«ПсихоБлог»
3.07K subscribers
171 photos
76 videos
32 files
464 links
Садриддин Шамс блоги

Биргаликда инсонлар руҳиятини ўрганамиз

Консультация учун: @psixokonsul
Мурожаат учун: @broalterego
Download Telegram
Тестестерон мавзусига қизиқиб кетганимданми YouTube ҳам видео тавсия қилди. «Қўштирноқ» подкастда «Бепуштлик, тестестерон ва соҳта урологлар» ҳақида мутахассислар билан суҳбатни томоша қилдим. Яхши маълумотлар айтилди.

Суҳбат ҳақида қисқача айтсам, бугун бизни жамиятда ҳам бепуштлик йил сайин ортиб бораётган муаммо саналади. Асосий сабаб бунга гиподинамия(кам ҳаракатлилик), яшаш тарзимизнинг нотўғрилиги. Бу ҳақида эса кечаги постимда айтиб ўтдим. Бепуштлик сабаб одамлар юзкўрмас бўлган, оилалар пароканда бўлган, хатто суицидал вазиятларга олиб келган ҳолатлар ҳам мавжуд. Уйланмоқчи бўлган ҳар бир ёш "Менда ҳаммаси яхши", деб мутахассис кўригидан ўтмаслиги муаммонинг йириклашувига олиб келиши мумкин. Чунки бу муаммодан ҳозир ҳеч ким изоляция ҳолатида эмас.

https://youtu.be/5Nihw0Dz5qY?si=n7ZBZrRu2TaM8SWs

@psixobloguz
Имловий хатолар инсон ҳақида маълумот бера оладими?

Бу борада менда ҳеч бир илмий асосланган маълумот йўқ. Лекин саводсизларча ёзадиган одамлар ҳақида маълум бир шахсий мулоҳазаларни айтиш мумкин деб ҳисоблайман.

Имловий хато аввало нимадан келиб чиқади? Бу шундан келиб чиқадики, ўша инсон етарлича ёки умуман китоб ўқимаслигини англатади. (Ёки ўқиганида ҳам шунчаки мақтаниш учун ўқийди). Китоб ўқиган инсонларда имловий хатолар жуда кам ва беихтиёрий бўлади. Китоб ўқимайдими демак у одам ўз устида умуман ишламайди ҳам. Янгиликка интилмайди. Тасаввурини, билимини, дунёқарашини бойитмайди. Туйғулари ҳам примитивлигича қолиб кетади.

Имловий хато билан ёзувчи инсонларда масъулият, ўзгани ҳурмат қилиш ҳисси бўлмайди. Чунки ўзининг паразит имлоси билан бошқанинг вақтини ўғирлаётганини англамайди. Масалан, на имло на тиниш белгиларига риоя қилинган гапларни англаш учун анча-мунча тер тўкаман.

Фикрлар максимал субъектив

Хўш, сиз-чи? Имло киши ҳақида айтиб бера оладими? Ҳа бўлса, шахсий кузатувларга асосланган қандай тажрибангиз мавжуд?

@psixobloguz
Эзотерика, чакра, шукроналик, ижобий фикрлаш, медитация, тортишиш кучи каби псевдоилмий таълимотларни иш беради деб ҳисобловчи "психологлар" таянч докторантурада илмий иш(!!!) қилаётганидан бехабарсиз. Мен эса бохабарман. Шуларни деб баъзан стрессга тушаман. Чунки мен бу блогда бу "илмлар"ни псевдоилмий деганим билан университетда PhD илмий даражаси борлар буни фойдали деб турса, талаба албатта ишонади-да.

Бакалаврда учинчи курс бўлганимда бир домла шу билимларни 100 долларга ўргатаман деганди. Илк дарсига борганимда 6 тача талаба шунча пул тўлаб ўқиётган эди. Ҳа, ўша менинг Alma-Mater'им бўлмиш Бухоро Давлат Университетида эди. Мана қаердан келиб чиқаяпти ҳар хил "психологу, психогенетиклар"!

