📚 Ibratli Hikoyalar 📚
18.3K subscribers
6.94K photos
3.19K videos
44 files
16.3K links
Хаётий ва Ибратли ҳикоялар... Хикматлар хазинаси...
Инсон такдирини аччик синовлари...


Hamkorlik va reklama uchun 👇👇

@Bronzam

.



.



.



.



.





.
Download Telegram
4

Орол бобонинг ҳовлиси. Қулоғига қалам қистирган, бўйнида метр ўлчагич тасма – қария дастгоҳ қошида тахта чамалаш билан машғул. Дастгоҳнинг нариги бошида кўҳнадан-кўҳна транзистор ғўнғиллаб турибди. Ташқаридан отнинг кишнагани, тепингани эшитилади. Ҳаял ўтмай четан эшикни ғийқиллатиб, қўлида бежама қамчи, ғўддайганроқ бир киши – Аметнинг отаси Ўтаган махсум киради.

Ўтаган. Ҳорманг, оқсоқол, ҳорманг! Ассаломалайкум.
Орол бобо (таниёлмаган каби кафтини пешонасига соябон қилиб). Ўтаганбойга ўхшайдими? Келинг, келинг, иним.

Қўшқўллашиб кўришадилар. Орол бобо хос ўриндиғидан, Ўтаган махсум қўлбола курсидан жой олади.

Қани, бахайр?
Ўтаган. Сизни би-ир зиёрат этайлик деб…
Орол бобо. Хуш келибсиз, ҳожи махсум, хуш келибсиз!
Ўтаган (оғринганнамо). Куляпсиз-да, бобой?
Орол бобо. Кулганим йўқ, кулганим йўқ. Илгари кимсан – мулла Гулбойнинг ўғли, Ўтаган махсум эдингиз. Қайта-қайта ҳаж қилиб, мана, ҳожи бўлдингиз. “Ҳам ҳожи, ҳам махсумман” деб эл-улусга ёйган ўзингиз-ку, биз нима дейлик?!
Ўтаган. Майли, майли… (Ҳар ёнга аланглаб.) Ҳаммаёқни қайиқ қилиб юборибсиз-ку! Зўр, зўр.
Орол бобо. Бу ўрамларга қадам изи қилмаганингизга кўп бўлдими дейман, махсум, кўрмаган экансиз-да? Ота-бобомиздан қолган ҳунар, қўлимиздан бошқа иш келмаса…
Ўтаган. Бекорчи ҳунар денг… Зўр, зўр. Шогирдлар кўринмайди?
Орол бобо. Бир юмушга жўнатувдим, ҳозир кепқолишади. (Четан девордаги бўёғи чала қайиқни кўрсатиб.) Ҳув ановинисини ўғлингиз, Аметбой ясаган. Қаранг, қандоқ бежирим! Муллазодалардан ҳам уста чиқаркан, дуппа-дуруст қайиқсоз бўлиб қолди бола!
Ўтаган (энсасини эрмакка қашлаб). Ўшанга келувдим, оқсоқол. Мен уни Ленинградга юбормоқчиман. Акасининг олдига. Тўғри-да, қачонгача тезак босиб, лайлак ҳайдаб юради бу ерда!
Орол бобо (ўзича мароқланиб). Лайлак ҳайдаб дейсизми? Лайлак қоптими, иним! Лайлагу ғозигача қирилиб битган…
Ўтаган. Бойўғлининг макони денг! Бош бойўғли – ўзлари…
Орол бобо (ҳазилга буриб). Юмронқозиқдан келсангиз-чи, махсум!
Ўтаган (баттар ачитмоқчидек). Шуни айтаман-да, юмронқозиғу битта сиз қолгансиз бу биёбонда!
Орол бобо (муроса йўлига). Насиба-да, махсум, пешонага ёзилгани шу экан… Ленинградга жўнатаман, дедингизми? Нима қилади у ерда Амет?
Ўтаган. Бу ерда нима қилади?
Орол бобо. Бу ерда… (ҳовлига аланглаб) мана, қайиқ ясайди!
Ўтаган. Ясаган қайиғи кимнинг дардига шифо, оқсоқол?! Ўша ёқларга борсин, тайинли бир ишнинг бошини тутсин, пул топсин дейман-да!
Орол бобо (дами ичига тушиб). Тайинли иш… Нима иш экан, нимага юбормоқчисиз уни?
Ўтаган. Салат кесишга.
Орол бобо (ростдан ҳам тушунмай). Саллат? Нима дегани у? Нега кесади?
Ўтаган. Сала-ат… Шу, ўт-пўт-да. Кўкат деймиз-ку…
Орол бобо (лол қолиб). Шошманг, Амет келиб-келиб ўт кесадими? Аметимиз-а?! Қайиқ ясайди-ку у, қайиқсоз уста!
Ўтаган. Қайиғингизни еб бўлмаса! Салатни эса (у бармоғини дастгоҳ қиррасига уриб-уриб) тўғраб-тўғраб, маза қилиб туширилади.
Орол бобо. Шугинани ўзлари тўғраб еса бўлмасмикан, махсум, нимаси қийин?
Ўтаган (қўлидаги қамчини тиззасига уриб). Бўлмайди, оқсоқол, бўлмайди. У ёқларда биров кесиб беради, биров ейди. Ресторан деганини айтяпман-да.
Орол бобо. Кейин шуни кесгани учун пул ҳам олади?
Ўтаган. Худди шундай! Қайиқ ясагани учун эса шаматалоқ ҳам олмайди!..
Орол бобо (маъюс тортиб). Навзанбиллоҳ, навзанбиллоҳ…
Ўтаган. Қайтага, уй-уйидан ул-бул кўтариб келиб сизни боқади, шундайми?
Орол бобо. Унақа миннатни қўйинг, махсум. Мен шогирдларим олиб келган ноннинг ушоғига ҳам шериклик қилмайман…
Ўтаган. Ўзим ясаган қайиқларни ғажиб-ғажиб кун кўряпман десангиз-чи!.. Қўйинг-э, оқсоқол!
Орол бобо. Ия, нега? Худо берган ризқим бор, иним! Мен балиқ гўшти ейман, билсангиз!
Ўтаган. Опқочинг-а, опқочинг! Туш-пуш кўряпсизми дейман. Шу дашту биёбонда балиқни ким бераркан сизга?!
Орол бобо (қўлларини баравар осмонга чўзиб). Худо! Ҳожи бўлмасак ҳам, махсум бўлмасак ҳам – беради. Кунига биттадан. Бизники ана шундай, ҳожи махсум, кунбайи!

Четан эшик очилиб, орқама-кетин йигитлар кўринади.
Ўтаган махсум қамчинини ҳавога сермаб ўрнидан туради-да, Амет томон бос­тириб боради.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤9
Ўтаган (унга қаҳрли ўқрайиб). Сен болага нима деган эдим?! Қани, олдимга туш-чи! Қайтиб шу ерга қадам боссанг!..
Орол бобо (қалтирай-қалтирай қўзғалиб). Ҳай, ҳай! Шайтонга ҳай беринг, махсум!..
Ўтаган (ижирғаниб). Э-э, алжирама, тентак чол!

Амет аввал Орол бобога, сўнг шерикларига ўкинчли бир назар ташлайди-да, секин бурилиб отасининг изидан чиқади. Аммо шу заҳоти қайтиб киради. Ўртоқлари билан бир-бир қучоқлашиб хўшлаша бошлайди.

Жумабой (таъна аралаш минғирлаб). Э қўй-э, Амет, бўлмадинг, ошна!

Амет кўча тарафга имо қилиб, ғамгин елка қисади: начора, отам!..

Генжамурод (ачитиб). Анув ишни бошлаб қўйиб, энди қочиш экан-да, а?
Амет (чол томон хавотирли нигоҳ ташлаб олиб, пичирлайди). У ёғини ўзларинг…
Жумабой. Кетавер, кетавер, бир ҳисоби бўлар.
Тиловберган (чапаничасига қўл ташлашиб). Яхши бор, дўст!

Амет гуноҳкорона бош эгиб, хос ўриндиғида хомуш қотган Орол бобонинг қошига келади. Чол уни бўйнидан қучиб, бир муддат сўзсиз қолади. Таъсирли ҳолат!

Орол бобо (ниҳоят тилга кириб). У ёқларда фақат ўт кесиш билан бўлиб юраверма, бола. Яхши-ёмонни кўр, бил, хўпми? (Сўнг бирдан ўпкаси тўлиб, кўзлари ёшлангандек.) Бизларни унутсанг унут, Оролни эсдан чиқарма, Оролимизни!..

Ташқаридан Ўтаган махсумнинг дағдағали овози эшитилади: “Аме-ет!..”
Амет тағин барчага бир-бир хомуш бош силкиб чиқади-да, шалвирабгина четан эшик томон юради. Орол бобо ўриндиғига чўкканча мунғайиб қолган. Йигитлар ҳам паришонҳол серрайиб турибди. Ташқарида отнинг кишнаши, тепингани, қамчи товуши…

Орол бобо (ҳасратомуз). Бориб-бориб ҳув дўзахий пирга ўхшаб бир ўзим шўппайиб қолмасам денг…

Шогирдлар тушунмай унга анқайиб қарайди.

