганлиги хабарини берадилар. Ўрнига эса исталган асирни танлашни таклиф қиладилар. Ноилож қолган руслар Абдулазиз Фаттоххоновни олиб қайтадилар...

Юрагида ўти бор Абдулазизнинг мақсади эзгу эди. Ўзи ҳалок бўлсада дўстларининг омон қолишини ният қилиб жонини хатарга қўйган эди. Аллоҳнинг инояти билан душман қўлидан озод қилинади. Мен негадир шу йигитнинг отасинингми,, онасинингми қилган дуоси ижобат бўлган бўлса керак деб ҳисоблайман...
👍38😁3❤1
Тўлдириш

—Ака, боролмасам керак, уйдан қайта қолай, кун ҳам кеч бўлиб қолди.
—Унақа қилма, синглим, сен учун бозорлик қилдим, яхши кўрган меваларингдан олдим. Бирпас ўтирайлик, жиянларимни соғинганман.
Лола акасининг юзидан ўтолмади. Жиянлари учун атайлаб сотиб олган этикчаларини ҳам бериши керак эди
—Келинойи, интернет магазиндан болаларимга яхши фирманинг этикларига буюртма бергандим. Иккаласи ҳам сиғмай ўтирибдида. Шуларни сиз кийдира қолинг
Бошмоқчалар жиянларига лоппа-лойиқ эди. Келинойиси дуо қилди.
—Барака топинг, уйнинг чаласи битмай, ҳеч орттира олмаётгандик.
Лоланинг ёлғонини ҳеч ким сезмай қолди.

— Ол, жигар, мана бу сен яхши кўрадиган дудланган пишлоқ, қалай, топибманми? —Музаффар доим кўтаринки кайфиятда юрадиганлар тоифасидан. У кирган давраларда ҳамиша  яхши энергия бўлади.
—Сардор қўнғироқ қиляпди.
—Ҳа, боя ишда эканлар, кўриша олмагандик,-деди Лола акаси арчиб берган мандариндан кичкина бўлагини оғзига солиб.
—Синглим сизникидами? Кетиб қоптику, полвонларни кўрмадим ҳам.
—Келавер, келавер, шу ерда.
—Нима олиб борай?
—Э, ҳамма нарса бор. Келинойинг сен яхши кўрадиган олмали пирог пиширган.

Бироз туриб Сардор келди. Қўлида иккита уч литрлик банкада ўрик ва шафтоли кампотини кўтариб олган, билагига елим халта осиб олганди. У юкларини ерга қўйиши билан жиянлари югуриб келди.
—Тоға!!!
—Амақиии!
Бешта боланинг ҳар бирини осмонга отиб, сўнг бағрига босиб, юзидан ўпиб ерга қўя бошлади. Унинг баланд бўйи узра бақувват қўлларида турган болакайларнинг шодон қийқириғи хонани шодликка тўлдирарди.
Кейин ўрнидан туриб кўришмоққа шайланган синглисининг пешонасидан ўпиб қўйди.
—Сенга шашлик олиб келдим. Ассалому алайкум, келинойи, лаганга солиб ўзиз ҳам келинг,-дея халтасини ийманиб турган Кароматга узатди.
Кейин синглисига юзланди.
—Компот- сенга! Келинойинг бериб юборди. Уйингда ичар экансан!
Музаффар меҳмонларига чой қуйиб узатаркан, синглисининг тиззасига чиқмоқчи бўлган жиянини даст кўтариб, бағрига босди.
—Сен кабоб еб ол, мен қараб тураман. Кейин болакайни қорнига юзини ишқади, қитиғи келган ширинтой қиқирлаб кулар, қолган болажонлар у уйдан бу уйга ўтиб, бир-бирини қувлаб югурарди.

—Вой, кеч бўлиб қолибди. Машинани қандай ҳайдаб кетаман,—энди-энди  машина ҳайдаётган Лолага ташвиш тушди.
—Ман орқангдан кузатиб бораман, ҳавотир олма, —деди Сардор йўл бошлаб.
—СамПИни олдигача борсангиз, уёғига ўзим етиб оламан,-деди синглиси.
Жигарларини кузатгани чиққан Музаффар аввал синлисини то машинасига жойлашиб , жиянлари  ўтирган орқа эшикларни  "болалар режими" га ўтказилганини теширмагунча кузатиб турди.
Сардор кампотларни шишалари синмайдиган қилиб ўриндиқлар остига жойлаштирди.
—Ҳавотир олма, айтган жойинггача кузатиб борамиз,-деди.
Хайр-хўш, тугаб, Лоланинг секин юриб кетди.

Музаффар укасини билан қучоқлашиб хайрлашаркан қулоғига пичирлади.
—Уйигача кузатиб бор. Кейин уйга борасизлар, жигар!
—Хўп, ака, ўзингизни эҳтиёт қилинг!

Уйда эса болалардан бири янги бошмоқчани оёғига киймоқ истаса, бошқаси маза қилиб кабоб ерди.

Ака сингиллар олдинма-кетин машина бошқариб кетаркан, Музаффар улашган яхши энергия билан яна бир ҳафтани бемалол ўтказишларини тахмин қилиб борардилар. Жигарлар силайи раҳмни маҳкам тутгани учун ҳам қалбларига сакинат, тиниқлик кириб келганини сезиб-сезмай ўз йўлида давом этарди... Катта ака эса синглиси учун ишдан эртароқ жавоб олиб, бугун битиришга ваъда бериб уйига кўтариб келган ҳисоботларини тўлдирмоқ учун компютер қошига чўкди.

