GSM GURUS F.A.Q
2.01K subscribers
279 photos
1 video
10 files
777 links
Android смартфонлар имкониятларини ўрганиш ва унумли фойдаланиш

Саволлар учун гуруҳимиз: https://t.me/+BdBfBxlF9ahkM2Ji

Канал ҳақида: #сарҳисоб
Админ: @YordamGSMGURUSBot
Download Telegram
​Кешбэк нима ёки тўлаган пулингизни бир қисмини қандай қайтариш мумкин?

Банк пластик карталари орқали онлайн тўлов тизимларидан фойдаланаётганларнинг аксарияти кешбэк хизматлари ҳақида маълумотга эга.
2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харид учун берилган онлайн назорат-касса техникаси чеклари QR-кодини Soliq мобил иловасида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1% кешбэкка эга бўлади. Яъни, эндиликда нақд пул эвазига харид қилинган маҳсулот ва хизматлар учун ҳам кешбэк олишингиз мумкин.

Кешбэк нима ва у қандай ишлайди?
Cashback сўзи икки қисмдан иборат: сash — нақд ва back — қайтариш, яъни сўзма-сўз "нақд пулни қайтариш" деган маънони англатади.
Оддий сўз билан айтганда, кешбэк — карта орқали тўланган харидлар ва хизматлар учун банк мижозга маълум миқдорни қайтаради ва бу ҳар доим ҳам нақд пул кўринишида эмас. Кешбэк шунингдек, маълум савдо нуқталарида бонус баллари ёки чегирма купонлари билан берилиши мумкин.

Чакана савдо ва электрон тижоратда кешбэк — алмаштириш/қайтариш учун ажратилган муддат тугагандан сўнг мижозга қайтарилган кечиктирилган чегирма.
Банк соҳасида кешбэк — мижозни пластик карта ёрдамида харидларни амалга оширишга ундайдиган содиқлик дастури.

Қуйида ўзимга маълум бўлган баъзи кешбэк хизматлари ҳақида маълумот бераман:
• CLICK тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар учун 2 - 2,5% гача кешбэк. "Katta Cashback" дастури орқали тўланганда тўлов миқдорининг 20% гача кешбэк. Шунингдек UNG PETRO (UzGazOil) АЁҚШ тармоғида бензин қуйганда, тўловни CLICK орқали амалга оширсангиз 2,5% кешбэкка эга бўлиш мумкин. (https://click.uz/uz/cashback)

• Humans деганда кўпчилик мобил алоқа операторини тушунса керак, лекин компания хизматлари орасида VISA банк карталарини ҳам учратиш мумкин. Ушбу карта Ўзбекистон ва хорижда фойдаланиш мумкинлиги, депозит бўлиши талаб этилмаслиги, бепул тақдим этилиши, хизмат кўрсатиш учун ҳақ олинмаслиги ва кешбэк хизматлари учун жуда қулай. Humans ҳисобни тўлдириш, ҳисобда пул сақлаш ва илова орқали сарфлаш эвазига кешбэк беради (берилган кешбэкни алоқа хизматлари ёки чиройли рақамга сарфлашингиз мумкин). Ҳисобда пул сақлаш эвазига йиллик 25% кешбэкни қўлга киритиш мумкин (менимча, бунақаси бошқаларда йўқ). (https://humans.uz/uz/landings/cashback/)

- Ucell операторининг "U+" содиқлик дастурида, "Cosmo" ва "Special" тарифлари тизими абонентлари турли хил тўловлари миқдорининг 5% қисмини промо ҳисобга кешбэк шаклида олишлари мумкин. Тўпланган промо бирликларни қуйидаги таклифларга алмаштиришлари мумкин бўлади: 1 йилга чексиз Telegram, 1 йилга чексиз YouTube ёки 1 йилга чексиз ижтимоий тармоқлар ва бошқалар.

Савол: Яна қандай кешбэк хизматларни биласиз ва Soliq мобил иловасида чек QR-кодини сканерлаб 1% кешбэкка эга бўлиш хизматидан фойдаланиб кўрдингизми?

#маълумот
👍62🔥13❤2
​Кунни қандай қилиб тўғри режалаштириш керак? (Вақтни самарали бошқариш учун иловалар)

Замонавий муаммолар замонавий ечимларни талаб қилади.
Кун давомида бажаришингиз керак бўлган вазифаларни доимо эсингизда сақлашингиз ёки блокнот ва стикерларга ёзиб боришингиз мумкин. Лекин ҳаётимизнинг жадал суръатлар билан ривожланиши замонавий ечимларни излашга мажбур қилади.
Қуйида вақтни тежаш ва муҳим вазифаларни унутмасликка ёрдам берадиган иловалар рўйхатини келтириб ўтамиз.

• Google Календарь
Ушбу иловадан ўз жадвалингизни тартибга солиш, бошқа одамлар билан учрашувларни мувофиқлаштириш, шунингдек, баъзи муҳим вазифалар ва воқеаларни ёзиб олиш ва эслатиш учун фойдаланишингиз мумкин.
Хизмат жуда кўп фойдали хусусиятларга эга, жумладан, ўз календарингизни бошқалар билан баҳам кўриш имконияти. Шунингдек Google ҳисобингиз ёрдамида календарга исталган компютер ёки мобил қурилмадан киришингиз мумкин.

• Microsoft To Do
Доимо бирор нарсани режалаштирасизми? Microsoft To Do иловасини синаб кўринг. Иш унумдорлигингизни оширишни хоҳлайсизми, бирор нарсани унутиб қўйишдан ташвишланишни тўхтатмоқчимисиз – Microsoft To Do билан кунингизни осонгина режалаштиришингиз ва ҳаётингизни қандай бошқаришни ўрганишингиз мумкин.

• TickTick
Самарали режалаштириш учун бир нечта воситаларни бирлаштирган функционал вазифалар менежери. Кунингиздан унумли фойдаланиш ва ишларни тартибга солиш (GTD) учун ушбу илова жуда қулай. Ғояни ёзиб олиш, мақсад қўйиш, топшириқни бажариш, одатни белгилаш, ҳамкасблар билан лойиҳани якунлаш ёки оилангиз билан харидлар рўйхатини баҳам кўриш керакми – барчасини TickTick ёрдамида амалга ошириш мумкин.

• Todoist
Ушбу иловада вазифаларни лойиҳалар ва кичик лойиҳаларга ажратишингиз, теглар қўшишингиз, мавзуни ўзгартиришингиз, шарҳлар қўшишингиз, файллар бириктиришингиз ва қўшма лойиҳалар ўтказишингиз мумкин. Қўшимча мотивация сифатида иловага маҳсулдорликни кузатиш ўрнатилган. Баъзи хусусиятлар, жумладан эслатмалар ва электрон почта орқали вазифаларни қўшиш кабилар илованинг фақат премиум версиясида мавжуд.