Орол бобо (ривоятга киришиб). Пирнинг қирқ муриди бор экан. Сизларга ўхшаган шогирди. Қирқ йил ичида камая-камая, охири шулардан биттагинаси қолибди. Аметинг мисоли бирин-сирин ташлаб кетган-да. Пир ўша қолган муридидан сўрабди: “Буларинг нега бундай қилди экан?” Мурид чайнала-чайнала айтибди: “Улар сизнинг таълимингиз билан Мангу китобни ўқийдиган мақомга етди. У китобда эса…” “Гапир-гапир”, деб қистабди пир. “У китоб сизни дўзахий деб ёзган экан, устоз…” “Биламан, – дебди пир. – Ҳақрост, шундай ёзилган. Аммо мен жаннатдан ҳам улуғроғини кўзлаганман-да… Улар-ку жаннат илинжида кетибди, хўш, сен нега қолдинг?” “Чунки ўша китобни ўқишни сиздан ўрганганман-да, пирим”, дебди мурид. Қаранг, қандай оқибатли экан-а шогирди!..

Йигитлар ривоятдан таъсирлангандек ўйга толади.

Генжамурод. Бобо-о, жаннатдан ҳам зўр деяпсиз, қанақа жой у?
Орол бобо. Бор, ўғлим, шундай жой бор. Ҳақ, Ҳақнинг даргоҳи дейдилар уни. Бандаси умидвор-да. Мана, бобонг ҳам умид билан яшаяпти-ку!..

Иккинчи қисм

5

Ўша ҳовли. Тун. Осмонда юлдузлар чарақлайди, эринибгина ой сузади. Шамолнинг бир маромда увуллаши; олислардан чиябўриларнинг “ҳи-ҳи, ҳи-ҳи”лаган товуши садо беради.
Бошига сербар оқ қалпоқ илган бир кўланка ҳарсиллай-ҳарсиллай кулба биқинидаги қайиқ-нарвонга тирмашиб, томга чиқиб бораётир.
Орол бобомиз!
Том устига чиқиб олгач, у бир муддат нари-бери бориб келади. Осмонларга қарайди, ою юлдузларни томоша қилган бўлади. Сўнг аста келиб қайиғига ўрнашиб ўтиради-да, теварак-атрофни яна бир қур кўздан кечиргач, икки ёндаги эшкакларни қўлга олади. Эшкак эша бошлайди. Аввалига сустроқ, бир маромда, кейин эса навқирон бир ғайрат билан. Шамол увуллашию чиябўриларнинг “ҳи-ҳи”лаши ногаҳон сув шовқинига – мавжу тўлқинлар сасига айланиб-қоришиб кетади. Шалоп-шулуп, шалоп-шулуп… Ой ёғдусида чарх этаётган денгиз қушлари – чағалаю оқчорлоқларнинг сувга тўш уриб учишлари, кумуш қанотлари нимқоронғиликда ялт-юлт аксланиб кўзга чалинади… Чол бир замон эшкак эшишдан тиниб, тимирс­килай-тимирскилай қайиқ ичидан узун алланимани оладию узоқни чамалаб уни ҳавога – “сув”га улоқтиради. Шалоп-шулуп… “Балиқчи” кафтларини қулоқпана қилиб пастга энгашган – нимадир сасни эшитмоқчи…
Сукунат, сукунат…
Бир пайт қайиқ четида кўндаланг ётган эгма хода қимирлаб кетиб, шалоп-шулуп товуш чиқаради. “Балиқчи” шоша-пиша ходани “сув”дан кўтаради. Нақд тумшуғидан илинган лаққа ой ёруғида биланглаб турибди!..

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤11
Орол бобо (уни завқ билан айлантириб томоша қиларкан, шодон). Берганингга шукр! Берганингга шукр, тангрим!..

Сўнгра у балиқни қармоқдан узиб, қайиқ ичига ташлайди. Ов ашёларию эшкакларни жой-жойига қўйиб саранжомлагач, қайиқ бўйлаб оҳиста чўзилади.
Кўкси узра таниш оқ қалпоқ!..

Орол бобо (ҳорғин, уйқули овоз). Берганингга шукр, эгам! Берганингга шукр!..

Тун. Кўкда юлдузлар чарақлайди, эринибгина ой сузади. Шамолнинг бир маромда увуллаши, олисларда оч чиябўрилар саси…

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤1
6

Ҳовли. Кундуз куни. Уч шогирд – Жумабой, Тиловберган ва Генжамурод қайиқ ясаш юмушлари билан банд. Ўчоқ устидаги ярми кесилган бочка идишдан қорамтир дуд кўтарилади – мум эритилмоқда.
Шошиб-ҳовлиқиб Қалимбет кириб келади. Одатдагидек, қўлида “дипломат”.

Қалимбет (аланг-жаланг қилиб). Отам қани?.. (Йигитларга қараб.) Ҳўв укалар! Қани, югуринглар! Овулнинг оғзигинасида мошинамиз қумга ботиб қолди, чиқаришиворинглар. Ҳа, баракалла!.. (Кулба эшигида бир учи чўмичсимон узун косов кўтарган Орол бобони кўргач.) “Жип” денг тағин! Шундай мошинаки ботиб қолганидан кейин аҳволни билавер-да!

Орол бобо амрига маҳтал шогирдларига “майли, бориб қарашинглар” дегандек ишора қилади. Усти-бошини қоқа-қоқа, улар ҳовлидан чиқиб кетишади. Чолнинг ўзи индамай ўчоқбоши тарафга юради.

Орол бобо (қўлидаги анжом билан “қозон” кавламоққа тушаркан). Ке, Қалимбет, шовқин солиб юрибсан?..
Қалимбет (“дипломат”ини тиззасига қўйиб курсига ўрнашаркан, ясама хушнудлик билан). Бир ўйнаб берасиз энди, отабой, зўр сюрпризимиз бор сизга! (Синовчан сукутдан сўнг, ширин қилиб.) Би-ир ҳажга бориб келсангиз-чи, а? Ҳамма бизни изза қиляпти-ку: шундоқ пулдору бадавлат ўғиллари, қизлари бўлатуриб, оталарини ҳажга жўнатмаяпти, деб.
Орол бобо (ишидан чалғимай). Буниям ҳув анови хизрсифат маслаҳатгўйинг айтгандир?
Қалимбет. Топдингиз, у ҳам шундай деган эди.
Орол бобо. Қуллуқ, қуллуқ. Лекин отанг ҳеч қаёққа бормайди, овора бўлма.
Қалимбет. Ие, ие! Ҳажга ҳам-а? Ҳаждан бўйин товлаган мўминни энди кўришим! Ота, ўйлаб гапиряпсизми ўзи? Ахир, ҳажи муборак ҳар бир мусулмонга…
Орол бобо. Биламиз, биламиз – фарз.
Қалимбет. Билсангиз, нега бундай оёқ тираяпсиз? Баъзилар ҳатто от миниб, пул кўтариб чопиб юрса-ю, сиз бўлсангиз…

Чол қўлидаги косовни “қозон” четига қўйиб, ўриндиғига келиб жойлашади.

Орол бобо. Ҳажга қилган-кечган гуноҳларидан тавба этмоққа бориларди чоғи, шундайми ахир?
Қалимбет. Ие, албатта, бунинг учун ҳам…
Орол бобо. Унда отанг қайси гуноҳини ювгали борсин, хўш?
Қалимбет. Э, э, Орол бобо, куфр кетгандайсиз, бегуноҳ банда бор эканми бу дунёда?!
Орол бобо. Шошма, оғзимга урмай тур… Ёлғон гапирганимни ё бировга фириб бериб иш битирганимни биласанми? (Қалимбет елка қисади.) Гапир, гапир, эшитганмисан ҳеч?
Қалимбет. Йўқ…
Орол бобо. Бировнинг ҳақига хиёнат қилган жойим борми, айт?
Қалимбет. Ота…
Орол бобо. Кимсанинг моли ё жуфти ҳалолига кўз олайтирганимни-чи? Қулоқ-пулоғингга чалинган чиқар?..
Қалимбет. Э, ота, иззага қўйманг-да одамни. Фақат шулар учунгина ҳаж қилинмас…
Орол бобо. Ҳа, нима учун борилар экан бўлмаса? Шунчаки сайру томошагами? Ё номчиқараргами? Тўғри, унақаларини ҳам биламиз. Ана – ўзимизнинг Ўтаган махсум. Йил сайин қатнайди. Нима, авлиё бўлиб қоптими у? Ўша-ўша, келиб тағин гуноҳга ботгани ботган… Йўқ, ўғлим, ҳаж зиёратининг шартлари, қонун-қоидалари бор. У ерга обдон ҳозирлик кўриб, риёзату машаққатлар чекиб борилади!
Қалимбет. Эски замонларнинг гапини қўйсангиз-чи, ота. Машаққат чекиб нима фойда? Ҳозир тап-тайёр самолёт, оппа-осонгина бориб келинаверади. Бу ҳам тангрининг марҳамати-да, ахир!
Орол бобо. Қуллуқ, қуллуқ. Аммо… тавба қилдим, тавба қилдим, кўнглида бир тоза нияту чин ихлоси борми-йўқми, дуч келган одам ҳаж экан деб жўнайверса… Худди тўйга отлангандай… Зиёрати қабул бўлармикан?.. Ахир, бандаси покланиб, тозаланиб бормайдими унақа жойларга?!
Қалимбет. Мен ҳам шуни айтяпман-да, ота! Ҳалигина ўзингиз исботлаб бердингиз: бировга ёмонлик қилмагансиз, хиёнат қилмагансиз, кўз олайтирмагансиз… Сиз бормай ким борсин ҳажга?!
Орол бобо (эриб кетиб). Рости, бир-икки дафъа чоғланиб ҳам кўрганман. Юрак дов бермади-да: ўзинг ким бўпсан-у, ҳажни орзу қилсанг дегандай. Биз-ку бир хашаки банда, ҳаж зиёрати насиб этмаган не-не улуғ зотлар ўтган, ўғлим! Лекин ичимдаги бир сирни сенга айтсам: баъзан худдики бориб келганга ўхшайман! Нияти билан-да…
Қалимбет (жонланиб). Ана энди чинакамига бориб келасиз, отабой! Мана, ҳамма ҳужжатингиз тайёр! (У шоша-пиша “дипломат”ини очиб, бир даста қоғоз чиқаради.) Мана…
Орол бобо (оғзи очилиб). Ия, бир оғиз сўрамадинг-ку, Қалимбет, менсиз қандай қилиб?..