Феруза Салходжаева
👍60❤6🥰6😢1🕊1
Ҳандалак

Хайри хола кейинги пайтларда куч-кувватдан ҳам, овқатдан ҳам қола бошлади. Қандай эди-я?! Тиним билмасди. Бир ўзи тушгача дунёнинг ишини бажариб ташларди. Катта косани тўлдириб, битта нонни тўғраб шўрва ичиб оларди-да кейин тоғора-тоғора кир юварди.
Мана, кексайиб кучдан ҳам қолди. Турмуш ўртоғи раҳматлик яхши одам эди. Уйим-жойим деб тиним билмасди, аммо жуда пулга пишиқ эди. Хайри холага бир сўм пул тутқазмасди, раҳматлик.
Бир йили эри билан бозорга тушдилар. Кўзи йўл-йўл ҳандалакка тушди. Беихтиёр ўша томонга юрди, битта кичкинасини димоғига олиб бориб ҳидлади. "Оҳ, оҳ!" Отасини эслади. Баҳор тугаб ёз бошланса, отаси этаги барига ҳандалаклар солиб келарди. Кичкинагина бўларди улар. Бирам хушбўй. Аввал қизларига, кейин ўғилларига, охирида аёлига биттадан улашарди отаси. Аммо ҳамма ўзиникини бўлишарди. Навбат билан сўйишарди. Юпқа қилиб. Ҳаммага етарди ҳандалаклар. Хайри хола ўшанда эрига ҳадди сиғиб илтимос қилди
—Дадаси, ҳандалак..
—Ёш боламисан? Буни кимнинг оғзидан тортиб оласан? Ҳадемай қовун чиқади. Каттасидан олиб бораман. Юр, яхшиси тарвуз оламиз. Ҳаммага етади!
Ўшанда Хайри хола жуда-жуда ҳандалак сотиб олгиси келганди. Майли, емаса ҳам. Ифорига тўйса эди. Аслида, у ҳандалакка эмас, отасини ёдга солган шу исга харидор бўлган, ноилож пештахтадан узоқлашганди...

—Она, бозорга кетяпман. Нимадир олиб келайми? Кўнглингиз тусаганини айтинг.
—Тўхта, болам! Мен ҳам бораман.
Ўғли мўмин-қобилгина. Бошқаларнинг боласига ўхшаб "Чарчаб қоласиз!" деб баҳона қилмади. Онаси истадими, ҳисоб. Олиб боради.
Хайри хола тарвузлар тоғдек уюлиб ётган жойга қараб юрди.
—Тарвуз оламизми, ойи?
—Йўқ, ҳандалак!
Ўғли илдам юриб, сотувчи йигитдан ҳандалак сўради, у тарвузлар олдида кичкина бўлиб турган сариқ юмалоқ қовунлардан каттароғини танлаб кўрсатди
—Бу эмас, йўл-йўл ҳақиқий ҳандалак керак. Бу—қовун-ку! —бош чайқади хола.
Бутун бошли бозорда Хайри хола истаган ҳандалак топилмади.
—Йўқ экан, майли, қўявер, — деди аёл ўғлига умидсиз оҳангда. У чиндан ҳам чарчаган эди.
—Вақти ўтибди-да ҳандалакнинг, келаси йил еймиз, насиб қилса...

Машинага ўтирганда ўғли ўйчан бўлиб қолди. Келини телефон қилди. Гаплашиб бўлгач машинасини салқинга қўйди.
—Ойи, бироз кутиб туринг, ҳозир чиқаман.
Хайри хола атрофни кузатиб ўтираркан беихтиёр ўзи билан келинларини солиштирди. Назарида, ҳозирги келинлар эрини аямайдигандек, унга ўз мулки деб қарайдигандек туюлди. Кейин турмуш ўртоғининг кўзига тик боқмаган ёшлигини эслади. "Замон ёшларники. Бир ҳисобдан шуларники ҳам дуруст! Айтганини қилдиради. "
Ўғли кўринди. У негадир машинанинг онаси ўтирган эшиги томонга қараб келарди.
—Онажоним, шуми? Кўзлари кулиб, қувончдан юзлари яшнаб турарди ўғлининг.
—Топдимми?
—Вой, топибсан-ку! Шуни айтгандим, болам. Машина ичини ҳандалакнинг маст қилувчи хуш ифори тутди.
—Бунисини невараларизга берасиз. Қўлидаги елим қопчиқ тўла ҳандалакларни онаси ўтирган ўриндиқ ёнига қўйди ўғил.
Хайри хола уйга боргунча дам-бадам ҳандалакларни димоғига тутиб борди. "Бекорга оналар ўғилларинғ Отам демас эканлар! Отадек ғамхўр бўлар эканда улар. Омон бўлсин" пичирлади лаблари. Сўнг илк бор ўғлинининг номини бошқача атади

—Раҳмат, Отам!
Онанинг кўзлари ёшланди.
Ўғли эса машинасини онаси учун қадрдон бўлган болалик ифорига тўлдириб учириб борарди.

Феруза Салходжаева
👍37❤22😢6
* * * И к к и о қ к а б у т а р * * *

Султон Рашод анча ёшга бориб қолган бўлишига қарамай тахтга ўтирган эди. Усмонли султонларининг энг кексаси бўлган Султон Рашоднинг ўша вақтларда жиддий бир ҳасталиги ҳам бор эди.

Султон Абдулҳамид тахтдан туширилгандан кейин, иттиҳодчилар тарафидан тахтга ўтқазилган Султон Рашодга, ҳеч нарсага аралашмаслик шарти қўйилган эди.

У атрофидаги одамларга тез-тез:
- Мен бу мақомга лойиқ эмасман. Ватанга, миллатимга ўзим истаганимдек хизмат қила олмаяпман. Шу сабабли қаттиқ мутаассирман, - дерди.