• Any.do
Ушбу иловада ҳар бир вазифага теглар, эслатмалар, кичик вазифалар ва қўшимчалар қўшишингиз мумкин. Устуворлик функцияси асосий нарсага диққатни жамлашга ва муҳим нарсани унутмасликка ёрдам беради ва рўйхатларни дўстлар ва ҳамкасблар билан бўлишиш ва қўшма лойиҳаларни режалаштириш мумкин.
Фойдаланувчини янада рағбатлантиришга ёрдам берадиган Focus опциясини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Агар у ёқилган бўлса ва одам вазифани бажармаган бўлса, илова виртуал дарахтни йўқ қилади. Any.do нинг яна бир хусусияти илова томонидан автоматик равишда таснифланадиган харидлар рўйхати.

Савол: Вазифалар менежери иловаларидан фойдаланасизми ва улар вақтингизни самарали бошқаришда ёрдам берадими?

Каналимизда жуда кўплаб иловалар ҳақида маълумот мавжуд. Ўзингизга кераклисини топиш учун #APK хештегини танланг.

#APK
👍36🔥6❤4
​Смартфон экрани сенсор қатламининг намуна олиш тезлиги нимани англатади?
(ўйинлар учун муҳим хусусият)

Замонавий смартфонларда ўрнатилган экраннинг янгиланиш частотаси 90 Гц ёки 120 Гц каби рақамлар нимани англатиши ҳақида илгарироқ каналимизда маълумот бергандик.
Смартфон ишлаб чиқарувчилар экран хусусиятлари ҳақида маълумот беришганда янгиланиш частотаси билан бирга, сенсор қатламининг намуна олиш тезлиги (частота дискретизации) ёки тегиниш жавоб тезлигини ҳам алоҳида таъкидлашади.

• Янгилаш тезлиги (частота обновления) — экран ўз таркибини (тасвир/кадр) сонияда неча марта янгилаши. Герц (Гц) да ўлчанади.
• Сенсор намуна тезлиги/тегиниш жавоб тезлиги — экраннинг сонияда киритилган маълумотларни рўйхатга олиш, сканерлаш ёки аниқлаш сони. Бу ҳам герц (Гц) да ўлчанади.

Масалан, Xiaomi Mi 10 смартфони экрани сенсорида намуна олиш тезлиги 180 Гц кўрсатилган бўлса, яқинда анонси бўлиб ўтган Samsung Galaxy S21 FE 5G смартфонида 240 Гц эканлиги таъкидланган. Яъни, смартфонларнинг экрани сенсор қатлами сониясига 180/240 мартагача янги ўзгаришларни ўқий олади. Бу нафақат тегиниш ҳолатининг аниқлигини, балки тегинишлар тезлигини, шунингдек, бармоқларнинг экрандаги ҳаракатини аниқлаш тезлигини оширади.

Ушбу технология нимаси билан фойдали?
Юқори намуна олиш тезлигининг катта афзалликларидан бири унинг мобил ўйинлар билан боғлиқлигидир. Сенсор частотаси қанчалик юқори бўлса, ўйинлардаги реакция шунчалик аниқ ва тезроқ бўлади. Масалан, PUBG, Fortnite, Free Fire ёки Call of Duty Mobile каби ўйинларда реакциянинг тезлиги ва аниқлиги жуда муҳим.
Худди шу нарса смартфон интерфейсини юқори тезликда бошқариш учун ҳам амал қилади: частота қанчалик юқори бўлса, ҳаракат шунчалик аниқ ва тезроқ бўлади.

Смартфонингиз экрани сенсор қатламининг намуна олиш тезлигини билиш учун, ишлаб чиқарувчисининг веб-сайтида техник хусусиятларини кўриб чиқинг ёки қуйидаги иловалардан фойдаланинг.
- Touch Sampling Rate Checker
- Touch Multitest

#маълумот
👍23🔥7❤1
​Смартфондаги Dual GPS функцияси нима ва нима учун керак?

Dual GPS (иккитали, икки частотали, икки диапазонли) — битта сунъий йўлдошдан турли частотали иккита сигнални қабул қила оладиган сунъий йўлдош навигация тизими. (Навигация иловалари: харита, справочник ва навигатор)

Харитада одамнинг аниқ манзилини топиш учун сунъий йўлдошлар, смартфон ва GPS керак бўлади. Сунъий йўлдошлар 1575 МГц (L1) частотада сигнал юборади, смартфон уларни қабул қилади ва унинг жойлашган жойини аниқлайди.

Муаммо шундаки, сигналлар ионосфера орқали ўтади, шунинг учун кечикиш мавжуд. Бу эса одам жойлашган координаталар хато билан аниқланишига олиб келади. Шу сабабли, Google Maps ёки Яндекс.Навигатор каби иловаларда фойдаланувчи жойлашган ҳудуд нотўғри кўрсатилади (масалан, кўчанинг бошқа томонида ёки қўшни ҳовлида).

Dual GPS жойлашувни аниқлаш жараёнига иккинчи частотани қўшади — 1176 МГц (L5). Унинг ёрдамида смартфон бир вақтнинг ўзида битта сунъий йўлдошдан иккита сигнални қабул қилиши мумкин. Шу тарзда, хатолик бартараф этилади ва одамнинг жойлашуви тез ва тўғри аниқланади.

Dual GPS анъанавий GPS дан нимаси билан фарқ қилади?
Dual GPS навигация жараёнини янада қулай ва ишончли қилади. Унинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:

• Аниқлик. Dual GPS функциясига эга смартфонда жойлашувни аниқлаш хатоси 30 см атрофида бўлса, анъанавий GPS эса ўнлаб метрларда хато қилиши мумкин. Икки частотали GPS автомобил қайси қаторда ҳаракатланаётгани ва пиёда йўлнинг қайси томонида кетаётганини тўғри аниқлаши мумкин.
• Юқори тезлик. Икки диапазонли GPS фойдаланувчининг координаталарини тезда аниқлаш имконини беради.
•Тўсиқларга қарши ечим. Катта шаҳарларда сунъий йўлдош навигацияси баланд бинолар ва турли сигналларнинг кўплиги билан мураккаблашади. L5 частотаси тўсиқларларга қарши яхши ечим.

Назарий жиҳатдан, Dual GPS навигация жараёнини яхшилайди ва осонлаштиради, аммо амалда қуйидаги қийинчиликлар мавжуд:
- Технологиянинг тўғри ва самарали ишлаши учун Dual GPS функциясига эга смартфонларнинг дастурий таъминоти ва аппарат қисми ҳам мукаммал бўлиши керак.
- Сунъий йўлдошларнинг баъзилари L5 частотасини қўллаб-қувватламайди, яъни иккинчи частотанинг мавжудлиги қурилмани харитада тўғри аниқланишига таъсир қилмаслиги ҳам мумкин.

Смартфонингизда Dual GPS функцияси мавжудми ёки йўқлигини аниқлаш учун GPSTest иловасини ўрнатинг ва очиқ майдонда ишга туширинг. Илова барча сунъий йўлдошларни топгунча бироз (2-5 дақиқа) кутинг ва "НЧ" устунидаги қийматларда L5 ёзуви мавжудми текширинг. Агарда L5 қиймати сизда кўрсатилмаса, демак смартфонингизда Dual GPS функцияси мавжуд эмас.