Так, бугун Топлесдан психологияга оид бомба сон чиқди. Юқоридаги айтилган псевдо илмий таълимотлар ҳеч қанақасига иш бермайди. Аммо гап шундаки, бузуқ соат ҳам бир кунда икки марта вақтни тўғри кўрсатади. Шу учун ҳам улар халигача яшаб келмоқда. Ана шу масалалар бугунги сонида жуда ажойиб тарзда тушунтирилган.

https://youtu.be/r_WuDtcXbOg

@psixobloguz
Ўзбеклар одам бўлмайди!

©Ўзбеклар халқ қарғиши


Шундай гап билан ҳаммамиз ўзимизни тузатиб бўлмаслигимизни башорат қиламиз. Буни онгимизга шу даражада сингдирамизки, охир-оқибат установкага айланиб, хатти-ҳаракатимизда акс эта бошлайди. Кейинчалик ўзимиздаги қандайдир нуқсонни ўзбеклигимиз билан изоҳлай бошлаймиз. Натижада ўз-ўзини қарор топтирувчи башорат ишга тушиб, ростан ҳам одам бўлмаслигимизча қолаверамиз.

Психология ва тилшуносликнинг бирикувидан ҳосил бўлган психолингвистика соҳаси мавжуд. Тил, онг ва тафаккурнинг ўзаро муносабатини ўрганади. "Катта" ва "кичик" сўзларининг талаффузига эътибор қилинг. "Катта" сўзи талаффуз қилинганда овоз аппаратимиз кенгаяди. "Кичик" сўзи талаффузида эса лаб ва халқумимиз тораяди. Бу бошқа тилларда ҳам шундай. Русчадами, инглизчадами истаган тилингизда солиштириб кўринг.

Хўш нега бундай бўлади? Нега маълум бир сўз талаффузи физиологик даражада таъсир қилмоқда? Халқ онггига ўрнашган сўз бирикмалари билан ҳам шундайдир балки? Яхшиси, ўзимизни бундай сўз бирикмалари билан сийлашни бас қилармиз. Ҳа, кўп жиҳатдан орқадамиз. Рост. Лекин ўзимизни камситаверсак, одам бўлиб қоламизми? Бу "Орттирилган ночорлик" эмасми?

Хуллас, ўзимизга масъулиятли бўлайлик.

PS. Барча ҳаволаларни кўриб чиқинглар!

@psixobloguz
Илк фарзанд эксперимент бўлмаслиги керак!

Бизда жуда бир ёмон фикр бор-да. Тўй ўтгач албатта 9 ойдан кейин бола туғилиши керак. Эй барака топгурлар, ҳолатдан келиб чиқиш керак. Дарров болали бўлиш ҳаракатига тушиш жуда тўғри эмас. Фарзандли бўлиш режа асосида амалга оширилиши лозим. Масалан, эр ўқиса, хотин ўқиса, қанақа қилиб фарзандли бўлиш ҳақида ўйлаш мумкин?

Ҳар бир ёш оила аввало ўзига савол бериши керак: биз фарзанд боқишга, улғайтиришга, тарбиялашга қай даражада тайёрмиз? Шу саволларга жавоб «Ҳа» бўлгандагина ҳаракатга тушиш лозим.

Шу йил бошида бир талабам қўлида нечадир ойлик боласи билан келди. Қизни говдаси кичкина. Бола эса типирчилайверади. Бир марта бошини уриб олувди қани энди дам қила олса бу онаси?

На ота, на она хали фарзандли бўлишга тайёр бўлмаган холатда фарзандли бўлиб олиши кимга жабр? Аввало, ота-онани ўзига жабр ва кейин фарзандга жабр. Чунки у ота-онасининг тажриба қуёнчаси бўлиб қолади. Биринчи фарзанд билан боғлиқ хатолар кейингиларига қилинмасликка ҳаракат қилинади. Лекин нега биринчи фарзанд тажриба қуёнчаси бўлиши керак?