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤8
Қалимбет. У ёғи билан ишингиз бўлмасин, отабой. Биз киришдикми, битмайдиган иш йўқ!
Орол бобо. Барибир олдимдан бир ўтишинг керак эди-да, ахир…
Қалимбет. Ўтсам-ўтмасам, энди масала ҳал! Азза-базза биттасининг ўрнига гаплашганман-а!..
Орол бобо. Нима? Бировнинг ўрнига?! (У балодан қочган каби, икки қўли олдинда, тисланиб.) Йўқ-йўқ, бормайман! Минбаъд! Бировнинг ўрнини тортиб олиб ҳажга жўнаш!.. Ўйлаб қилдингми шу ишни, Қалимбет? Гуноҳ-ку бу ахир, гуноҳи азим!
Қалимбет (сув юқтирмай). Ҳе, кўчадаги биттаси боргандан кўра – сиз, менинг отам боргани яхши эмасми?!
Орол бобо (қатъий туриб). Йўқ дедимми, йўқ! Кимнинг ўрнини олган бўлсанг, ўшанинг ўзига элтиб топширасан, гап тамом! Худойим ўзи кечирар, отангнинг сиғинадиган Каъбаси ҳам, зиёратгоҳу ибодатгоҳи ҳам мана шу ўзи туғилиб ўсган ташландиқ овулу бугун қуриб қолган бўлсаям, умрини бергани – Орол! Шундан ўзга ҳеч нарса керак эмас унга, билиб ол, бола!
Қалимбет. Орол, Орол… Ҳаҳ, Орол отагинамдан! (У қувлик билан ялтоқланиб чолнинг елкасидан қучади.) Ишни буздингиз-ку, бобой, энди нима қилдиг-а?..

Талай замон мум тишлаб қоладилар.
Бу орада чол ўчоқбошига бориб, оловини тортиб келади.

Орол бобо (куфридан тушган; илтижоли оҳангда). Қалимбет, ҳув бирда кўрсатган матоҳингни менга ташлаб кетсанг-чи, а? Невараларимни соғинганда томоша қилиб ўтирардим. Майли, анови уй ҳам, ҳаж сафари ҳам сеники, ўзингга сийлов…
Қалимбет (муғамбирона бош чайқаб). Йў-ўқ, бобой…
Орол бобо (қалпоғини қўлида ғижимлаб ўрнидан туради). Бўпти, мен кетдим унда.
Қалимбет. Ия, қаёққа?
Орол бобо. Онангнинг олдига, мозорга. Эрталаб хабар ололмаган эдим…
Қалимбет (бўғилиб). Мендан нима гуноҳ ўтди, ота? Айбим – сизни ҳажга жўнатмоқчи бўлганиму янги уй тортиқ қилганимми?!
Орол бобо. Беайб – парвардигор, менинг ҳам бир гуноҳим бор бу дунёда. Нималигини айтайми? Сени, сендайларни дунёга келтирганим!..
Қалимбет (алам-изтироб ила). Ота-а!..

Орол бобо қалпоғини бошига босиб, ҳовлидан чиқиб кетади.

Қалимбет (бир лаҳза сукутдан сўнг, ижирғаниб). Мияси айниб қопти бу чолнинг… (У ёнидан телефончасини олиб, қўнғироқ қила бошлайди.) Гул, ўзингмисан? Ҳеч гапга унамаяпти-ку бу қайсаринг. Шаҳар яқинидан яп-янги ҳовли олиб бердим, мана, ҳажга тўғрилаб қоғозларини келтириб ўтирибман – қани, кўнса! Ўзинг бир йўлини топмасанг бўлмайди, сингил. Сенга меҳри бўлакча, яхши кўради…

7

Оқшом. Орол бобо одатдаги ўриндиғида; ҳорғин, беҳафсала кўринади. Ёнбошдаги қўлбола курсида омонатгина бўлиб қизи Гулхадича ўтирибди; тиззасида сумкачаси, ўта замонавий кийинган.
Шогирдлар иш билан машғул. Ора-орада ота-бола томон қараб қўйишади.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤5
Орол бобо. Депутатликка чоғланганмишсан, шу ростми? Эринг бошингда, бу ёқда жужуқларинг – нима кераги бор эди, қизим?
Гулхадича. Ҳа, Жўқорғи Кенгесга. Бўласанчи бўласан деб қўйишмади-да, ота… (Бирдан тумшайиб.) Лекин бошим қотиб қолган. Устимдан ёза-ёз!
Орол бобо. Ия! Нима деб ёзади, ким?
Гулхадича (кўзларини ёшлаб). Ўлгур рақибларим-да, душманларим!
Орол бобо. Сенда душман нима қилсин? Ажаб гапларни гапирасан-а!
Гулхадича. Бирга от суриб юрганлар душман бўлмай нима? Бари ўзим депутат бўлай, бу қолиб кетсин дейди, ярамаслар!
Орол бобо. Қандай айбинг бор экан, хўш?
Гулхадича (бармоқ учи билан қовоқларини артиб, аразлаган сингари). Э-э, сизни айтиб ёзади-да!..
Орол бобо (ёқасини жуфтлаб). Мени?! Мен нима қипман уларга? Бирортасини танимасам, билмасам…
Гулхадича. “Туққан отасини бир гўрларга ташлаб қўйган, қарамайди, бориб ҳолидан хабар олмайди! Шундай оқпадар инсон депутат бўлиши мумкинми?” ва ҳоказо. Ишқилиб, оёғимдан чалса, бадном қилса бўлди уларга!
Орол бобо (хижолатга тушиб). Мен ҳеч кимга арз қилганим йўқ-ку, жоним қизим… Сенлардан бирор нарса керак эмас, ўз ҳолига қўйсаларинг… ия, тинчгина юрса кифоя оталарингга. Шундай-шундай гап деб, тўғрисини тушунтирмайсанми ўшаларга?
Гулхадича. Кимга тушунтираман? Сайловчиларгами? Халққами? Халқингиз тушунмайди барибир! Ишонмайди-да…
Орол бобо. Шугинани тушунтиролмасанг, шунга ишонтиролмасанг, депутат бўлиб нима қиласан, қизим?!
Гулхадича. Э-э, сиз ҳам тушунмаяпсиз, ота. Қўймаяпти-да ахир! Ўзимга қолса-ку, аллақачон туф деб юборардим. Безорим чиқиб бўлди ўзи!
Орол бобо (ажабланиб). Ким қўймаяпти, ким? Ўша сайловчиларми?
Гулхадича. Улар ҳам… Куёвингиз, куёвингиз! Бу ёқда оғам – Қалимбет. Бизнесларига ёрдам бўлармиш…
Орол бобо. Оббо-о! Эркакман деб белига камар бойлаган азаматлар бир заифани ўртага солиб, шунинг соясида… Суф-э сенларга!.. Ҳай, мени йўқлаб қолибсан? Шу гапни айтгани келдингми ё?
Гулхадича (куйинган каби афтини буруштириб). Ранг-рўйингизни қаранг, отажон, кўрган кишининг раҳми келади-я!
Орол бобо (саросимада қолиб). Рангимга нима қипти, Гулхадича? Соппа-соғман, ҳеч бир жойим оғримаса…
Гулхадича. Шундай бўлсаям бир-икки кун дам олиб келсангизми девдим. Зўр бир жойга олиб борсам сизни… Вуй, боғларини кўрсангиз – гулу гулзор!..
Орол бобо. Қанақа жой экан у? Тўппа-тўғри жаннат бўлмасин тағин!..
Гулхадича. Ундан ҳам зўр! Ҳозир… (У дик этиб ўрнидан туради-да, бир кафтини оғзига карнай қилиб кўча томон овоз солади.) Роҳат Собировна! Роҳат Собировна!

Четан эшик очилиб, қўлида ялтироқ қутиси, ясан-тусанда Гулхадичадан қолишмайдиган оқ халатли жувон – Роҳат Собировна киради.