Изоҳларда, ўзингиз текширган қайси смартфонларда Dual GPS функцияси мавжуд эканлиги ҳақида ёзиб қолдиринг.

#маълумот
👍36🔥5❤2
​Смартфон камерасидаги Timelapse (Интервал) функцияси нима?

Турли хил узоқ муддатли ҳодисалар бир неча дақиқа ёки ҳатто сонияларда содир бўладиган видеоларни кўрган бўлсангиз керак. Бундай видеолар таймлапс деб номланади ва турли хил сюжетга эга бўлиши мумкин — гуллаётган гулдан осмонўпар бино қурилишигача.

Таймлапс — узоқ вақт давомида ҳаракатсиз ёки силлиқ ҳаракатланувчи камера ёрдамида олинган бир қатор фотосуратлар натижасида яратилган видео. Натижада, бир жойда бутун кун давомида суратга олинган бир неча дақиқали тезлаштирилган видео пайдо бўлади.

Таймлапс суратга олишнинг ўзи янгилик эмас. Ушбу функция азалдан булутларнинг осмон бўйлаб ҳаракатланиши, музқаймоқнинг эриши ёки гулнинг очилиши каби узоқ муддатли ҳодисаларни тезлаштириш учун ишлатилган. Аксарият смартфонлар камера иловасининг ўзида таймлапс видеоларни суратга олиш режими мавжуд.

Шунингдек Google Play Маркетда таймлапс суратга олиш иловаларини учратиш мумкин.
• Framelapse
• Time Lapse Camera
• Lapse It

Савол: Смартфонингиз камерасида таймлапс режими мавжудми ва ундан фойдаланасизми?

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумотлар:
• Смартфон камерасида оптик, рақамли ва гибрид ZOOM нима?
• Смартфон камерасидаги сунъий ақл (AI) ҳақида
• Смартфон камерасидаги дастурий таъминот ҳақида
• Смартфон камерасида HDR режими нима вазифани бажаради?

#маълумот #камера
👍20🔥4
​Ижодкор одамлар учун фойдали иловалар (мусиқа яратиш ва расм чизиш)

Мусиқа:

Magic Piano
Ушбу илова қизиқарли мусиқа плагинлари билан танилган Smule ишлаб чиқарувчисидан. Magic Piano машҳур қўшиқларни пианинонинг соддалаштирилган версияси билан ижро этиш имконини беради. Моцарт ёки Леди Гага ва бошқалар. Рўйхат жуда узун.

Tonebridge
Адаптер (USB OTG) ёрдамида гитарани смартфонга улаш имконини берувчи илова. Машҳур қўшиқлардаги каби эффектларни ўзгартириш ёки ўзингизникини яратиш имкони мавжуд.

Djay
Ушбу илова ўзингизни диджей сифатида синаб кўриш имкониятини беради. Бир нечта трекларни бирлаштириш, эффектларни қўллаш ва микслар яратиш мумкин.

FL Studio
Электрон мусиқа яратиш учун керак бўлган ҳамма нарсага эга кучли секвенсор. (Текшириш учун бепул версиясини гуруҳимиздан олишингиз мумкин)

Расм чизиш:

SketchBook
Чизишни яхши кўрадиган ҳар бир киши учун кучли илова. SketchBook турли хил тасвирларни яратишга имкон беради: тезкор эскизлардан тайёр санъат асарларигача.

Tayasui Sketches
Чизиш инструментларининг катта тўплами, қатламларни (слой) қўллаб-қувватлаш, ўрнатилган чўтка (кисть) муҳаррири ва бошқа фойдали хусусиятларга эга энг машҳур иловалардан бири.

ArtFlow
Смартфонингиз ёки планшетингизни 80 дан ортиқ бўёқ чўткалари, бўяш режими, тўлдириш ва ўчириш билан расмлар учун рақамли албомга айлантиринг. Ушбу оддий ва тушунарли расм чизиш иловаси сизнинг барча ижодий салоҳиятингизни рўёбга чиқаришга имкон беради.

Савол: Юқоридаги каби яна қайси иловаларни тавсия этасиз?


Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумотлар:
• Бизнинг назаримизда энг яхши "Расм муҳаррирлари"
• Бизнинг назаримизда энг яхши "Видео муҳаррирлари"

#APK
👍24🔥4❤3
​Инглиз ва бошқа хорижий тилларни ўрганиш учун энг яхши иловалар

DUOLINGO
Инглиз, испан, француз ва немис тилларини ўрганишнинг энг яхши усули! Илованинг ўзида барча керакли дарслар мавжуд ва уларни алоҳида сотиб олиш шарт эмас. Унинг асосий вазифаси фойдаланувчига хорижий тил асосларини ўргатиш, бунинг учун иловада турлича ютуқ ва билдиришномалар ўйин усулида қўлланилади. Duolingo билан ўтказилган 34 соат, самарадорлик жиҳатидан университетдаги бир семестрга тенг!

Busuu
Илова фойдаланувчига мос дастурни танлайди ва курсни ўрганишга ёрдам беради. Бу ерда "Суҳбат" (Разговор) функциясидан фойдаланишингиз ва ҳақиқий она тилида сўзлашувчилар билан гаплашишни машқ қилишингиз мумкин. Дарсларни офлайн режимда юклаб олиб ўрганиш мумкин.

SIMPLER
Do you speak English? Агарда жавобингиз йўқ бўлса ёки билимингиздан шубҳалансангиз, Simpler ёрдамида бу хатони осонгина тузатишингиз мумкин. Илова нафақат инглиз тилини умуман билмаганлар учун, балки уни яхшилашни истаганлар учун ҳам фойдалидир.

CAKE
Агар инглиз тилидаги сўзлашувингизни тезда яхшилашни истасангиз, Cake сизга ёрдам беради. Иловада мулоқотларни такрорловчи амалий дарсликлар мавжуд. Бундан ташқари, илова инглиз тилини билмаган, лекин уни ўрганишни орзу қиладиганлар учун мос келади, чунки YouTube тармоғидаги ўз она тилида сўзлашувчилардан турли хил ибораларни ўрганиш имконияти мавжуд.

LINGUALEO
Ушбу хизмат турли хил вазифаларни ўз ичига олади. Бутун жараён қизиқарли ўйин кўринишида амалга оширилади. Ҳаммаси бўлиб фойдаланувчига бешта режим тақдим этилади: конструктор, луғат карталари, джунгли, тинглаш ва таржима-сўз.

PUZZLE ENGLISH
Puzzle English иловаси худди шу номдаги сайт ишлаб чиқувчилари томонидан яратилган. Ресурс видео бошқотирмалар деб аталадиган видеолари билан машҳур. Уларнинг барчаси инглиз тилида. Машғулотни бошлаган фойдаланувчининг вазифаси томоша қилинган видеонинг мазмунини тушуниш ва кейин унинг моҳиятини тақдим этилган иборалардан тузишдир. Бир сўз билан айтганда, илова инглиз тилидаги нутқни эшитиш қобилиятини шакллантиради.