Ичидаги чуқур хафаликни, қалбидаги ғашликни ва жисмидаги ҳасталик изтиробини кетказиш мақсадида саройдаги бир қанча кабутарлар билан машғул бўлар, уларни ўйнатар эди...

Бу орада унинг ҳасталиги жиддий тус ола бошлади. Яқинда амалиёт бўлиши керак эди. Бундай амалиёт, Усмонлининг олти юз йиллик тарихида илк бор ўтказилиши керак бўлган амалиёт эди.

Ўша куни у ўзининг кабутарларининг олдида эди. Кабутарларнинг ичида иккита оқ ранглиси бор эди. Мана шуларини Султон бошқаларидан кўра кўпроқ яхши кўрар эди. Уларни қўлига олиб узоқ вақт эркалади. Қушчиларнинг бошлиғини олдига чақирди.
- Бу иккитасига яхшилаб қара. Буларни мен жуда яхши кўраман, - деди Султон.
Аммо, негадир Султон шу сафар кабутарларга узоқ вақт тикилиб қараб қолди. Қушчибоши Султоннинг бу ҳолига ўзича бир маъно беролмади.

Орадан кунлар ўтиб, Султон Рашоднинг амалиёт бўладиган кун ҳам келди. Барча тайёргарликлар тугаган эди. Кекса Султон докторлар билан ҳалоллашгандан сўнг, қиблага қараб қўлларини кўтарди. Ва:
- Аллоҳим! Агар миллатим ва Ватаним учун хайрли бўлмасам, мана шу амалиёт тахтасидан мени тирик турғазма, дея ёлборди.

Амалиёт бошланди. Кўп шукрлар бўлсинки, амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳар ким севинч ичида эди. Бу гўзал хабарни дарҳол халққа эшиттирилди. Халқни гўё бир байрам ҳавоси чулғаб олган эди.
Султон амалиётни бажарган докторларга қийматли ҳадялар берди.

Султон Рашод ўзига келар келмас, ёрдамчисини ҳузурига чақирди. У бир оз кайфиятсиз ва ўйчан эди. Ёрдамчига қараб, ёнидагилар ҳам тушуна олмаган мана шундай амр берди:
- Тезда «Бешиктош» саройига боринг. Қушчибоши менга яхши кўрган кабутарларимни келтирсин.

Орадан бир муддат ўтиб, қушчибоши келди. Султоннинг ҳузурига кирди. У жуда ҳижолатли ва ҳафа бир ҳолда остонада тўхтади. Ёнида кабутарлар йўқ эди. Аҳволни тушунтирадиган бир калом ҳам сўйлай олмасди. Султон Рашод қушчибошининг кўзларига яхшилаб тикилди. Кейин секин деди:

- Ўлдилар. Шунақами?

Қушчибоши, «ҳа» дегандек, бошини қимирлатиб пастга қаради. Аммо, бир тарафдан ҳайратланди: «Султон ҳазратлари бу ҳодисани қаердан билди экан?» Кекса Султон кўзларидан бир неча қатра ёшларини оқизар экан, қизиқиш тўла боққан кўзларга жавоб бўлсин дея, ҳар кимни ҳайратга солган, ўзининг кўрган тушини англатди:
- Тушимда ўзимни амалиёт курсисида кўрдим. Ёнимда бир зот бор эди. Аммо у ҳеч нарса гапирмас эди. Мен ҳам:
- Сиз кимсиз, - деб сўрадим. У зот менга:
- Руҳингни таслим олмоқ учун келдим, - деди. Аммо, айни шу дақиқада менинг ўша икки кабутарим ўртага отилиб чиқиб:
- Уни олманг, бизни олинг! Уни олманг, бизни олинг! деб фарёд қила бошладилар. Мен шундан англадимки, улар менинг ўрнимга ўлдилар.

Султон тушини англатгандан сўнг, ўзидек маҳзун ҳолга тушган қушчибошига тасалли берди:
- Бу ишда сенинг айбинг йўқ, деди. Унга бир қанча эҳсонлар берди.

Султон ўзидаги ҳасталикдан қутулган эди. Аммо, қалбидаги бу ҳодиса туфайли пайдо бўлган ғашлик, то умрининг сўнггига қадар уни тарк этмади...

Ҳатто ҳайвонлар ҳам руҳларини фидо айлаган аждодларимизга лойиқ авлод бўла олишлик тилаги ила...

* * * * * * * * * * * * * * * * *

Туркчадан Шоолим Шомансуров таржимаси.
👍52❤3🔥1
Аёл

Висола шундоққина дераза тагига ўрнатилган ётоғида кўрпага ўраниб ётар экан эриётган қорнинг бир маромда чакиллаётган овозини тобора аниқроқ ҳис қила бошлади.
Тарновдан тушаётган сувлар эриб, эрта-индин баҳор келишидан дарак берар, аммо олтмишга яқинлашиб қолган аёл умрининг кузига қараб бораётганди.
Улар курсдош эдилар. Самариддин ҳам қишлоқдан келган, у ҳам. Иккиси ўқишдан пиёда қайтар эдилар. Йигит талаба бўлса ҳам йўл-йўлакай қизга нимадир олиб бермоқчи бўлар, аммо кўнгилдан гап очмас эди.
Охирги босқичга ўтганларида институтда қандайдир тадбир бўлди. Кеч тугади. Ўша оқшом йигит совчи юборишини маълум қилди.
Тақдир экан тўй ўтди. Иккиси ҳам кўп болалик оилада улғайганди. Шунинг учунми уларнинг пойтахтга интилишига ҳеч ким қаршилик қилмади.
—Ўзингизни эплаб яшаб кетсангиз бўлди!
Бағрикенг шаҳар ёшларни ўз қучоғига олди.
—Мен ҳам ишламоқчиман, —деди Висола.
—Йўқ, бу ориятимга тўғри келмайди. Сен дуо қил, топганим фақат сеники бўлади...