Роҳат Собировна (ҳовлига аланглаб, атай хушҳоллик билан). Вой-бў-ў, ҳаммаёқ қайиқ-ку! Сувимиз қани, сув?.. Ассаломалайкум, отахон, бормисиз? Шундоқ пустиняда бир ўзингиз-а! Не понимаю, не понимаю. (Дашном оҳангида.) Гуляхон, адангизни бир оз чарчатиб қўйибсизми дейман-а, ўртоқ?(У қутисини тагига қўйиб рўбарў ўтиради-да, гўёки сеҳрламоқчидек, Орол бобога қаттиқ тикилади. Чол хижолат, кўзини қаёққа яширишни билмайди.) Қани, бошладикми? Тилингизни кўрсатинг-чи, отахон…
Орол бобо. Тилимни?.. (Довдираб Гулхадичага қарайди.) Бировга оғзингни очиб тилингни кўрсатиш ноқулай-ку, қизим? Мазах қилгандай гап-да бу.
Гулхадича. Кўрсатинг, кўрсатаверинг, ада, бу киши дўхтир-ку! (Кулиб.) Суғуриб олмайдилар, қўрқманг.
Орол бобо (таажжуб аралаш). Нима? Нима дединг? Бир сўз айтгандай бўлдинг…

Гулхадича “жим ўтиринг энди” деган каби уни секингина туртиб қўяди. Чол баттар мулзам, тишсиз милклари орасидан аранг тилининг учини чиқаради…
Дўхтир қутисидан олган игнаю болғачаларини ишга солиб, беморни обдон текшириб кўргач, саволга тутади.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤6
Роҳат Собировна. Кўп туш кўрасизми, отахон? Масалан, нималар киради тушингизга?
Орол бобо. Ҳа, унда-бунда кўриб турамиз. Ҳар хил туш-да, қизим… Кўпинча раҳматли кампирим киради тушимга, мана бунинг онаси.
Роҳат Собировна (Гулхадичага юзланиб, шунчаки). Ойингизларми?
Гулхадича (эшитилар-эшитилмас). Ойим, ойим, Роҳат Собировна.
Роҳат Собировна. Отахон, айтинг-чи, тушларингизда балиқ ҳам тутасизми?
Орол бобо (энсаси қотиб). Нега энди тушимда экан? Тушимда эмас, ўнгимда тутаман балиқни. Ҳар кеча!
Роҳат Собировна. Ҳар кеча дейсизми? Зўр-у! Қаердан овлайсиз уни, сувданми?
Орол бобо (тоқати тоқ бўлиб). Сувдан бўлмай қумдан овланармиди у жонивор?! Сувдан-да, албатта. Орол сувларидан!
Роҳат Собировна (Гулхадича билан ўғринча маънодор кўз уриштириб олиб). Орол деганингиз олис-ку, отахон, жуда олисда! Қанақа қилиб борасиз у ерга ҳар кеча?
Орол бобо (дўхтирга узоқ тикилиб). Нима десам экан сизга? Айтганим билан барибир ишонмайсиз-да, қизим. Ҳеч ким ишонмайди бунга… (У алам билан мунғайиб, бошини солинтириб олади.)

Роҳат Собировна Гулхадичани четга имлаб, унинг кифтига ҳамдардона қўл ташлайди.

Роҳат Собировна (пичирлаб). Всё ясно. Симптомы налицо. Опкетамиз, депутатим! Тайёрланг…
Гулхадича. Уколми? Бўлмаса кўндиролмайсиз, точно!
Роҳат Собировна. Да, укол!
Гулхадича (орқадан келиб чолни бўйни аралаш қучади). Ота… ия, ада… Дўхтир опа айтяптиларки, сизни укол қилмаса бўлмас экан. Қўрқманг, қўрқманг, билагингизга. Биттагина, холос. Ҳечам оғримайди, мана кўрасиз…
Орол бобо (вазмин бош буриб). Менинг нимамни укол қиласан, қизим, ҳеч жойим оғримаса…
Гулхадича (тўсатдан жазаваси қўзиб). Оғрийди, оғрийди! Ана – афтингизга қаранг! Гапириб ўтирган гапларингиз-чи!.. Эй-й, ҳамманг жонимга тегдинг! Бирови “Депутат бўлсанг – бўлганинг, йўқса, тўрт томонинг қибла” деб шарт қўйса! Униси “Депутатликка чиқмасанг, сендай синглим йўқ” деб сиёсат қилиб турса!.. Нима қилай? Нима қилай ахир, айти-инг?! (У аламидан йиғламсираган бўлади.)
Орол бобо. Майли, майли, сенга шу керак бўлса, ма, қилақол уколингни… (У ҳафсаласиз қўлини узатади.)

Гулхадича отасининг билагидан тутиб туради, Роҳат Собировна абжирлик билан игнасини санчади. Ҳаял ўтмай Орол бобо ўриндиққа чўзилиб қолади.
Болалар ҳангу манг, ташвишга тушиб қолган, ўзаро пичир-пичир.

Жумабой. Ҳў опа, бобомизни нима қилдингиз?

Гулхадича ўгирилиб ҳам қарамай, “э, ишингни қил” деган каби улар томон жаҳл билан қўл силтайди.

Роҳат Собировна. Чақираверинг.
Гулхадича (кўча томон чинқириб). Оға-а! Оға-а! Бўлди, тайёр!

Қалимбет ва ҳайдовчиси пайдо бўлиб, чолни қўлтиғидан кўтарганча ташқарига судрайди. Гулхадича билан Роҳат Собировна бир-бирининг елкасига қўл ташлашиб уларнинг ортидан юради. Шогирдлар беихтиёр чопиб бориб йўлни тўсмоқчи бўлади.

Жумабой. Ие, оға, қаёққа опкетяпсиз бобомизни?!
Қалимбет (зарда билан). Энангнинг уйига!
Тиловберган (унга тармашиб). Опкетмайсиз, йўқ!
Қалимбет (тиззаси билан унинг қуймучига бир тепиб). Нари тур-э, маймоқ!

Тилов учиб кетиб, бир четга ағнаб қолади. Болалар саросимада, ноилож тек қотган.

Роҳат Собировна (йўл-йўлакай, ҳовлига яна бир қур кўз ташлаб). Чудак! Нас­тоящий чудак!

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤2
8

Намозшом пайти. Жумабой ва Генжамурод қайиқсозлик билан банд. Одатдаги юмушлар: ўлчаш, тахта қирқиш, елимлаш, бўёқ-сўёқ…

Жумабой (туйқус ишдан бош кўтариб). Бобомизни қаёққа опкетди-я булар?
Генжамурод. Ота – уларники, хоҳлаган жойига олиб кетаверади-да.
Жумабой. Соппа-соғ одамни укол қилди-я, тавба!
Генжамурод (билағонлик кўрсатиб). Қилади! Керак бўлганда қараб ўтирмайди. Ўзим кўрганман! Жапақ амакимни билардинг-а, дўхтирлар уни мана шундай укол санчиб, мошинага босиб кетишган, эсимда.
Жумабой. Амакинг тўрт туманга номи кетган бир жинни-санғи эди-да! Бобомиз ахир…
Генжамурод (нафсонияти қўзиб). Бобонг нима, соғ эканми? Ҳамма уни “девона, савдойи” деб юради-ку!..
Жумабой. Айтиб қўй, ўшаларингнинг ўзи девона, ўзи савдойи! Шуни гап деб кўтариб юрган сен ҳам соғ эмас, Генжабой!
Генжамурод. Ўзинг ҳам шу! Тиловнинг ҳам… Бобонинг гирдида юрганларнинг барини эл-улус шунақа деб ўйлайди, билсанг!
Жумабой. Ўйлайверсин! (Муштумини дўлайтириб.) Қани, бирортаси келиб ўзимга шундай деб кўрсин-чи!..

Бир ўрам эски сим кўтариб ҳовлига Тиловберган киради.

Тиловберган (қўлидагини ерга ташлаб). Жума-а, овулингда шиша деган матоҳ қолмабди-ёв! Амет билиб айтган экан: кеча эрталаб бу ёққа келаётиб, Жанғил момонинг томига чиқиб қарасам, ростдан ҳам Орол тараф сувга тўлгандай, офтобда чарақлаб кўзни олади!
Жумабой (ишдан бош кўтариб). Мен ҳам кўрдим. Худди сувнинг ўзи! Шу иш Аметнинг хаёлига қаёқдан кепқолди экан-а?..
Тиловберган. Биласан-ку, китобни кўп ўқиган у. Ўзиям каллали. Ўтаган махсумнинг боласи-да, муллазода!
Генжамурод. Муллангнинг боласи бугун аллақайларда салат кесиб юрибди. Каллали эмиш!..
Жумабой. Ким нима деса десин, барибир зўр иш бўлди шу. Маладес Амет!
Генжамурод. Бобонг кўрмаганидан кейин бу ҳаммаси бир пул, ошнам! Ўша киши учун қилинди-ку, тўғрими?
Тиловберган. Шундай, шундай…

Худди шу чоқ четан эшик ғийқиллаб, Орол бобомизнинг ўзи пайдо бўлади! Бир лаҳза ҳайратда қотган шогирдлар гувва бориб, талаша-тортиша унинг бўйнига осилади: “Келдингизми, бобожон, келдингизми?”, “Устоз, устоз!”, “Соғиниб кетдик сизни, бобо!..”

Орол бобо (уларни баравар бағрига босиб, кўзлари жиққа ёш). Чироғларим!.. Шерларим, бургутларим…

Шогирдлари чолни кўтариб келиб, эъзоз билан хос ўриндиғига ўтқазадилар. Ўзлари ён-верида чўнқайиб, алланечук ачиниш аралаш унга кўз тикадилар.