PARLA
Бу ерда зерикарли маърузалар йўқ, чунки дарслар ўйин тарзида ўтказилади. Асосийси кичик вазифаларни бажариш ва билимларни мустаҳкамлаш учун саволларга жавоб беришдир.

CANTALK: инглиз тили грамматикаси
Тилни нолдан ўрганмоқчи бўлганлар ва ўз малака даражасини оширмоқчи бўлганлар учун мос илова. CanTalk да назарий материаллардан ташқари мавзуларга бўлинган амалий машғулотлар ҳам мавжуд.

ISPEAK
Тил амалиётига эга бўлмаганлар учун ажойиб илова. Агар грамматикани билсангиз ва яхши луғат бойлигига эга бўлсангиз, лекин шу билан бирга суҳбат қура олмаслигингизни ҳис қилсангиз, ISPEAK сизга албатта ёқади.

Метод Тичера от Puzzle English
Ушбу илова инглиз тилини ҳали яхши билмаганлар учун жуда мос келади. Муаллифлар 395 та дарсни ўз ичига олган дастур яратишди ва у ҳаммаси бўлиб 10 минг машқдан иборат. Шунингдек, дастур уч минг видео дарслар билан ҳам мақтана олади! Агар сиз 200 соатлик дарсларни ўзлаштирсангиз, албатта ўз билимингизни оширишингиз ёки инглиз тилини нолдан ҳам ўрганишингиз мумкин бўлади.

Английский для Начинающих: LinDuo HD
Илова янги сўзларни ўрганишга ёрдам беради ва аудио талаффуз ёрдамида уларни тўғри талаффуз қилишни ўргатади. Илова доимий Интернетга уланишни талаб қилмайди, шунинг учун дарсни тезда бошлашингиз ёки такрорлашингиз керак бўлса, LinDuo HD ни осонгина ишга туширишингиз мумкин.

Английский А1 Для Начинающих!
Илова инглиз тилининг асосларини тез ўрганмоқчи бўлганлар учун мўлжалланган. Бу ерда ранглар, кийим-кечак, оила, севимли машғулотлар, ҳаёт, касблар, тана аъзолари, саломатлик ва бошқаларни ўз ичига олган жуда кўп муҳим мавзулар мавжуд. Илова ёрдамида нафақат янги сўзларни ёдлайсиз, балки уларни хатосиз талаффуз қилишни ҳам ўрганасиз.

#APK
👍21🔥13❤2
​Китоб алмашиш Telegram боти муҳокамаси

2022 йил учун режаларимизда каналимиз обуначилари билан ҳамкорликда бир неча лойиҳаларни амалга оширмоқчи эканлигимиз ҳақида маълумот бергандик.
Бугун шу лойиҳалардан биринчисини каналимиз обуначилари билан муҳокама қилмоқчимиз.

Китоб алмашиш Telegram боти ҳақида қисқача
Фойдали дастурий маҳсулот (Telegram бот ёки мобил илова) кундалик ҳаётимизда учраб турадиган юмушларни қулай усулда бажариш учун яратилади. Айнан шу юмушлардан бири, хонадонимизда тўпланган ва бир неча марталаб ўқилган ёки баъзи сабабларга кўра ўқилмай қолган китобларнинг замонавий фойдали алмашинуви.

Китоб алмашиш Telegram ботининг асосий вазифалари
Фойдаланувчиларнинг шахсий кабинети яратилади ва алмашмоқчи бўлган китоблари рўйхати категориялар ва ҳудудлар бўйича шакллантирилади. Китоб алмашмоқчиман тугмаси орқали мавжуд категориялар танлови берилади ва бошқа фойдаланувчилар томонидан киритилган китоблар рўйхати кўрсатилади.
Фойдаланувчиларда китобларини маълум ҳудуд доирасида ёки етказиб бериш хизматлари орқали республика бўйлаб алмашиш имконияти танлови бўлади.
Ботдан фойдаланиш бепул ва зарур бўлганда сервер ёки бошқа харажатлар учун реклама хизмати йўлга қўйилиши мумкин.

Telegram ботлар яратиш билан шуғулланадиган дастурчиларни доимий ҳамкорликка таклиф қиламиз (хизматларингизни каналимизда реклама қилиш имконияти ҳам берилади).
Юқорида кўрсатилган имкониятларга эга ботни қанча муддатда ва маблағга яратиб беришингиз ҳақида таклифларингизни @YordamGSMGURUSBot ботига ёзинг.

Энди сўз навбати обуначиларимизга.
Шарҳларда, шу каби ботга талаб борми ёки ўзингиз фойдаланган бўлармидингиз ва имкониятларига қўшимча таклифларингиз ҳақида ёзиб қолдиринг.

#сўровнома #муҳокама
👍25🔥4
Forwarded from GSM GURUS F.A.Q (gsmgurus bot)
​Зарядсиз бир ҳафта: смартфонларда қувватни тежаш режимлари ҳақида.

Қувватни тежаш режими анчадан буён смартфонларнинг аксариятида мавжуд. Гап шундаки, қувватни тежаш режимида турли хил усулларнинг мавжудлиги, айрим фойдаланувчилар учун танловни қийинлаштириши мумкин.

Замонавий смартфон учун бир кун заряд олмасдан ишлаш нормага айланди. Албатта, қурилмадан қандай фойдаланишингизга қараб, у бир неча кунни ташкил қилиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, агар хоҳласангиз, смартфонингизни фақат сўзлашиш учун "оддий телефонга" ҳам айлантира оласиз ва бу ҳолатда батарея қуввати бир ҳафтага ҳам етади.

Смартфонингиз созламаларидаги "Батарея" бўлими барча қувватни тежайдиган Созламалар учун "марказ" бўлиб, бу ерда сиз қувват сарфи статистикасини кўришингиз ва қувват тежаш режимларидан бирини ёқишингиз мумкин.

Бўлимнинг юқори қисмида қурилманинг кун давомида ишлатилишига асосланиб, қолган иш вақти ҳақида маълумотлар кўрсатилади. Бу сизга қувват қанча муддатга етишини тушунишга имкон беради. "Оптималлаштириш" тугмасини босиш билан смартфон жорий созламаларни текширади ва муаммо деб топилганларини ўзгартиришни таклиф қилади, масалан, экраннинг кутиш вақтини камайтириш ёки автоматик синхронлашни ўчириш.

Ушбу бўлимда қуйидаги қувватни тежаш режимлари мавжуд:

"Максимал", "Ўйин" режими каби, турли хил смартфонларда турлича номланади. Бу қувват тежаш эмас, аксинча, қувват сарфлайдиган ҳолатлар учун қўлланилади. Масалан, ўйинларни юқори графикада ўйнаш учун, смартфон ўз имкониятларини максимал даражада ишлатади ва шу сабаб батарея нисбатан тезроқ сарфланади.