Бола туғилгач унинг илк минг кунлиги унинг келажагига таъсири катта. Чунки шу даврда мия энди шаклланаётган бўлади. Бу даврда она ва боланинг яхши озиқланиши жуда муҳим. Бу учун эса иқтисодий томонлама ота-она тайёр бўлиши керак.

Шунингдек, нафақат она балки ота ҳам бола психологиясига оид адабиётлар ўқиши зарур. Бировларни боласига бир-бир қарашиб туриш ҳам тажриба олишга ёрдам бўлади.

Хуллас фарзандли бўлишни ортга суришни ҳечам ёмон томони йўқ. Бу масалага чуқур масъулият билан ёндашиш лозим.

@psixobloguz
Ошпазни эшитгансиз, китобпазни-чи?

Ўқигингиз келиб, ҳеч қаердан тополмай эзилиб юрган китобингиз бор бўлса, мана шу қиз дардингизга даво бўлади.

Истаган китобингизни истаган форматингизда "ўнг қўлини ўйнатиб" тайёрлаб беради. Нархи анча арзон тушади, ўзим синаб кўрдим. Тиббиёт психологиясига оид китобни қаранг қандай чиройли чиқарганини🌚

Бонусига блогида принтер билан ишлашдаги теша тегмаган лайфхакларниям ўргатиб, пулингизни тежаб ҳам бераркан. Хуллас, босингизлар: @kitobpaz

Хадеб ойпопук блогерларга фоллов босмасдан мусаҳҳиҳ қизларниям қўллаб туринглар)
Ислоҳ қилинган алифбо расман кучга кирган кундан бошлаб лотин ёзувида постлар ёзишни бошлайман деб ўзимга ваъда берганман. Лекин обуначилар фикри ҳам қизиқ. Постларимни қайси алифбода ўқиш қулай сизларга?
Айтингчи, инсонни нима бахтли қилади?

Энг кенг тарқалган фикрга кўра пул инсонни бахтли қилади. Бироқ, тадқиқотларда бу унчалик ҳам тўғри эмаслиги айтилади. Ҳа, пул инсонни маълум вақт бахтли қилади. Лекин бу жуда қисқа вақт давом этади.

Гарвард университетида бахт масаласи 85 йил давомида тадқиқ этиб келинади. Бу психология тарихида энг узоқ давом этган тадқиқот ҳисобланади. Тадқиқот 1938 йилда бошланган ва ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Тадқиқотда турли хил ижтимоий қатламдан чиққан кишилар иштирок этишган. Олимлар ҳар икки йилда уларга ўз ҳаётлари ҳақида айтиб беришлари учун сўровнома юборишади. Шунингдек, тадқиқотчилар шахсан улар билан суҳбатлашишган, қон анализларини олишган, миясини текширишган. Улар синалувчиларнинг касалликлари ҳақида уларнинг шифокорларидан маълумот олиб туришган, уларнинг оила аъзолари билан очиқчасига суҳбатлашишган ва буларни барчасини камерага ёзиб олиб боришган.

Хўш, олимлар хулосаси қандай?

2022 йилнинг ноябрь ойида Inc америка журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, иккита хулоса айтилади:

1. Генетик омил. Баъзи бир инсонлар генетик омил сабабли бу борада омадли бўлишади. Шу омил туфайли улар бахтли бўлишга мойил. Уларнинг темперамент созламаси кам ташвишланиш, эмоционал стабиллик ва дўстона бўлишга созлангандир. Дейлик, бир вазият бир инсонда кучли эмоцияларни қўзғатяпти, лекин улар уни синдирмаяпти ва олға интилишда давом этаяпти, бошқа одам эса ўша вазиятда руҳий ва соматик бузилишларни қабул қилиб олаяпти, бу эса унинг ҳаётини қийинлаштириб, сифатини пасайтирмоқда.

2. Стартдаги ҳолат. Киши ҳаёт сифати юқори ёки паст бўлган маълум бир оилада, маълум бир тарихий даврда тасодифан туғилади. Бироқ айнан шу нарса унинг келажагини белгилаб бериши мумкин: сифатли таълим ола билиши, маълум бир доираларда мавжуд бўлиши, "ижтимоий лифт"лардан фойдалана олишлигига замин ҳозирлаши мумкин.