Тиловберган (йиғламсираб). Нима бўлди сизга, бобожон, бунча қолиб кетдингиз?
Орол бобо (қўл силтаб.) Э, сўраманглар, болаларим… Қочдим, қочиб келдим! Кўрдиларинг, “мазангиз йўқ, мазангиз йўқ” дея нима балодир қилиб уйига олиб кетди-ю, қамаб қўйгандай аҳволга солди-я мени! Анови дўхтир дугонаси кунда икки маҳал укол қилиб кетади, ухлаганим ухлаган, кўзларимни очолмайман! Депутатлигига керакмиш-да касофатнинг… Сизларни соғиндиму қўйган пойлоқчиларини ҳам доғда қолдириб, бугун кўзни ишқай-ишқай йўлга тушдим… Ҳай, ўзларингдан гапиринглар, қани? Аметбойимиз кўринмайди?.. (Шогирдлари ерга қараб қолгач, таассуф ила бош чайқайди, оғир хўрсинади.) Бола кетибди-да барибир. Атта-анг, атта-анг. Яхшигина уста бўлиб қолувди-я, касофат!
Генжамурод (ғаши келиб). Касофатингизнинг ўрнини билдирмаяпмиз лекин, бобо! Ана, сиз йўғингизда бир эмас, иккита қайиқ ясаб қўйганмиз!
Орол бобо (руҳланиб). Баракалла, чироғларим, баракалла! Хўш, яна нима янгилик?
Тиловберган. Сиз бирдан кетиб қолдингиз, мана, бугун бирдан келиб қолдингиз – янгилик шу!

Бараварига кулиб юборишади.

Орол бобо (ўрнидан оғир қўзғалиб). Аср пайти кепқолгандир, мен намозимни ўқиб олай энди… бир ҳафталик қилиб!

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤4
Чол ўчоқбошидан офтобасини олиб, уй орқасига ўтади. Йигитлар қайтиб ишга тутинади. Жумабой қандайдир тахтани айлантириб кўздан кечираётганида унинг бир учи дастгоҳ адоғида турган транзисторга тегиб кетадию шўх ялла янграйди. Қорақалпоқларнинг машҳур “Дембермас”и!.. Ана шу тарона асноси ҳовли қоронғилашиб, кейин яна аста ёриша бошлайди.
Тонг! Узоқлардан келаётган денгиз шовқинлари бояги қўшиққа қоришиб, уни босиб кетади. Ана – тўлқинлар бир-бирига урилиб шалоплаши, жонсарак мавжлар шивири, эшкакларнинг бир маромдаги ғичир-ғичири… Ана – чағалайларнинг бетиним чуғур-чуғурию сувга тўш уриб учаётган оқчорлоқлар саси… Еру осмон ғайриоддий, ғайритабиий бир ёғдулар, чароғонлик қўйнида…
Том бошидаги она қайиқда Орол бобомиз тик турибди. Қалпоғи қўлида, қувончдан кўзлари чақнаб ҳар ёнга аланглаётир. Четан ортидан шогирдлар саси эшитилади: “Кўрди! Ана, қаранглар – кўрди!”

Орол бобо (ҳайқира-қийқира). Мана, келди! Ахийри келди! Сув, сув!.. Оролимиз сувга тўлди, одамлар! Яшасин, дод! Шу кунни кўрдим-а! Энди ўлсам армоним йўқ… (Қўлларини кўкка чўзиб.) Омонатинг ол, эгам! Розиман, барига розиман! Шукр, шукр…

Чол шунда бир қалқийдию оёқлари майишиб, бўшаша-бўшаша, баайни сувга чўкаётган мисол, қайиқ ичида кўринмай кетади. Атрофни сукунат чулғайди – пурҳикмат, тантанавор бир сукунат!..

9

Чол қайиқ ичига “чўкиб” кетгач, андак сукунатдан сўнг, чамаси, четан ортида бу манзарани – нима бўлишини кузатиб-пойлаб туришганми, бирин-кетин шогирдлар кириб келади. Улар ҳовли ўртасида саф тортиб, томбошига бақрайганча қотиб қолишади. Бир вақт четан эшик оғзида елкасига сафархалта осган нотаниш либосли йигит пайдо бўлади. Амет! У оҳиста яқинлашиб, уч ўртоқни орқасидан бирваракай қучиб олади.

Тиловберган (ваҳима ичида). Амет! Сенмисан? Осмондан тушдингми, нима бало?..
Амет (айбдорона). Келдим. Кўнглим бир нимани сезгандай бўлаверди…

Тўрт ўртоқ йиғламсираганча қучоқлаша кетади.

Сизларни… Оролни унутолмадим, жўралар. Келдим. Бобомиз қани?
Жумабой (томбошига ишора қилиб). Юраги ёрилиб ўлиб қолди… Кўзларига ишонмаган-да!
Амет (юзини чангаллаб). Мен, ҳаммасига мен айбдор!.. (У жаҳл билан елкасидаги сафархалтани ерга отади.)
Тиловберган. Энди нима қилдиг-а, болалар, нима қилдик?
Жумабой (саркорликка ўтиб). Юринглар. Олиб тушиш керак…

Бирин-бирин қайиқ-нарвонга тирмашиб, томга чиқа бошлайдилар.

Генжамурод (чиқаётиб). Айтиб эдим-ку, бу ишимизнинг охири зил бўлиб чиқади, деб!..
Жумабой (тепадан, жеркиб). Қўй энди сен ҳам шу пайтда!.. Ҳар не бўлгандаям муродига етди-ку бобомиз! Сувни кўргандай бўлиб кетди…

Йигитлар томда қайиқни қуршаб, бараварига унга энгашадилар. Амет беихтиёр чолнинг қалпоғини олиб, бошига қўндиради.

Тиловберган (изиллаб). Бобожон, ўлманг! Кўзингизни очинг…
Амет. Кечиринг, устоз, беоқибат шогирдингизни кечиринг…
Жумабой (ўқрайиб). Бўлди!.. Қани, олдик!

Томбошида тўрт ўғлон – тўрт шогирд қайиқ-тобутни даст кўтариб турибди! Ғойибона видолашув…

Орол бобо (овози). Келганинг чинми, Амет болам? Бобонгнинг ўлишини кутиб юрганмидинг ё?..
Амет (овози, титраб). Ундай деманг, бобожон, ундай деманг. Келдим, мана. Бутунлай келдим.
Орол бобо (овози). Билиб қўй, Орол чақирди сени, Оролимиз! Ишонмасанг, ана – атрофга боқ, сувнинг ўзидан сўрагайсан!
Амет (овози). Сизларни ташлаб қаёққа ҳам борардим, бобо?!
Орол бобо (овози). Ота боласи эмас, Орол бўлиб қайтдим де? Баракалла, чироғим! Бобонгнинг васияти – анови қалпоқни ҳеч қачон бошингдан қўймагайсан!
Амет (овози). Руҳингиз хотиржам бўлсин, бобо, сиздан мерос бу қалпоқ ҳамиша бошимда туғ!..
Тиловберган (овози, йиғи аралаш). Бизларни кечиринг, бобожон…
Генжамурод (овози). Мен сизни бугун билдим, Орол бобо! Ўзимни ҳам энди танияпман. Саркашроқ болангизнинг қилиқларидан ўтарсиз, бобожон…
Жумабой (овози). Бундай бўлиб чиқишини ким ўйлабди дейсиз, Орол бобо! Биз сизни бир суюнтирмоқчи эдик-да…
Орол бобо (овози). Бу дунёдан, сизларнинг барингиздан рози бўлиб кетяпман, қароқларим, йиғламанглар, мен учун кўзёши қилиб юрманглар. Сизлар бор экансиз, бобонгиз ўлмаган, ўлмайди. Сизлар бор экансиз, Орол ўлмайди, Оролимиз тирик! Тоабад бор бўлгай, омин!

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤6
Қайиқ-тобут ногаҳон бир силкиниб, бошлар узра оҳиста кўтарила бошлайди. Юксала-юксала, кўк денгизи сари сузиб кетади… Тўрт ўғлон осмонга қўл чўзиб, уни гўё кузатиб қолган… Узоқлардан келаётган денгиз шовқинлари тобора кучая­ди. Ана – тўлқинлар бир-бирига урилиб шалоплаши, жонсарак мавжлар шивири, эшкакларнинг бир маромдаги ғичир-ғичири… Ана – чағалайларнинг бетиним чуғур-чуғурию сувга тўш уриб учаётган оқчорлоқлар саси…

Эркин Аъзам.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤4
Дугонам Рита суд-тиббий эксперти бўлиб ишлайди. Унинг ёши қирқ иккида. Узун ва нозик бармоқлари бор, айкидода иккинчи дан соҳиби. Ўткир сигареталар чекади, сўкинади ва ўлимдан қўрқмайдиган совуққон. Ана шу Ританинг ўзидан тўққиз ёш кичик эри бор.

У жуда нуфузли қурилиш компанияларидан бирида бош архитектор бўлиб ишлайди. Жуда келишган эркак. Ҳаётимда еган энг мазали тортларни ҳам у пиширган. Бир ёшли эгизакларига эртаклар тўқийди. Рита ишда бўлса, уларни ўзи ухлатади. Тунда болалар уйғониб кетса, ўзи туриб қарайди, чунки Рита ишдан қаттиқ чарчаб келади-да.

Яна бир дугонам Оля эса Фавқулодда вазиятлар вазирлигида психолог. Бесланда ишлаган. Биринчи эри ҳарбий жарроҳ эди, аммо у ўн икки йил олдин ҳалок бўлган. Дугонам ўтган йили ўз вазирлигида ишлайдиган операторга турмушга чиқди.

Улар аввалига шунчаки дўст эдилар. Кейин дугонам аварияга учради-ю, у Оляни ярим йил парвариш қилди. Қўшимча пул топиш мақсадида тўйларни тасвирга олиб юрди. Шифокорлар берган ташхисларга қарамай, дугонам оёққа турди. Олянинг ўғли операторни «дада» деб чақиради. У эса боланинг физика олимпиадасида қатнашиш учун Стокгольмга борганидан фахрланади.