"Стандарт" ёки "Оптималлаштирилган" қувватни тежаш режимида, иловаларнинг орқа фондаги фаоллигини чеклаш ва айрим билдиришномаларини ўчириш, экран ёрқинлигини пасайтириш, автоматик синхронлашни ўчириш ва айрим смартфонларда процессор ишлаш қуввати ҳам пасайтирилиши мумкин. Смартфонимизда батарея қуввати кам қолганда (5-10%), одатта ушбу режим автоматик ишга тушади. Ушбу режим қанча муддатга қувватни тежашини аниқ айтиш қийин, лекин тахминан 1,5-2 соат ўзимда синалган ҳолат.

"Ultra" режими, сизга смартфон асосан алоқада бўлиш жуда муҳим бўлган ҳолатларда ас қотади . Яъни смартфонингизни қўшимча функцияларини ўчириб, фақат сўзлашиш учун "оддий телефонга" айлантиради. Лекин, қўшимча созламалар орқали, баъзи бир иловалардан (Интернет, Диктофон каби) фойдаланиш ҳам мумкин. Одатта, ушбу режимда экран ранги кулранг ёки қорага ўзгаради ва иш столи ҳам махсус кўриниш олади.
Ушбу режим энг максимал қувватни тежаб бера олади ва қурилмадан қандай фойдаланишингизга қараб бир ҳафтагача заряд олмасдан фойдаланишингиз мумкин.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумотлар: Нима учун смартфон батареяси тезда тугайди?

#маълумот #батарея
👍23🔥3
​"Xalq Nazorati" — пойтахт аҳолиси ва Тошкент шаҳар хизматлари ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш учун мобил илова

Йўлдаги чуқур ёки ишламаётган светофор ҳақида хабар бермоқчимисиз? Иссиқлик таъминоти яхши ишламаяптими? Жамоат жойларида чиқиндилар учун қутилар етишмаяптими?
Тошкентни яхшилашни истаган пойтахтимизнинг фаол аҳолисига Xalq Nazorati ёрдам беради.

Шунингдек ушбу илова орқали қуйидаги турдаги шикоятларни юборишингиз мумкин:
• кўп қаватли уйнинг ертўласида сув сизиб чиқиши;
• кўчадаги қувурлардан сув сизиб чиқиши;
• иситиш тизимида носозлик;
• совуқ сув таъминоти йўқлиги;
• совуқ сув таъминотида босим пастлиги;
• газ ҳисоблагичининг носозлиги;
• лифт ишлашида носозликлар;
• кўчаларни тунги ёритиш тизимида носозликлар
ва бошқалар.

📲 Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.digital_tashkent.xalq_nazorati

Умид қиламизки бошқа вилоят ва шаҳарлар ҳокимиятлари ҳам ушбу йўналишда ишларни бошлаб юборишган. Агарда ўзингиз яшаб турган ҳудудда шу каби хизматлар (мобил илова, Telegram бот, гуруҳлар) мавжуд бўлса, шарҳларда ёзиб қолдиринг.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• "Smart mahalla" мобил ахборот тизими иловаси

#APK
👍11👎1🔥1
​Нима учун смартфон экранининг диагонали унинг тасвир майдонини англатмайди

6.5 дюймли экран кўпми ёки кам? Смартфон ишлаб чиқарувчилар ўзларининг "катта" экранлари билан мақтанадиган реклама хабарларини кўргансиз. Фақат катта диагонал ҳар доим ҳам катта тасвир майдонини англатмайди. Ҳаммаси томонлар нисбатидаги фарқ туфайли.

Дисплейнинг томонлар нисбати — тасвирнинг геометрик шаклини белгилайдиган экран кенглигининг баландликка мутаносиб нисбати. Ушбу нисбатларга қараб, экран тўртбурчак ёки узунроқ бўлиши мумкин.

Мисол учун 5.4 дюймли экранга эга iPhone 12 mini смартфонини олайлик, бир қарашда, бугунги кунда бундай экрандан фойдаланиш ноқулайдек туюлади. Samsung Galaxy S7 экранининг диагонали эса 5.1 дюймни ташкил қилади, бу iPhone 12 mini диагоналидан анча кичик.
Аммо, аслида эса аксинча — 5.1 дюймли Samsung Galaxy S7 смартфони экрани, 5.4 дюймли 12 mini экранидан каттароқ. Гап экрандаги кесик ёки бурчаклар ҳақида эмас. "Эски дюймдаги" майдоннинг ўзи "янги дюймдаги" майдондан каттароқ.

Бу ишлаб чиқарувчиларнинг асосий ҳийласига айланди. Смартфоннинг диагонали фойдали хусусиятдан фойдаланувчини чалғитадиган маркетинг воситасига айланди. Шу сабаб экранларнинг ўлчамларини фақат диагонали билан солиштириш мутлақо нотўғри.
Шунинг учун, ҳар қандай қурилманинг экранини баҳолашдан олдин, диагонал ва унинг томонларининг нисбатларига эътибор беринг. Экран майдони барча ишлаб чиқарувчилар яширадиган энг муҳим параметр.

Эслаб қолинг: Экран кенглиги қанчалик кичик бўлса — бир хил диагоналда унинг майдони шунчалик кичик бўлади (20:9 томонлар нисбатига эга экран, 19,5:9 дан торроқ).

Савол: 1.56 дюймли Xiaomi Mi Band 6 фитнес-браслети экрани каттароқми ёки 1.46 дюймли Huawei Band 6 экрани деб тасодифан сўрашганда, нима деб жавоб берардингиз?

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Смартфон экранининг ўлчамлари (разрешение) нима ва қайси бирини танлаш керак?
• Смартфонларни техник хусусиятларига кўра таққослаш
• Смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг маркетинг ҳийлалари

#маълумот
👍25🔥6❤2
​Смартфон экрани ҳимоя турлари (плёнка, шиша) ҳақида маълумот

Экран замонавий смартфоннинг энг заиф қисмидир. У чўнтак ва сумкаларнинг ичида осонгина тирналиши ёки тасодифан қаттиқ юзага тушиб кетиши натижасида шикастланиши мумкин. Шу каби вазиятларнинг олдини олиш учун аксарият фойдаланувчилар ўз смартфонларига ҳимоя плёнкалари ёки шишаларини (стекло) ўрнатишади. Уларнинг ассортименти жуда кенг бўлгани учун қисқача маълумот беришга қарор қилдик.

Смартфон учун ҳимоя плёнкаси 0,1 мм қалинликдаги ёпишқоқ асосга эга пластик полимердир ва унинг қуйидаги қоплама турлари мавжуд:

• Машҳурлик бўйича "глянцевый" плёнкалар етакчи ўринда. Мутлақ шаффофлиги туфайли улар деярли сезилмайди ва ранглар кўринишини ўзгартирмайди. Нархлари нисбатан арзон. Уларнинг асосий камчилиги юзасидаги бармоқ излари яққол кўриниши ва ёрқинлик кўп бўлганда нур қайтариши.