Висола кўрпасини суриб ўрнидан турди, деразага яқинлашди.
Ҳовли каттагина. Офтоб тушадиган жойлардаги қорлар эрибди, боғ адоғидагилари шундоқ турибди.
—Ҳадемай баҳор келади. Бодомлар бўртиб турибди. Чаман бўлади бу боғ.
У яна ўй суриб кетди. Ўшанда Самариддиннинг ишлари энди юриша бошлаган ва шаҳар четидан қуруқ ер сотиб олган эдилар. Висола эрига ялиниб юриб атрофини ўратган, кейин иккита боласини ёнига олиб шу дарахтларни экканди. Сув йўқ, шароит йўқ. Олисдан челакда сув ташиб келар, кунда, кун ора келиб хабар оларди. Эртадан кечгача ишда бўладиган эри негадир уй қуриб битиришга кўзи етмасди. Висола пишиққина. Тежаб-тергаб, эрининг топганини кўз қорачиғидек асраб, тўплаб юриб бир кеч унга мурожаат қилди.
—Дадаси, ҳисоблаб чиқдим, йиққан пулимиз уйнинг пойдеворига етаркан!
Самариддин кўнмади, тўғрироғи ишонмади. Висола уни ишонтирди. Бир чиройли пойдевор қурилди. Кейинги йил девор қад ростлади, сал ўтмай том ёпилди.
Эркак энди иморат битишига ишона бошлади.
Аёл усталарга овқатни ўзи тайёрлар, сўнг ўғлидан бериб юборар, уйдаги ишларга ҳам улгурарди. Эркак унга: "Яхшиям борсан, онаси", —дейишни канда қилмасди.

—Энди пуф сассиқ бўлдим.
Висола эгнига халатини илиб, ҳаммомга кирди, юз-қўлини ювиб, жўмрак тепасига илинган кўзгуга боқди. Ҳамон тароватини йўқотмаган эди у. Кўзи атрофидаги майда ажинларни айтмаса, ҳеч ким олтмиш ёш бермайди.
—Ўзимни кўз-кўз қилмадим, ортиқ оша кийинмадим, фақат у учун зийнатландим, эвазига эшитганим шу бўлдими?

Ошхонага ўтди. Келини сомса тугяпди. Кенжасини тебранма беланчакка солиб қўйибди.

—Ҳамма нарса замонга яраша. Ёш келинлигимда шунақа беланчаклар бўлармикан,-деб ўйлардим. Биз бешикдан бошқа нарсани билмадик. Тебратадиган бир одамга зор бўлдик. Битта одам ёрдам бермабди-я мен бечорага. -деди у келинига. Кейин эгилиб, чақалоқни эркалаган бўлди.
—Катталари мактабдан қайтмадими?
Келини боши билан йўқ ишорасини қилди, сўнг ҳолини сўради
— Яхши бўлиб қолдингизми, ойижон?
—Ҳа, анча яхшиман.
Келинини бироз кузатган бўлиб, ётоғига кирди.
Яна эрининг гапларини эслади.
—Нима ёрдам бердинг эмиш, уй қурдим, болаларни катта қилдим, топганимни уйга ташидим, ялло қилиб яшадинг, дедими?
Бир марта бешик тебратибдими? Бир кеча бедор бўлиб бола боқибдими? Бир кун қозон осиб овқат қилибдими? Бир тоғора кир ювибдими? Уй тозалабдими?

Шом ораси эри келди. Олдига чиқмади. Аввалари эр-хотин орасидан гап қочса, Висола ялиниб, ёки биринчи бўлиб гап бошлаб ярашиб оларди. Бугун негадир истамади. Ёстиғини кўтариб, меҳмонхонага кириб кетди.
Эри ҳам гапирмади. Бир кун ўтди, икки кун ўтди. Учинчи кун тонгда келинининг ухлаб қолгани баҳона Висола ўзи нонушта тайёрлади. Нон ушатар экан, бир умр хизматини қилган жуфтига бир лаҳза тикилиб қолди.

—Ширчой тайёр бўлди, ичасизми? —сўради аёл.
— Э, ширчой қилдингми? Опке, борингга шукур онаси!
Аёл ёшига ярашмаган чаққонлик билан қўлига чўмич олди.
Меҳр билан ширчой сузди.
Висола бир оғиз узр сўрамаган эрини кечириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳар доимгидек.

(тугади)
👍45❤5🤔1
Ўғлимга онаси Қуръон ўргатаётганди. Бир куни нолиб қолди: "Юсуф Қуръон ўқимаяпти, фақат ўйин бўлса, ўқитаман, деб олдимга чақирсам бир нарсаларни баҳона қилиб қочиб кетяпти. Додасига, опасига бориб - ойим мени уришяпти, деб ўзига "ҳимоячи" топиб олган. Дарс қилдира олмаяпман".
Ўғлимга ҳеч нарса демадим. Ўзим охирги кунлар ишлар кўпайиб Қуръонни ҳам кам ўқийдиган бўлиб қолгандим. Ўзим ўқимай, ўғлимдан қандай талаб қиламан, деган хаёл ўтди. Мен ўзимни ислоҳ қилсам, Аллоҳ фарзандларимни ислоҳ қилади, деб ишни ўзимдан бошладим.
Кўргазмага боришим керак эди, айни муддао, дедимда машинани ташлаб метрода кетдим. Жамоат транспортининг яхши томони - бемалол Қуръон ва бошқа китоб ўқиб кетаверасиз. Қуръондан кунлик режаларимни бажардим. Уйдан онаси хурсанд бўлиб хабар юборибди:
- Уйга Солиҳалар келганди, ҳамма болалар орқа ҳовлига ўтиб ўйинга берилиб кетишди. Ўзим уй ишлари билан овораман, Юсуфга Қуръонини қандай ўқитаман, деб маҳзун бўлиб ўтиргандим. Бир пайт Юсуф олдимга келиб, "Ойи, менга янги оятни ўргатиб қўйинг, мен ўйнаётганимда саноғини қилиб келаман" деб айтди. Унинг гапини эшитиб кўзларимдан ёш чиқиб кетди.

Мен эса унинг гапларини эшитаман-у, хаёлимдан камчиликларим ўтади. Ундан кейин ҳам неча марталаб гувоҳи бўлдим, мен Қуръонга қанча яқинлашсам, фарзандларим ҳам шунча яқинлашар экан. Мен ундан узоқлашганимда эса уларни мажбурлаб ҳам ўқита олмадим.

Бир сафар Юсуф шундай дебди: "Овқат чайнаётганимда вақтим бекор кетмасин деб Қуръонимни (ёдлаётган оятларни назарда тутган) саккиз марта қайтардим". Ўтган куни онасига - "Ойи, баъзида Қуръон ўқигим келаверади, ўқиганим сари яна ўқигим келаверади, нега ундай?" деб сўрабди. - Сен Қуръон ўқисанг, шайтон қочади, кейин сен бемалол Қуръон ўқийверасан, - дебди. Аслида, беғубор болакайларни Қуръондан тўсаётган Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортган шайтонмикан ёки Аллоҳнинг каломини ҳажр қилган ота

Бошқаларга ҳам улашинг


@IBRATLI_SOZLAR
👍55❤8🔥3
Муносабатингиз...

Ёлғиз қиз ҳам эмас эди. Катта қиз эди, ортидан яна уч синглиси бор...
Аммаси совчи олиб келди. Куёв бўлмиш келишган йигит экан. Бўйлари баланд, оқ-сариқдан келган. Учрашувга чиқди-ю кўзлари кулиб турган йигитга маҳлиё бўлиб қолди. "Йигитга ёққан бўлай!" Фикру хаёли шу ўйда бўлди. Юраги титраб қарши томондан бўладиган қўнғироқни кутиб ўтирди. Онасининг телефонидан таниш мусиқа овози таралганда юрагининг зарби қулоқларига эшитила бошлади. Кафтларини қизиб кетган юзларига босиб, жон қулоғи билан онасининг суҳбатини эшитмоққа интилди.

Иккинчи учрашувдан сўнг фотиҳа қилиндилар.
Ширингина тўй бўлди!
Зиёли оилага келин бўлди. Онаси уни икки қизнинг сепи билан, бадастир узатди. Неча йилдан бери бозорда ахир. Чет элдан келтирилган чойшаблар сотадиган дўконлари бор. "Супер контракт" тўлаб уни ўқитяпди. Бир она қизига бериши керак бўлган ҳамма нарсани муҳайё қилди...

Аммаси тўйдан олдин жиянига насиҳат қилди.
—Зарина, сен бораётган хонадон ўта маданиятли! Бир гап айтаман, хафа бўлма! Ойинг жуда яхши аёл, меҳнаткаш, аммо кўп такрорлайдиган гаплари менга ёқмайди. Тунов куни кузатдим, келинойимнинг машҳур ибораси сенга ҳам ўтибди. Сингилларингга "Балонинг ўқини ебсан!", —дединг. Ойинг хонадонимизга шу ибора билан кириб келди, акам ҳам йўқ қила олмадилар. Сен тилингдан, умуман, луғатингдан шу сўзни ўчириб юбор, илтимос!
Аммасининг гапидан жаҳли чиқди. Булар ҳеч қачон ойисининг яхшилигини билмайди.
Ҳа, майли, ҳали янги оиламдан раҳматлар олиб келай...

Заринанинг нияти холис эди. Парилардек келин бўлди.Чаққон, дилдор, пазанда. Ўқишини ҳам, уйини ҳам бирдек эплай олди. Онаси ҳам қудаларнинг кўнглини олишни билди. Совға-саломлар, кунора йўқлов тоғоралар...

Турмуш ўртоғи парвона. Икки томон бир-биридан сув ўгириб ичар, ҳамманинг ҳаваси келарди.
Аммо бахтига кўз тегди!
Бир йиллик келинни бир кечада кўч-кўрони билан уйга олиб келиб ташладилар. Нима гаплигини тушунолмай ҳамма лол, ҳамма ҳайрон. Ажрашганлар орасида урф бўлган "куёвнинг нашавандлиги","келиннинг касаллиги" ҳақидаги тахмин ҳам йўқ.
Куёв томон изоҳ беришни истамади. Келиндан садо йўқ.
Охири сиқувга олинган Зарина аммасига ёрилди
—Аммажон куёвингизга "Балонинг ўқини ебсиз!" дегандим. Тўғри, бир марта кечирдилар, унда янги келин эдим, иккинчисида гаплашмай қўйдилар, учинчисида индамай чиқиб, кўчадан юк машина олиб келиб, ҳайдаб юбордилар! —деди, сўнг изиллаб йиғлаб юборди!
—Барибир, тузалмас экансан, дедилар!

Аммаси тилини тишлаб қолди. Қўрққани юз берган эди! Ўшанда акаси ҳам шунақа қаттиқ турганида, эҳтимол, бу ибора қизларининг луғатигача кириб бормаган бўлармиди...

У дугонаси билан гаплашиб кўриш учун телефонини қўлига олди. "Нима бўлганда ҳам битта оилани сақлаб қолиш керак!"

Нима деб ўйлайсиз, қадрдон, йигит келинни кечирармикан? Қаттиқ афсусдалигини сезиб мактуб йўллаган қиз бу тайинсиз, маъносиз, ахмоқона иборани яна ишлатармикан? Умуман,бу оила сақланиб қолармикан?
Шу воқеа бир оиланинг ажрашишига арзийдими?
👍42🤔4❤3😢1
Кўникиш

Қиз институтни битириб, ишга кирди. Мактаб шовқин, меҳнати оғир, қоғозбозлик кўп эди. Ишлашни истамади. Онасига арз қилди. "Ўқитувчилигинг учун ҳам тинимсиз совчилар келяпди, узатиб юборай, билганингни қил! "

Турмушга чиқди. Энди ишлари янада кўпайди. Мактабнинг битмас-туганмас ғалваларига келинлик хизмати ҳам қўшилди.
Турмуш ўртоғига ишдан бўшамоқчи эканлигини билдирди. "Хомиладор бўлсанг, туғруқ таътилига чиқиб дам олаверасан, озроқ ишлаб тур!" Уч йилгача фарзанд неъматини кутди. Бир йилгина уйда ўтирди. Қайнонаси "Ишга чиқиб кетаверинг, болага ўзим қарайман, сизларга бир ватан керак, пул йиғиб иморат кўтаришни бошланглар!"-деди ҳовлининг ярмини кўрсатиб.
Кейинги фарзандлари ҳам кетма-кет туғилди. Учта боласи туғилганида бор-йўғи уч йил дам олди. Ҳали ҳам ишлашни истамас, қирқ беш минутлик дарс ўтиши азобга айланган эди. Йиллар ўтди, энди у асабий, бақироқ ўқитувчига айланган, ҳали ҳам ишламаслик ҳақида бот-бот ўйлаб қўяр, аммо энди фарзандлари улғайиб кела бошлаган, уларни ўқитиш, уйлаб-жойлаш, қизини узатиши керак эди.
Ва ниҳоят нафақа ёшига ҳам етиб келди, яна ишдан бўшаб кетолмади, сабаби, қизига бешик бериши керак.
"Ўғлим машина олсин, ёрдам бериб юборай" "Катта ўғлим иморат бошлаган, озгина қарашишим керак"
Ортига ўгирилса умр ўтиб кетибди, ўзи ҳам олтмишни қоралаб қолибди.

"Одамзотнинг орзу-ҳаваси сира тугамас экан, етмаган дунё етмас экан, битмагани битмас экан!"

Ишга келаётган ёшларнинг ўрнини эгаллаб тургандек ҳис қила бошлади ўзини. Энди бўлди, кетиши керак.
У бир умр орзу қилгани— ишдан бўшаш ҳақидаги аризани ёзар экан ичидан "Шу мактабга кириб келганимда қиз бола эдим, кампир бўлиб чиқиб кетяпман", —деган ўй ўтди, аммо, негадир энди ишдан бўшашни сира истамаётган эди...
👍31🏆3🤔2
Бола қалби

Одина ошхонанинг деразасини очиб юборди. Димоғига липа гулининг ёқимли иси келди. У кўп қаватли уйнинг ҳовлисига экилган кўркам дарахтга қараб пичирлади
—Ҳадемай каштан гуллайди.
Эртакларда тасвирланганидек гўзал дарахт. Гуллари ҳам ажойиб. Тўп-тўп. Тепага қараб ўсган...
Кейин эрталабдан бери қий-чув қилиб у ёқдан бу ёққа югураётган болаларга қаради.
Ўзбекнинг боласи қизиққон. Худди юртининг офтобидек қайноқ. Ҳеч тинч ўйнамайди. Бақир-чақир қилганча гала-гала бўлиб у кўчадан бу кўчага чопадилар. Тағин бари баравар гапиради. Ҳозир ҳам тўрт-бешта бола кимнидир ўртага олиб, бир-бирига гап бермай бақиряпдилар.. Одина шовқиндан қочиб энди деразани ёпмоқчи эди ёш боланинг зорланиб йиғлаган овозини эшитиб қолди.
—Ҳой, қўйиб юборинглар уни, ҳозир милиция чақираман! Таҳдид қилди ўзича. Болакайлар унга томон ўгрилганидан фойдаланган қоп-қора бола югуриб ўртадан отилиб чиқди ва йиғлаганча кўп қаватли уйлар учун мўлжаллаб қурилган ахлатхонага қараб чопиб кетди. У худди ҳабашлардек қоп-қора, озғин, миттигина эди.
Одинанинг жаҳли чиқди, яна овозини баландлатди.
—Уят сизларга! Шу кичкина болага ҳамманг ёпишасанми?
—У жудаям ёмон бола, биз билан ўйнамасин, —ўзини оқламоқчи бўлиб гапира бошлади болалар.
—Ундай қилманглар, Шерзодни ҳам ўйинга қўшинглар! Кўп йиллик ўқитувчининг гапи болаларга, умуман, таъсир қилмади. Ўзиникини маъқуллаб туравердилар.
Одина деразани ёпди. Ошхонадани суянчиғи йўқ стулга оҳиста чўкди. "Тавба, ҳозирги болалар бунча шафқатсиз бўлмаса? "
Кейин хаёли йиғлаб кетаётган озғин болакайга кўчди.
Беш йиллар олдин ахлатхона таъмирланиб, бир хоналик уйча қурилди, сўнг ҳовлисига нонлар алоҳида, елим идишлар алоҳида, қоғозлар алоҳида солинадиган катта-катта контейнерлар келтирилди. Атрофи ўралди. Кейин ёшгина лўли оиласи кўчиб келди. Бир йилдан кейин Шерзод туғилди. Ота-онасидан ҳам қорароқ болакай маҳаллада ўйнаб, тўрт ёшга тўлди. Ўша кезлари Одина ҳам неваралик бўлганди. Совуқми, иссиқми болакай ҳеч қандай шароити йўқ шу уйда сира касал бўлмай улғаяр, унинг папалаган неварасининг касалдан боши чиқмасди.

—Бувижоон! Ман билан ўйнийсанми?
Ичкаридан невараси Абдулборий чиқиб келди. Хаёллари тўзғиб кетди.
—Нима ўйнаймиз, болам?
—Лайлак келди ўйнийлик...
Одина бирдан ўрнидан турди.
—Юр, сени ўртоққа олиб бораман. Бирга ўйнайсизлар.
Жажжи болакай турган жойида сакрай бошлади.
—Кўчага чиқамиз! Кўчага чиқамиз!
Ўша куни Одина неварасини Шерзод билан таништирди.
—Бирга ўйнанглар! Ўзи эса уларни кузатиб ўтирди.
Болакайлар ёнма-ён турса, бир-биридан шахмат доналаридек ажралиб қоларди.
Одина эртасига ҳам уларни дўстлаштирмоқни истади.
Учинчи кун эшик тақиллаб, Шерзод Абдулборийни чақириб кетди.
Бироздан сўнг невараси қайтиб келди.
—Бувижон, маҳалладаги болалар дўстимни уряпди!
Одина ёрдамга ошиқди.
Эртасига яна эшик тақиллади.
—Ўртоғинг келди, —деди Одина неварасига қараб.
—Ўйнамайман, бувижон, Шерзод ёмон бола экан, —деди болакай, кейин эшик ёнига келиб гапирди.
—Сан билан ўйнамийман.
Одина неварасини кўндира олмади. Болакай уйда ўйинчоқларини ўйнаб ўтираверди. У Шерзодни уйга етаклаб кирди.
—Мана шу ерда ўйнанглар, хўпми?
—Хўп, бувижон, лекин ўртоғим ёмон бола экан...
—Унақа дема!
Келини невараларини айлантиргани олиб кетди. Эшик очиқ қолди. Одина ошхонада ўтираркан деразадан Шерзодни кўриб қолди. Болакай уларнинг йўлагидан кириб келарди. Аёл эшик тақиллашини кутиб ўтирди. Ажаб, эшик тақилламади. У хайрон бўлиб деразадан боқаркан у яшайдиган кўп қаватли уйнинг йўлагидан қайтиб чиқаётган Шерзодга кўзи тушди. Болакайнинг қўлида неварасига ўзи ҳадя қилган каттакон "Камаз" машинаси бор эди. У уйдан чиқди-ю орқа-олдига қарамай ахлатхонага қараб югуриб кетди.
Аёл шундагина ўтган куни  уйдан  йўқолган Абдулборийнинг энг яхши кўрган ўйинчоғи —кўтарма кранли машинасини эслади, кейин коптоги изсиз кетганини..
Буларнинг барчаси келини невараларини айлантиргани олиб кетганда содир бўлганди...
Беихтиёр митти Абдулборийнинг сўзлари ёдига тушди.
—Бувижон, ўртоғим ёмон бола экан...Бошқа ўйнамийман.
👍37❤5🔥3
Рўзғор

—Сенга ҳеч қачон олиб келган нарсам ёқмайди, қачон қарама камчилик топасан! Фозил жаҳл устида қўлидаги юкларни силтаб-силтаб, гапириб-гапириб ошхонага ташиди. Мавлуда, барибир, ўзиникини оқлаб туриб олди. Тўғри-да, эри ўзи овқат қилмаганидан кейин билмайди-да.
"Олиб келган булғор қалампирингизни қаранг. Ҳаммаси яшил. Уч хил ранглисидан олинг дегандим. Сабзини аҳволини? Мушак сабзи олинн дегандим. Катта-катта сабзи кўтариб келибсиз! Пиёзнинг оқидан, қизилидан, оддийсидан—ҳар хил қилиб олинг десам, шуни ҳам оқини топиб келмабсиз. Қовунни узунчоғидан олинг десам, думалоғидан кўтариб келибсиз",—деди-ю боши балога қолди. Қўй гўштини тўғри танламаганини айтишга улгуролмай қолди. Эри уйни бошига кўтариб, бақириб кетди.
Мавлуданинг нима айби бор?
Ширин-ширин овқатлар қилиб бермоқчи эди.
Агар қайнонаси кириб қолмаганда уларнинг жанжали, худо билади, нима билан тугарди.

—Болам, барака топ, сен вазифангни бажардинг, бугун якшанба, кириб бироз дам ол, биз Мавлудахон билан болаларни олиб айланиб келамиз.

Адолат опа келини ва иккита неварасини олиб энг кичик овсинининг уйига кириб борганда аёл кўрпачаларни ёз офтобига ташлаётган экан. Қучоқ очиб кутиб олди. Ҳовли жуда оддий, эски, пасқам иморатдан иборат, аммо, қандайдир файзли, озода эди.
—Шу ҳовлида учта овсин сира жанжал қилмай яшаганмиз, деди қайнонаси. Кейин ўтганларнинг руҳига тиловат қилди.
Овсини тушликка овқат қилмоқчи эди, Адолат опа тўхтатди
—Ўтиринг, Сабо, сизни соғинганман, овқатни ана, Мавлудахон қиладилар. Рўзғорни кўрсатиб юборсангиз бўлди.

Сабо келинчакни ошхонага бошлади.
—Адолат опам картошка яхши кўрадилар. Пиёз билан қовурасиз, —дели аёл қопда турган картошкани кўрсатиб.
Мавлуда картошкаларни кўриб оғзи очилиб қолди. У умрида бунақанги майда, қурутдан сал каттароқ картошкани кўрмаган эди.
—Бу-уруғлик картошками, жудаям майда экан? —сўради у тозалашдан олдин
—Йўғе, нега уруғлик бўларкан, рўзғорбопда, барака топсинлар амакингиз кеча рўзғоримни бутлаб бердилар. Пиёз мана бу ерда
Пиёз картошкадан ҳам майда эди.
—Буларни қандай тўғрайсиз? Қачон тозалаб бўласиз? —гапириб юборди келинчак.
—Шуни тозаламаганда нима иш қиламан. Меҳнат қилиб, пул топиб, камига ошхонамгача олиб келадилар-у тозаламайманми? Олтин бошлари омон бўлсин. Ҳа, гўштимиз тугаган, тухум солиб юборарсиз-а?

Мавлуда овқат тайёр бўлгунча қайнонаси уни нима учун бу ерга олиб келганини тушуниб бўлди.
Овқат пишганда амакижон келди. Қўлтиғида кичкинагина тарвуз бор эди. Сабо опоқижон уйига Ҳазрат Пири кириб келгандек кутиб олди. Ўтирмоқчи бўлган кўрпачасини бир қоқиб тўшаб орқасига ёстиқ қўйди. Кичкинагина тарвуз тилла тарвузга тенглаштирилди.

Уйгa ўйчан қайтди. Доно қайнонаси бу сафар ҳам унга яхшигина сабоқ бериб қўйган эди.
👍85🔥7👏3❤1
Муносабат

Шоира тикув цехига ишга кирганига кўп бўлмади, аммо бирпасда ҳамма билан тил топишиб кетди. Уддабурон, чаққон аёл. Одамларнинг мушкулини осон қилишга ҳаракат қилади.
Зарифа камсуқумгина, аммо қобилиятли. Одатда ўзини кўпам намойиш қилавермайди, лекин ишини жойида бажаради. Иш берувчи пишшиққина йигит, бир сўмни бекорга бермайди, битта яхши томони номоз ўқишига рухсат берган. Зарифа ортиқча гаплашмайди, билиб-билиб ишини қилади, кундалик режани бажаргач, уйига кетади.
Шоиранинг тикув машинаси унинг ёнгинасида. Бир гапириб, ўн кулиб тикиб ўтиради. Хўжайин келиб қолса, "Зуфаржон, Зуфаржон",—деб парвона бўлиб, бир зумда чой тайёрлашга тушиб кетади... Кўпинча режани бажармайди, аммо ҳожатбарорлиги, сўзамоллиги буни ювиб кетади
Камгап, камсуқумгина Зарифа билан ҳам яқин бўлиб қолди. Бирга ўтириб тушлик қиладиган, ишдан бирга қайтадиган бўлдилар. Зарифа Шоирага тобора яқинлашиб борар, ишда ҳам қўлидан келганча ёрдам берарди. Одамнинг ич-ичида ҳеч ким билишини истамаган дарди—оғриқли нуқтаси бўлади, баъзан шундай кунлар бўладики, уни ҳам кимгадир айтмасанг, қалбингга малҳам тополмайсан. Зарифа мана шундай сирдош топганидан хурсанд эди...

Аёллар байрами арафасида цех бошлиғи байрам ташкил қилиб берадиган бўлди. Ўша куни аёллар бошқача кайфиятда кириб келдилар. Пардозлар жойида, сочлар байрамона турмакланган, ярашиқли либосларда "Сокин" кафесидаги сукунатни бузиб ўйин кулгу қилдилар.
Ўтириш охирлаб қолганда бошлиқ ҳар бир ходимига атаб совғалар улаша бошлади.
—Зарифа опа, ўта масъулиятлисиз. Барча ходимларнинг сизга ўхшашини истар эдим. Ҳали бирор марта кундалик режани бажармай кетганингизни кўрмадим. Буни сира нимада, опа? — кўтаринки кайфиятда лутф қилди бошлиқ, совға бераётиб. Бошини эгиб, жилмайиб турган Зарифанинг ўрнига Шоира жавоб бериб қўя қолди.
—Нимада бўларди, эри ташлаб кетган аёл бор аламини ишдан оладида, — деди, сўнг ўзини меҳрибон кўрсатиш учун қўшиб қўйди —Тағинам фил экансиз, опа, сиздек аёлларга ҳайкал қўйиш керак!

Зарифанинг оқ-сариқ юзи лоладек қизариб кетди. Ҳамма ҳали ҳеч кимга ошкор бўлмаган сирни эшитиб турганиданми жим бўлиб қолганди...

Зўрға жойига ўтириб олган Зарифа байрам охиригача амаллаб илжайишни уддалаган бўлди...
Эртаси куни қақиллаб кириб келган Шоиранинг қучоқ очиб кела бошлаганини кўриб қалтираб ўрнидан туриб кетди.
—Вой, ўзимнинг опажоним, аразламанг энди, сизни мақтасам ҳам ёмонми?
Шоира кечгача муносабатларини тиклашга уриниб кўрди. Зарифа унинг саволларига қисқа-қисқа жавоб бериб қўя қолди.
—Юринг, бирга кетамиз, опажоним! Мусулмон кишига аразлаб юриш ярашмайди.

—Тўғрику, аммо мўмин киши битта тешикдан икки марта чақтирмайди. Энди салом-аликдан бошқаси бизга тўғри келмайди,- деди сокин аммо қатъий оҳангда.

Нима дер экан деб оғзига тикилиб турган ҳамкасблари Зарифанинг жавобидан кўнгли тўлгандек секин-аста хонадан чиқиб кета бошладилар

Феруза Салходжаева
👍90❤10🔥5