Маша — фалсафа профессори. Олий маълумоти йўқ бир эркакка турмушга чиққан. Аммо у Маша учун уй қуряпти, тушлик тайёрлайди, болаларни жуда яхши кўради ва Мария Анатольевна маърузага тайёрланаётганда уйда шовқин қилишни тақиқлайди.

Маша илмий фаолиятига жуда берилган ва бир йиллик стажировка учун Хитойга кетишни режалаштиряпти. Эри эса Машага телбадай ошиқ. Гегель кимлигини билмайди, экзистенциалистларни ўқимаган. Аммо Машанинг оёқ кийими ўлчамини билади ва унинг машинасида ёзги шиналарни қишки шиналарга алмаштириш вақти келганини ҳеч қачон унутмайди.

Қолаверса, Машанинг эри ёғочга ишлов бериш дастгоҳлари ишлаб чиқарадиган ҳақиқий бизнес эгаси. Олигарх эмас, аммо миллионер.

Қачонки менга аёл қандай бўлиши кераклиги, уни севишлари ва унга уйланишлари учун қандай фазилатларга эга бўлиши шартлиги ҳақида гапира бошлашса, қаҳ-қаҳ отиб кулгим келади.

Чунки одамлар мукаммалларни эмас, ўзига мос келадиганларни севишади. Аллакимдан бир гапни эшитгандим: "Ҳар бир қозон ўз қопқоғини топади".

©️ Елена Пастернак
™️ Сарвар Раҳимий

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤6
АЛП БЎЛИНГ....

Номард инсон ташлаб кетса оҳ урманг,
Кўзингиздан оқмасин ёш томчи хам.
Бир қадам ҳам ортидан зор изламанг,
Бардошингиз метин бўлсин тошдан ҳам.

Номард учун оҳ урмоқлик нодонлик,
Майли кетса, унинг учун мард бўлинг.
Бу ҳаётдир, курашмоқлик майдони
Бошингизни баланд қилинг , алп бўлинг!

Майли кетса, адолат тарк этмасин,
Қалбни имон , эътиқод тарк этмасин.
Кўнгли очиқ, сахий, тоза қалб бўлинг,
Баланд қилинг бошингизни, алп бўлинг!


Вақт экан- ки, барча дарднинг давоси,
Кунлар ўтар, бўлар дард интиҳоси...
Байрам бўлар бизнинг кўчаларда ҳам,
Баланд қилинг бошингизни соғ бўлинг!

Соғ бўлсангиз, бир кун бахтлар қутлайди,
Омад кулса бахт- саодат қутлайди.
Аллоҳ суйса юксакларга элтгайдир,
Бахтли, тахтли бўлинг, кўкси тоғ бўлинг!

Зулфия Менгтошева

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤6👍1🔥1
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
🇸🇪 Швецияда етти нафар чет эллик аёл тахминан 10 дақиқа давомида пастга ҳаракатланаётган эскалаторда юқорига чиқишга уринди.

Охир-оқибат, ёнидан ўтаётган бир киши уларга эскалатордан қандай фойдаланишни тушунтириб берди.
🤔3
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
🇷🇺 Олтойда сувсарлар оилавий келишмовчиликлар сабаб жанжаллашишаётгани ва боласи уларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётгани видеоси тармоқларда тарқалди.
🔥6❤2
Бир киши таксига ўтириб, севган аёлининг олдига йўл олди. Йўл-йўлакай гул дўконига кириб, атиргул, заргарлик дўконидан эса сирға олди. Севган аёли қип-қизил атиргулларни ва сариқ олтинни яхши кўрарди.

Унинг таксида юришга ҳам, гул ва сирға олишга ҳам қурби етарди. Бизнеси яхши эди. Зиқна ҳам эмасди. Таксига ўтирганининг сабаби эса катта битим муносабати билан бўлиб ўтган зиёфатда бир-икки қултум халигидан ичиб олганидан эди.

Таксичи асабий одам экан. Оғир ўйга ботган, юзи докадек оқарган, озғин, одамлар тили билан айтгандан "ҳаётдан недаволен". Телефони эса тинмай жирингларди. Аммо ҳайдовчи қўнғироққа жавоб бермасди.

Ошиқ йўловчи қизиқиб сўради:

— Нега телефонни олмаяпсиз? Қаранг, тинмай қўнғироқ қилишяпти-ку. Олинг, балки муҳим гапдир?

Таксичи бир зум жим қолиб, кейин хўрсиниб жавоб берди:

— Ундоқ эмас. Уларнинг ҳаммаси пулини сўраб қўнғироқ қилаётганлар.

Айтишича, жуда катта қарзга ботибди. Банклардан ҳам қарзи бор, солиқдан ҳам. Бироздан кейин таксичининг тили ечилди ва у ўз ҳаётини гапириб берди.

Бир вақтлар омади чопган тадбиркор бўлган. Ҳатто бу ҳақда гапираётганда аччиқ табассум қилди.

— Ҳаммасини йўқотдим, — деди у. — Миллионер эдим, энди қарздор гадойга айландим. Ҳозир банкротликни расмийлаштиришга ҳаракат қиляпман.

Энди такси ҳайдашга мажбур. Ҳеч бўлмаса, қорин тўйдириш учун пул топиш керак. Бор-йўғини сотибди, қўлидан келганича қарзларини узаётган эмиш. Аммо соғлиғи ҳам жуда ёмонлашган. Яна қанча ишлай олишини ўзи ҳам билмайди. Қўйилган ташхис эса оғир.

— Пулим тугаётганини пайқашгани ҳамоно атрофимдагилар бирин-кетин юз ўгиришни бошлашди. Онам ҳам вафот этди. Ҳеч кимим қолмади.

Таксичи бироз сукут сақлаб, кейин давом этди:

— Буларнинг ҳаммаси ажрашганимдан кейин бошланди. Ишонмайсиз, бир пайтлар юз килограмм вазнли одам эдим. Пул кўп эди. Уй қурдим, шаҳар марказидан квартира олдим. Учта машинам бор эди.

Йўловчи қизиқиб сўради:

— Хотинингиз ҳаммасини тортиб олдими?

— Йўқ.

Таксичи бошини чайқади.

— У жуда камтар аёл эди. Тинч, вазмин. Йигирма йил бирга яшаб, бир марта ҳам қаттиқ жанжаллашмаганмиз. Мени жуда яхши кўрарди. Ҳамма камчилигимни кечирарди.

У бир зум ойна ортидаги кўчага қараб қолди.

— Кейин кетворган бир жанон билан танишдим. Шундай севиб қолдимки, ақлим бошимдан учди. Хотинимга дедим: «Ажрашамиз. Бу аҳволда яшай олмайман. Мол-мулкни ҳам адолатли равишда тенг бўлиб олишимизни айтдим. Фарзандимиз бўлмаган. Бу муаммо менда эди. Лекин ўша пайтда бу ҳақда унчалик бош қотирмасдим. Хуллас, ҳаммасини хотинимга очиқ айтдим.

У йиғлади. Бир ҳафта йиғлади. Аммо барибир ажрашишга ариза бердим.

— Хотиним шунчаки кетди. Ўзига керакли бир сумкагина нарсаларини олди. Кейин бошқа шаҳарга кўчиб кетди. Мол-мулкдан ҳам воз кечди. Аммо мен ўша пайтда гўё маст одамдек эдим. Ҳеч нарсани тўғри англамасдим...

Йўловчи жимгина тингларди.

— Анави жанон мени талон-тарож қилди, деб ўйлаяпсизми? Йўқ. У ҳам ҳеч нарса олмади. Лекин ажрашганимиздан бир ой ўтиб, даҳшатли воқеалар бошланди.

Бирининг кетидан бири.

Аввалига касал бўлдим. Кейин бизнесим касодга учради. Шерикларим панд берди, бор-йўғимдан айрилдим. Бухгалтер пулларимни ўғирлади. Адвокатлар эса қолганини олиб қўйди. Қарзлар шу қадар кўпайиб кетдики, кредит олишга мажбур бўлдим.

Ўйнашим ҳам мен билан қололмади. Одамни беморлик, қашшоқлик ва ташвиш қандай ўзгартириб юборишини ўшанда билдим. Охир-оқибат хунуклашдим, заифлашдим, тиланчидай аҳволга тушдим, асабларим тамом бўлди. Анави аёл бошқа бир бойроғи билан кетди.

— Ҳозир ёлғиз яшайман. Касалхоналарда сарсон бўлиб юраман, зўрға ишлаяпман. Хотинимни қидирмаган жойим қолмади, лекин тополмаяпман. Худди ер ютгандек, дараги йўқ. Топсам ҳам унга нима дейман? Айтадиган гапим қолмаган. Ҳаммасини йўқотдим.

Таксичи яна бироз жим қолди.

— Хотиним менга кўз тегдирган, дуоибад қилган ёки ич-ичидан ёмонлик тилаган, деб ўйлаяпсизми? Йўқ. Ундай аёл эмас у. Мени жуда яхши кўрарди.

У оғир нафас олди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤18👍7
— Энди нима бўлишини билмайман. Балки бутун муваффақиятларим унинг сабаб бўлгандир. Фақат буни кейин тушундим. Худди ҳамма нарсани ушлаб турган михни суғуриб олгандек бўлди. Ҳаммаси бир зумда қулаб тушди. Мен ҳам...

Йўловчи таксист айтиб бераётган бу гапларни эшитиб, қулоғига ишонмасди.

Чунки бугун у ҳам оиласи билан ажрашишга қарор қилган эди.