• "Матовый" плёнкалар тегинишда ёқимли юзага эга. "Глянцевый" плёнкалардан фарқли ўлароқ уларда бармоқ излари қолмайди. Лекин ранглар кўринишини ўзгартириши, тасвир аниқлигига таъсир кўрсатиши ва сенсорнинг сезгирлигини бироз пасайтириши мумкин.

• "Антишпион" плёнкалар оптик фильтр туфайли смартфон экранини бегона кўзлардан ҳимоя қилиш имконини беради. Ундаги махсус хусусият туфайли экрандаги тасвирни фақат тўғри бурчак остида кўриш мумкин. Кўриш бурчагини ўзгартиришингиз билан экрандаги тасвир қораяди. Бу каби плёнкалар ранглар сифатини сезиларли даражада пасайтиради.

• Гидрогель
Полимердан иборат токсик бўлмаган материал. Унинг қизиқарли хусусияти шикастланганда қайта тикланиши. Яъни бир мунча вақтдан сўнг, тирналган ва чизилган жойлар ўзини қайта тиклаб янги кўринишга келади. Шунингдек, гидрогель плёнкалари жуда нозик ва мослашувчан. Ушбу хусусиятлари уни ҳар қандай смартфонни, шу жумладан чеккалари қайрилган экранларни ҳимоя қилиш имконини беради. Янги технология сифатида тақдим қилинган ушбу плёнка тури бошқаларига нисбатан қимматроқ.

• Керамика
Керамика плёнкаси юқори ҳароратли ишлов бериш натижасида олинган механик бардошлилик ва мослашувчанликка эга. Бундай хусусиятлар смартфон экранига осон ёпишишига имкон беради ва ҳимоя функциясини мукаммал тарзда бажаради.

Шунингдек қоплама турлари орасида "кўзгу" эффектига эга ҳимоя плёнкалари мавжуд.
Баъзи ҳимоя плёнкалари олеофобик қатламга эга. Одатда, уларнинг хизмат муддати қисқа, чунки олеофобик қатлам тезда ўчирилади ва ўз ҳимоя хусусиятларини йўқотади.

Смартфон экрани ҳимояси учун шиша турлари
Ҳимоя плёнкалари каби шишалар ҳам "глянцевый" ва "матовый" кўринишда бўлади ва кўпинча олеофобик қатламга эга. Қалинлик кўрсаткичи 0,1 дан 0,4 мм гача ўзгариб туради (0,2-0,3 мм қалинлик оптимал ҳисобланади). Шунингдек баъзи ҳимоя шишаларида "антиблик" қоплама мавжуд.

2D, 2,5D ва 3D технологиялари
• 2D - тўртбурчаклар қирраларга эга текис шиша (экранни тўлиқ қамраб олмайди, қирралари очиқ қолади).
• 2.5D - чиройли кўринишга эга ва фойдаланиш учун қулай юмалоқ қиррали шиша (энг мақбул вариант).
• 3D - қирралари эгилган ва олд панелнинг шаклига тўлиқ мос келадиган ойнанинг бир тури (энг қиммати ва кўпинча флагман смартфонларга ўрнатилади).
Бундан ташқари, сотувда 4D, 5D, 6D, 99D белгиларига эга ҳимоя шишаларини топиш мумкин, улар аслида рангли рамка каби қўшимча хусусиятларга эга 3D ойнанинг ўзгартирилган кўринишлари.

Савол: Смартфонингизда ҳимоя плёнка ёки шиша ўрнатилганми ва қайси тури? (бошқаларга ҳам фойдали бўлиши учун нархини кўрсатиб ўтинг)

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Смартфонингиз экрани химояси учун Сиз нима танлайсиз: пленка, шиша ёки хеч нарса
• Смартфонларни қандай қилиб тозалаш (дезинфекция) керак
• Gorilla Glass Victus - 2 метр баландликдан тушишга бардош берадиган смартфон ҳимояси
• Смартфонингизда ўрнатилган ҳимоя пленкаси (шиша) қандай муаммоларга сабаб бўлган?

#маълумот
👍37❤1🔥1
​Китоб алмашиш Telegram боти режаси

• Яратилиш муддати: 1-этап MVP версияси (3 ҳафта), 2-этап хатоларни тузатиш ва қўшимча имкониятлар қўшиш (2 ҳафта)

• Вазифалари:

1.
Фойдаланувчиларни исми, яшаш манзили (вилоят ва туман) бўйича рўйхатга олиш ва алоҳида ID (username) бериш (тўғридан-тўғри контаклари кўрсатилмаслиги учун). Ботни ичида маълумотлар базаси яратилади.

2. Фойдаланувчилардан китоблари рўйхати категориялар (масалан, фантастика, бизнес, болалар адабиёти ва ҳ.к.з лар) бўйича қабул қилиниб, маълумотлар базасида сақланади.

3. Ботдаги "Алмашишни бошлаш" тугмаси босилганда, фойдаланувчига аниқ бирор категорияни танлаш ёки барча категориялар бўйлаб излаш имконияти берилади ва жойлашган ҳудудига қараб китоблар рўйхати кўрсатилади.

4. Фойдаланувчи ўзига маъқул келган китобни танлаб, профилида (менинг китобларим тугмаси) мавжуд бўлган китоблардан бири ёки бир нечтасини алмашмоқчи бўлган китоб эгасига таклиф қилади.
Таклиф жўнатилаётган китоб эгасига бот томонидан "мана бу китобингизни (номи кўрсатилади), мана бу китобларга (номлари кўрсатилади) алмашиш таклифини қабул қиласизми?" сўрови жўнатилади. Фойдаланувчи таклифни қабул қилса ўзаро ёзишиш учун шахсий ID ёки Username кўрсатилади.

5. Ўзаро китоб аламашиш муваффақиятли якунлангандан сўнг, фойдаланувчининг "менинг китобларим" бўлимидан алмашилган китобига "алмашилди" ёзуви қўшилади.

Қўшимча имкониятлари: энг кўп алмашилаётган китоблар, фойдаланувчилар рўйхатини шакллантириб бориш ва рейтинг тизимини яратиш ва шарҳлар қолдиририш имкониятини қўшиш.

Ботнинг юқорида кўрсатилган имкониятларига яна қандай қўшимча ва тузатишлари таклиф қиласиз? Шарҳларингизни шу хабар остида ёзиб қолдиринг.

P.S.: Ишончим комилки, каналимиз обуначилари орасида жамоавий лойиҳалар устида ишлашга қобилияти борлар кўплаб учрайди. Фаоллигингиздан келиб чиқиб, бошқа лойиҳаларимизда тўлақонли ҳамкор сифатида танланишингиз ҳам мумкин.

Олдимизда бизни турли хил қизиқарли лойиҳалар кутмоқда. Ажаб эмас айнан бизнинг жамоадан машҳур стартаплар чиқиб қолса. Зеро, биздан бошқа яна ким замонавий инновацион ечимлар ва янги технологиялардан хабардор.

#сўровнома #муҳокама
👍17❤3
Видео стикерлар, яхшироқ реакциялар ва бошқалар — Telegram 8.5 версиясига янгиланди

Видео стикерлар
• Энди исталган видеофайллардан анимацион стикерлар яратишингиз мумкин.
• .webm форматида видеоларини юбориб янги тўпламлар яратинг.

Яхшироқ реакциялар
• Реакциялар учун янги эможилар: 🥰, 🤯, 🤔, 🤬, 👏.
• Фойдаланувчи хабарингизга жавоб берганда, чатда жонли анимацияни томоша қилинг.
• Кўрилмаган реакциялари бўлган хабарларга ўтиш учун чатларда янги тугмани босинг.

Охирги очилган чатлар навигацияси
— Муайян чатга қайтиш учун "Орқага" тугмасини босинг ва ушлаб туринг.

Бошқа тузатишлар
• Видео чатларда экранли трансляция сифати яхшиланди.
• Instant View режимида ўрнатилган таржимон.

Баътафсил қуйидаги мақолада ўқинг:
telegram.org/blog/video-stickers-better-reactions/uz

Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=org.telegram.messenger

- APK расмий сайтдан (http://telegram.org/dl/android/apk)
- Тасдиқланган каналдан (http://t.me/TAndroidAPK)

#Telegram #Телеграм
👍28🔥9❤5👎3
​4G (LTE) частота диапазонлари нима ёки смартфонингиз Band 20 ни қўллаб-қувватлаши муҳимми?

Оддий фойдаланувчи учун 4G частоталарнинг ишлашини тушуниш бироз қийин. Бироқ, айнан частоталар Интернет орқали маълумотларни узатиш сифати ва тезлигига бевосита таъсир қилади, яъни частоталар тармоққа уланишнинг энг муҳим элементи ҳисобланади.

Частота диапазонлари (Band) нима ва улар қандай ишлайди
Оддий қилиб айтганда, Band — 4G га уланиш алоқа частотаси. 4G технологияси турли частоталарда ишлаши мумкин — ўта пастдан ўта юқоригача. Шундан келиб чиқилса, барча диапазонлар турли частоталарда ишлаши, шунингдек, турли хил сигнал зичлиги ва тезлигига эга эканлиги аён бўлади. Шунинг учун, баъзи частота диапазонлари аҳоли ва бинолар зич жойлашган ҳудудлар учун, бошқалари очиқ жойлар учун кўпроқ мос келади.

Band 20 муҳимми
Band 20 автомобил йўллари ва бошқа катта ҳудудларда фаол қўлланилади. Ушбу частота бошқа диапазонларга нисбатан энг паст тезликка эга бўлса-да, жуда катта майдонни қамраб олишга қодир. Бундан ташқари, Band 20 ҳатто подваллар ва лифтлар каби ёпиқ жойларда ҳам қўлланилади. Бошқа частоталар эса бу жойларда ишламайди. Аммо Band 20 турли тўсиқларга таъсирчан, шунинг учун у кўпинча шаҳар ташқарисида ва аҳоли кам яшайдиган жойларда қўлланилади.

Катта шаҳарларда бошқа частоталар фаол қўлланилади, масалан, Band 3 ва Band 7. B3 — энг универсал частотадир, чунки у ўрта масофаларда ишлайди ва яхши тезликка эга. Band 7 — энг юқори частота диапазони, шунинг учун у кичик масофани қамраб олади. Унинг тезлиги жуда яхши, фақат агарда кўплаб таянч станциялари ўрнатилган бўлса. Одатда бу катта шаҳарларда учрайди.

Ўзбекистондаги мобил операторлар 3, 7, 20 Band лардан фойдаланадилар. Beeline ва Uzmobile - Band 3 (FDD, 1800МГц), Ucell - Band 7 (FDD, 2600МГц), Mobiuz - Band 20 (FDD, 800МГц).
Бироқ барча смартфонлар ҳам керакли частоталарни қўллаб-қувватламаслиги мумкин ва шунинг учун янги қурилмани харид қилишдан олдин, унда керакли частоталар мавжудми текшириб кўринг. https://www.devicespecifications.com/ru

Айниқса Хитой учун ишлаб чиқарилган смартфонларда Band 20 қўллаб- қувватланмаслиги сабаб, Mobiuz абонентларида 4G тармоғи ишламаслиги муаммоси кузатилади. Шунингдек Global смартфонларнинг баъзиларида ҳам Band 20 қўллаб- қувватланмайди (масалан, Redmi 9A, Redmi 10, Vivo Y31).

Хулоса
Ҳудудингизда 4G тармоғига уланиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса, Band 20 ни қўллаб-қувватловчи мобил оператор (Mobiuz) ва смартфондан фойдаланиб кўринг.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• 4G+ интернет ёки LTE частотаси агрегацияси нима?
• Смартфондаги мобил алоқа сигналини кучайтирса бўладими?
• Қўнғироқ қилганда ёки суҳбатлашиш вақтида смартфонингизда интернет узилиб қоладими?
• Мобил интернет тезлигини ошириши мумкин бўлган APN созламаси

#маълумот #оператор
👍28🔥1
​Харажатлар ва даромадларни ҳисобга олиш учун энг яхши иловалар

Баъзилар тежамкор бўлишга ҳаракат қилишади, шунинг учун улар ўз харажатлари ва даромадларини кузатиб боришади. Кўпинча ёзувлар дафтарда (блокнот) қайд этилади, аммо у доимо ёнингизда бўлмаслиги, йўқолиб қолиши ва турли хил эслатмалар қила олмаслиги сабабли қулай бўлмаслиги мумкин.

Қуйида тавсия қилинган иловалар барча керакли маълумотларни ўз ичига олади ва дастурчилар уларга фойдали функцияларни қўшишган. Ушбу функцияларни оддий қоғозда амалга ошириш имконсиз, шунинг учун бу каби иловалар турли хил вазиятларда фойдали бўлиши мумкин.

• CoinKeeper
Пул қаерга кетаётганини билмаяпсизми? Истаган нарсангиз учун пул тежай олмаяпсизми? CoinKeeper сизга молиявий ҳолатингизни бошқаришда ёрдам беради!
CoinKeeper — смартфон ва планшетлар учун махсус яратилган бюджетни бошқариш ва режалаштиришнинг энг қулай усули.

• Monefy
Бюджетингизни режалаштиришни биласизми? Monefy иловаси ёрдамида молиявий ҳолатингизни бошқариш ҳар қачонгидан ҳам осонроқ бўлади! Осон усулда харажат ва даромадларни кузатиб боришингиз мумкин. Шунчаки иловада харид қилган барча нарсаларни ёзиб боринг: электр энергия учун тўлов, автомобил кредити ёки супермаркетдан харидлар. Шаклларни зерикарли тўлдиришни унутинг, фақат нархларни кўрсатиб боришингиз керак.

• Money Lover
Молиявий натижаларга эришиш ёки ҳал қилиниши керак бўлган шахсий муаммоларингиз борми? Сизга шахсий молия бошқаруви керакми?
Унда Money Lover иловасига ишонишингиз мумкин: замонавий ҳаётингизда жуда зарур бўлган чиройли, содда, аммо кенг қамровли восита. Бу молия билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилишни истаган ҳар бир киши учун мос бўлган ечим.

• Дзен-мани
Дзен-мани қарор қабул қилишни осонлаштирадиган кўрсатмалар беради:
— Аналитика пул қаерга кетаётганини кўрсатади.
— Ўтган ойлар статистикаси мажбурий тўловлар учун қанча пул кераклиги ва қаҳва, китоблар, филмлар ва саёҳатларга қанча пул сарфлашингиз мумкинлигини кўрсатади.
— Режа қанча пул бўшлигини тушунишга ёрдам беради — улар муҳим мақсадлар учун ажратилиши ёки сармоя қилиниши мумкин.

• PersonalFinTrackerBot — Telegram боти
Ушбу бот бюджетни алоҳида ва бошқа фойдаланувчилар билан биргаликда юритишга имкон беради, бу оилалар учун муҳимдир. Шунингдек унда чегирма карталарини сақлаш мумкин.
Бот ишга тушганда, шаблондан янги Google электрон жадвали (таблица) яратади, ундан фақат асосий фойдаланувчи, шунингдек, у кириш ҳуқуқини берганлар фойдаланиши мумкин.
Кейин суммани юборишда бот харажат/даромад тоифасини танлашни таклиф қилади ва маълумотларни ушбу Google электрон жадвалига сақлайди

#APK
👍17
​"Mening jarimalarim" мобил иловаси

Онлайн маъмурий ҳуқуқбузарликларни текшириш ва тўлаш учун расмий илова.

OneID (Ягона идентификация тизими) орқали рўйхатдан ўтишда сиз маъмурий ҳуқуқбузарликларингиз ҳақида тўлиқ маълумот оласиз:

1. Маъмурий ишнинг ҳозирги ҳолати
2. Маъмурий протоколни юклаб олиш имконияти
3. Жарима тўловлари тарихи
4. Қарорнинг ҳолатини билиб олинг
5. Жарима тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияни текшириш
6. Суд мажлисининг санасини аниқланг
7. Орган ёки суд қарорларини PDF форматида юклаб олинг
8. Йўл ҳаракати жаримасини тўлаш
9. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима тўлаш


Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.endpoint.ciasev

Изоҳ: "UzEMI" (E-maʼmuriy ish) хизматидан маъмурий жарима тўғрисида SMS хабар олганлар ушбу илова орқали маълумот олишлари ва тўлов қилишлари мукин.

P.S.: Албатта шу каби вақтни тежайдиган иловалар ҳам керак, лекин илгари каналимизда маълумот берилган (Смартфон ёрдамида бажариладиган қайси рақамли хизматлар Ўзбекистонда етишмайди?), маъмурий жарималар устидан онлайн шикоят йўллаш иловаси ҳам бугунги кунда жуда зарур.

• «Road24.uz - jarimalar» йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарималарни онлайн текшириш

#APK
👍9
​Смартфонлардаги тактил тескари алоқа — вибрация ҳақида

Яқин-яқингача, агар кимдир смартфондаги вибрация (тебраниш) билан қизиққан бўлса, фақат шовқинли жойда қўнғироқни ўтказиб юбормаслик учун унинг иш кучи жиҳатидан эди.

Смартфон учун вибрациянинг аҳамияти яна нимада?
Сиз ўйлаганингиздан ҳам кўпроқ. Бу нафақат маҳсулот сифатининг кўрсаткичи, балки баъзи ҳолларда функционаллик учун муҳим бонус ҳамдир.
Вибрация орқали тескари алоқа — бу смартфон ўзига юкланган вазифани бажарганлиги, масалан, матн киритишга жавоб берганлиги ёки узун саҳифани охиригача айлантирганлигининг тасдиғидир. Вибрамотор айлантиришни қачон тўхтатиш кераклигини, "янгилаш учун тортиш" функцияси ишга туширилганда (айниқса, ижтимоий тармоқларда фойдали) ёки хабар ёзиш пайтида ҳарф ўтказиб юборилганда сигнал беради. Қайсидир маънода, тактил тескари алоқа доимий равишда экранга қараш заруратини йўқ қилади.

Ҳар хил смартфонларда тактил тескари алоқа турлича сезилади. Бунга сабаб қурилмада ўрнатилган вибромотор технологияси. Афсуски, ишлаб чиқарувчилар смартфонларида қайси турдаги вибромотор ўрнатилгани ҳақида маълумот беришмайди. Бу каби маълумотларни усталардан сўрашингиз ёки Интернетдан қидиришингиз керак бўлади.

Бугунги кунда барча смартфонларда икки турдаги вибромоторлар қўлланилади:
— ERM (Eccentric Rotating Mass)
— LRA (Linear Resonant Actuator)

ERM вибромотори — энг қадимги, арзон ва оддий. Кўпгина замонавий арзон ва ўрта бюджетли қурилмаларда айнан шу каби моторлар ўрнатилган. Унинг ягона афзаллиги — ёқимли бўлмасада кучли шовқини (гап будилник ёки кирувчи қўнғироқ ҳақида кетганда).

LRA вибромотори — 2015 йилда Apple томонидан тақдим этилган ушбу технология, кўплаб фойдаланувчиларни мобил қурилмалардаги вибрация сигналига муносабатини қайта кўриб чиқишга чорлади. Бугунги кунда кўплаб флагман смартфонларда айнан шу каби моторлар ўрнатилган (баъзан ўрта нархдаги смартфонларда ҳам учрайди. Масалан, Redmi Note 9 Pro).

Хулоса шуки, сифатли вибрация смартфонингиздан фойдаланишни осонлаштиради ва янада ёқимли қилади.

Савол: Фойдаланган смартфонларингизда вибрациянинг фарқини сезганмисиз ва сиз учун бу қанчалик аҳамиятли?

#маълумот
👍31🔥5
​Korzinka супермаркетлар тармоғи мижозлари учун 6,5%гача даромад қилиш усули

• Аввало korzinkaGO иловасини юклаб олиш зарур. Сиз иловага мавжуд Korzinka картангизни қўшишингиз ёки янги виртуал карта очишингиз мумкин. Харидларга тўлов вақтида илова орқали Korzinka картангиздан фойдаланинг, чекдаги сумманинг 1,5% қисмигача бонусга эга бўлинг – +1,5%

• Ойлик, чораклик ретро бонусларнинг ҳар бирига 1%дан бонус – +2%

• Давлат солиқ қўмитаси иловасидан фойдаланиб, харид чекингиздаги QR-кодни нусхалаганингизда – +1%

• Click Pass орқали 2%гача бонус (бунда ўз Click картангиз бўлиши зарур. UzCard, Humo ёки Click Ҳамёндан фойдаланган тақдирингизда 0,3% бонус ўтказилади) – +2%

Ёқимли совға – виртуал карта очганингиз учун бир зумда 5000 салом бонус берилади.

Савол: Бошқа яна қандай супермаркет ва савдо нуқталаридаги шу каби бонус дастурларини биласиз?

#маълумот #APK
👍15