Олимлар шахслараро муносабатлар ҳаётимиз учун муҳимлигини таъкидалашади. Гарвард тадқиқотида иштирок этганлар орасида нобел олганлар ҳам бор бўлиб, улар ҳаётида эришган катта ютуғи бу оиласи, дўстлари эканлигини билдиришган.

Бир бошқа тадқиқотга кўра,
оилали эркаклар оиласиз эркакларга қараганда 12 йил кўпроқ умр кўриши аниқланган. Аёлларда эса бу кўрсаткич 7 йилни ташкил қилади. Демак, оилавий ҳаётдан кўпроқ эркаклар манфаатдор. Айтиб ўтиш лозимки, оилавий ҳаёт агар у соғлом бўлсагина фойдали.

Умуман ўзи ижтимоий алоқалар инсон руҳий ва жисмоний саломатлиги учун жуда фойдалидир. Ёлғизлик эса киши соғлиғига жиддий салбий таъсир қилади. Ёлғизлик юрак хасталиги билан боғлиқ касалликларни 29 фоизга, инсультни 32 фоизга ошириши аниқланган. Шунингдек, ёлғиз инсонларда деменция ривожланиши ҳам кузатилган.

Хуллас азизлар, пул деб ўзингизни ўққа-чўққа ураверманг. Яхши дўстлар давраси, оилавий ҳаётда бўлишда гап кўп. Асл бахт шуларда яширин. Қолганлари вақтинчалик таъсир кучига эга.

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек:

Инсон билан тирикдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамларга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.


PS.: Пост ёққан бўлса, гуруҳ ва каналларингизга тарқатинглар. Менинг ҳам обуначиларим кўпайсин:)


@psixobloguz
Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси анча паст деб қаердадир ўқигандим. Инглиз тилининг бугунги кундаги қудрати ҳақида эса гапириб ўтириш шарт эмас: Бутун дунё инглиз тили билан ҳисоблашмоқда. Тан олайлик, илм-фан тили ҳам инглиз тили.

Хуллас инглиз тилини ўзбекистонликлар орасида кенг ёйиш мақсадида "Ёшлар ишлари" агентлиги томонидан Ibrat Academy иловаси ишлаб чиқилган. Иловадан ўзим ҳам фойдаланаяпман. Шахсан менга ёқаяпти. Мавзулар жуда содда тарзда тушунтирилган. Шунингдек, иловада фақат инглиз тили эмас, бошқа тиллар ҳам мавжуд. Илова устида яна ишланиб, қўшимча опциялар ҳам бириктирилса, янада самарали бўлади деган умиддаман. Энг асосийси дастур мутлақо текин. Сиздан талаб этиладигани бу истак ва ҳаракат. Ҳар кун 2-3 соат шуғулланишга мотивация топинг ва орзуларингиз томон ошиқинг.

Дастурни плей-маркетдан юклаб олинг👇
https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.ibrat.farzandlari

Ўйлашимча, Ёшлар ишлари агентлигининг шу вақтгача қилган энг фойдали иши шу.
#психотерапия

Ички хотиржамликнинг бошланиши бу КИМДАНДИР НИМАДИР КУТИШдан тўхташдир! Тушунинг, сизга ҳеч ким нимадир қилишга мажбур эмас, шуни тушунган кунингиз, сиз учун янги ҳаёт бошланганини билдиради. Ҳеч ким, ҳеч нимада, мажбурмас!

Бу жуда оддий. Бу ҳақиқат!

Сизга тўқнаш келган ҳар бир киши учун муҳим инсон бўлишни исташдан тўхтанг! Сизни севишга ҳеч ким мажбур эмас, совғалар беришга ҳам. Сиз билан дўст бўлишга ҳам сизга яхшилик қилишга ҳам мулойим гапиришга ҳам беминнат ёрдам беришга ҳам мажбур эмас! Сизга вафодор бўлишга ҳам мажбур эмас!

Сиз учун харакат қилишларига, сизнинг ёнингизни олишларига, қийин вақтда қўллаб-қувватлашларига умид қилиб ўтиришни бас қилинг! Сизни юпатишга ҳам, қарз бериб туришга ҳам, сизнинг ҳикояларингизни тинглашга, ҳазилларингизга кулишга ҳам мажбурмас. Сиз яхши мутахассислигингиз учун олқишлашга ва ўзингизни бахтли ҳис қилишингиз учун ҳаракат қилишга ҳам мажбур эмаслар!

Ҳеч ким сизнинг яхшилигингизга яхшилик билан жавоб беришга мажбур эмас. Сиздан миннатдор бўлишга ҳам. Тушуняпсизми? Ҳеч ким. Ҳеч қаерда. Ҳеч нарсага. Мажбур эмас. Ҳеч қачон! Бу гап сизни хафа қилаяптими? Тушкун аҳволга соляптими? Ўзингизни ёлғиз ҳис килаяпсизми? Ҳафсалангиз пир бўлдими? Йўқ, йўқ, йўқ!

Четдан бир қаранг. Ахир бу ёруғлик. Бу Сизнинг қонингизга сингиб кетган, кимдандир нималарнидир умид қилишдек бахтсизликдан халос бўлишдир. Қалбингиздаги, сиз учун "қарздор" бўлган инсонлар рўйхатидан қутулишдир.

Эсингиздами? Кимларнидир сиз учун кўп нарсада мажбур деб ҳисоблагансиз. Уларни қўйиб юборинг. Одамларни йўқ нарсада айбламанг. Ўзингизни йўқ нарсага умидвор қилиб чарчатманг. Яхшилик қилган инсонларингиз сизга шундай жавоб қайтармаганига куйинманг.

Одамларни муҳокама қилиш ва айблашдан тўхташ, сизнинг ҳақиқий ҳаёт бошлаганингиздан далолат!

Янги, ҳақиқий, кучли инсон ҳаёти!

Ахир сиз буни жуда хоҳлагандингиз-ку?! Энди сиз ҳеч кимдан ҳеч нима кутмайсиз. Бундан буён нимадир содир бўлса, кимдир сиз учун яхшилик қилса, сиз чексиз миннатдорлик ҳиссини туясиз. Англаб етишдек илиқ бир тўлқин юрагингизга югуради. Атрофда қанчалик кўп яхшилик борки, сиз уларни ўзингизнинг "хоҳлайман" ва "у мажбур" деган фикрларингиз билан тўсиб қўйяпсиз.

Ҳар бир инсон меҳрибон. Сиз фақат, улардан нимадир кутиш ва уларга баҳо беришдан тўхтанг! Шунда ҳаммаси ўз изига тушади. Бу, айниқса, ўзаро муҳаббат туйғуларида муҳим ўрин эгаллайди. Агар севсангиз — уни мажбурламанг. Ўз ҳолига қўйинг. Ўзингизча, қандайдир ҳаракатларга уни мажбур деб ҳисобламанг. Мана у ҳақиқий муносабат. Соҳта эмас. Унинг танловини ҳурмат килиш.

Ҳамма нарсани назорат қилишдан тўхтанг. Ёқмаяптими — кетинг. Аммо кимгадир яшашни ўргатманг. Ҳеч ким Сиз учун ҳеч нимада мажбур эмас.

Бу биринчи қадам.

Бундан буён сиз ҳеч кимдан хафа бўлмайсиз. Ҳеч ким билан тортишмайсиз. Ҳеч кимдан нимадир кутиб асабийлашмайсиз. Ноҳақликлар йўқолади, фақат ўзаро миннатдорлик ҳисси қолади. Бу таърифлаб бўлмас даражада ажойиб — Енгиллик, оддийлик.

Сиз қанчадан-қанча кераксиз ўйлардан халос бўлдингиз. Энди эса сиз озодсиз! Ҳотиржамликни ҳис этиб, кўп эзгуликларни ҳис қилиш учун озодликка чиқдингиз. Сиз шунчаки БОРСИЗ! Сизга ҳеч ким ҳеч нимада мажбур эмас! Сиз ҳам ҳеч ким учун мажбур эмассиз! Боринг, яшайверинг.

@psixobloguz
Японияда истиқомат қилаётган ватандошимиз Баҳодир Искандаровнинг фэйсбук саҳифасидаги постини ўқиб қолдим. Уни сизлар билан улашгим ва фикрларингизни билгим келди:

“Японияда "Куякушо" деган маҳаллий ҳокимият органи бор. Биздаги "Маҳалла" ташкилоти билан деярли бир хил. Аммо, биздагидан фарқи Японларни "Маҳалла"си жуда кўп функцияларни бажаради. Жуда кўп моддий ва маънавий қўллаб қувватлайди.

Ҳар бир ёш оилани турмуш қуришдан олдин, фарзандли бўлишдан олдин "Маҳалла"га хат билан чақиришади. «Соуданкаи» (Маслаҳатлашиш) қилишади. Бола туғилгандан кейин, маҳалла томонидан фалон пулларни, фалон қулайликларни оласизлар мазмунида тушунтириш ишларини олиб боришади ва бола туғилгандан кейин нималар қилишингиз кераклигини ҳам ўргатишди.

Болани эмизишдан тортиб, памперсини алмаштириш, ухлатиш, қандай қилиб кўтариш ҳаммасини тушунтиришади, ўргатишади. Энг қизиқ томони шу маслаҳатга борганингиз учун ҳам 400$ атрофида пул, совғалар беришади. ЯПОНИЯДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЖУДА ЗЎР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАН!

Хуллас, ўтган хафта ўша "Соуданкаи"га аёлимни ўзини жўнатиб, ўзим ишга кетдим. Ишдан қайтиб келсам, ҳар доимги аёлим озгина ўзгариб қолган. Совуққина муомала қилиб, "Яхши келдингизми, овқатингизни солиб, еб олинг" деб индамай хонасига кириб кетди.

Кайфияти ёмон шекилли, нимадир муаммо бўлди шекилли, деб ўзимга ўзим овқатни солиб едим. Еб бўлай деганимда "Идишларингизни ҳам ювиб қўйинг" деди. Энди "Бутун бир авлодини эслаб чиққсаммикан" дедимда яна ўзимни тийдим. Бу ерда бир гап бор деб ўйлаб улгурмасимдан "Кўйлакларингизни ювиб қўйинг" дедию, ўзи ҳам чидай олмай кулиб юборди.

Кейин билсам, ўша маҳаллани "Маслаҳат"ига борса, ўша ердаги ҳодима "Эринг уй ишларига ёрдам берадими?" дебди. Бизники ҳам "Йўқ" дебди. Кейин у аёл: "Эринга дон-дон иш буюр. Ҳамма ишларни қилсин" дебди. "Дон-дон" дегани "Тез-тез", "Югуриб-югуриб" деган маънода ишлатилади. Айтдим бу Япон аёллар уйни ишини эри билан тенг бўлишиб қилади десам, ҲАММА ГАП МАҲАЛЛАДА ЭКАН

Бизники ҳам маҳалладан эшитиб келиб, "Дон-дон" иш буюриб ётган экан. Расмимга қаранг: Шундоғам оиласига меҳрибон, оилапарвар, беғубор, истарали, келишган, қалби пок, содда, камтар эрга ҳам "Дон-дон" иш буюриб бўладими?

Хурматли аёллар постни ўқишингиз билан эрингизга "Дон-дон" иш буюришни бошланг. Аммо, унинг оқибатида келиб чиқадиган натижага постни эгаси жавобгарликни бўйнига олмайди))

Ҳурматли эркаклар, сиз ҳам ҳаммасини аёлингизга ташлаб қўйиб, қоринни қаппайтириб ётиб олмай ёрдамлашинг. Уй ишларини осонлаштирадиган жиҳозлар олинг!”


Пост тугади.
"Психогенетикани асоси инжил" деган ҳам "Психогенетика таҳмин, фаразлардан иборат" деган ҳам томи деган кетган жоҳиллар бўлиб, бундайлар жамият организмининг рак ҳужайраларидир.
Бугун талабалар билан мандала-терапия ўтказдим. Ҳамма ҳам рассом эмас. Ҳамманинг ҳам қўлидан чиройли расм чизиш келавермайди. Лекин гўзаллик яратиб ундан завқланишнинг осонроқ йўллари ҳам мавжуд. Мандала кишидан махсус кўникма, қобилият талаб қилмайди. Шунчаки ранг танлаб, керакли жойларни бўяб чиқишнинг ўзи етарли. Бу жараён инсондан фокусни бир нуқтага қаратиб, стрессга тўла бу реалликдан бироз бўлсада, чалғишга ёрдам беради. Сабр билан ҳаракат қилинса, натижаси гўзаллик билан якунланади. Шахсан ўзим мандаладан ҳам кўра эбру санъатига қизиқаман. Кейинги сафар эбру ўтказишни ҳам режа қилдим.

Мандалани кичик ҳажмли листлардан ҳам кўра катта листларда бўяшнинг самараси юқори. Айтишларича, шундай мандала шаблонлари сотиларкан. Мен ўзим шаблонларни интернетдан юклаб олдим. Юқоридаги суратларда талабаларим ижодини кўриб турибсиз.

@psixobloguz
"Илм-фандаги ҳалоллик" мавзусида маълумот излаб тургандим қуйидаги жумлалар диққатимни тортди:

Зигмунд Фрейд ижодиётининг бир неча йиллик тадқиқотчиси, кўпгина илмий мукофотлар совриндори Юджин Маллоув (Eugene F. Mallove) “Фрейднинг хато ва ғирромликлари” (The Faults and Frauds of Freud) номли китобида психоанализ мактаби асосчиси ўз тадқиқотлари натижаларини фабрикация(соҳталаштириш) қилганлигини исботлаган.

Маллоувнинг фикрича Фрейднинг назарияси у врач сифатида ишлаган олти кишининг ҳаётидан олинган олти принципиал воқеаларга асосланган. Бироқ архив маълумотлари анализидан маълум бўлишича мижозлардан бири даволаш бошланганидан уч ой ўтгач, Фрейд хизматларидан воз кечган, яна икки мижознинг эса Зигмунд Фрейдга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Қолган уч кишидан фақат биттасигина Фрейд билан ўз онгости қўрқувларини бўлишган. Яъни назария яратувчиси ўз фикрларини фақат бир кишининг ҳикоялари асосига қурган. Маллоувнинг фикрича Фрейд бу ишни билиб туриб қилган, чунки Фрейд фикрича психоанализни китоблардан ўқиб ўрганиб бўлмайди, психоанализни мутахассис фақат амалий фаолиятда кишилар хулқини анализ қилиш йўли билангина ўрганиши мумкин.


@psixobloguz
Инстаграм очдим. Янги йилдан насиб бўлса, ўша ерда ҳам контент юритиш ниятим бор. Профил ҳали тоза турибди. Ҳеч нима йўқ. Кимгадир қизиқ бўлса деб линк қолдираман

https://www.instagram.com/psixobloguz?igsh=ODA1NTc5OTg5Nw==
Исломий математика, исломий физика, исломий биология ва хкз фанлари ҳақида эшитганмисиз? Йўқ, тўғрими? Худди шунингдек исломий психология ҳам мавжуд эмас. Психология бу фан. Фан эса дин, ирқ, миллат танламайди.

Айтмоқчи бўлганим, психология йўналишига қизиқиб ўқишга кирган ёшлар фан ҳақида умуман маълумотга эга бўлмасдан интернетдаги ўзимизни психо-қаллоблар кетидан эргашиб умуман хато йўлдан кетишаятганини англашмаяпти. Дин билан психологияни қўшиш бу жуда катта билимсизликдир.

@psixobloguz