Фарзандлар улғайиб бўлган. Хотини эса қариб, унга қизиқ бўлмай қолганди. Бутун куни рўзғор ташвиши билан овора, ўзини ҳам унутиб қўйган оддий аёл. Севгилиси эса ёш, жозибали ва эҳтиросли эди.

Эркак таксидан тушди.

Қўлида қип-қизил атиргуллар, чўнтагида эса қизил бахмал қутича. У подъезд олдида бир муддат қимир этмай турди. Сўнг узоқлашаётган таксига қаради.

Гўё унга кимдир юқоридан хабар юборган эди. Огоҳлантирган эди.

Совуқ шамол юзига урилди ва у бир зумда ҳушига келди. Қўлидаги гулларни ва қизил қутичани дуч келган йўловчига тутқазди. Ич-ичидан аҳд қилди: "Бошқа қайтмайман".

Сўнг уйига қайтди.

Анчадан бери уйи, болалари борлигидан хурсанд бўлмаган эди, бугун эса севинчдан кўкси ёрулгудек эди.

Уни кутаётган рафиқаси борлигидан боши осмонда эди.

Чунки бутун оила, бутун ҳаёт айнан шу аёлга суяниб турганини энди англаб турарди.

Бизга керакли пайтда ҳаётнинг хабарларини бошқа одамлар ва турли воқеалар етказиб туради.

Энг зарур лаҳзада.

™️ Сарвар Раҳимий

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤24👍11
Менинг ўғригина болам (ҳикоя)

Отамизнинг ўлганига анчагина йил ўтиб кетди. Бу йил — ўн еттинчи йилнинг кўкламида онамиздан ҳам ажралиб, шум етим бўлиб қолдик. Биз тўрт етимдан хабар олиб туришга катта онам — онамнинг оналари Роқиябиби келиб турибдилар. Бу кишини биз эркалаб «қора буви» деб атаймиз.
Оқшомлари бувим бошлиқ ҳаммамиз олди очиқ айвонда увунтўда  кўрпа-ёстиқларга ўралиб, биттагина Ўратепанинг кир ип шолчаси устида ухлаймиз.
Сентабр ойларининг охири, илк куз оқшомларидан бири эди. Ҳаво анчагина салқин. Биз етимлар бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, бир-биримизни иситиб уйқуга кетганмиз. Қаторда энг сўнгги бўлиб, она чумчуқдай қора бувим ётардилар, у киши саксондан ошиб кетган, носкаш кампир эдилар.
Бу оқшом уч хўроз ўтгандан кейин, етти қароқчи юлдузи тик келганда ғўнғир-ғўнғир овоздан уйғониб кетдим. Бувим ким биландир анчагина баланд овоз билан суҳбатлашмоқда эдилар. Ҳовлимиз, ота-бувадан қолган, анчагина катта бўлиб, тўртбурчак таноби ҳовлилардан эди. Гир атрофи иморат, шимол томонда амакиваччаларимиз туришарди. Лекин улар ёзда боғга кўчиб кетардилар. Ҳозир улар томон бўш.
Буни қаранг-а, бизнинг уйимизга ўғри кепти. Бизни ҳам одам деб йўқлайдиган кишилар бор экан-да, дунёда? Эртага ўртоқларимга тоза мақтанадиган бўлдим-да: «Бизнинг уйга ўғри келди». Ғурур билан айтилса бўлади. Лекин ишонишармикан?
Ўғри ўша амакиваччаларнинг томидан секин юра келиб, бувимнинг тўғриларига келганда акса уриб юборибди. Бувим эса ёстиқни кўкракларига қўйиб, тил тагидаги нос билан ўйлаб ётар эканлар. Бувим «туф» деб носни туфлаб, томга қараб:
— Ўғригина болам, ҳой ўғригина болам, ҳойнаҳой бирор тирикликнинг кўйида томга чиққан кўринасан, ахир касбинг нозик, тумов-пумовингни ёзиб чиқсанг бўлмайдими, — дебдилар.
Ўғри томдан туриб:
— Ахир, бувижон, сиз ҳам бироргина кеча тинчингизни олиб ухласангиз бўлмайдими, бизнинг тирикчилигимизнинг йўлини тўсаверасизми? — дебди.
Мен гап шу ерларга келганда уйғониб кетган бўлсам керак. Қолган гапларни эшитганимча қилиб ёзаман.
— Ҳой, айланай, ўғригина болам, бошимда шундай мусибат турганда кўзимга уйқу келадими? Мана: олти ой бўлди, бирор соат мижжа қоқиб ухлаганим йўқ. Кундуз кунлар гарангдай довдираб юраман. Бирор ерга ўтиб мизғигандай қуш уйқуси қиламан. Кечалари хаёл олиб қочиб кетади.
— Нималарни хаёл сурасиз, бувижон? — бу гапдан кейин устидаги тўнини турмучлаб  бўғотнинг устига ёстиқ қилиб қўйиб, ўғри ҳам ёнбошлаб олди.
— Нималарнинг хаёлини сурардим. Шу тўртта етимнинг эртасини ўйлайман-да, болам. Замонни ўзинг кўриб турибсан, тириклик тошдан қаттиқ, туянинг кўзидай нон анқога шапиғ. Ҳали буларнинг қўлидан иш келмайди. Сўққабошгина аравакаш тоғаларининг топгани ўзининг рўзғоридан ортиб, буларга қут-лоямут  бўлиши қийин. Рўзғорда бўлса, кўз кўриб, қўл тутгудай арзигулик буюм қолгани йўқ. Бир чеккадан сотиб еб турибмиз. «Туриб еганга турумтоғ чидамас», деганлар. Эҳ-ҳа, бу болалар қачон улғаяди-ю, қачон ўзининг нонини топиб ейдиган бўлади! Чор-ночор хаёл сурасан, киши. Тағин бу етимларнинг биттагинаси ўғил, учтаси қиз. Энди ўн тўртдан ўн бешга ўтди. Қизлари қурғур қачон бир ерга элашиб кетади-ю. Ўзи ўраб, ўзи чирмаб оладиган жой чиқмаса, буларга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсан. Замон қаттиқ, ўғригина болам, замон қаттиқ!
— Тўғри айтасиз, бувижон, — деди ўғри, — менинг ҳам икки болам, хотиним, битта кампир онам бор, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, деганларидек, шуларни боқишим керак. Тўртта чавати нон  топиш учун ўзимни ўтга, чўғга, Алининг қиличига ураман. Бўлмаса, ишлай десам билагимда қувват бор, ақл-у ҳушим жойида. Менга ҳозир шу қилиб турган ўғрилик касби ёқади, дейсизми. Туппа-тузук аёлманд косибнинг боласи эдим. Замон чаппасига кетди. Керинска пошшо  бўлгандан кейин уруш тўхтайди, деган эдилар. Ҳали-бери тўхтайдиган кўринмайди. Ҳали ҳам замон-замон ўша илиги тўқларники.
— Бирор бошқа касб қилсанг бўлмайдими, болам, — деди кампир.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤12👍3
— Нима касб қилай? Ҳамма касбларнинг ҳам бозори касод. Ота касбим кавушдўзликни қилайми? Аввало шуки, кавуш тикишга на чарм бор, на сирач, на мих, на лок. Масаллиғининг ўзи битиб чиққан кавушдан уч баравар қиммат. Ҳаммоллик қилай десам, аввалгидек қоплаб ғалла, қоплаб сабзи-шолғом оладиган бадавлатнинг тухуми қуриган. Тунов куни шу маҳалланинг девкор этикдўзларидан Бувамат ота бутун қолип-у шон-у сўзан, бигизларини улгуржисига икки пуд жўхори унга мовоза қилди. Яхши қилди. Унинг этигини киядиган ўзбек, қозоқ, қирғиз деҳқонлари қаёқда дейсиз, қолган эмас. Фақат уларнинг етимларигина шаҳримизни тўлдириб юрибди. Қайси бурчакка, қайси чордеворга бош суқманг, ўн бешта етим ювуқсиз қўлини чўзиб: «Амаки, нон беринг», дейди. Нон-а, ўзимникига тополмайман-у! Битта ман эмас, буви, маҳалладаги ҳамма косибларнинг аҳволи шунақа. Пичоқчилар ҳам, бўзчилар ҳам, кўнчилар ҳам, борингки, мактаб домлалари ҳам, муллаваччаларнинг ҳам ранги пано. Бир қошиқ оби ёвғонга зор. Санқиб юрибди.
— Ҳув, худоё уруши бошига етсин, қиёмат-қойим дегани шудир-да, а, ўғригина болам-а. Ҳа, майли, шу етимларнинг ҳам пешанасига ёзгани бордир. Хўш, энди ўзингдан сўрай. Ахир, ноиложликдан-ку, шу ҳаром йўлга қадам босибсан, ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими? Мана шу маҳаллада Карим қори деган читфуруш бор, Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуббой деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил. Бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?
— Эй, бувим тушмагур, соддасиз-да, содда, — деди ўғри. — Бойларнинг уйига тушиб бўладими, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-ешакдай иккита, учтадан итлари бор. Бу итлар ҳовли саҳнидан битта капалак ўтса, бир ҳафта вовуллайди. Одилхўжабойнинг ғуломгардишида-чи , милтиқ ушлаган городовой туради. Жонимдан кечибманми, ўлдирмаганда ҳам сибир қилиб юборади.
— Бу гапинг ҳам тўғри, ўғригина болам. Аммо-лекин эҳтиёт бўл. Эл-юртнинг олдида тағин бадном бўлиб қолмагин, — деди бизнинг кампир.
— Гапингиз тўғри, буви, тунов куни Ориф сассиқнинг отхонасидан тўртта товуқ, битта хўроз ўмарган эдим.
— Товуқ, хўроз дедингми? Ҳа, бу махлуқлари қурғур қақақлаб сени шарманда қилмадими?
— Ҳамма ишнинг ҳам ўз мароми бўлар экан, буви, товуқ олгани борганда чўнтагимга бир шишага сув солиб оламан. Кейин қўндоқнинг тагига бориб, оғзимни сувга тўлдириб товуқларга пуркайман. Товуқдай аҳмоқ жонивор оламда йўқ. Ёмғир ёғяпти, шекилли, деб ўйлаб, бошини ичига тиқиб, ҳап ётаверади, кейин битта-битта ҳиқилдоғидан тутиб халтага соламан.
— Шунақа дегин, вой тавба-ей. Ҳамма ҳунарнинг ҳам ўзининг мурт гардони  бўлар экан-да.
— Шундай қилиб десангиз, бувижон, сиримнинг хашаги очилишига оз қолди. Йўқ, элликбошимиз Раҳмонхўжага хўрозни олиб бориб берган эдим, ишни босди-босди қилиб юборди. Раҳмонхўжа мен билан тузук, яхши одам. Бултур уни-буни сотиб, саксон уч сўм пул жамғариб: «Топганимиз шу, элликбоши ота», деб пора берган эдим, рабочийга кетишдан олиб қолди.
— Ҳа, ишқилиб, бола-чақасининг эгилигини  кўрсин. Энди буёққа қара, ўғри болам, ҳадемай тонг ҳам ёришиб қолар. Ана, ёруғ юлдуз ҳам тиккага келиб қолди. Ошхонанинг ёнидаги тутдан сирғалиб пастга туш, ўтинимиз йўқ. Ошхонада бир замонлар боғдан келган бир-иккита ёнғоқ тўнка бор, болтани олиб, шунинг бир чеккасидан озгина учириб бер, қумғон қўяман. Кеча тоғанг бериб кетган зоғорадан иккитасини олиб қўйганман, биргалашиб чой ичамиз.
— Йўғ-е, буви, — деди ўғри, — тўнка ёриб-ку берарман, аммо чой ичолмайман, чунки кун ёришиб қолса, мени таниб қоласиз. Жуда ҳам юзимни сидириб ташлаганим йўқ, андишам бор, уяламан.
— Вой ўлай, қутлуғ уйдан қуруқ кетасанми, болам? Бир нима олиб кет. Тўхта, нима олиб кетсанг экан, ҳа, дарвоқе, ошхонада битта ярим пудлик қозон бор. Аллазамонлар уйимизда одамлар кўп эди, катта қозонда ош ичардик. Худонинг ғашига тегдик шекилли, шундоқ катта, гуркираган хонадондан мана шу тўрттагина етим қолиб турибди. Эҳ-ҳа, булар қачон катта қозонни қайнатар эди-ю… Шуни олиб кета қол. Сотиб бир кунингга яратарсан, ўғригина болам.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤14
— Йўқ, йўғ-е, буви, ёмон ният қилманг. Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади. Яна катта оилалар жам бўлади. Ҳатто бу қозон ҳам кичиклик қилиб қолади. Ўша етимларнинг ўзига буюрсин. Тўйларида ўйнаб-кулиб хизмат қилайлик. Хайр энди, буви, мен кетаман, тоғ томон ҳам ёришиб қолди.
— Хайр, ўғригина болам, келиб тур.
— Хўп, она, хўп…
Мен ўша ўғри кишини танир эдим. Ҳалигача ҳеч кимга кимлигини айтган эмасман.

