Protsess.uz | Rasmiy kanal
2.69K subscribers
6.74K photos
855 videos
2 files
5.09K links
O‘zbekiston va jahonda ro‘y bergan eng muhim yangiliklar, jamiyat hayotidagi dolzarb masalalar yuzasidan aniq va xolis axborot yetkazuvchi — Protsess.uz veb-saytining Telegram rasmiy kanali.
Download Telegram
Наманганда ислоҳотлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди

31 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва 2026 йилга мўлжалланган асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда вилоят иқтисодиёти жадал ўсиб, 2025 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 85,4 триллион сўмга етган. 3,3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, экспорт 916 миллион долларга чиққан. 2026 йил учун иқтисодиётни 9,2 фоизга ошириш, инвестицияларни 5 миллиард долларга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, IT, туризм ва инфратузилма йўналишларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди.
Учрашув аввалида меҳмон давлат раҳбарига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ҳамда ишбилармон доиралар даражасидаги фаол ҳамкорлик алоқалари юқори баҳоланди.
Қайд этилганидек, қўшма Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, экология ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик кенгаяётгани таъкидланди.

Шунингдек, иқтисодий лойиҳаларни жадаллаштириш, нодир металлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳлик оқимини ошириш, космос ва креатив иқтисодиёт йўналишларида гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди
🌍 Дунёда атиги 13 мамлакатда ҳаво сифати хавфсиз деб топилди

2025 йилги тадқиқотларга кўра, дунёдаги 143 мамлакатдан фақат 13 тасида ҳаво сифати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрларга жавоб берган.

ЖССТ саломатлик учун хавфли деб ҳисобланадиган PM2.5 — майда чанг зарраларининг рухсат этилган даражасини белгилайди. Бу зарралар ўпкага чуқур кириб, қон айланишига ўтиши мумкин ва нафас йўллари, юрак-қон томир касалликлари ҳамда саратон хавфини оширади.

Швейцариянинг IQAir компанияси 143 мамлакатдаги 9 446 шаҳарда таҳлил ўтказди. Натижалар “2025 йил дунё бўйича ҳаво сифати ҳисоботи”да эълон қилинди.

Хавфсиз ҳавога эга давлатлар қаторига Андорра, Эстония, Исландия, Австралия, Барбадос, Бермуд ороллари, Француз Полинезияси, Гренада, Янги Каледония, Панама, Пуэрто-Рика, Реюньон ҳамда АҚШ Виржиния ороллари кирган.

Қолган 130 мамлакатда ҳаво ифлосланиши ЖССТ меъёрларидан юқори экани қайд этилди. Ҳавоси энг ифлос давлатлар бешлигига Покистон, Бангладеш, Тожикистон, Чад ва Конго киритилган.
Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди

1 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, пойтахтда 108 гектар майдонда барпо этиладиган Миллий дендрология боғига старт берди.

Сўнгги беш йилда лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилиб, республикада 942 та яшил боғ ва жамоат парки, 47 та “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди. 256 минг гектар ўрмон яратилди, Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар ҳимоя ўрмонзорлари ташкил қилинди. Натижада мамлакатдаги яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.

Янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, жон бошига 10 квадрат метр яшил ҳудуд яратиш мақсад қилинган. Қорақалпоғистон, Навоий, Бухоро, Хоразм ва бошқа ҳудудларда минглаб гектар янги ўрмонзорлар барпо этилади, вилоятларда ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади.

Шунингдек, жорий йилдан “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрланади. “Менинг боғим” дастури доирасида аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағ 400 миллион сўмгача оширилди.

Тадбир якунида давлат раҳбари иштирокчилар билан бирга дендрология боғининг илк 5 гектарига кўчат экиб, юртдошлар ҳам мамлакат бўйлаб 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.
Транспортни бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга жавобгарликни ўтказиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 30 мартдаги 125-сон қарори билан транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий асосда бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни ўтказиш тартиби тасдиқланди.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб транспорт эгаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини қоидабузарлик бўйича жавобгарликни бошқарувчи шахсга ўтказиш ҳақида электрон тарзда хабардор қилиши мумкин. Бу хизмат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Бунинг учун транспорт эгаси шахсий кабинет орқали сўровнома тўлдириб, бошқариш ҳуқуқини бериш муддатини кўрсатади. Бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса жарималар унга расмийлаштирилишига электрон рақамли имзо, “Мobile-ID” ёки “Face- ID” орқали розилик беради.

Мазкур хизмат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси 5 йил муддатга расмийлаштирилади.
❗️ 1 апрелдан қонунчиликда қатор муҳим ўзгаришлар кучга кирди

1 апрелдан бошлаб бир қатор соҳаларда янги тартиб ва енгилликлар жорий этилди.

🚗 Йўл ҳаракати соҳасида Энди махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари (радарлар) орқали аниқланган қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ҳисобланади. Шунингдек, жарима балларини транспорт воситаси эгаси ва ундан фойдаланувчи бошқа ҳайдовчилар ўртасида тақсимлаш тартиби жорий этилди.

🛂 Солиқ ва божхона соҳасида – Чет эл фуқароларига Ўзбекистондан чиқишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚСни нақд пул шаклида қайтариш имконияти яратилди. – Барча халқаро аэропортларда “Tax free” тизими жорий этилди ва ушбу тизим татбиқ этиладиган товарлар рўйхати (озиқ-овқатдан ташқари) бекор қилинди. – Биологик фаол қўшимча ва косметика ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар божхона божидан озод қилинди.

💳 Тўловлар тартиби Қатор тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Буларга давлат хизматлари, коммунал тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш, 25 млн сўмдан юқори товар ва хизматлар, кўчмас мулк ҳамда айрим транспорт воситалари савдоси киради.

🏢 Тадбиркорлик ва аккредитация соҳасида – Аккредитация бўйича пуллик хизматлардан ажратмалар 2,5 баробарга камайтирилди. – Бир неча хусусий субъект фаолият юритаётган соҳада давлат органларига янги синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этиш тақиқланди. – Мутахассисларга ўқув дастури ва таълим муассасасини мустақил танлаш ҳуқуқи берилди. – Давлат органлари муаммолар ечими учун краудсорсинг платформаларида танловлар ўтказади ва ҳар ой “Стартап куни” ташкил қилади.

📚 Таълим ва фуқаролик масалалари – Мактабгача таълим қамрови паст ҳудудларда давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этишга рухсат берилди. – Ўзбек тилидан камида В1 даражадаги сертификатга эга чет элликлар фуқаролик олишда тил имтиҳонидан озод этилади.

🌿 Экология соҳасида – Экология қонунчилигини бузган юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби жорий этилди. – Ўрмон фондига кирмайдиган, дарахт билан қопланган ерларни олиб қўйишга жамоатчилик ташаббуси билан тақиқ қўйиш имконияти яратилди.

🏥 Соғлиқни сақлаш Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилди.

⚖️ Нотариат ва мулк муносабатлари Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби, нотариусликка танлов ва тайинлашнинг янги низомлари кучга кирди.

🏭 Давлат харидлари Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларга нисбатан 8 фоиздан 15 фоизгача нарх преференцияси берилади.

Шу тариқа, 1 апрелдан амалга кирган ўзгаришлар йўл ҳаракати хавфсизлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, рақамлаштириш, экология ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган.
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирида пешқадамга чиқди

Гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 1 апрель куни Номзодлар турнирининг 4-турида Фабиано Каруанани мағлуб этди ва мусобақа жадвалида якка пешқадамга чиқди.
Ушбу ғалаба билан Синдаров 4 партиядан 3,5 очко жамғариб, турнирда учинчи ғалабасини қайд этди ва якуний ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бирига айланди.
Партия 36 юришда якунланди. Оқ доналарда ўйнаган Синдаров рақиб хатосидан фойдаланиб ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди.

Навбатдаги 5-тур 3 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Синдаров қора доналарда Хикару Накамурага қарши баҳс олиб боради.
2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача давом этади. Унда дунёнинг энг кучли 8 гроссмейстери иштирок этади. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Дommараджу Гукешга қарши жаҳон тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.
«IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш тадбиркорларнинг масъулияти

Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субъектларини мобил қурилмаларнинг «IMEI» кодларини рўйхатдан ўтказиш талабларига қатъий риоя этишга чақирди.

2025 йил давомида 147 та мурожаат қўмитага келиб тушган. Шуларнинг 55 таси ижобий ҳал қилинган, 89 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 3 таси эса тегишли органларга юборилган.

Қўмита таъкидича, IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти истеъмолчига эмас, балки ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки сотувчига юкланган. Сотувчи харидорга қурилма ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот тақдим этиши ҳамда рўйхатдан ўтган маҳсулотни сотиши шарт.

Акс ҳолда, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши мумкин.
3 апрель куни кутилаётган об-ҳаво маълумоти

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигининг хабар беришича, 3 апрель куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-17, кундузи 22-24 даража илиқ бўлади.
Хитойда сунъий интеллект асосида бир кишилик компаниялар тез ривожланмоқда

Хитойда АИ воситалари ёрдамида бир кишилик компаниялар (оne-person companies) жадал ривожланмоқда. Ушбу формат тадбиркорга ходим ёлламасдан туриб, барча бизнес жараёнларини – маҳсулот жойлаш, маркетинг ва мижозлар билан ишлашни – сунъий интеллект агентлари орқали автоматлаштириш имконини беради.

Alibaba президенти Куо Чжан таъкидлашича, АИ агентлар инсонларни алмаштирмайди, балки якка тадбиркор учун виртуал жамоа вазифасини бажаради, бу эса бизнесни самарали бошқариш имконини яратади.

Баъзи шаҳарлар ҳукумат томонидан стартапларни қўллаб-қувватламоқда: бепул уй-жой, ижарасиз офислар ва 720 минг долларгача субсидиялар ажратилган.

Alibaba «Аccио Work» платформаси орқали кичик бизнеслар учун солиқ, логистика, маркетинг ва мижозлар билан ишлаш жараёнларини автоматлаштириш хизматини тақдим этмоқда. Платформа 2024 йил охирида ишга туширилган ва ҳозирда ойига 10 миллион фойдаланувчига эга.
Ярим асрдан сўнг илк экипажли ой парвози: «Артемида-2» миссияси старт олди

NASA томонидан амалга оширилаётган «Артемида-2» миссияси доирасида бортида 4 нафар астронавт бўлган Orion космик кемаси Florida штатидаги Kennedy Space Center космодромидан Space Launch System (SLS) оғир ракета-ташувчиси ёрдамида муваффақиятли учирилди.

Мазкур парвоз 1972 йилдан бери Ой сари амалга оширилган илк экипажли миссия ҳисобланади. Экипаж таркибига Reid Wiseman, Victor Glover, Christina Koch ҳамда Jeremy Hansen кирган.

Миссия доирасида «Orion» Ой атрофида бир марта айланиб чиқади. Парвоз тахминан 10 кун давом этади ва кема Ой юзасидан қарийб 7,5 минг километр масофада учиб ўтади. Миссия Ойга қўнишни назарда тутмайди, асосий мақсад — кеманинг барча тизимларини очиқ коинот шароитида синовдан ўтказишдир.

«Артемида-2» бир қатор жиҳатлари билан тарихий аҳамиятга эга. Хусусан, илк бор аёл астронавт ҳамда АҚШ фуқароси бўлмаган иштирокчи Ой сари экипаж таркибида парвоз қилмоқда. Шунингдек, ушбу миссия инсон тарихидаги энг узоқ масофага чиққан экипажли парвозлардан бири сифатида қайд этилиши кутилмоқда.

Мазкур парвоз келгусида режалаштирилган «Артемида-3» ва «Артемида-4» миссиялари учун муҳим босқич бўлиб, улар доирасида инсонни яна Ой юзасига тушириш кўзда тутилган.
Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилди

2026-йил 1-апрелдан давлат тиббиёт муассасаларида 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Янги тартибга кўра:

– тиббиёт ходимлари учун ҳафталик иш вақти 36 соатдан ошмайди; – зарарли ва юқори зўриқишли шароитларда ишловчилар учун қисқартирилган вақт қўлланилади; – тиббиёт ходими бўлмаганлар учун иш вақти 40 соат этиб белгиланади.

Поликлиникаларда иш вақти душанба–жума 08:00–20:00, шанба куни 08:00–14:00 (навбатчилик) тартибида амалга оширилади.

Иш ҳақи сақланади, статсионарларда навбатчилик тизими доимий асосда ташкил этилади.