Ғафур Ғулом.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
😢10🔥5❤2🥰2
Қоракўз Мажнун (ҳикоя)

Қуръони каримдан:
«Сизлардан қайси бирингиз ўз динидан қайтса ва шу кофирлигича ўлса, бас, ана ўшаларнинг (қилган савобли) амаллари хабата (бекор) бўлур, улар дўзах аҳлидурлар ва у ерда мангу қолурлар».
(Бақара сураси, 217-оят.)

Ҳадиси шарифдан:
«Жаннатга кирадиган ўн нафар ҳайвондан бири бу «Асҳоби Каҳфтинг вафодор итидир».
(Ал-жоме ал-Кабир.)

Саодат ая бомдод намозини ўкиб, жойнамоз пойида узоқ ўтириб қолди. Бундан уч йил олдин оламдан ўтган эри уста Туробга атаб Қуръон тиловат қилди. Ўрис шаҳарларида дайдиб қолиб кетган ўғли Бўрихонга худодан инсоф тилади. Бахти очилмай, гулдек умри хазон бўлаётган қизи Қумрига ачиниб, шу фариштагинанинг йўлини оч, деб Аллоҳга илтижо қилди.
Кампир ҳар саҳар ички бир эзгинлик билан шу гапларни такрорларди. У қўл чўзиб, жойнамознинг бир бурчини қайириб ўрнидан турди.
Сентябрь оёқлаб, сувлар тиниққан, ариқ тубларидан бола-бақра ташлаб юборган пиёлами, чойнак қопқоғими, қошиқми шундоққина кўриниб турибди. Қирғоқлар зах тортиб, экин-тикин сув сўрамай қўйган палла.
Қўшни ҳовлилардан мактабга кетаётган болаларнинг инжиқликлари, хархашалари, оналарнинг ялиниб-ёлборишлари эшитилиб турибди. Кампир бу товушларга бир дам қулоқ тутиб, бошини тебратиб, кулиб қўйди.
Саодат ёшлигида жуда чиройли қиз бўлганди. Сочлари тақимини ўпарди. Тараганда шамшод тароқ ушлаган қўллари сочининг учигача етмасди.
Ярмини қисмлаб туриб, буёғини тарарди. Опаси бу сочларни қирқта қилиб ўрганда, яна шунчаси ортиб қоларди.
—    Э, сочинг қурсин! — дерди опаси. — Қўлларим толиб кетди, сочингни ўрдиришга одам ёллаш керак.
Кўчада амиркон маҳсиковушни ғирчиллатиб, сочларини селкиллатиб юрганда қараган ҳам қарарди, қарамаган ҳам. Ёш қизалоқлар орқасидан келиб, сочларини кўзига суртиб қочишарди.
Мана, йиллар ўтиб соч ҳам оқарди, сийраклашди-ю, барибир ўша узунлигича қолди. Учига бирор нарса тақмаса, ҳурпайиб, бўйни, елкаларини тутиб кетади. Шунинг учун ҳам у сочининг учига ўғри тутар сандиқнинг калитини осиб кўяди. Сандиқни очаётганда калитни ечиб олмайди. Сочи узун бўлганидан тиззаласа калит бемалол қулфга етади. Энди янги уйларга сандиқ урф бўлмай қолди. Ҳамма уйни пўрим жавонлар босиб кетди.
Бундан ташқари, қулфни даранглатиб очадиган калитларни ясайдиган усталар қолмаган.
Кампирнинг сочлари ҳамон ёшлигидагидек. Фақат ярмидан кўпи оқариб кетган. Орқасига ташлаб қўядиган, учи бирлаштирилган икки ўрим сочининг учига эрининг фронтдан олиб келган оғиргина медалини осиб қўйган. Тайёр илгаги ҳам бор, сочни пастга тортиб туради.
Ҳовлининг ярмига яқин жойга тангадек офтоб туширмайдиган қари тут барглари сарғая бошлаган. Қуриган шохига баҳорда илиниб қолган варракнинг қамиш қовурғалари скелетдек бўлиб турибди. Фақат узун латта думи шамолда илондек тўлғонади.
Шу тут тагида бир оппоқ ит супурги устида ухлаб ётибди. Кичкинагина, белида белбоғдек иккита — бири қора, бири жигарранг чизиғи бор. Худди кимдир атайлаб бўяб қўйганга ўхшаб кўринади. Тумшуғи билан икки кўзи қоп-қора. Бир кўзининг тепасида тўмтоқ қоши ҳам бор. У кампирнинг оёқ товушидан бир кўзини эринибгина очди-ю, чала ярим керишиб, яна уйқуга кетди.
—    Ҳа-а, жонингни ҳузурини билмай ўл-а! Супургиниям ҳаром қилдинг.
—    Қўй, уришма, опаси, Қоракўз ҳали бола-да!
—    Нима деяпсиз, ойижон! Бу ит ўлгурга мен нега опа бўларканман?! — деди Қумрихон нолиб.
—    Агар Қоракўзни яна супурги билан урсанг, унга косов отсанг, билиб қўй, укаларингникига кетиб қоламан.
—    Вой, ойижон-эй, ит ўлсин, одамдан азиз бўлмай! Шу итни деб бизни ташлаб кетмоқчимисиз? Қўйинг-э!
—    Шу билан овуниб юрибман. Қаёққа борсам, ёнимда. Бир қадам нари кетмайди. Менга айт-чи, укаларинг, сингилларинг ҳафтада бир хабар олса олади, олмаса йўқ. Касалхонада ётганимда шу итгина кўкрагини қорга бериб ҳовлида бир ой дераза тагида ётган. Сенлар қўни-қўшнининг қистови билан бир-икки хабар олдиларинг, холос.
—    Ойижон, қўйинг энди… — деди Қумри норози бўлиб.
Итнинг бир қулоғида, бўйнида, оёқларида қон қотиб қолган эди.

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤20